Абдулла Орипов
МУВОФИҚЛИК
Ғоят ранг-барангдир иши оламнинг,
Мувофиқ келмагай йўқ билан бори.
Жуда оғир гапдир, икки одамнинг
Гар тўғри келмаса феълу атвори.
Бирови иссиққа ўзини урар,
Лекин шеригига ёқар қаҳратон.
Виждони қошида улар тенг турар,
Санар иккиси ҳам ўзин қаҳрамон.
Турфа эл босгандир чексиз дунёни,
Унда ёлғиз бир кас юрмаслиги рост.
Бириси танганинг олдги томони,
Бошқаси ўшанинг орқаси, холос.
Илтижо айладим дунёга келиб,
Илоё, бергин сен лойиқ суҳбатдош.
Яшайин ҳар қайда ўзимни билиб,
Топилсин мени ҳам англовчи йўлдош.
Тўрт қавм туну кун тортишар, ажаб,
Аслида йиғилган узум егани.
Палахмон отишар йўқликка қараб,
Азиз-ку энг аввал Инсон дегани.
Тафаккур чиқажак охири ғолиб,
Ўрин қолмагайдир нозга, фироққа.
Фақат, тушунганлар йўргаклаб олиб,
Фақат, тушунганлар қўйсин тупроққа.
✍2015 йил 19 август, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ВАТАНИМ
Ҳар бир уйда айғоқчи,
Ҳар қадамда исковуч,
Одамни кўрса қочар,
Бедовларинг ҳуркович.
Ошингга заҳар солди,
Ғанимларинг бир ҳовуч,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Нон бермайди ва лекин
Нон еганни ўлдирар,
Ўсиб турган ниҳолни
Аёз каби сўлдирар.
Бозор бормай қўйнингни
Пуч ёнғоққа тўлдирар,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Ҳар кўчада минг миршаб,
Ҳар гўшада авахта,
Ҳақ деганнинг оғзи берк,
Қон ютар лахта-лахта.
Ўзи-ку пахта эккан,
Ёстиғи бўлди тахта,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Илму урфон жаҳолат
Ғорига кириб кетди,
Ўлик тирикдан ўтди,
Тирик ўликдан ўтди.
Адолат истаб борсанг
Ёлғон тиржайиб кутди,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Қайларгадир йўқолди
Меҳр билан муҳаббат,
Қўлида ханжар ушлаб,
Адоват қолди фақат.
Ёмон гап арзон-гаров,
Яхши гап бўлди қаҳат,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Тўғригўйлар бир четда,
Эъзоздадир иғвогар,
Қайтдик ўрта асрга,
Одам пуллар савдогар.
Минг йиллик хазинангни
Талаб ётар ўғри, ғар,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Ўлиб ҳам бўлмай қолди,
Ювғич урар кафандан,
Кимлардандир юққан кир
Кетмас сира бадандан.
Қуруқ хашаклар қолди
Гуллаб турган чамандан,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Қувган ҳам халқим дейди,
Халқим дейди қочган ҳам,
Лекин халқнинг аҳволин
Ўйламас бирор одам.
Жаллод ҳам халқ номидан
Ўқир фармонни у дам,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Турфа хил замонларни
Кўрган битта инсонман,
Гоҳ фахр этсам, гоҳо
Баридан пушаймонман.
Нетайки мен на Хорун,
Ва на Сулаймонман,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Барчасига сабабдир
Асли нафснинг балоси.
Меҳнаткаш халқнинг эса
Ечилмас муддаоси,
Иншооллоҳ бандага
Боққай бир кун Худоси,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
✍2015 йил 10 октябрь, Хьюстон
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАР ҚАНДАЙ ДАМДА ҲАМ...
Кўнглинг совимасин қилар ишингдан,
Ҳафсаланг сўнмасин ҳеч қачон.
Маъно тополмайсан ўз турмушингдан,
Туссиз, зерикарли кўринар жаҳон.
Кўҳна обжувоздай айланар дунё,
Оҳанги миянгга сассиз қуюлар.
Мингга киргандайсан ўзинг ҳам гўё,
Келажак ўтмишинг каби туюлар.
