Абдулла Орипов
ҚИШ КЕЧАСИ
Тақиллайди эшик ногаҳон,
Кимсан? — дейман, тугаб саботим.
— Очгил, — дейди. — Мен сенга меҳмон,
Билмоқ бўлсанг — Ташвишдир отим.
Тақиллайди эшик ногаҳон,
Кимсан? — дейман тугаб саботим.
— Очгил, — дейди. Бу — мен, қадрдон,
Билмоқ бўлсанг — Бардошдир отим.
Ташқарида шамол увиллар,
Туни бўйи юммайман кўзим.
Туни бўйи баҳс қилар улар,
Тун эса-чи, жуда ҳам узун.
✍1976
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
* * *
(Манзара)
Булут тошди,
Водий осмонин
Қоплаб олди хира кўланка.
Ел овора,
Намхуш хазонни
Учиролмай боғдан йўлакка.
Новдалари бирдан қотгандай
Кўринади сукутда толзор.
Гўё ниманидир кутгандай
Булутлар ҳам ювош, беозор...
✍1964
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БИР ТАНИШИМ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Эслайман, болалик чоғимда бир кун
Безори тош отди менга бесабаб.
Йиғладим бир четда бағрим бўлиб хун,
Атрофга кўз тикдим ночор, мўлтираб.
Албатта, бирор-бир мадад истардим,
Ахир, тушунарли бундақа ҳолат.
(Бола бўлгансиз-ку, сизлар ҳам қадим,
Демакки, эсласам тортмам ҳижолат.)
Хуллас, кимдир келиб йўл канорида
Саёқ рақибимни ушлади маҳкам:
— Қутуриб қолдингми кучинг борида,
Бошингга тушганда биларсан, бўтам...
Анча мулзам қилиб жўнатди уни,
Сўнг келди мен томон жилмайиб, ёввош:
— Сен ҳам тортаверма ҳадеб бурунни,
Керак бўлар, ука, ҳали кўп кўз ёш...
Ҳушёр тортиб қолдим шунда, албатта,
Ҳатто дадиллашиб қолгандим бироз.
Унинг-чи, кўзлари порларди катта,
Мард ва майин эди ундаги овоз.
Дедим: — Хизрмисиз, бобом айтгандек,
Мадад берасизми шундай чоғларда?
У маъюс жилмайиб, қош чимирди тек:
— Боласан, хаёлинг кўп узоқларда.
Майли, Хизрманми ё Хизр эмас,
Ҳар нечук турибман қошингда аён.
Бирор ножўя иш рўй бердими, бас,
Кимдир ажрим қилса — ўша мен, ўғлон.
Болага, албатта ҳикмат бир чақа,
Чиллак ўйин каби аниқ тасаввур.
У исмин айтди-ю, кетди бир ёққа,
Мен ҳам ҳайё-ҳайт деб кетдим ҳайтовур,
Ким кўп бу дунёда, ҳар хил бола кўп,
Биримиз бесарроқ, биримиз ёввош.
Мен ҳам қанчасига озор бердим хўб,
Қанчасин дастидан тўкдим ҳам сўнг ёш.
Бироқ, йиллар ўтиб, улғайган сайин
Ўйга келар экан бошқача гаплар.
Ўйга солар экан, тайин-нотайин,
Ҳар хил нарсадаги ҳар хил тарафлар.
Қуршай бошлар экан миянгни ров-ров,
Нега? Нечун? — деган саволлар ўжар,
Дейлик, фалончининг ўғли-ку, меров,
Нега имтиҳондан қатнашмай ўтар?
Бунақа гапларни тафтиш қилишни
Ўргатмаган эди агарчи отам.
Лекин кўра бериб шул каби ишни
Лол қота бошладим энди чинакам.
Буткул ҳодисотнинг сабабин аммо
Англаб етмоқликка ўтмасди тишим.
Шундай маҳалларда кўзимга гўё,
Кўриниб кетарди ўша танишим.
Бир кун гузарда денг, Тўхта лапашанг
Сув тўла кўзасин чил-чил синдирди.
Уйга келгач эса, айбдор деб қаранг,
У ўгай акасин тутиб урдирди.
Тавба демоққа-ку, ёш эдим ҳали,
Бовужуд, қайга ҳам етарди арзим.
Ўша танишимга ўша маҳали
Ҳатто хат ёзмоққа этгандим жазм.
