Абдулла Орипов
ХИТОБ
Ахир биз азамат Ўзбекистонмиз,
Пахта, газ, ҳоказо бойликка конмиз,
Нега биз муҳтожмиз, юраги қонмиз,
Халқнинг орасидан чиққан одамлар.
✍️1989 йил 30 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЛЎТТИБОЗ
Не-не балоларга гоҳо тутилдим,
Кўпидан, иншооллоҳ, энди қутулдим.
Бошимга тушди гоҳ муҳтожлик, кулфат,
Барига кўникиб кетдим оқибат.
Тутқин эта олди на шуҳрат, на ғам,
Қутулдим беҳуда орзулардан ҳам.
Бир замон қолганда чорасиз, якка,
Дард хуруж қилганди ўксик юракка.
Неча ой йўл қараб, тўшакбанд бўлдим,
Шукрким, дарддан ҳам охир қутулдим.
Токи, ғолиб экан босқинчи зоти,
Қафасда ўтгайдир халқнинг ҳаёти.
Ватан озод бўлди, нашъага тўлдим,
Демак, кишанлардан мен ҳам қутулдим.
Аммо бир касофат қийнайди ҳамон,
Унга бас келолур на вақт, на замон.
Уни дафъатан-да тутиб ҳам бўлмас,
Ва лекин айланиб, ўтиб ҳам бўлмас,
Қутулдим неча қиш, неча ёзлардан,
Фақат қутулмадим лўттибозлардан,
Даргоҳинг бунча кенг, оҳ, Парвардигор,
Сенинг марҳаматинг бисёрдан-бисёр.
Мушрик бандаларинг наҳот оз сенга,
Нечун зарур бўлди лўттибоз сенга.
Унинг ҳам одамдек бор юзи, кўзи,
Лекин алдаб кетар куппа-кундузи.
Манфаат бўлса бас, қайтмас балодан,
Қуруқ чиқа берар чўкса, дарёдан.
Унинг дўпписини бунга кийгизар,
Қисир сигирни ҳам ҳатто ийгизар.
Унинг жинси йўқдир, йўқдир миллати,
Умумбашарийдир, яъни иллати.
Қарайсан, бир гўзал турар, айлаб ноз,
Ботинига боқсанг, афсус, лўттибоз.
Мана бу жаноб-чи, жилмаяр мамнун,
Аслида либосга ўралган маймун.
Ризқинг бут бўлсин деб чеккандим нола,
Қай кун алдаб кетди бир чўлоқ бола.
Лўттибоз ошнодир иши битгунча,
Эшаги кечувдан токи ўтгунча.
Илоҳо, оламда ўзингсан энг соф,
Бергил уларга ҳам диёнат, инсоф.
Қанча синовинг бор, солгин бошимга,
Уларни юборма ҳаргиз қошимга.
Майли, дўзахингда қийна, ўтда ёқ,
Мени лўттибозга дуч қилма бироқ.
✍1993
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МАСАЛ
Деворлардан ошиб,
Тушмай ўрага,
Бўри кириб олди
Бир кун қўрага.
Қўрада етимча
Қўзи бор эди.
Она меҳрига у
Чиндан зор эди.
Бўрининг қораси
Кўрингани чоқ,
“Онам”, деб югурди
Унга қўзичоқ.
Масалнинг давомин
Ўзинг ўйла, бас,
Сен қўзи эмассан,
Етим ҳам эмас.
✍️ 2010 йил 21 апрель
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ВАФО
“Менга вафо қилмагач санам
Хотинларга ҳурматим нечун?”
Шу байтларни ёзаётган дам
Осонмиди Лермонтов учун.
Энди мисга айланган олтин,
Вафо сўзин англашар аранг.
Лермонтовни айблашдан олдин,
Ҳаётга ҳам қайрилиб қаранг.
✍️ 2015 йил 8 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ШАРҲ
Бу дунёда соддалар бисёр,
Ўтмишда ҳам учраган анча.
Бири дейди: — Иқтидоринг бор,
Шунинг учун бергансан қанча?
