Абдулла Орипов
ЎТАР ДУНЁ
Ўзингни ҳар лаҳза азобга шайла,
Шунчаки пўписа эмас машаққат.
Зулмнинг борлигин эътироф айла,
Ғоят кулгилидир гина, кудурат.
Арслон панжасини уриб турган дам,
Ахлоқдан дарс бериб, қилаберма дўқ.
Демакки, савиянг шулдир, эй одам,
Сенга бошқа таъриф топиб бўлмас, йўқ.
Мен ҳам куйлагандим замонни тўлиб,
— Ассалом! — деб турдим, отмасидан тонг.
Босқинчи ҳаққимни олса ҳам юлиб,
Таъзим бажо айлаб, чалавердим бонг.
Дунёда энг баланд, йиқилмас дорни,
Аввал алданганга қурмоқ керак, рост.
Бўйнига олдими магар иқрорни —
Мардона иш тутсин, ботирларга хос.
Кўрдим, йўл четида турарди бир чол,
Ёшу тажрибаси етган анчага.
Бажарар ишин у англатди дарҳол,
Топшириқ бераман, дейди, барчага.
Ўтмишин ўзига ростлайди Инсон,
Чингизнинг зулмидан зарра қилмас ор.
Кўзига кўринмас дарё-дарё қон,
Энди унга фақат шон-шуҳрат даркор.
Ўтиб кетар экан барибир дунё,
Ёмоннинг умри ҳам ўчган нафасдир.
Мен унинг исмини билмайман, аммо
Яхши одам бўлган, десалар басдир.
✍️ 2015 йил 8 сентябрь, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Бугун шоир Азим Суюн туғилган кун!
Абдулла Орипов
НАКУРТ
Шоир Азим Суюннинг қишлоғисан, сен Накурт,
Тоғлар салтанатининг ажиб, сулув макони.
Қояларда олқору чўққиларда сор бургут,
Қиёқ ўтлар шивири унинг сирли забони.
Ям-яшил дараларда айланиб шамол учар,
Тиллақўнғиз қанотин елпийди парвозга шай.
Шу он бута тагидан йўрғалаб каклик ўтар,
Осмонда томошабин – муаллақ сўфитўрғай.
Ўзича балоғатнинг бетакрор завқин суриб,
Тошдан тошга сакрайди ўспирин улоқчалар.
Қайсидир серкачанинг ношуд аҳволин кўриб,
Узала тушганича қиқирлар булоқчалар.
Нозанин бир малакнинг биллур кўзгусидир бу –
Булутлар орасидан қуёш назар ташлайди.
Бор экан-ку дунёда бундайин сокин туйғу,
Долғали умрим йўли ёдга туша бошлайди...
✍️ 2007 йил 17 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга заҳар, кимга қанд берган.
Эй ғофил, саркаш деб мени камситма,
Ғаним сенга эмас, менга панд берган.
1979
***
Тингла, бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади.
Иккови бир-бирин егунича то
Ўртада бу дунё адо бўлади.
1975
МИШ-МИШ
Унинг миш-мишидан ранжиманг асло,
Нима бўлса асли наслида бўлган.
Она қорниданоқ ўзи ҳам ҳатто,
Асли миш-миш билан дунёга келган.
1977
***
Дейдилар, ит ҳурар
— Ўтади карвон,
Ранжу балолардан
Ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар,
Бир умр гирён
Итлар орасидан
Ўтса карвонинг.
1980
АРСЛОН ЧОРЛАГАНДИ...
Эркин Воҳидовга
Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,
Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.
Арслон чорлаганди қошига бизни,
Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.
Жами тирикликка таниш шу хатар,
Қумурсқа яралган ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.
1982
@abdullaorifijodi
Қоғозларда қолган ўйлар...
Абдулла Орипов
" Бошқаларга хушомад қилиш ҳақиқатдан ҳам қонимизга сингиб кетган шекилли биров талаб қилмаса ҳам, ҳатто мақталаётган одам ҳижолат бўлаётганини билиб турсак ҳам ялтоқланишимизни қўймаймиз. Бундоқ манзарани кузатиш энди малол келадиган бўлиб қолибди биродарлар. Э воҳ, қачон биз ҳам рисоладаги одамларга ўхшаб кун кечирар эканмиз."
