Абдулла Орипов
ТАРҚОҚ ҚАВМ
Бир қавм бор эди, ғоятда тарқоқ,
Ҳар қайси ўзича кўтарган байроқ.
Қўшни қўшни билан сирлашмасдилар,
Тўю азада ҳам бирлашмасдилар.
Бир куни ёғилди кўкдан фалокат,
Қилиб бўлмас эди офатга тоқат.
Қавм-чи, дод солди, тинчидан жудо,
Аллоҳ, Аллоҳ, дея қиларди нидо.
Бало тушмоқдайди ҳануз ҳаводан,
Шундоқ садо келди бирдан самодан:
– Тегманг, тўрт тарафга майли чопишсин,
Ҳар ким ўзи учун Аллоҳ топишсин.
✍️ 2015 йил 8 август, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БОР ГАП
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Майсани топтамай ўтмоқлик учун.
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Фарзандинг гуноҳин ютмоқлик учун.
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Нораво Ватанни севмоқлик учун.
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Норасо элга сўз демоқлик учун.
Буларнинг баридан бўлмоқ-чун халос,
Икки газ арғамчи етгайдир, холос.
✍️1988
@abdullaorifijodi
Пушкин сўзи қадимий юнонча бўлиб, йўқ жойдан бор қилиш деган маънони англатар экан. Тасодифни қарангки, ҳақиқатан ҳам Пушкин қарийб йўқ адабиётни йўқ жойдан бор қилди.
АЛЕКСАНДР ПУШКИН
***
Ҳаммаси тугади, орамиз очиқ...
Сўнг бор қўлларингни ўпаркан, пари,
Шаънингга тўқийман мунгли бир қўшиқ,
Тинглайман жавобинг: "Тугади бари..."
Энди алдовларни қилмасман расм
Ва сени алам-ла ахтармоқ нечун?!
Ўтди... ўтганларнинг унут ҳаммасин,
Севги яралмаган фақат мен учун.
Сен ёшсан, қалбингнинг гўзал маҳали,
Севимли бўларсан кўпларга ҳали...
✍️Абдулла Орипов таржимаси
@abdullaorifijodi
"Ижодкор учун биринчи устоз, албатта, китоб. Пушкин жон бераётиб китоб жавонига боққанча: "Алвидо, дўстларим!" деган экан."
Абдулла Орипов
БУЛБУЛ
Сен — булбулсан, булбулларни маст қила қол, булбулим,
Менинг учун сайрашингни бас қила қол, булбулим.
Шому саҳар тиним билмай шарҳ айладинг дилингни,
Қани, айт-чи, булбулгинам, ким тушунди тилингни?
Биров сени нола деди, биров деди оҳ-фиғон,
Булбул тилин булбул билар, мен билмасман, булбулжон.
Англарми деб беҳудага роз сўйлама, қушим, ҳай,
Сен — булбулсан, булбулгинам, сени булбул тушунгай.
✍️1965
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИЛТИМОС
Сенга балки аён, балки ноаён
Бир ҳаёт ҳадисин айлайин баён.
Майли, сувлар кечгин, майли, ўтда ён,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Саргардон, йўлларда қолсанг ҳамки оч,
Сабру қаноатни қилгил бошга тож,
Нотанти йўлдошга бўлма ҳеч муҳтож,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Таънадир дунёда ёмондан ёмон,
Нон бериб рангингни этгайдир сомон.
Ақлинг бутун бўлса, тўрт мучанг омон,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Бўри эмас дейсан одам одамга,
Кўзинг каттароқ оч, боққил оламга,
Биров отамга дер, биров онамга,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Саховат аҳлига гарчи юз бурдим,
Гоҳи дам ҳайратда лол қотиб турдим,
Норнинг ит олдида чўкканин кўрдим,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Оҳ, дўстим, демагил қайдан бу туйғу,
Шеърим сен учун ҳам бўлолсин кўзгу.
Менинг бир жайдари фалсафамдир шу:
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
✍️1980
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОДДИЙ ҲАҚИҚАТ
Боболар уқдирмиш неча замонлар,
Ажалнинг олдида жонимиз бир деб.