Бошқаси дер: — Ақлинг зўр чиндан,
Гапни гапга роса уладинг.
Жон оғайни, яширма мендан,
Бунинг учун қанча тўладинг.
Дейман, йўқдир уларнинг нархи,
Улар — ҳаёт, улар — зарурат.
Лекин бордир озгина шарҳи:
Текин эрур нодонлик фақат.
✍️2015 йил 15 январь
@abdullaorifijodi
"Тузум ўзгаради, аммо инсон ўзгариши қийин.
Инсон ўзгариши — бу узоқ жараён. Буни комиллик дейишади."
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОЖИЗ БАНДА
Менга раво кўрманг улуғлик отин,
Мен на донишмандман ва на ботирман.
Ёруғ бу оламнинг сир-синоатин,
Ҳануз билолмасдан кетаётирман.
Фалакда шубҳасиз дунёлар бисёр,
Балки биздан етук, бизлардан ёниқ.
Лекин у ёқда ҳам мен каби ночор
Ожиз бандаларнинг борлиги аниқ.
✍️2006 йил 31 август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Ўзбекистон биринчи Президенти И.А.Каримов таваллуд топган кун.
МАНГУЛИК
Бир хабар тарқалди, Ярим тун эди,
Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.
Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.
Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки на чегараси бор.
Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.
Биз — ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.
Биз — ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.
Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.
Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.
Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди мангулик.
9 сентябрь 2016 йил
✍️ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МАҚТАНГ, АМАКИ
Бировнинг эркатой боласи бу ҳам,
Ҳали қитмирликнинг маънисин билмас.
Шу митти бандангга раҳм этгин, Эгам,
Унинг қилиқларин ҳазм этиб бўлмас.
Кимдир қофияни ўргатмиш атай,
Қўлида бир тўп шеър, ғализ, хомаки.
Эшикни тирнаган мушукваччадай
Овоз чиқаради: - Мақтанг, амаки.
✍ 2015 йил 19 август, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОГОҲЛИК
Қора кунлар келди кўҳна диёрга,
Устоз йиғлай-йиғлай айлади хитоб:
— Майли сувга оқсин, сингсин деворга,
Нодоннинг қўлига тушмасин китоб.
Енгди маърифатни манфур жаҳолат,
Ўзбекда қатағон даври бошланди.
Қодирий мухлиси қилинди ғорат.
Чўлпонни ўқиган отиб ташланди.
Йиллар ўтиб кетди, озодмиз шукур,
Лекин сен огоҳ бўл, маърифатли жон.
Ҳали тирик юрар каламуш қурғур,
Кўзлари йилтираб турибди сичқон.
✍ 2015 йил 25 апрель
@abdullaorifijodi
"Шеърдан умумий чиқадиган хулоса кўпчиликка тааллуқли бўлиши керак."
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЖАВОБ
(Ўзбекларнинг меҳмондўстлигини
пора дегувчи баъзи кимсаларга)
Мурувват нелигин билмас меҳмоним,
Кўзи оч, еб тўймас, беқўним гадой.
Пора бўлибдими бир бурда ноним,
Пора бўлибдими бир пиёла чой.
Ҳафталик ёвғонга қаноат қилиб,
Ғурурин сақлаган жўжабирдай жон.
Мезбонлик йўриғин муқаддас билиб,
Қунишган елкангга ташлабди чопон.
Ўзбекнинг еридан жўнаган неъмат
Сенинг ҳам умрингга етгулик қадар.
Айт, кимнинг маҳридир улуғ бу давлат,
Энди ҳимматимдан қилдингми ҳазар?
Эгасиз санғиган ҳар дайди жонзот
Бошини силасанг қўлинг тишлайди.
Ногаҳон ғингшибсан, инсонсан наҳот,
Муздек юрагингда ғараз қишлайди.
Саховат сўзининг маъносин билмай
Меҳмондан минг фарсаҳ қочгувчи бу — сен.
Сийлаган кимсани назарга илмай,
Тағин заҳрини ҳам сочгувчи бу — сен.