Қайга жўнатардим мактубни, аммо
Қайларда юрибди ғаройиб ул зот.
Олис кечалари у билан танҳо
Суҳбат қурар бўлдим хаёлан бот-бот.
Васваса дейсизми, рўё дейсизми,
Доно фикрингизга ҳавола бу ҳол.
Бир кун забтга олиб тасаввур изми,
Тушда кўрдим уни аниқ ва яққол.
Арзим баён этдим биратўласи,
Нега келмайсиз деб тутдим сўроққа.
Тўхта лапашангнинг ўгай акаси
Кетиб қолганини айтдим, узоққа.
У маъюс жилмайди: — Биламан барин,
Ахир, юмушим кўп оламда, укам.
Бирини эпласам, эплолмам бирин,
Қандай улгурайин, ёлғизман мен ҳам...
Шундай деб танишим кўздан йўқолди,
Яъни, тўғрироғи, бузилди уйқум.
Унинг шаҳди аммо ёдимда қолди,
Мардона эди у ҳамда камсуқум.
Йиллар ўтиб кетди, озми-кўп, мана,
Олам ишларидан бўлдим хабардор,
Биламан, Хизр ким ва бидъат нима,
Биламан, ёшлик ҳам кетди бетакрор.
Бари ўтиб кетди бир туш мисоли,
Эслайман гоҳ маҳзун, гоҳида қувноқ.
Фақат ўша сиймо, унинг хаёли
Менинг шууримга ўрнашди мутлоқ.
Дунё ишларига бўлиб юзма-юз,
Гоҳо келолмасам ўзим-ўзимга,
Унинг дийдорини қўмсайман ҳануз,
Кўринсайди дейман бир зум кўзимга.
Балки кўришмоққа энди фурсат йўқ,
Балки кута бериб ўзим ҳам толдим
Ва лекин дунёда у зотнинг аниқ
Иши кўплигига ишониб қолдим.
Меҳрибон устозлар назарида гоҳ
Унинг нигоҳини пайқаб қоламан.
Кимдир ҳушёр бўл, деб, айласа огоҳ,
Ўша учрашувни ёдга оламан.
Наби ҳам, расул ҳам эмас эди у,
Лекин у мен учун беқиёс, порлоқ.
Балки келмагайман энди рўбарў,
Лекин у йўлимни ёритган чароқ!
Унинг ёди билан умрим сарафроз,
Усиз ҳаёт менга машаққат эди.
Эслайман, қомати дол эди бир оз,
Номи эса унинг Ҳақиқат эди.
✍1976
@abdullaorifijodi
ИККИ СОНИЯ
Уйда тинчи бўлсин йигитнинг аввал,
Сўнгра бутун бўлсин дўстнинг иймони.
Инсон юрагини тилкалар азал,
Шу икки нарсанинг буюк армони.
Биридан бошланар шу ёруғ олам,
Дунёга қўйилгай остонадан от.
Уйдан боши эгик чиқдими одам,
Ўша кун тор унга буткул коинот.
Йигитнинг бир умри дўст билан бутун,
Дўст билан шириндир заққум ҳаёти.
Дўстдан панд еган чоғ не бор унинг-чун!
Бад унга ҳаттоки бор инсон зоти.
Буюк шиддат билан жўшаркан ҳаёт,
Шу икки нарсага биз гоҳ бепарво,
Шу икки сония ҳамдам бўлган зот,
Менинг назаримда, энг азиз сиймо.
✍️1975
@abdullaorifijodi
ЯНГИ 2024 йил ҳам ХУШХАБАР билан бошланди!
1983 йилдан бери Эроннинг Теҳрон шаҳрида ўтказилиб келинаётган ва 2024 йил 1-11 февраль кунлари бўлиб ўтадиган “42- ФАДЖР” халқаро кинофестивалига иштирок этиш учун Жаҳоннинг 87 давлатидан 621 та фильм жўнатилган. Ўзбекистон кинематография агентлиги ҳам кинофестивальга бир неча Ўзбек фильмларини жўнатибди. Ушбу нуфузли кинофестивальнинг асосий танлов фильмлари “ шорт лист” тига айнан “АБДУЛЛА ОРИПОВ” фильми танлаб олинибди.
Бу нуфузли фестивальнинг асосий танлов фильмлари ичида иштирок этиши биз ижодкорлар учун жуда фахрли.
Оллоҳга бениҳоя шукур.