Яшайсан номи йўқ бир дардга тўлиб,
Томирдан қонинг ҳам гўё оқмайди.
Наинки дўст сўзи, наинки маҳбуб,
Болангнинг шўхлиги ёқмайди.
Сокин кечалари, айвонда ёлғиз,
Олис юлдузларга боқасан тўниб.
Улар ҳам кўзингга кўринар бу кез,
Жуда узоқ борса, ёнар қурт бўлиб.
Шундоқ, инсон дили ажиб муаммо,
Койима бундайин ҳолати учун.
Қўлингдан келса гар мадад бер, аммо,
Ҳар қандай дамда ҳам сен уни тушун.
✍️1985
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КЎЧА
Кўча тўла одам,
Тиниб турмас бир дам,
Аралаш одимлар кичик-каттаси.
Лекин ғалатироқ ташлайди қадам,
Улар орасида биттаси.
Гоҳо гаплашади ўзи ўзи билан,
Гоҳида жилмаяр, тундлашар гоҳо.
Ниманидир илғар тийрак кўзи билан,
Тўхтаб кўкка боқар, маст эмас, аммо.
Нимадандир бирдан завқ ҳам туяди,
Бир сандиқни гўё очди-ю ёпти.
Ҳавога чизиқлар тортиб қўяди,
Шоирмикан дейсан, қофия топти.
Ногоҳ ҳаяжондан қизарар юзи,
Чала иморати битдимикан ё?
Контрактда ўқир кенжатой қизи,
Бюджетга ўтдимикан ё?
Кўча тўла одам,
Тиниб турмас бир дам,
Аралаш одимлар кичик-каттаси.
Ҳамон ўша-ўша ташлайди қадам,
Улар орасида биттаси.
Ҳамон ўйга банд у, гоҳ шодмон кулар,
Тегманг, ҳолатини бузманг ногаҳон.
Ўзини бахтли деб санаса бўлар
Сурган хаёлига ишонган инсон.
✍2013 йил 24 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЖ САВОБИ
(Ҳазил)
М у х б и р:
Ҳаж қилдингиз бориб Макка тарафларга,
Кўмилдингиз ногаҳоний шарафларга.
Бундайин бахт тушингизга кирганмиди?
Ҳожи бобо, нима дейсиз бу гапларга?
Ҳ о ж и б о б о:
Иншооллоҳ, ҳурлик келди гулдир-гулдир,
Қола берса, ҳар бир ишнинг боши пулдир.
Ҳовли-жойни саксон мингта сотиб кетдим,
Мухбир болам, саволингга жавоб шулдир.
М у х б и р:
Халқ айтади чучварадан гўштдир маъни,
Сиз кўрдингиз Макка билан Мадинани.
Каъбатуллоҳ дарвозаси қандоқ экан?
Ҳожи бобо, ўшалардан сўзланг, қани?
Ҳ о ж и б о б о:
Каъбатуллоҳ жамолига йўқдир тараф,
Аммо-лекин бозори ҳам мақтов талаб.
Харидорлар, дурбин борми, деб сўрашар,
Мухбир болам, ҳайрон бўлдим шунга қараб.
М у х б и р:
У ёқларда хаёлга ҳам ботдингизми,
Арофатнинг машаққатин тортдингизми?
Мино деган тоққа чиқиб, ғайрат қилиб,
Ҳожи бобо, Шайтонга тош отдингизми?
Ҳ о ж и б о б о:
Энди билдим, Шайтон асли қайдан экан,
Бир томон тоғ, бир томони майдон экан.
Бозорчиси соддагина араб десам,
Мухбир болам, бизлардан ҳам шайтон экан.
М у х б и р:
Сўрай берсам саволларим ҳали талай,
Майда-чуйда, икир-чикир, алай-балай.
Мадинада Пайғамбарнинг дахмаси бор,
Ҳожи бобо, кўрдингизми уни, қалай?
Ҳ о ж и б о б о:
Мадина ҳам шаҳар экан олийҳиммат,
Аёллари юришибди юзда чиммат.