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
* * *
Муз ҳам эриб бир кун майинланади,
Тарозу бордирки — шайинланади.
Авлиё бўлиши мумкин ҳар одам,
Фақат пайғамбарлар тайинланади.
2013 йил 5 ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Дўстнинг қадри баланд икки дунёда,
Топилмас ўзга зот ундан зиёда.
Бир ҳожи қувончдан йиғлаб турарди
Дўстини учратиб Маккатиллода.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Дунёда шундайлар учрайди, билсанг,
Алиф ҳам чиқмайди қорнини тилсанг.
Ҳаммани ўзига ўхшатади у,
—Қанча олдинг, — дейди, яхшилик қилсанг.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЕТТИ МИЛЯРД
Етти милярд бўлмиш одамзод сони,
Шунинг ичидамиз бизлар ҳаммамиз.
Барчага баробар Одам унвони,
Бири тоға бўлса, бири аммамиз.
Узун шажарани рўйхат қилсанг то
Одам Атогача боргай бу ҳисоб.
Сурату сийрати турфадир аммо,
Бири белибосдир, бирида ҳижоб.
Яхши-ёмоннинг-ку йўқдир саноғи,
Арпами, буғдойми – бари аралаш.
Ажратиб ўтирмас тақдир ўроғи,
Ҳеч кимнинг қўлидан келмас саралаш.
Ва лекин сийламиш инсонни Ғаффор,
Ақлу идрок бермиш, этмиш мукаррам.
Улуғ илтифотга бўлгач сазовор
Арзир шукур айтса ҳар битта одам.
Бироқ у тинч юрмас ҳолига қараб,
Гоҳо қилар иши иғво, миш-мишлар.
Нима зарур экан, дейман, воажаб,
Яратган Эгамга бунча ташвишлар.
✍2011 йил 22 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЁТ
Отам ўйга чўмиб дерди доимо:
—Болам, феъли торлик бу ҳам бир завол.
Кенг бўл, оёқларинг орасидан то
Ўтиб кета олсин туя бемалол.
Умрим йўлларида кўрдим кўп зотни,
Отам айтганидек улуғвор, юксак.
Улар ўргатдилар менга ҳаётни
Не-не синовларда ибрат ва ўрнак.
Комил бўлолмадик афсус кўп замон,
Хатолар, ўкинчлар юрди сафма-саф.
Бағри кенг инсонлар ўзи бир томон,
Бадбин кимсалар ҳам бўлди бир тараф.
Тавба эшиклари очиқ ҳар маҳал,
Шу қадар кенг эрур Аллоҳ даргоҳи.
Эгам-ку кечиргай, лекин даставвал,
Инсонга оиддир Инсон гуноҳи.
Отамнинг гапларин эсласам гоҳо
Ўтар кўз олдимдан туялар, отлар.
Улар учрамади менга, ажабо,
Кўпроқ дуч келишди майда жонзотлар.
✍2012 йил 4 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ПАРКЕНТ
Қадим Паркент тоғларида сайр этдим хуррам,
Турли-туман ғавғолардан, ўйлардан холи.
Қониб-қониб сувлар ичдим булоқлардан ҳам,
Бир замонлар меҳмон бўлган Бобур мисоли.
Юксак қорли чўққиларда ин қурган бургут,
Қоя билан бўйлашгандай тераклар қатор.
Токзорлардан анқиб турар баракаю қут,
Бунда шодлик, бунда қувонч, бунда ором бор.
Адирлар-чи, бамисоли ёйилган кашта,
Мафтун этган ўшанда ҳам балки Мирзони.
Бир ёнда тоғ, бир томонда булут саргашта,
Эсга солар ҳам собиту нотинч дунёни.
Тақдир таъқиб этар эди Бобурни у пайт,
Тахти кетган, Андижон ҳам бўлганди абас.
Шу тоғларга видо айтиб битганида байт,
Топилганми “Қолинг!” деган бирорта бир кас.