Ўзбекистон Кинематография агентлигига халқоро танловларга Ўзбек фильмларини жўнатишаётгани учун ижодкорлар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. (Ушбу нуфузли кинофестиваль тўғрисида маьлумот олиш учун ижтимоий тармоқда кинофестиваль номини ёзиш ёки кинофестиваль сайтига Сайт: https://www.fajriff.com/en/ кириш кифоя. )
Музаффархон Эркинов
"Абдулла Орипов" фильми режиссёри.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЮПАНЧ
Бормисан, қайлардасан?
Бозорми, мозормисан?
Кулгимисан, висолми?
Қувончми, озормисан?
Юпанч деган номингни,
Ким ўйлаб топди экан.
Бу эшикни ким ўзи,
Очмасдан ёпди экан.
Чорасизлик туфайли,
Топилган таскинмисан?
Ёки бир яхшиликка
Айтилган таҳсинмисан?
Нимасан, ёлғонмисан?
Рост гапми ёки алдов?
Ёки кулфат селининг
Олдига қўйилган ғов.
Ўзини тута олмай
Йиғлаб турар бир гўдак.
Унга на бойлик даркор,
Ва на мартаба керак.
Не чоғлик сеҳрлисан
Сен ўзинг юпанч сўзи.
Сен гўё ширин тушсан
Ёки умид юлдузи.
Билурман бу дунёда
Омонат жону таним.
Ўтар бўлсам то абад
Юпанч бўлгин Ватаним.
✍2006 йил 23 октябрь
Қарши.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЭР ЙИГИТ
Ўғлим, бул ҳикматни қилгил бошга тож:
Ҳеч кимса бўлмасин номардга муҳтож...
Эр йигит қалқондир юртига доим,
Мангудир Ватанда мардга эҳтиёж.
2005 йил 13 январь
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚАЛҚОН
Осойишталик посбонларига
Кимдир эл тинчини бузса ногаҳон
Ёки қўл кўтарса қаҳрга тўлиб,
Сиз — озор чекканга энг аввал қалқон,
Ҳимоя қилгайсиз биринчи бўлиб.
Ҳаётда фожиа учраб турар гоҳ,
Гоҳ умр ғунчаси қолгайдир сўлиб,
Бунга ҳам энг аввал Сиздирсиз гувоҳ,
Сиз кўз ёш тўккайсиз Биринчи бўлиб.
1999 йил, 14 январь
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЭРЛАРНИ АВАЙЛАНГ!
Дунёнинг ярмини аёллар ташкил қилади. Айниқса, ўзимизнинг юртимизда. Мана шу гапларнинг тўқсон фоизини аёлларимизга айтиш керак. Оналарга, бувиларга айтиш керак. Эркакларни йўлга соладиган мана, шулар ҳисобланади. Шулар “топиб кел”, дейди. Ундай қил, бундай қил, дейди. Эркаланиб қизи туради, эшигимиз тагида йигирмата “Мерседес” бўлмаса эрга тегмайман, дейди. У қил, дейди, бу қил, дейди. Ишонасизми, кўпинча эркакларни йўлдан уриб, тарбиясини бузиб юборадиган шулар ҳисобланади. Порага ҳам ўргатади. У йўқ, бу йўқ, опкелинг, дейди. Унисини ундай қилинг, бунисини бундай қилинг, дейди. Иродаси сал сустроқ бўлган эркак бир кунмас бир кун аёлнинг етовига кириб кетади. Бў-ў-ўлди: ундан кейин порахўрлик бошланиб кетади. Аёлнинг ўзи ҳам олаверади, керак бўлса. Раҳбар эрнинг хотини ҳодимларидан ҳам, бошқалардан ҳам олаверади!
Аёлларимизга малол келган тақдирда ҳам айтмасак бўлмайди: ўша эр қонун олдида қанчалик жавобгар бўлса аёл ҳам шунчалик жавобгар. Албатта, ғалвир сувдан кўтарилганда аёлга тегилмайди. У қўл қўйган эмас, олган эмас, бошқа-бошқа дейилади. Ўша аёл нима бўлганини билади. Уйида бирданига қозони вақрлаб қолганини балодек билади! Эри олиб келган нарсани керакли ерга яшириб қўяди, тўғрими? Сандиққа яширади — панага қўяди. Эрининг пайтавасига қурт тушиб қолганида эса, “менинг нима айбим бор?” дейди. Айбинг — ўша олиб келинган нарсанинг ҳаммасини жуда яхши санаб ўтиргансан, яшириб қўйгансан. “Тани жонингиз COF бўлсин” деб миннатдор ҳам бўлгансан. Ҳа, қонун бўйича сен ҳам шерик ҳисобланасан-ку, дейдиган одамнинг ўзи йўқ. - Аслида эринг билан панжаранинг ортида сен ҳам ўтиришинг керак. Сенга тегишмабди-ку, шунга шукр қилиб теккина ўтиравер, дейдиган йўқ.