Ногоҳ дуч келишса ҳатто ҳайвонлар,
Бир-бирин танирмиш, қонимиз бир деб.
Инсон фазоларга чиқса ҳам гарчанд,
Заминга боғлиқдир умри, ҳаёти.
Одам деган сўзга жон ипи пайванд,
Ҳар хил бўлса ҳамки рутбаси, оти.
Биримиз оқдирмиз, биримиз қора,
Биримиз буғдойранг, шундоқмиз, хуллас.
Тароқ тишларидек тенгмиз ва сара,
Бир хилдир ҳамиша орзу ва ҳавас.
Битта деб сипқордим, тақдир, жомингни,
Битта олов бўлиб таралгай оҳим.
Ягона бўлсанг-да, турфа номингни
Барчага тарқатиб бердинг, Аллоҳим.
Бахт бир хил қувнатар, бир хил эзар ғам,
Бир хил туғилгаймиз, бир хил ўлгаймиз.
Йиғласак бир хилдир кўз ёшимиз ҳам,
Кулсак устимиздан асли кулгаймиз.
✍️2009 йил 4 октябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ФАҚАТ ЎЗИНГ АНГЛА...
Бас, етар,
Шоирлик сенга ўйинмас.
Ғам билан ўйнашма
Эй шодмон инсон.
Бу олов ёқади
Ўзин ҳар нафас.
Сенга жондош бўлмас
Ёнингдаги жон.
Енгил қила билмас
Бир азобингни
Фалакда минг-минглаб
Фаришталар ҳам.
Фақат ўзинг англа...
Изтиробимни,
Фақат ўзинг кечир,
Яратган Эгам.
✍️ 2006 йил 23 октябрь
Қарши.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ШОИР ЭРКИН ВОҲИДОВ ХОТИРАСИГА
Роса тортишдилар ер билан осмон,
Шафаққа айланди яноқлар чунон.
Шоирни меники дер эди само,
Меники дер эди она ер аммо.
Шоир-чи куйлади иккаласин ҳам,
Заминдан куч олди, самога ҳамдам.
Саксон йил чорлашди ўртага олиб,
Охир тортишувда Ер чиқди ғолиб.
✍️2016 йил 2 июнь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
УСТОЗ МИРТЕМИР САБОҚЛАРИ
Устоз Миртемирни эслайман ҳануз,
Раҳмдил, бағри кенг, аёвли, танти.
Юз бор қаламида қайраларди сўз,
Юз бор ўзгарарди шеърнинг ҳар банди.
Мулойим боқарди Устоз доимо,
Теграсида бизлар – узоқ-яқинлар:
Қаршидан, Нукусдан, Сирдарёдан ё
Хоразмдан келган ўсмир оқинлар.
—Ишланг, —дерди Устоз, – шеър бўлсин равон,
Меҳнатдан қочмасин ижодкор халқи.
Лекин камситмасди бизни ҳеч қачон,
Устоз шунинг учун Устоздир, балки.
✍️ 2013 йил 23 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ХАТНА
Набирам Мироншоҳга
Хонадон йиғилган,
Ҳамма шод, мамнун,
Ажиб ҳис чулғаган дилни – кўнгилни.
Ипак кўрпачага ётқизиб бугун
Хатна қилишади митти ўғилни.
Бу ҳол малол келмас, ахир, ҳеч кимга,
Яна кўпаяди битта мусулмон.
Лекин, тегманг дея менинг мулкимга,
Тўшакда дод солар кичкинтой инсон.
✍️2013 йил 1 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АФАНДИ
Афанди дегани ўзим бўламан,
Ҳар хил ҳангомага ичи тўламан.
Эси йўқ одамлар калласизлардан
Хафа бўлишади, шунга куламан.
✍️2015 йил 3 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МЕҲМОН
Афанди бир куни борди меҳмонга,
Ажойиб уй экан, хуш ёқди жонга.