Шоҳ бўлса ҳам, ҳинд филлари чўкса ҳамки тиз,
Тамға бўлди манглайида ҳижроннинг доғи.
Қорақумга тенг келмади Панипат ҳаргиз,
Чотқол ўрнин босолмади Ҳиндикуш тоғи.
Мен учун ҳеч ташвиш қилманг, муҳтарам мезбон,
Мен оддий бир инсондирман, кўнгил бўлсин тўқ.
Бафуржаман, шоширмасман сизни ҳеч қачон,
Ахир менинг борадиган Ҳиндистоним йўқ.
✍️2011 йил 27 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СОҒИНЧ
Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғиз оёқ йўл.
Барча ташвишларни унутиб, шодон,
Қайтгим келаётир қошингга буткул.
Қисмат майин ичдим — аччиқ ва тахир,
Туйдим эҳтироснинг самовий кучин.
Дунёда одамзод яшамас, ахир,
Фақат иродасин синамоқ учун.
Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидага ёлғиз оёқ йўл.
Барча ташвишларни унутиб, шодон,
Қайта олсам эди қошингга буткул.
✍1972
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АМНИСТИЯ
Кимнингдир бошига иш тушди ногоҳ,
Шайтон аврадими – топмади тўзим,
Болаларин йиғиб чекди оҳу воҳ,
Кечирмайман деди, ўзимни ўзим.
Жазо ҳам муҳаққақ бўлди, албатта,
Қисмат эшигига бош эгиб борди.
Сени кечирдилар, дейилган пайтда,
Қайта туғилдим, деб додлаб юборди!
✍2008 йил 28 август
@abdullaorifijodi
АБДУЛЛА ОРИПОВ
АЛИШЕР ВА ТАЛАБА
Сарой йўлга чиқди савлати билан,
Алишер аркони давлати билан.
Ҳирот фазосида янгради такбир,
Шаҳар айланмоқда вазири кабир.
Улуснинг дарди не? Аъмоли нечук?
Бева-бечоранинг аҳволи нечук?
Нечуқдир бошланган иншоотлари? —
Мирни қизиқтирар буларнинг бари.
Гарчи шоирдир у беназир, танҳо,
Лекин салтанат ҳам дастидадир жо.
Дарёларни бурар имо айласа,
Мағлуб музаффардир ҳимо айласа.
Теграсида букун шоҳона жонлар,
Сергак сарбозлару содиқ аъёнлар.
Вазир ўтиб борар гузарлар аро, —
Таъзимга чиқмишдир жами фуқаро.
Дастори ҳайбатли шайхлар эгар бош,
Бош эгар косибу шоиру наққош.
Алишер барчага тараҳҳум билан,
Ҳурмат кўргазарди табассум билан.
Юзлаб талабалар мамнун, сарафроз,
Улуғ Навоийга чиқдилар пешвоз.
Ҳали лабларидан учмай бирор сўз,
Ҳазрат атрофига ташладилар кўз.
Нигоҳ юритдилар сафларга томон
Ва бир талабага бокди ногаҳон.
Меҳр ила тикилгач, тушдилар отдан,
Ким ул азиз кимса азиз бул зотдан?
Бориб талабани кучдилар ҳазрат,
Оломон руҳида янгради ҳайрат.
Сарбозлар, аъёнлар ҳайратда эди,
Такаббур боёнлар ҳайратда эди.
Тағин отга минди вазир бекалом,
Карвон ўз сафарин этказди давом.
... Охир бир мулозим сабри тугаб, лол,
Алишерга шундоқ ташлади савол.
— Кимга шу аснода бахт кулди экан,
Айтинг, ул талаба ким бўлди экан?
Ўйчан бир табассум қилдию жаноб,
Мулозимга секин айлади жавоб:
— Эсимда, ёш чоғим, кўп йиллар нари,
Менга сабоқ берган унинг падари...
✍️1991
@abdullaorifijodi
"Ижодкорлар орасида ҳаққа етгани Навоий деган тушунча бор. Зеро, унинг асарларини ўқиганимизда кўз ўнгимизда соҳиби камол, беназир бир инсон сиймоси гавдаланаверади.