Энди бу ерда энг ёмон нарса — болаларнинг ота меҳрисиз қолиши. Ўша болаларга қийин. Ўша ерда ақллигина қизлари ўсаётган бўлса, биров эшик тақиллатиб ё келади ёки бўлмаса — йўқ. Диёнатли ўғли бўлса унга ҳам оғир — фалон порахўр ёки муттаҳамнинг ўғли-да, дейишади. Бунақа гапни у кўтариб юра оладими? Кейин — ўзига ўхшаган қаровсиз, нашавандларни топиб ўшаларга қўшилиб кетади, ҳалиги бола. Рисоладаги давраларга қўшила олмай юради, ор қилади — шу тарзда у бутунлай бузилиб кетади. Агар ўша бола отаси қамалмасдан унинг йўлига кириб кетмаган бўлса — хўп бола хўп!
Қийино-қийин — ўша болаларга қийин.
Биби Ойиша қавмларидан бўлган оналаримизга, аёлларимизга аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, эркакларни авайланг. Ўзингизнинг, хонадонингизнинг соябони бўлган эркакларни куфр йўлларига бошламангиз. Сизнинг эътиборингиздан четда шундай иш тутаётган умр йўлдошингизни, ўғлингизни нопок йўллардан қайтаринг. Илоҳим, умрингизга умр қўшилсин, сермазмун умрингиз давомида эл-юрт кўз ўнгида оилангиз бахту саодатини кўринг. Тўйлар қилинг. Ҳаммамиз шу тилак билан яшайлик, Ўзбекистондек фахрли Ватан учун сидқидилдан меҳнат қилайлик!
1999 йил
@abdullaorifijodi
Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг Абдулла Ориповга Ёзувчилар уюшмаси аъзолиги учун берган тавсияномаси.
@abdullaorifijodi
10 январ - Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд куни
Абдулла Орипов
ОЙБЕК ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Қалби пок мардона элнинг,
Сен азиз фарзандисан.
Ганжу мулкка бергисиз эл,
Гавҳари, дилбандисан.
Ҳар калиманг маърифатнинг
Уфқида ойдек тўлиб,
Эл аро топдинг шараф сен,
Устоз Ойбек бўлиб.
Шан ҳаётинг одамийлик
Хайру софликдан нишон,
Чақнади шеърингда нурли
Эътиқод бирлан имон.
Гоҳ Навоий суҳбатингда,
Гоҳ Торобий, Йўлчи гоҳ,
Сен севикли даврим ўғли
Бегумон, беиштибоҳ.
Хизматингдан, ҳикматингдан
Элу юрт мангу ризо,
Ўчмагай, номинг асрлар
Сўнгидан бергай садо.
1986
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎГИТ
Болангни ўғрилар тунабди йўлда,
Секин уҳ тортасан, ичингда ноланг.
Дейсан, ўғлим, сен ҳам дадилроқ бўл-да,
Бироқ, танбеҳингни эшитмас боланг.
— У дейди: — Борми ҳеч дунёда инсоф,
Йўлимни тўсдилар, куппа-кундузи.
Болам, сен ҳозирча шабнам каби соф,
Айни фариштанинг ўзисан, ўзи.
Нега? — деб атрофга боқасан ҳайрон,
Илк бор дуч келибсан бундай балога.
Менинг гапларимни тинглагин обдон,
Ўғлим, ишонма ҳеч ноқис дунёга.
Дуч келган кимсани поқдомон билиб,
Ҳаргиз дилинг очма, бўлмагил йўлдош.
Инсонлар учрайди, бир кўзи кулиб,
Иккинчи кўзида тайёр тургай ёш.
Инсонлар учрайди, таомингни еб,
Топтаб кета берар дастурхонингни.
Чумоли қадарли манфаатин деб,
Чумолича кўрмас сенинг жонингни.
Инсонлар учрайди, кўкда ойни ҳам
Ўзининг мулки деб билгайдир фақат,
Сенинг қувончларинг уларга алам,
Сенинг зарра бахтинг уларга кулфат.