Сўнгра тўрга ўтиб, ётиб олдию:
—Энди мен кетмайман! —деди мезбонга.
✍️2003 йил 20 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СИРЛИ ОЛАМ
Ёзувчи ва муҳаррир укам
Ҳожиакбар Шайховга
Ҳожиакбар, сен ажойиб адибсан, кўркам,
Мафтун этдинг бизни нурли қаламинг билан.
Бироқ нега қўрқитасан, муҳаррир укам,
"Қалб кўзи"ю, ажиб "Сирли олам"инг билан.
Ҳар саҳифа орасидан девлар қутуриб,
Инсу жинслар ғуж-ғуж чиқиб келаверади.
Хотин эмас, алвастилар уйни супуриб,
Набиралар "ликопча"дек елаверади.
Дарпардалар силкинади сирли равишда,
Газ ўчоқдан чўзилади аждаҳо тили.
Келининг ҳам одам эмас, ёвуз фаришта,
Салом берган "қор одам"нинг жун босган қўли.
Жиринглайди ярим тунда телефон ногоҳ,—
У нариги дунёлардан хабар бўлса-я!
Симёғочда қунишган у қуш эмас, арвоҳ,
Балки ўзга сайёрадан анов ҳамсоя?!
Улар бизни таъқиб этар сира тинмасдан,
Бекорчидай, бошқа қилар ишлари йўқдай.
Биз ҳам учиб юргандаймиз ерга қўнмасдан,
Латиф олма емишидан қорнимиз тўқдай.
Ҳожиакбар, айтганларим келмасин малол,
Ўшаларинг балки дўстдир, ёинки рақиб,
Нима дейсан бу гапимга, балки, эҳтимол,
Улар эмас, биз уларни этармиз таъқиб?!
Балки улар қочиб юрар биздан ҳар лаҳза,
Ер юзига ҳар қалай биз кўпроқ бурчлимиз.
Бизлар моддий дунё, ахир, бизлар бор нарса,
Билиб қўйгин, биз улардан анча кучлимиз.
Мана, битта танишим бор, шунчалар маккор,
Минг ажинанг қилолмайди унинг ишини.
Суҳбатдоши сал анқайса бермай ҳеч озор,
Қоқиб олар оғзидаги бор-йўқ тишини.
Бошқаси-чи, қитиқламас шайтон сингари,
Лекин гапга бирам чечан, кулдираверар,
Қўйиб берсанг, оқизади сувни тескари,
Фойдасига бўлмаганни бўлдираверар.
Яна бирин билиб бўлмас ёшми ё кекса,
Билиб бўлмас, сиғингани раҳмонми, шайтон.
Битта кўзи нимадандир дув-дув ёш тўкса,
Бошқа кўзи нимадандир чарақлар шодон.
Тағин бири қўлларингни ўпишга тайёр,
Номинг сотиб битказади ҳар қандай ишни.
Лойдан ўтгач, унутади барчасин, айёр,
Ҳатто талаб қила бошлар пойин ювишни.
Булар таъма қулларидир, лўттибоз ва суқ,
Хаёлида на Аллоҳ бор, на юртнинг ғами.
Бундайларда наинки кўз, қалбнинг ўзи йўқ,
Лекин сирга тўлиб кетган буткул олами.
Ҳожиакбар, жинларингни эплаб, аслида
Муросага келтириш ҳам мумкиндир ҳатто.
Лекин шундоқ ёнингдаги инсон шаклида
Яшаб юрган иблислардан асрасин Худо!
✍️2000 йил октябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЁТ АЖОЙИБОТЛАРИ
Бир умр яшадинг кўзингни ёшлаб,
Ўзи йўқ омаддан нолидинг секин.
Атай келтирдилар дарёни бошлаб,
Сув сенинг ҳовлингга чиқмасди лекин.
Ахир пўлат эмас бу жону бу тан,
Аёз ва изғирин ялайверади.
Ҳимоя қилишар нуқул бомбадан,
Қумурсқалар эса талайверади.