Атлас олиб борган эдим, арзон кетди,
Мухбир болам, у жойларда асал қиммат.
М у х б и р:
Саволимни қулоққа ҳеч илдингизми,
Қайга бориб келганингиз билдингизми?
Мен савобдан гапираман, сиз савдодан,
Ҳожи бобо, аслида ҳаж қилдингизми?
Ҳ о ж и б о б о:
Тайёранинг патталари қўлимдадир,
Гувоҳларим мана ўнгу сўлимдадир.
Бундай макруҳ саволларни ким ўргатди,
Мухбир болам, ҳаж савоби дилимдадир.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МУҲТОЖЛИК
Ҳеч кимса бировга бўлмасин қарам,
Инсоннинг бошига етгайдир очлик.
На очлик, дунёда Ҳотам бўлсанг ҳам,
Бир куни енгади сени муҳтожлик.
Аввал ғурурингга чанг солгайдир у,
Оғирдир йўқсил деб аталган туйғу.
Эзар болангни ҳам кўринмас қайғу,
Бир куни енгади сени муҳтожлик.
Аллоҳдан сўрасанг, бермагин деб дард,
Йиққанинг шифога бўлмагайдир гард.
Излама, топилмас қўлловчи бир мард,
Бир куни енгади сени муҳтожлик.
Исмингни эшитса ҳуркар балки от,
Қушлар қоқиб турар тепангда қанот.
Сени-чи, тубанга тортади ҳаёт,
Бир куни енгади сени муҳтожлик.
Шундай қурилгандир бу кўҳна турмуш,
Сабринг йўқчиликка беролмас туриш.
Ногоҳ чумолидек бошласа юриш,
Бир куни енгади сени муҳтожлик.
Фузулий демиш: - Мен муҳташам гадо,
Дўст ҳам арзи-додинг эшитмас гоҳо.
Ўлгунча ўзингдан қолмагин, аммо,
Бир куни енгади сени муҳтожлик.
Албатта, узилиб тушмайди осмон,
Одамнинг хор бўлиб қолмоғи ёмон.
Ғамингни еб юргин, йўқса, эй ўғлон,
Бир куни енгади сени муҳтожлик.
✍️2016 йил 18 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
РУҲИМ
Вужуд деганлари асли нимадир?
Дайр денгизида юрган кемадир.
Бир кун бир қояга урилгай кема,
Руҳим, сен вужуднинг ғамини ема.
Юксак фазоларда айлагил парвоз,
Сенда на оҳанг бор ва на бор овоз.
Сенга на бўронлар кор қила олур,
Сени на йўқотиб, бор қила олур.
Сен мисли камалак — юксак ва сўлмас,
Камалакни эса парчалаб бўлмас.
✍️1969
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚОЗОҒИСТОН ОҲУСИ
Кўкчатовда кўк камзулли бир оҳу кўрдим,
Таажжубки, оёғида қизил этикча.
Кўз узолмай узоқ маҳал термулиб турдим,
Сўнг изидан кетабердим бошим эгикча.
Шўх, чиройли сўқмоқларда қадам-бақадам,
Ўқ етмасга қадар чиқдим изидан бориб.
Оҳу эмас, афсонага дуч келдим шу дам,
Во дариғо, қайтиб тушдим чарчаб ва ҳориб.
Ойнакўлга бориб қолдим айлаб мен шитоб,
Кўк камзулли у оҳуни излаб сарсари.
Ойнакўлнинг тубида ҳам кўринди шу тоб
Оҳу эмас, Ўлжас шеърин тоза мавжлари.
Сайёҳликнинг ўжар қалби тутиб қўлимдан
Кетавердим, кетавердим сарсон-саргардон.
Мовий кўллар, чўнг ўрмонлар чиқди йўлимдан,
Оҳ, бунчалар кенг экансан, жон Қозоғистон.
Излайвериб, ҳориб бўлгач, оқибат бир тун
Кўк тепага чиқиб олиб ўй сурдим узоқ.
Олмаота чарх урарди теграмда бутун,
Сўзласанг-чи, бу қандоқ ҳол, муҳтарам қозоқ?