Ҳасад ва ёвузлик тўла дунёни
Во ажаб, эринмай қирқ йил куйлабман.
Бор гап деб билибман ёлғон, рўёни,
Кўринган ҳар касни дўст деб ўйлабман.
У пайт қулоғингга айтгунча азон
Огоҳ этмасмидим бунинг баридан.
Ишонч деган бир сўз ўчди ногаҳон.
Ўспирин умрингнинг сардафтаридан.
Ўғлим, одамийлик азиздир гарчанд,
Ёстиғинг остида турсин яроғинг.
Дунё ҳар қадамда бергай сенга панд,
Асло мудрамагай икки қароғинг.
Эзгулик йўлида кўпдир муаммо,
Ундан қутулмоқнинг йўли бул экан:
Инсонга йўлиқсанг инсон бўл, аммо
Ҳайвон йўлиққанда Ҳайвон бўл экан.
✍️1996
@abdullaorifijodi
Кун ҳикмати
Инсоният ўзининг меъморий ёдгорликлари ёки ўлмас мусиқасини қанчалик ардоқласа, китоб ҳам ўшалар қаторида, балки улардан ҳам юксакроқ туришини унутмаслигимиз керак.
Абдулла Орипов
Абдулла Орипов
ЯХШИЛИК
Ўкинмагил, қартайиб, қариб,
Қолдим дема буткул орқада.
Бир кун берар сенга қайтариб,
Ҳаққинг бўлса олақарғада.
Яхшилигим кетди деб бекор,
Афсус чекмас ҳақиқий эрлар.
Бировидан қайтмаса зинҳор,
Бошқасидан қайтади дерлар.
✍️2015 йил 2 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Халқим деб югурар ҳовучлаб жонин,
Халқига бағишлар шуҳратин-шонин.
Лекин шу чопишда кета-кетгунча,
Тозалаб боради халқнинг ҳамёнин.
✍1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Қўйгил, у кунларни эслатма менга,
Қалбимни ёқмасин бу хазон фаслинг
Энди бегонаман, жонгинам, сенга,
Энди бегонадир менга ҳам васлинг
Гоҳида севиниб, гоҳи ғамдадир
Ишқ узра ёзардим мен эркин қанот.
Билмайман қайси кун, қайси дамдадир,
Менинг қисматимга чанг солди сайёд.
Унинг қўлидадир бу кун имконим,
Бу кун ҳамроҳимдир гўзал изтироб.
Қўйгил, у кунларни эслатма, жоним,
Қўйгил, юрагимга сен берма азоб.
Ўзгалар юзимга боқса ҳам ҳайрон,
Фақат сен томоша қилма ҳолимни
Фақат сен шеъримни севма ҳеч қачон,
Фақат сен ҳимоя қилма номимни.
Дариғ тут ишваю назокатларинг,
Фақат сен юзимга боқмагил кулиб.
Ҳайҳот, энди барча илтифотларинг
Менга туюлади масхара бўлиб.
✍1967
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚЎЛ
Йигит кучга тўлди, етилди,
Билакларин тўлдирди мускул.
Чамасида билак кучининг
Қаршисида осон ҳар мушкул.
У истаса метин тошларни
Совуради тупроқ, кул каби.
Аммо ёрнинг юзида у қўл
Сийпаланар майин гул каби.
✍1962
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САВҚИ ТАБИИЙ
Отам кўз юмганча сурарди хаёл,
Гўё бизлар билан йўқдек ҳеч дарди.
Ва лекин рўзғорда не гап, не аҳвол
Билиб ётарди.
Доно ака деган муаллимимиз
Чиндан доно эди ва чиндан ҳам дов.
Дарсга тайёрмизми ёки йўқми биз
Айтарди дарров.
Шундоқ шифокор ҳам учрайди гоҳо,
Унга зарур эмас рентгеннинг қайди.
Сени нима қийнар? Сўрамай ҳатто
Дарҳол пайқайди.
Тушуниш мумкиндир буларнинг барин,
Ҳар ҳолда шамоли ўтар олдингдан.
Лекин оғир экан ҳаёт зарбаларин
Сезсанг олдиндан.
✍️2013 йил 2 июль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАҚИҚАТ ЙЎЛЛАРИ
Поёни йўқ тарихнинг кечмишини ўйлайман,
Ёш идроким замонлар қаршисида қолур лол.