Тош берса ютгувчи эй, нафси ёриқ,
Хайру эҳсонимни майли, унутгин.
Елканг тўн кўрмасин, оёғинг чориқ,
Дўстга зор бўлгину бири кам ўтгин.
О, халқим, очиққўл — ҳотамсан азал,
Атойи худо де, майли, меҳмонни.
Лекин нонкўрларни учратган маҳал
Оғзига тиқ энди типратиконни.
✍️1989
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АЙТИШУВ
А ж д о д л а р:
— Самарқанду Бухорони бизлар қурганмиз,
А в л о д л а р:
— Бизлар эса сиз қурганни бориб кўрганмиз,
А ж д о д л а р:
— Шахматни биз ўйлаб топдик, шавқларга тўлдик.
А в л о д л а р:
— Бизлар эса уни ўйнаб чемпион бўлдик.
А ж д о д л а р:
— Ипакни ҳам етиштирдик қадим замонлар.
А в л о д л а р :
— Бизлар эса у ипакдан эшдик арқонлар,
А ж д о д л а р:
— Тил яратдик, ёзув туздик гўзал ҳамда бой,
А в л о д л а р:
— Биз уларга музейлардан топиб кўйдик жой,
А ж д о д л а р:
— Биздан қолди шўх дарёлар, кўллар мусаффо,
А в л о д л а р:
— Уларни ҳам қуритгаймиз бир кун, иншолло...
А ж д о д л а р:
- Биз порохни хумга тиқдик кашф этган они
А в л о д л а р:
— Хум устига ўтирғиздик бизлар дунёни.
✍1987
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДУО
Бир кун эшигингдан кирар бўлсам гар,
Менга таъма билан боқма, мезбоним.
Йўқдир менда мансаб, мол-мулк, олтин-зар,
Борим шулдир фақат: тандаги жоним.
Афсуски, ҳаким ҳам эмасман, демак,
Сени этолмасман дардлардан халос.
Балки сенга чин дўст, чин ҳамдам керак,
Улар ўзимга ҳам кераклиги рост.
Шеърий совғаларим мўл эрур, аммо,
Хурсанд бўлгум уни тинглаган онинг.
Кетар чоғи эса қилурман дуо,
Агарда қиммати бўлса дуонинг...
✍ 2008 йил 3 август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТОҚАТ
Бозордан тутоқиб қайтар уйга чол,
Гўшт қайда? Ёғ қани? Ваъда сўздами?
Кампири хўрсиниб юпатар дарҳол:
— Ўкинманг, тақчиллик фақат биздами?!
Ёнбошлаб газета варақлайди чол,
Тўполон чиқибди завод, Вуздами.
Кампири юпатар сурганча хаёл:
— Ўйламанг, жанжал ҳам фақат биздами?!
Оқшом телевизор кўраётиб чол
Бирдан сапчиб тушар. Эси ўздами?
— Давлатга тош отди кимдир бемалол.
Кампири юпатар: фақат биздами?!
Тоқатим тоқ бўлди, дейди энди чол,
Тоқат юракдами? Тоқат кўздами?
Кампири ер чизиб шивирлар беҳол:
Чиданг-да, тоқат ҳам фақат биздами?!
✍️1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎЗБЕК
Халқимнинг тарихи жуда ҳам қадим,
Ҳамиша оққан у дарёдай тўлиб.
Ҳали турфа динлар бермасдан таълим,
Дунёга танилган Хоразм бўлиб.
Кўҳна Самарқанду Бухорою Шош
Мудом кимлигимиз англатиб турган.
Не эллар Темурга бўлай деб ёндош
Қўлига обдаста олиб югурган.
Кўҳна шажарани чуватсанг агар,
Учи бориб етгай Одам Атога.
Ўзбек унвонингдан тонма, биродар,
Таяниб кимлардир қилган хатога.
Ҳануз сузиб юрар Нуҳнинг кемаси,
Барча жонзотларнинг қисмати бирдек.