У мен кўрган оҳу қани, қайда у жайрон,
Қайси жойни макон этган у нозик ниҳол?
Дедиларки, қозоқ элин кезабер ҳайрон,
Ҳар қайда ҳам у бир карра кўргазгай жамол.
У Абайнинг армонидир — нозланиб турган,
У Олатов сулувининг мақоми эрур,
Кечагина нортуяни қувалаб юрган
Қозоқларнинг карашмали илҳоми эрур.
✍1972
@abdullaorifijodi
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов меҳмон бўлди.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Эй инсон, назар сол ўнгу сўлингга,
Муносиб баҳо бер ушбу йўлингга:
Молни бўкиртириб сўясан, аммо
Ўкрайсан, зирапча кирса қўлингга!
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ПОЕЗД
Саёҳатдан топдим руҳимга далда,
Ахир хонанишин кунлардан бездим.
Мен сени бетоқат кутдим вокзалда,
Нега кечикасан, менинг поездим.
Олис манзилларда сирли бир дийдор,
Сирли чаманларнинг ифорин сездим.
Кўргим келаётир уларни такрор,
Нега кечикасан, менинг поездим.
Бедор ўтказганман қанча тунларни,
Ҳижронлар дастидан юракни эздим.
Соғиндим фараҳбахш, ойдин кунларни,
Нега кечикасан, менинг поездим.
Қайдадир ҳаловат, нурли висол бор,
Мен уни топай деб бир умр кездим.
Қўлимда сафарнинг чиптаси тайёр,
Нега кечикасан, менинг поездим.
✍️2010 йил 7 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЁЛҒИЗЛИК
Нега уюридан кетган от мисол,
Бир ўзинг кезасан яйловдан йироқ.
Қачондир ёлғизлик келмасми малол,
Ахир, йўқми сенда дўсту ёр, ўртоқ?
Дейман дўстларим бор ҳавас қилгулик,
Ҳиммати бир юртнинг ҳирожи қадар.
Юракнинг қатида асраб келгулик
Тенгсиз зотлар улар, баҳосиз гавҳар.
Лекин отам айтган шундай гап ҳам бор:
Номардга ёлборма, қолсанг ҳамки оч.
Айтилмаган жойга бош суқма зинҳор,
Қадрингни билмаган давралардан қоч.
✍2014 йил 30 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲИДОЯТ ЙЎЛИ
У сенга кўрсатди ҳидоят йўлин,
Юргил ё юрмассан, ўзинг бил, инсон.
Балки сен тутгайсан Иблиснинг қўлин,
Яратган Холиққа барчаси аён.
Пишқирган дарёнинг соҳилида гар
Ташнаю зор қолсанг, айбдорсан ўзинг.
Бошингга ногаҳон балолар ёғар
Лабингдан учган чоғ жаҳолат сўзинг.
Ғойибдан бахт кутиб ўлтирмоқ нечун,
Дастингга кор берди қалбингдаги Ёр.
Заминда кўргазган қилмишинг учун
Осмонни маломат қилмоғинг бекор.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САВОБ
Дасти қисқаларни камситма зинҳор,
Савобнинг каттаю кичиги бўлмас.
Кимнингдир давлати бехаду бисёр,
Ва лекин бахилдир, толеи кулмас.
Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди.
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.
Демишлар, савоб иш офатни тўсиб,
Эзгулик йўлига шайлагусидир.
Энг кичик ҳиммат ҳам тойчоқдек ўсиб,
Тулпордек савобга айлангусидир.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИНСОН
Шукрона айт доим, виждонинг қийнаб,
Турфа савдолардан бўғилганингда.
Бир умр яшардинг бамбукни чайнаб,
Агар панда бўлиб туғилганингда.
Худо кўрсатмасин, чаён бўлсанг гар,
Нобуд қилар эдинг ўзингни ўзинг.
Фахр этсанг арзийди осмонлар қадар,
Бордир Инсон деган шонли юлдузинг.
Одамга ярашмас тубанлик, пастлик,
Худбинлик эмасдир олий ғояси.
Инсоннинг кифтидан бошланар асли,
Чексиз коинотнинг пиллапояси.