Алишер Навоий ўзининг буюк истеъдоди билан ўша даврдаёқ адабиётимизни ўртамиёначилик ботқоғидан олиб чиқиб кетди. Навоий шеърият қофиябозлик эмас, балки улуғ санъат эканлигини ҳар бир сатри орқали исботлади. Шоирнинг бирор байти йўқки, унда доҳиёна ташбиҳлар учрамасин. Масалан, ёрнинг лабига учуқ тошган ҳолатни Навоий, мана қандай лутфу назокат, мутойиба билан тасвир этадилар:
Эрмас учуқ, шакарга ёпишди чибин пари,
Икки лабим била они олсам дудоғидин.
Навоий ғазалларини бир ёқлама талқин қилиш ҳоллари кўзга ташланади баъзан. Айрим адабиётшунос олимларимиз унинг ҳар бир байтидан тасаввуф унсурларини ахтарадилар ва бу руҳни бошқаларга ҳам сингдирмоқчи бўладилар. Лекин шуни унутмаслик керакки, Навоий ижодида ҳаётийлик ҳамиша бўртиб кўринади. Ушбу байтга эътибор беринг:
Дард туфроққа ниҳон қилди Навоий жисмини,
Топибон бир шуша олтин, дафн қилгандек гадо.
Менимча, Навоий шеъриятини турли қолипларга солиб талқин қилмаслик керак. Чунки Навоий ижодига ҳар қандай қолип, ҳар қандай рамка торлик қилади. Шу боисдан Навоийни ўқиш эмас, англаш керак.
Шоирона бир ташбеҳ айтай: халқимизнинг бир фазилати ёққанки, бизга ўзбек туркийсида сўзловчи Алишердек табаррук зот жўнатилган экан, бунинг учун Яратганга минг бора шукр қиламиз."
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Бугун Алишер Навоий таваллуд куни...
Абдулла Орипов
АЛИШЕРНИНГ ОНАСИ
(Болаларга)
Билмам, қандай аёл бўлган
Алишернинг онаси.
Балки унинг ақлига ҳам
Лол бўлган замонаси.
Балки унинг кўзларида
Бўлган оғир бир хаёл.
Балки ғамгин бир зотдир у,
Балки шўхчан бир аёл.
Балки буюк фарзандига
Териб келган чечаклар.
Балки тунлар унга бедор
Айтиб берган эртаклар.
Майлига, у ким бўлмасин,
Ёлғиз бир сўз маъноси:
Алишернинг онаси у,
Навоийнинг онаси.
✍1968
@abdullaorifijodi
Шерали Жўраев куйлайди...
Абдулла Орипов
ДУНЁНИ ҚИЗҒАНМА
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Мен сенинг кўчангдан ўтмасман зинҳор.
Менинг бу оламда ўз айтар сўзим
Ва ўзим сиғинар мозорларим бор.
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Сен ичган булоқдан ичмасман асло.
Сен юрган тоғларда қолмагай изим,
Сен кечган дарёдан кечмасман асло.
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Қалбингни ёқмасин шубҳа ва сўроқ,
Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,
У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ.
✍1980
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОТАЛАР ИЛГИДА ЗАМОН БИЛАН ВАҚТ
Оталар шаънига лойиқ сўз демоқ
Табаррук бир китоб ёзиш билан тенг.
Уларнинг меҳри-ку бамисли чароқ,
Бағри ҳам юлдузли осмон каби кенг.
Шарқона ташбеҳни олсам гар ёдга,
Бир номи бузургу бир номи фақир.
Заминни кафтида тутиб, авлодга
Бус-бутун етказган оталар, ахир.
Юксак-юксакларда учган сор лочин
Назар узмагандек полапонидан.
Бардавом наслини асрамоқ учун
Ахир ота қавми кечган жонидан.
Нон, деган фарзанднинг дардли хитоби
Гоҳ уни тириклай чоҳларга тиққан.
Бардошли умрнинг заққум зардоби
Сочлари қировдек кўпириб чиққан.