Биз ҳам алал-абад ҳужжат эгаси,
У ерда ёзилган Ўзбек деб, Ўзбек!
✍️2010 йил 5 апрель
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАҚДИР
Мен-ку бу дунёни обдон ўргандим,
Уммонидан тортиб тоғигача то.
Қувончли кунларни роса кўргандим,
Бенасиб қолмадим ғамдан ҳам ҳатто.
Энди хоҳлайсанми, йўқми — барибир,
Рўбарў келади сенга ҳам олам.
Фақат қувончимни кўрсатсин тақдир,
Бошқасин такрорлаш шарт эмас, болам.
✍️2015 йил 9 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
“МЕҲРИБОНИМ”
Семирсанг семиргину
Озма, дер меҳрибоним.
Қудуқни кўмсанг кўму,
Қазма дер меҳрибоним.
Ёзувчи бўлсанг агар,
Яхшиси таржима қил,
Ўзингча бирор асар
Ёзма, дер меҳрибоним.
✍️2015 йил 21 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КУН КЎРИШ
Чалпак ёққан эмас осмондан асло,
Ҳар ким насибасин албатта еган.
Одам болаларин лафзида аммо,
Битта ибора бор – Кун кўриш деган.
Асли бу қисматга йўлиққан ҳар кас
Орзу-умидидан айрилган демак.
Қайда бир луқмани илғадими, бас,
Ўша томонга у югурган бешак.
Кун кўриш дегани ўртаб дилларни,
Амаллаб яшашдан бир белги, нишон.
Забтига олгай у ҳатто элларни,
Не-не мардларни ҳам айлагай яксон.
– Нега ёлғон айтдинг, алдадинг нега,
Нега ҳақни ёқлаб бермадинг туриш?!
Дейди: – Сен ҳақ дейсан, жон керак менга,
Кун кўриш керакми, ахир, кун кўриш.
Кун кўриш йўлида юрарлар куйлаб,
Кун кўриш дардида тўкарлар кўз ёш.
Агарда теранроқ қарасанг ўйлаб,
Жаллод ҳам кун кўриш учун олгай бош.
Фақат кун кўриш деб қилинган ишдан,
Баҳра топармикан бирорта банда.
Одам чарчар бир кун бундай юмушдан,
Ўзини ўйлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Улуғ орзуларга этганди даъват
Фидойи инсонлар – беназир зотлар.
Наҳотки, кун кўриш йўлида фақат
Ёниб битган бўлса ўша ҳаётлар.
Инсоф бера қолсин ҳар кимга Эгам,
Ҳаёт кўзгусида турланмоқ нечун?!
Эҳтимол, мана шу сатрларни ҳам,
Ёзиб тургандирман кун кўриш учун.
2014 йил 8 ноябрь
✍️ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАҚ ҚАҲРИ
Ҳеч кимса ўзича дунёга келмас,
Ҳеч ким айиролмас ризқу рўзидан.
Сен менга қасд қилма, эй такаббур кас,
Йўқотаман, дема, ернинг юзидан.
Ҳаққим бор, заминда бир жон сиёғи
Ўзимга муносиб, яшаб ўтгайман.
Ва лекин, унутма, Охират чоғи
Ёқангдан Ҳақ қаҳри бўлиб тутгайман!
✍️ 2006 йил 8 октябрь
@abdullaorifijodi
#Milliy_tanlov
🎬"Yilning yaxshi badiiy filmi" nominatsiyasi bo‘yicha bizning "Abdulla Oripov" filmimizga
🟢 OVOZ BERING!
https://milliytanlov.uz/vote/54
Овоз беришда Ариза топширишни босиш шарт эмас!
Балки, пастда осон тарзда овоз бериш кўрсатилган!
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Миллий тадқиқот университети " Ер ресурслари ва кадастр" факультети талабалари билан "Менинг севимли китобим" учрашувидан фото лавҳалар.
Читать полностью…Абдулла Орипов
САРҲАДЛАР
Кимсага баҳо бериш илинжида юрганлар,
Энг аввал ўз-ўзига боқишлари керакдир.