Оёғинг остида пойандоз дунё,
Саховат бобида эрурсан Ҳотам.
Икки оёғингнинг орасидан то,
Туя ўтиб кетсин — дер эди отам.
Агар сен нолисанг, дарёлар қуриб,
Тоғларнинг ўрнидан кўчгани яхши.
Олис юлдузлар ҳам кўкка бош уриб,
Надомат комида ўчгани яхши.
Фалак фахр этмишдир Инсонни туғиб,
У асло ҳалокат недир — кўрмасин.
Прометей саҳрода хас-хашак йиғиб,
Алпомиш чумоли териб юрмасин.
✍️2016 йил 2 август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЁТ ИБРАТИ
Ўтган йўлларимга кўз ташлаб гирён,
Гоҳида ўзимга қоламан ҳайрон.
Руҳим замин узра учса ҳам баланд,
Таним бир умрга бўлди занжирбанд.
Элу юрт номини қўйиб ўртага,
Алдаб юришдилар мени жўрттага.
Баъзан дуч келганга айтдим ширин сўз,
Лекин сийратини билмадим, афсус.
Ёш дўстим, волиданг қадрига етгин,
Майли, ўзгаларни фаромуш этгин.
Она-ю Ватандир асли беминнат,
Бошқалар шерикдир, ҳамроҳлар фақат.
✍️2015 йил 28 октябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТЎЙЛАР
Тўйга айтган эди азиз бир дўстим,
Дўконни айланиб, совға ҳам олдим.
Бордим, тўйхонада йўқ эди ҳеч ким,
Янглишиб келибман мен бир кун олдин.
Яна бир оғайним, ўз-ўзига тўқ,
Тўй қилишни кутди, кутди ичикиб.
Борсам, тантанадан зарра нишон йўқ,
Ахир, мен келибман бир кун кечикиб.
Ҳаёт шукронага мутлоқ муносиб,
Тириклик ўзидир олий мукофот.
Ҳар кимга бахт-иқбол айласин насиб,
Уйсизга уй берсин, беморга нажот.
Тўйнинг-ку узрини айтмоқлик осон,
Қутловнинг эшиги ҳамиша очиқ.
Лекин дилни қийнар бошқа бир армон,
Қайда у — насибанг сенга ярашиқ.
Ёнма-ён юраркан севинч билан ғам,
Бир ҳолни тушунмай, ҳайронман, аммо
Дунёни неъматим дегандинг, Эгам,
Эрта келдимми мен, кечикдимми ё?
✍️2014 йил 16 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДЎСТИМ ҲАҚИДА
Ақлимни таниб илк бор дала-даштда юрганда,
Бир тўнгакка қоқилиб, шилинган эди пўстим.
Сен ҳеч бир ажабланма, шу тўнкани кўрганда,
Сени эсласам агар, оёқдан чалган дўстим.
Дарё узра зор ҳайрон сувга ташна турганда,
Ўтгандим бир кўприкдан, битган эди кам-кўстим.
Сен ҳеч бир ажабланма, шу кўприкни кўрганда,
Сени эсласам агар, мададкор бўлган дўстим.
✍️1970
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МУХБИРЛАР
Одам кўкка учди,
Қучди уммонни.
Етди поёнига кураш, ур-сурлар.
Гиж-гижлатиб қўйиб телба жаҳонни,
Бу кун минбарларга чиқди мухбирлар.
Азиз касбдошларим,
Ғалат қавм бу,
Жонининг қадрини билмайдиган кас.
Қайдадир кўринса йилт этган мавзу,
Оч-наҳор, пиёда кета берар, бас.
Тўплар гумбурлайди,
Ўрлайди олов.
Юксак қасрлар ҳам қулайди бир-бир.
Буткул мамлакатлар ёнади лов-лов,
У эса тирикдир, ўқ ўтмас, довдир.
Гарчи кўринишдан юввош ва ғариб,
Лекин таҳликага солар ҳар сўзи.
Шаҳардан ҳаммани қувлаб чиқариб,
Бўм-бўш кўчаларда кезар бир ўзи.