✍️2015 йил 2 август, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АДОЛАТ
Менинг битта армоним бор,
Кимлигинг билмай,
Сен ҳақингда чиқармасин биров хулоса.
Лекин юзсиз рақибларинг андиша қилмай,
Титкилайди таржимаи ҳолингни роса.
Кўзи очиқ ҳар нарсани албатта кўрар,
Ажратолмай қолар гоҳо руҳ ва жисмни.
Бир қарасанг, шайтонлар ҳам кўтариб юрар,
Ота-онанг Абдулла деб қўйган исмни.
Ташна чоғинг намакобни узатса тақдир,
Дейсан, ушбу ишорада маъно бор, катта.
Балки сувни ичолмассан, лекин барибир,
Шукроналар айтмоғинг шарт дилдан, албатта.
Бу дунёга келгандаёқ башар фарзанди,
Қўл-оёғин бешигига қўярлар боғлаб.
Улғайганда фикрини ҳам этурлар банди,
У бир умр ўтажакдир кўксини доғлаб.
Олдда эса кутиб турар поёнсиз хилқат,
Рост далага куппа-кундуз экурлар ёлғон.
Ақлни-чи, оёқ ости қилгайлар ҳар вақт,
Лекин бу сўз нодонларга бўлгайдир қалқон.
Ҳасрат билан кўз ташлайсан яйдоқ оламга
Хаёлингга кела бошлар ҳар хил бадбин ўй.
Ҳатто йўлда кетаётган айбсиз одамга,
Дабдурустдан тош отади худбин ҳасадгўй.
Қўйсалар-да сени ипак кўрпага ўраб,
Орасига кириб олиб, чақар чаёнлар.
Ахир қайга борар эдинг ҳимоя сўраб,
Ўз ичингдан чиқар бўлса ўша ёмонлар.
Қанча-қанча назмчини кўрдим дунёда,
Тиши ўткир, аммо лекин қалами эмас.
Сохта шуҳрат аслиятдан доим зиёда,
Афсус, улар бир ҳаводан олгайдир нафас.
Аравамни ўзим тортдим, очиқ айтганда,
Чумолига озор бермас озурда жонман.
Билатуриб, найзаларинг санчасан, банда,
Ўйламассан, мен ҳам ахир сендек инсонман.
Агар чиндан одил бўлсанг пойингда дунё,
Мана оғоч, мана арқон, билганингни қил.
Иродангга қарши чиқмас ҳеч кимса асло,
Дор тагига ўзи боргай, шуни яхши бил!
✍ 2015 йил 7 декабрь
@abdullaorifijodi
Александр Пушкин
1
Шовқинли кўчада сарсон юрсам-да,
Халқ тўла черковга бориб кирсам-да.
Шўх йигитлар билан бир ўтирсам-да
Мени ҳаёл босар, ўй босар ҳамон.
Мен дейман: бу йиллар шошиб ўтади,
Сон-саноқсиз одам бир-бир кетади.
Дунёда кимки бир – бари битади
Кимнингдир сўнг дами яқин шу замон.
Сўққабош чинорни ҳар кўрганимда
Ўрмонлар бобоси дейман дилимда,
Оталарим асрин кўрдинг умрингда,
Мендан сўнг ҳам қолиб сурасан даврон.
Гўдакни эркалаб турганда хушҳол,
Дарров ўйлаб дейман: эркам, яхши қол.
Менинг ўрнимни бос, кўрмагил завол,
Мен тутоқдим, сўлдим, сен гулла омон.
2
Ҳар кун ҳар йилимни ўтказиб шундоқ,
Оддий – хаёлларга ботаман узоқ,
Ҳар йил сўнг нафасдан оламан сўроқ,
Ҳар соат топаман ўлимдан гумон.
Билмайман, ажалим дуч келар қайда,
Жангдами, сафарда, ё тошқинсойда.
Ёки гўрим анов водий тўқайда,
Совуқ ҳоким олар оғуши томон.
Ўликка ҳамма ер бирдак ҳар қалай,
Туйғусиз тан гўрда қолмас чиримай.