Қадимий боболар ҳам минг ўйлаб бир деганлар:
Ҳар кимнинг гўри бошқа, азроили бўлакдир.
Қанчалик ишинг бордир ҳаётим билан, эй ёв,
Сени тангри теппамга посбон қилиб қўйганми?
Ўз тушим ўзимники, гоҳ отлиқман, гоҳ яёв,
Мен еган бурда нондан сенинг қорнинг тўйганми?
Муқаддас сарҳадлар бор инсоннинг ҳаётида,
Уларни босиб ўтиш одамликка ёт эрур.
Қанча-қанча сир яшар ҳар кимнинг бисотида,
Шул сабаб у ИНСОНДИР, шу сабаб у зот эрур.
Кимга муҳаббат қўйиб, кимга нафрат билдирмоқ,
Нафас олиш сингари ихтиёрий жўн бир гап.
Афсонавий девлар у — қўлларида уртўқмоқ,
Ўтган-кетган бандани ўзича юрган тергаб.
Мана бу булоқ менга ғоятда ёқиб қолмиш,
Мана бу шаббода ҳам менга ғоят аломат.
Сенинг эса ҳушингни, дейлик, денгизлар олмиш,
Йўлингдан сира қолма, жонинг бўлсин саломат.
Азизим, дил қасрига бесўроқ кира кўрма,
Унда қўш-қўш илонлар, аждаҳолар ётади.
Сен бировни топтай деб беҳудага от сурма —
Ҳар кимнинг ўз қуёши ўз уфқига ботади.
Ўз уйинг, ўз тўшагинг ўз-ўзинга буюриб,
Ўз фарзандинг, ўз ёринг бўлаверсин сеники.
Хоҳла тингла хоҳлама — кетавер қандинг уриб,
Ихтиёр сеникидир, бу шеър эса меники.
✍1987
@abdullaorifojodi
Абдулла Орипов
ЯХМАЛАК
Қизим Шоирага
Яхмалак отасан, шодон қийқириб,
Овозинг жаранглар биллурий боғда.
Қизим, болаликнинг фаслига кириб,
Илк бора яхмалак отдинг шу чоғда.
Илк бор ҳаётингда қор сайлидир бу,
Изингдан шуъладек югурар кўзим.
Қўрқма, полапоним, чекмагил қайғу,
Йиқилсанг турғизиб қўяман ўзим.
Оппоқ қор қўйнида нуроний олам,
Қучоғи бувингнинг бағридек юмшоқ.
Яйраб қол, шу мунис оғушда, эркам,
Ёруғ дунё сенга қучоқ очган чоқ.
Яйраб қол, майли, шу кумуш майдонда,
Яйраб қол чойшабин йиққунча фалак.
Чунки она қизим, ёруғ жаҳонда
Равон йўл битта шу: бу ҳам яхмалак.
Ҳали улғаярсан, униб ўсарсан,
Гапларим маъносин англарсан ҳали.
Олис яхмалакни эслаб қўярсан
Йўллар машаққатин тортган маҳали.
Ҳозир-чи, кезавер, майли, бепарво,
Мурғак юрагингда ғусса тутмагин.
Бахтинг бутун бўлсин, қизгинам, аммо,
Дунёдан яхмалак отиб ўтмагин.
✍1972
@abdullaorifijodi
#milliy_tanlovlar
🇺🇿 “YANGI OʻZBEKISTON YULDUZLARI-2023” madaniyat va sanʼat milliy mukofoti uchun ochiq tanlov
OVOZ BERISH
MILLIY TANLOVLAR
Абдулла Орипов
"НОМАЪЛУМ ҚИЗ" СУРАТИГА
Сен чиндан ҳам гўзалсан
Лабларинг ол, қирмизи...
Сочларингга сунбул банд,
Кўзларинг тонг юлдузи.
Сен чиндан ҳам гўзалсан,
Ҳузурингга келдим бот.
Ёлбораман, туш пастга,
Ёлбораман, паризод...
✍️1961
@abdullaorifijodi