Ягона қуроли қоғоз ва қалам,
Ўйлар у на бугун, на эртасини.
Ҳақиқат йўлида сўнгги дамда ҳам
Ўлар, эсга олиб газетасини.
✍1996
@abdullaorifijodi
Бугун 27 июн - Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни!
"Менинг ўзим касбимга кўра журналистман. Ушбу заҳматнинг пасту-баландини бирмунча биламан. Баъзан ўшандоқ руҳдаги мақолаларни босиб чиқарсанг ҳам бир бало, босиб чиқармасанг ҳам бир бало. Ҳур фикрга тамомила ҳурмат билан қараб демоқчиман: Ер юзидаги энг улуғ халқлардан бири бўлмиш ўэбеклар атрофида масъулиятсизлик билан сўз юритишни бас қилиш лозим. Бу ишларга тарих олдида масъулмиз."
Абдулла Орипов. 1991йил.
ТАЛАБА ЖУРНАЛИСТГА
Ғунчага гул бўлиб очилмоқ учун
Мактаб яратмабди Қодири Ғаффор.
Сенда-чи, газет бор ҳам дорилфунун,
Агар очилмасанг — ўзингсан айбдор.
✍1978
t.me/abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎРМОН
Яланғоч, сарғайган, кимсасиз ўрмон,
Бошингда чарх урар кузги довуллар.
Сенинг япроқларинг эса беармон
Баҳор қўшиғини айтиб шовуллар.
Арчазор ортидан сайрар бўғиқ қуш,
Уфқлар сўнгида қора бир рўё.
Узоқ-узоқларда ғамгин ва беҳуш
Чўзилиб ётибди улкан бир дарё.
Ўрмон қўйнидадир сеҳр ила жоду,
Бундадир хаёлнинг сокин онлари.
Нақадар сулувсан, нақадар инжу,
Эй, сен, шимол юртин чўнг ўрмонлари.
Сенинг қучоғингда оқшомлар майин —
Туйдим туйғуларнинг соз нашъасини,
Заъфарон зулфингга тақиб кетайин
Олис чўлларимнинг бинафшасини.
✍️1970
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САРАТОН
Саратон чоғи бу — зарра шамол йўқ,
Тутлар кавагида мудрар ғурраклар.
Ногаҳон фалакка урган каби дўқ,
Сўзсиз қотиб турар бўйчан тераклар.
Осмон лол-лов ёнар офтоб қўридан,
Уфқда саробдан оташин балдоқ.
Чинқириб юборар куннинг зўридан
Қайгадир беркиниб олган чирилдоқ.
Бирдан тиниб қолар шу бетинч дунё,
Ҳатто шаршаракнинг ўчгандай саси.
Борлиқ сув тагига чўккандай гўё
Қанчалик термулма —чиқмас нафаси.
Гўдак уҳича ҳам шамол топилмас,
Бутанинг тагида бўзтўрғай ҳайрон.
Деҳқон тол тагига чўзилди бирпас,
Тинди шохчадаги қушча ҳам бийрон.
Менинг деҳқон бобом, андак ором ол,
Қуёш буровига олган палла бу.
Саратон ўзи ҳам мудрайди беҳол,
Оҳангсиз ялла бу, сўзсиз алла бу!
Ҳали тонг ғунчаси очмасидан лаб,
Наҳор фароғатин ўйламай тақир,
Кимсасиз далага кўзни уқалаб,
Чиқиб келганингни кўрдим-ку ахир.
Кўрдим-ку манглайинг тер билан қотиб,
Бераҳм оташга берганингни тоб.
Кўрдим-ку тепангда ўзин йўқотиб,
Ҳайратдан лол қотиб қолганин офтоб.
Азму шижоатинг мен ахир кўрдим,
Кўрдим кўзларингда чарчоқ бир кулгу.
Майли, ором олгин, эй бобо юртим,
Саратон жунбушга келган пайт-ку бу.
Бутун олам гўё улкан дошқозон,
Қайдадир — кўринмас унинг нарёғи.
Бу қайноқ қозонни кузатмоқ осон,
Ичига тушмоқлик осонмас чоғи.