Ҳар нечук истагим, ватанда ўлай,
Азиз тупроқ бўлсин сўнгги ошиён.
Қабрим теграсида ёш ҳаёт кулсин,
Қушлар бош устимда сайрашиб турсин.
Бепарво табиат доим барқ урсин,
Мангулик чиройда яшнаб беармон.
✍️ Абдулла Орипов таржимаси
@abdullaorifijodi
АЛЕКСАНДР ПУШКИН
ЎТИНЧ
Ўзинг асра энди мени, туморим,
Қувғин чоғларимда мени асрай қол.
Қалбимни чулғаса шубҳа ва малол,
Ўзинг асра энди мени, туморим.
Тўлқинлар бузишиб сабру қарорим,
Теграмни чулғашиб олсалар мутлоқ,
Булутлар солсалар ваҳший қалдироқ,
Ўзинг асра энди мени, туморим.
Бегона элларда ёзиб хуморим,
Эринчак сукунат қўйнида қолсам,
Оловли жанг ҳиссин қалбимга солсам,
Ўзинг асра энди мени, туморим.
Сирли ва муқадцас офтоб узорим,
Алдоқчи, ғаройиб, лазиз туйғулар...
Хиёнат кўкида ботдилар улар...
Ўзинг асра энди мени, туморим.
Ўтган хотиралар — дилдаги зорим,
Қалбим жароҳатин тирнамасин, бас,
Алвидо, умидлар, тинч ухла, ҳавас,
Ўзинг асра энди мени, туморим.
✍️Абдулла Орипов таржимаси
@abdullaorifijodi
6 июнь, А. С. Пушкин таваллуд топган кун.
Пушкин ҳар қандай дохий санъаткор сингари одамзотга ва фақат унинг олижаноб кисмига мансубдир. "Рус поэзиясининг қуёши"деб ном олган бу қорамтир, жингалак соч зот - истеъдодлар туғишда унчалик сахий бўлмаган она табиатнинг энг ноёб ҳадяларидан биридир
“...Қизиқ бир ҳол. Улуғ Навоийнинг бир байти унинг ҳаётидаги энг сўнгги шеърий байт сифатида келтирилади:
Бир дард илаки ўламен маразки зоҳир эрмас,
Табиблар бу дардга на чора қилғайлар
(Шундай бир дард билан ўлмоқдаманки, уни англаб бўлмайди, кўриб бўлмайди, билиб бўлмайди. Табиблар бу дардга қандай чора қила оладилар).
Демак, дарднинг англанишсиз, билинмайдиган бир ҳолда эканлиги таъкидланмоқда. Абдулла шеърларида шундай бир қиёс атама бор:
“Юрагимда исмсиз дардлар”.
Навоий кўзда тутаётган нарса билан иккаласи бир хил эмасми?! Мумтоз поэтика қонунларига риоя қилинса, бири – лаф, бири – нашр. Бири фикрни ёйиб беряпти, бирови йиғиб беряпти.
Яна бир шундай лавҳани келтириш мумкин. Шоир шеъриятга кириб келган йиллариданоқ шу мавжуд ҳукмрон қарашлар дейиш керак эмас, ҳукмрон ақидалар, фикрлар, атамалар, қиёслар биз ўрганиб кетган, қон-қонимизга, суяк-суягимизга сингиб кетган тушунчалар билан ҳам баҳсга киришгандай бўлади. Уларни муҳокама доирасига олиб чиқади.
Масалан, “Булбулим” шеъри. Бу илк шеърларидан. 60-йилларда уни катта шеъриятга чиқиш йўлидаги шеърларидан.
Булбул қандай эди таърифда –тавсифда. Булбул сайрайди, булбул нола қилади, айрилиқдан нола қилади. Мана шунақа йўлдаги, йўналишдаги тушунчалар ҳукмрон эди. Шоир айни мана шу нуқтаи назар билан, атамалар билан, қарашлар билан баҳсга киришади.
Айтадики,
Биров сени нола деди, биров деди оҳ-фиғон,
Булбул тилин булбул билур, мен билмасман булбулжон.