Тахти Сулаймондан баланддир бешак
Ота деб аталган мартабаю бахт.
Фарзанд бунёд бўлди, ўлим йўқ демак,
Отанинг илгида замон билан вақт.
Мен кўкка термулиб кутмасман мадад,
Дўст излаб ҳар ёнда кезмасман сарсон.
Дўсту мададкор ҳам отадир абад,
Шони — шонинг эрур, армони — армон.
1987
t.me/abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДИЛ КЎЗИ
Кўзи очиқларга роҳатдир меҳнат,
Кўзи очиқларга лаззатдир неъмат.
Тўй ҳам ярашадир кўзи очиққа,
Куй ҳам ярашади кўзи очиққа.
Менинг кўз деганим — дил кўзи эрур,
У — умид, у — нажот юлдузи эрур.
Юрагим тубига чўккан ҳасратлар,
Орзулар, армонлар, қайғу-кулфатлар.
Энди кўзларимда қалқмоғи гумон,
Бу кўзлар бамисли туманли осмон.
Лекин удумини такрорлар башар,
Ҳар авлод ўз юкин ортмоқлаб яшар.
Армонли у йиллар бирма-бир кетди,
Энди ўзга тўлқин навбати етди.
Болам, пайтинг келмиш, кўзларингни оч,
Энди сен муҳитда ёзгин кенг қулоч.
Руҳингни кишанлар боғламаса бас,
Дилингни кин, ҳасад доғламаса бас.
Нафасинг сингари пок бўлиб дунё,
Басдир, кўзин очса диёнат, ҳаё.
Ва лекин йўлларинг бўлса ҳам равон,
Оёғинг остига боқиб юр, ўғлон.
У ерда наинки ризқинг экилган,
Балки булоқ бордир — кўзи бекилган.
Назар сол, заҳматкаш бандалар сари,
Мушук боласидек юмуқ кўзлари.
Беманзил чўлларда кезар карвонлар,
Уларни етаклар сўқир сарбонлар.
Ғафлат уйқусида неча-неча жон,
Алъамон, охирги кундан, алъамон.
Магарки Ҳақ бизни тинглаб ниҳоят,
Бахш этмиш сенга ҳам нури ҳидоят.
Сен ҳам ҳимматингни соча ол энди,
Бошқалар кўзини оча ол энди...
✍️1991
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚОР
Бул ажойиб кун эрурким,
Ялтирар ҳар ёнда қор.
Кўкда офтоб, ерда юлдуз,
Гарчи йўқ осмонда қор.
Бул ғаройиб шеър недур деб
Парпирар Юлдуз қизим.
Мен дегайман, боқ, азизим,
Хадра-ю Дўрмонда қор.
Еттига тўлмиш, тўкилмиш
Катта қизнинг тишлари.
Оқ садафми ушбу ёнда
Дур каби дандонда қор.
Суҳбат айлаб турган эрдим
Мен Зариф қизчам билан,
Кимдир айтди: кўп йўталманг
Иккингиз, балконда қор.
Ушбу қорким эрта-индин
Сув бўлар, бўстон бўлар.
Сочда кўрдим тўртта тола
Бул асл бўстонда қор.
✍1977
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
* * *
Совға берсанг мезбонга — пора дейди,
Тўн кийгазсанг меҳмонга — пора дейди.
Товуқ сўйсанг бобонгнинг арвоҳига,
Бу ишни ҳам осмонга пора дейди.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Ночорнинг устидан кулма ҳеч қачон,
Билмасдан камситма, бойвачча ўғлон.
Топган ақчасига нон олгайдир у,
Кекса онасига ё дори-дармон.
@abdullaorifijodi
"Она-юртни севиш...
Бу — ўзидан олдинги ва кейинги инсонлар орасида ҳалқа ҳисобланмиш авлодлар учун бурч, виждон амридир."
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎЗЛИК
Мустақил бўлмоқнинг кўпдир хислати,
У боис мавжуддир инсон миллати.
Сен ҳам ўз сўзингга эга бўл доим,
Юқмасин кимнингдир бирор иллати.