Чўнтакдан тўкилган тангалар мисол
Шуълалар ўйнайди супа учида.
Бировдан хижолат бўлган каби тол
Ер чизиб туради — дами ичида.
Офтоб қайта бошлар, кўланка майдон,
Яна бош кўтарар номозшомгуллар.
Секин мовийлашар қизарган осмон,
Оқариб кўринар кумушранг йўллар.
Яна елканини кўтарар шамол,
Яна чуғурчуқлар уйғонар боғда.
Бобо ёнидаги боладай хушҳол,
Тўрғайлар чарх урар сўнгсиз самода.
Яна ела бошлар оқшом нафаси,
Шеър они, ишқ они, меҳнат они бу.
Бу қуёш ўлкасин оташин саси,
Ўзбек диёрининг саратони бу.
✍️1969
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚОЗОҒИСТОН
Ўлжасга
Тиниқ чашмалар бор ҳаддан зиёда,
Мовийдир Балхашнинг суви ҳам бироқ,
Бироқ, қозоқ халқин қалби дунёда
Барча чашмалардан кўра тиниқроқ.
Нур билан чулғаниб ётибди шоён
Буюк Олатовнинг кўркам келбати.
Олатов кўркамдир, лекин бу замон
Ундан ҳам кўркамроқ қозоқ савлати.
Қозоқ саҳроси — бу беадад саҳро,
Хаёлдай бепоён, чексиз ва йироқ.
Чиндан ҳам буюкдир бу саҳро, аммо
Қозоқ бағри эса ундан ҳам кенгроқ.
Шундоқ ажиб юртсан, жон Қозоғистон,
Қардошим, қурдошим, бовурим азал!
Буюк Шарқ қўйнида бахти нурафшон
Ўзбек диёридан саломим бу гал!
Бирдир элимизнинг оташ каломи,
Бирдир теграмизда саҳролар яйдоқ.
Бирдир элимизнинг насаби, номи,
Бирдир кўкимизни ёритган чақмоқ!
Абай ҳикматию Навоий сози
Кўркам хонадоним муаттар этган.
Буюк яратганга бўлсин тавозе,
Удир бахтимизни баробар битган.
Дийдор бошлаб келди, қани, узат қўл!
Ўлжасим, жўлдосим, дўстим, қароғим!
Таъзим, эҳтиромим айлагил қабул,
Эй улкан қозоғим, улкан қозоғим...
✍1972
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Ҳис этиб дунёнинг шодлигин, ғамин,
Улуғ бир ҳикматга бўлганман амин:
Яхши-ю ёмонни кўтараркан тенг.
Шу боис, она деб ном олмиш замин.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Билмасдан бировни ранжитма, болам,
Билмасдан бировни мақтамагин ҳам.
Ғунчани бағри қон дейди шоирлар,
Бироқ очилганда не чоғлиқ кўркам.
@abdullaorifijodi
Руҳий тўлғоқларимни тўлалигича қоғозга туширишга улгурганим йўқ. Ёзилган шеърларимдан ёзилмаганлари кўпроқ...
Абдулла Орипов
МУҲАББАТ
Ҳар мўмин дилида бир орзу фақат,
Ҳар дамда ўйида Маҳшарнинг куни.
Аллоҳ гуноҳларин қилиб мағфират,
Зора ноил этса жаннатга уни.
Тунлари мени ҳам чулғайди хаёл,
Ўзинг ёрлақагин мени ҳам, ё Рабб.
Сенинг васлинг гарчи энг олий висол,
Раҳм этгил ва лекин ҳолимга қараб.
Менинг ҳам тилагим ол инобатга,
Қовуштир орзулар олами билан.
Расулуллоҳ демиш: Киши жаннатга
Киргайдир севикли одами билан.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БАНДАГА СИҒИНМА
Ҳеч қачон бандага сиғинма, банда,
Зулм қилса агар, золимга лаънат.
Битта руҳ яшайди ҳар битта танда,
Инсоннинг авлиё бўлмоғи ғалат.