Бу энди ҳар нарсага реал, тўғрима-тўғри қараш ҳақидаги гап. Ҳар бир тушунчани тафтиш остига олиш. Янгича бир қарашлардан келиб чиқиб баҳолаш, ёндошиш борасидаги буюк бир истак.
Абдулланинг шахсиятини ҳам, ижодини ҳам ҳали ҳеч ким менчалик билмайди. Ҳали-ҳанузгача фундаментал тадқиқот йўқ. Мен у ҳақда шундай китоб ёзмоқчи эдим. Наҳотки улгурмасам...”
Филология фанлар доктори, профессор Бегали Қосимов. "Кундаликдан"
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БЕМОР ВА ТАБИБ
— Сочим тўкилмоқда, эй доно табиб,
Нима қилмоқ керак, чорасини айт.
— Эллик йил юрибсан уни кўтариб,
Яна ҳаққинг борми? Боқ бунга лоқайд.
— Нетай, ҳозиқ табиб, топгил имконни,
Қулоқ ҳам битмоқда, илғамас тақир.
— Эллик йил эшитиб яхши-ёмонни,
Шўрлик чарчабди-да, ҳордиқ бер, ахир.
— Лекин юрак санчар, даво қил, табиб,
Майли қулоқ битсин, майли чиқмас мўй,
— Эллик йил маҳрингга ишлабди, ҳадеб
Уни ҳам қийнама, ўз ҳолига кўй...
Бемор рози қайтди шул кун уй ёққа,
Демак, аъзолари ўтабди бурчин.
Раҳмат тушган сочга, битган қулоққа,
Юракка ҳам раҳмат хизмати учун.
Ўша тун ухлади у дориломон,
Беморни ҳаловат бағрига ютди.
Аъзолар ҳордиққа чиқмиш, йўқ гумон,
Уларнинг борлигин унутди.
Гўёки соч унда бўлмаган ҳеч ҳам,
Гўёки қулоқ ҳам асли нокерак.
Кўксига жойлашиб аллақайси дам,
Уни хўб қийнабди қандайдир юрак.
Бемор хурсанд эди, шод эди, хуллас,
Шифо топган эди малҳамсиз, текин.
Беъмани ташвишлар ортиқ қийнамас,
Сабаби нимадир? Билмасди лекин.
Табибнинг қошига келди у хуррам.
Деди: мўъжизангни аён эт менга.
Табиб жавоб қилди: ўзингни бўтам,
Йўқ деб ҳисобласанг — киргайсан мингга!
✍️1987
@andullaorifijodi
1 июнь, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.
Абдулла Орипов
ИҚБОЛИ БУЮКСАН
Аввало раҳматдир Онага,
Сўнг эса албатта Отага.
Бизларга эслатмиш ҳаётни,
Унутманг ҳеч қачон устодни...
Сен ўзбек элининг фарзанди,
Истиқлол юртининг дилбанди...
Ватанинг ғоятда кенг эрур,
Барчага баробар тенг эрур,
Меҳнатда қотса ҳам суягинг,
Ҳеч ерга тегмасин курагинг.
Чиниқтир майлига сен танни,
Унутма ва лекин Ватанни.
Болажон, сен доим суюксан,
Билиб қўй, иқболи буюксан!
✍2002
@abdullaorifijodi
Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов энг кўҳна жанрдаги дилбар ғазаллари билан милён-милён дилларда титроқ уйғотди. Бу дунёда ёзувчи-шоирлар кўп. Уларнинг ичида дунёни титратадиганлар, Нобель мукофотини олганлар бор. Лекин, мен комил ишонч билан айтаманки, бирон-бир Нобельни олган шоир Воҳидовдан кучли эмас. Эркин Воҳидов ҳаммасидан кучли.