✍2011 йил 12 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БОБУРШОҲ
Темурбек наслидан чиққан
Ажиб сиймодир, Бобуршоҳ.
Навоийдек шеъриятда
Ўзи дунёдир, Бобуршоҳ.
Ғалат ҳолким, қалам бирла
Танилди соҳиби шамшир,
Бунингдек зўр саодатда
Ҳануз танҳодир, Бобуршоҳ.
Не юртлар нусратига тан бериб,
Шайдо ҳам бўлмиш, лек
Туғилган юртига зору
Абад шайдодир, Бобуршоҳ.
Бу зотнинг тоза қони
Қайда томса, бир чечак унди.
Хумоюн, Гулбадан, Акбар
Боқинг, пайдодир, Бобуршоҳ.
Жаҳон аҳлини лол этмиш
Мислсиз "Воқеъот" бирлан,
Асрлар қаъридан кечган
Улуғ дарёдир, Бобуршоҳ.
Буюк Ҳинд юртида қолмиш
Маломат ичра сабр айлаб,
Мусофир кўп бу дунёда,
Валек яктодир, Бобуршоҳ.
Қилиб кўп яхшиликлар
Яхшиликни кўрмаса ҳамки,
Дер Абдулло, Ватан ичра
Бобур Мирзодир, Бобуршоҳ.
✍️2013 йил 20 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БОБУР
Мен-ку, оддий одам,
Шундоқ бўлса ҳам
Шукр, бас, деганча ғанимларим бор.
Шарт эмас уларга таъриф чинакам,
Бири жунунсифат, бирови ҳушёр.
Бировига ёқмас жиндек журъатим,
Бировига ёқмас мен юрган йўлак.
Ногоҳ бирор жойда чиқса сувратим
Бири ухлай олмай қийналса керак.
Биз шундай ўтамиз,
Яъни кун кўриб...
Майдагина кучсиз, майдагина зўр.
Ҳаётнинг мана шу буржидан туриб,
Мен Сизни ўйладим, ҳазрати Бобур.
Сиз — зобит, дастини чўзган дунёга,
Сиз — шоир, мангу бир аланга ёққан.
Наинки бандалар, Сизнинг сиймога
Не-не салтанатлар кек билан боққан.
Баҳодирлик ичра ёр Сизга Ҳумой,
Сиз улуғ зотларнинг изин босган эр.
Назмий саждагоҳда Сизга, ҳойнаҳой,
Имомликка ўтгай фақат Алишер.
Ҳа, ёлғиз шеър қолди, бошқаси, абас,
Етти иқлим аро достон нақлингиз.
Не бахт, парчин бўлиб тож деган қафас,
Бизга етиб келди олмос ақлингиз.
Айтинг, не топдингиз Сиз кезиб дунё,
Ҳануз боқишарлар шўришга тўлиб.
Шоирсиз, яхшиси, қолингиз, Мирзо,
Мушфиқ юртингизда бир шоир бўлиб.
1983
✍️Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МЕНГА ҲАЁТНИ БЕР
Сен менинг дардимга қилибсан ҳавас,
Ҳавасинг келибди шифохонамга.
Демишсан: "Ёр унга омад ҳар нафас,
Айрича илтифот бор бу одамга..."
Сен-ку, ёвқур Инсон, соғ ва саломат,
Тоғларни йиқади пурккан нафасинг.
Билмадим, юз бермиш қандай адоват,
Заққум доруларга келмиш ҳавасинг.
Менга одам феъли аёндир бир оз,
Ошноман мен унинг гиналарига.
Ажабо, бор экан сендек ишқибоз,
Докторнинг тиғию ниналарига.
Руҳимда осойиш, дилимда чароғ,
Шифокор аҳлига ўқурман таҳсин.
Лекин хитоб айлай сенга ушбу чоғ:
Олгин, дардларимнинг олгин барчасин!
Ойдин палаталар сенгадир тортиқ,
Шифтга боққанингча қоматинг кергил.
Менга бу ҳашамлар керакмас ортиқ,
Менга ўз кулбаи хонамни бергил.