Гарчи бу дунёда бордир нодонлик,
Тафаккур, Ақлнинг кошонаси бор,
Қисматдан ҳеч кимса топмас омонлик,
Олдинда ажалнинг остонаси бор.
Сеҳрга нечоғлик каломинг бурма,
Лазизроқ сўз йўқдир сўзидан ортиқ.
Дунёда дўст излаб қанча югурма,
Азизроқ дўст йўқдир Ўзидан ортиқ
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎЙЛАМАЙ НЕТАЙИН
Қайси кун ўғилчам сўради,
Майлими, мен ҳам шеър битайин.
Миямни хаёллар ўради,
Мен уни ўйламай нетайин.
Чирқираб келган чоғ дунёга
Кўзларим тўлгандир зиёга.
Шунданми, талпиндим самога,
Мен уни ўйламай нетайин.
Ҳарф таниб чиққанда саводим,
Назмга айланди фарёдим,
Шеър билан боғланди ёш ёдим,
Мен уни ўйламай нетайин.
Кимлардир кутдилар тош билан,
Кимлардир хайрихоҳ бош билан,
Боқдим мен кўзимда ёш билан,
Мен уни ўйламай нетайин.
Барчадан яхшилик кутдим мен,
Турфа хил йўлларни ўтдим мен,
Зўр имон йўлини тутдим мен,
Мен уни ўйламай нетайин.
Замондан жафо ҳам кўрмадим,
Айни чоғ вафо ҳам кўрмадим,
Бесабаб сафо ҳам кўрмадим,
Мен уни ўйламай нетайин.
Кўп узоқ элларда бўлдим мен,
Дўст билан ўйнадим-кулдим мен,
Юртим деб зардобга тўлдим мен,
Мен уни ўйламай нетайин.
Ахтардим самимий ҳамроҳни,
Дуч келса рад этдим гумроҳни,
Кураш деб билдим гоҳ оҳ-воҳни,
Мен уни ўйламай нетайин.
Ахир мен Машрабни изловдим,
Метиндай мазҳабни изловдим.
Ёвларга ғазабни изловдим,
Мен уни ўйламай нетайин.
Ношукур бўлмоқлик ёмондир.
Энг аввал замонинг замондир.
Қаҳр бир, меҳр бир томондир,
Мен уни ўйламай нетайин.
Сўзимни тинглади диёрим,
Ўзбегим — тозаю ғуборим,
Кичкинтой қизгинам — Рухсорим,
Мен уни ўйламай нетайин.
Йўқ менинг бағдодий халифам,
Тахтим шу — байт тўла саҳифам.
Сирдошим, ғамдошим Ҳанифам,
Мен уни ўйламай нетайин.
Англамоқ истадим оламни,
Аждодни, авлодни, боламни,
Тупроққа қўйдим-ку онамни,
Мен уни ўйламай нетайин.
Падар ҳам саксонга кирибди,
Кимдир йўқ, кимлардир юрибди,
Кўз юммай офтоб-ку турибди,
Мен уни ўйламай нетайин.
Гапимни тинглагин, эй, ўғлон
Кўп кўҳна жаҳондир бу жаҳон,
Пир экан Навоий то ҳамон,
Мен уни ўйламай нетайин.
✍️1988
@abdulaorifijodi
Абдулла Орипов
СУВ
(Ҳазил)
Жуда ажойибдир инсон удуми,
У сувни жуда ҳам, жуда ҳам суяр.
Дейлик, бирор жойда ниҳол кўрдими,
Албатта, тагига сув қуяр.
Чанқаб келганда-ку, бирор ташна лаб
Албатта сув ичар, мириқар, тўяр.
Ортиб қолганин ҳам ҳатто авайлаб
Этагидан ё бошидан қуяр.
Сув омборларин-ку, айтиб ўтирмай,
Инсон бундай ишни жойига қўяр.
Учраган пучмоқни ковлаб эринмай,
Албатта, у ерга сув қуяр.
Хўш, ундан кейин-чи,
Хўш, ундан кейин,
Инсон сувдан яна қандай завқ туяр?
Бекор қолганида, баъзида секин
Бир-бирин тагига сув қуяр.
✍️1971
@abdullaorifijodi