Она тилимизнинг ипакдек майин, камалакдек ранг-баранг шамойили, ғоят нозик лутф, беозор қочирмалар, гоҳи хазин, гоҳ самимий табассум уйғотувчи ташбеҳлар, ўткир хулосалар-буларнинг бари улкан оқин Миртемир қаламига мансуб бетакрор фазилатлардир. У кишининг жонли халқ тилида ёзган шеърларини ўқиганда кўз олдимизда ҳақиқий, руҳли, эркин инсон пайдо бўлади. Миртемир домла қайси мавзуга қўл урмасин, катта миқёсда фикр юритади, руҳий олами чексиз эди. Унинг шарқ шеъриятининг муборак нафасига хос асарлари бачкана, чучмал хис-туйғулардан йироқ.
30 май - Устоз МИРТЕМИР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН !
Абдулла Орипов
КАРВОН
(Устоз Миртемир хотирасига)
Сизга ташланмади, оҳ, не-не зотлар,
Улар ҳар мўминга ташланар эди.
Ташланмаса дили ғашланар эди,
Улар пучак жонлар, аҳли бедодлар.
Жиндеккина нозик феълингиз билан
Сокин бир қўнғироқ чалиб ўтдингиз.
Ёруғлик кунларни бедор кутдингиз,
Дардлашдингиз фақат элингиз билан.
Нечоғлик хокисор эдингиз, устоз,
Ялангтўш, меҳнаткаш, қалам деҳқони.
Қадим Туркистоннинг танти ўғлони,
Покиза эдингиз мисли оқ қоғоз.
Не-не ўлкаларнинг не даҳолари
Сиз боис ўзбекча сўйлаган эди.
Сизнинг лафзингизда куйлаган эди,
Қошғарийдан қолган тил садолари.
Шеърингиз учқуру ўзингиз карвон,
Манзилга шошилмай келар эдингиз.
Оҳ, устоз, ҳолбуки билар эдингиз —
Югурик даврондир асли бу даврон.
Сизнинг армонингиз яшар қароғда,
Балки у бўйлагай асрларни ҳам.
Во дариғ, мана шу сатрларни ҳам
Ёзсам бўлмасмиди сиз тирик чоғда.
✍️1979
@abdullaorifijodi
"Патефони ўчмай қолган олимлар ёки Абдулла Ориповнинг
ҳажвий асарлари ҳақида
жиддий мулоҳазалар".
Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,
Ислом Каримов номидаги
ТДТУ Олмалиқ филиали
илмий кенгаш котиби,
филология фанлари
доктори мақоласи "Тошкент ҳақиқати" газетасида
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АФАНДИ
—Қўй етаклаб ўтди-ку биров,
—Менга нима, деди Афанди.
—Сизникига қараб кетдиёв,
—Сенга нима, деди Афанди.
✍️2002 йил 16 декабрь
@abdullaorifijodi
“Менда шеър дастлаб фикр тарзида, баъзан мажоз тарзида намоён бўлади. Кейин у шеър бўлиб шаклланади. Қаттиқ меҳнат натижасида, албатта. Лекин меҳнатда завқ бўлиши керак. Илоҳий завқ. Зеро, қаттиқ меҳнатни юк ташувчи жонвор ҳам қилади. Бу илоҳий завқ сизга уйқу бермасин. Бу илоҳий завқ бўғзинғизга қадар келсин, ичингиздан тошиб турсин. Кўзингиз юмилиб кетаётган эса-да, қўлингиз қаламга талпинсин. Хуллас, меҳнат, яна меҳнат... Чўнтагида иккита шеър қораламаси юрмаган шоирни мен шоир санамайман: кези келганда тузатиш киритиш учун — «аммо»нинг ўрнига «лекин»ни қўйиш керак бўлар, масалан. Ёшлигимда мен ухламасликдан қўрқмасдим, эндиликда ухламаган туним эртасига дарҳол ўз таъсирини билдиради.”
Абдулла Орипов
ФИЛ ВА ЧУМОЛИ
-Филга айланибсан, чумоли, нечун?
-Рўзғоримдан кўнглим тўқлиги учун.
-Чумоли бўлибсан, сўйла, фил, нечун?
-Рўзғоримда тинчим йўқлиги учун.
✍️2009 йил 28 январь
@abdullaorifijodi