Жарроҳ наштари ҳам сенгадир нисор,
Сенга, табобатнинг жами малҳами.
Менга-чи, бир умр бахш этсин мадор,
Мунис дўстларимнинг меҳр олами.
Дарддан аримасин вужудинг ҳеч бир,
Йўлдош ниятингга етишгин шитоб.
Менга машаққатли тирикликни бер,
Менга бўла қолсин мангу шу азоб.
Шоир яшамайди асло беалам
Ва бирон кимсага истамас бало.
Лекин ўзгаларнинг кулфатига ҳам,
Ҳасад қилганларга шу тилак раво...
✍1985
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АЛИШЕР
Жаҳонки муқаддас нени кўрибди, —
Барига онасан, эй қодир ҳаёт.
Беш юз йил наридан боқиб турибди,
Нурли бу юзларга нуроний бир зот.
Шу буюк ўғлингни ардоқлаб дилдан, —
Халқим, таъзим этсанг арзигай тамом.
Унинг номи билан бирга битилган
Дунё дафтарига ўзбек деган ном.
Бойқаро ирғишлаб истак отида
Жаҳонга боққанда мисли бола шер, —
Ҳирот дарвозасин бир қанотида
Шеърий лашкарини тизган Алишер.
Дунёда бирор ном қолдирмоқ учун
Юрт бузиш шарт эмас, деган гап-ку, рост.
Кимдир пеш қилганда найзанинг кучин,
Алишер қаламни кўрсатган, холос.
Тун билан тонг эрур ташбиҳда удум,
Мисоли заҳру май, ҳажру шакар лаб.
Кимнидир қуёшдай эсласа мардум,
Кимнидир зулматдай юрарлар қарғаб.
Нидо тингла, бу кун, юртинг тарафдан,
Эй, йироқ Ҳиротда маскан топган эр!
Огоҳ бўл, Алишер, сен ушбу гапдан:
Ҳар икки набиранг бири — Алишер.
Байтингга бир бора қовушган ҳар лаб,
Такрорлаб кетгуси маҳшаргача то.
Қаратиб турибсан бу ён, не ажаб,
Миллиард мартабали жаҳонни ҳатто.
Бировлар наздида жоҳил Осиё
Фақат завол кўриб, кўрмаган камол.
Мусо илтижоси етди-ю гўё,
Ҳақ Тур тоғи узра кўргазди жамол —
Жаҳон меҳробида пайдо Алишер...
Шодмон қасида айт сен ҳам, эй қуёш!
Беш юз йил унга ҳам нима гап ахир,
Мингга қадам қўйди йигирма беш ёш.
✍1968
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЭЛИМ ДЕБ ЁНГАЙДИР СОҲИБ ЖУРЪАТЛАР
Тўйни ортга сурди қай кун хотининг,
Деди: — Куёв томон сабр этиб турсин.
Сабаби нимадир — сезар ботининг,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Ўғил улғаймоқда, тор келмиш бошмоқ,
Янгисин олишга имкон йўқ бироқ.
Дейсан: Маошгача чидагин, ўртоқ,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Гап-гаштак хос қадим қишлоқ, шаҳарга,
Улфатлар йиғилар норин ошарга.
Навбатинг келганда қочдинг сафарга,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Номинг гар оламни кўяр гангитиб,
Ўзини билганни ҳолин танг этиб.
Кабобпаз йўлингни ўтди чангитиб,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Қўшнинг чўнтагида йўкдир ҳеч вақо,
Уй қураман дейди, сир бермай аммо.
Суврати подшо-ю, сийрати гадо,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Ҳатто Каъбада ҳам кўрганман бир бор,
Бойга чой таширди машҳур санъаткор.
Раббим, бундай кундан асрагин зинҳор,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Бошига тушса гар мушкул фурсатлар,
Элим деб ёнгайдир соҳиб журъатлар.
Бир-бирин қўллагай ҳатто давлатлар,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Толеда борини сен ҳам кўргайсан,
Бир кун тўқчиликка юзни бургайсан.
Ўшанда шеъримни эслаб юргайсан,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
✍️1990
@abdullaorifijodi