Ва шу улкан дунёнинг кемтигидан бўйлайман,
Унда биров қуради, биров бузар бемалол.
Баъзан ёмон от қолур яхши одамдан ҳатто,
Қай бир ёвуз кимсани яхши дерлар эрта кун.
Наҳот, дейман, дунёда собит нарса йўқ асло,
Наҳотки етукликнинг тимсоли йўқ бус-бутун?
Дейдилар, ҳар замоннинг бордир ўз тарозуси,
Оҳ, нақадар рост эрур ушбу буюк ҳақиқат.
Мангулик салтанатнинг қанча-қанча кўзгуси
Офтоб олдида шамдай милтираб қолди фақат.
Султон эса ҳам гарчанд ўз даврида Улуғбек
Оддий бир қулбободай қиличга эгди бўйин,
У-ку қайта тирилди ҳеч нима кўрмагандек,
Лекин дунёнинг иши бамисоли от ўйин.
Мангуга қолай дея шуҳрат қули Искандар
Юксак тоққа ўзининг суратини солибди,
Хўжасида бўлса ҳам қанча-қанча сийму зар,
Қарангки, жулдур кийган Эзоп мангу қолибди.
Ҳа, садақа кам эрур мангулик халтасида,
Пайҳон бўлар саройлар, қанча юксак қабрлар.
Гоҳ оддий тасодифнинг оддий бир ҳамласида
Капалак қанотидай учиб кетар қасрлар.
Балки замонлар ўтиб, даврлар шамолида
Совурилар қанча зот, яна қанча буюклик.
Ўйлайман, мангуликнинг ойнаи жамолида
Ким қоларкан севгидай абадий ва суюклик...
Ким муқим турар экан сонсиз авлодлар оша,
Кимнинг иши доимо аталар экан савоб?
Ким фалакни қуёшдай мангу қилгай томоша,
Қай бир хилқатни инсон беминнат айлар тавоб?
Ҳақсизликдан мазлумнинг ичга сиғмаса дарди.
Агар зулмат ичида кўринмай қолса ҳаёт,
Қайга у сажда қилиб, қайга дилин ёрарди,
Қай суянчиқ қошида айлар эди дод-фарёд.
Шу мўъжаз ҳаётимда кўрдим қанча севинч, ғам,
Гоҳо тик боқолмадим разолатнинг кўзига.
Ушбу ёруғ дунёда топсам ҳам, топмасам ҳам,
Барибир талпинардим ҳақиқатнинг ўзига.
✍1969-2000
@abdullaorifijodi
ЭСЛАШ
Отам билан бирга отга мингашиб,
Китоб довонидан ошгандик бир вақт.
Қараб бўлмас эди пастга энгашиб,
Бир қадам нарида жарлик — ҳалокат.
Қандай ўтган эдик у йўлдан омон?
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Тун эди, шаҳардан қишлоққа қараб,
Катта акам билан тушардик қирдан.
Тўртта бўри бизни олганди ўраб,
Уфқда тўрт отлиқ кўринди бирдан.
Биз улар туфайли қолгандик омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Кездим, ер юзини саёҳат қилдим,
Ортга қайтар бўлдим кемада бир кун.
Денгиз нималигини ўшанда билдим,
Балойи азимдай қутурди тўлқин.
Кемамиз тўфондан чиқди-ку омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Нима ҳам қилардим, иссиқ жон экан,
Мусофир юртларда чалиндим дардга.
Тириклик аслида имтиҳон экан,
Ахир зор бўлдим-ку мен ҳам мададга.
Кунимдан бор экан, соғайдим омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Бугун насиб этди салобатли ёш,
Шукрона айтаман барчаси учун.
Лекин нокаслар ҳам бўлдилар йўлдош,
Умримни эговлаб едилар бутун.
Не бахтким, баридан ўтолдим омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
✍2014
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЭРТАК
(Болаларга)
Нима кўп бу дунёда
Шунчаки гап-сўз, эрмак.
Буви набирасига
Айтарди доим эртак:
—Бир замон одамларга
Қаҳр қилибди худо.
Анаву тоғимизда
Пайдо бўлмиш аждаҳо.
У элга бир шарт қўймиш:
—Чизиғимдан юргайсиз,
Ҳар куни нонуштамга
Битта йигит бергайсиз.
Хўп-хўп дебди халойиқ,
Бошқа бир сўз айтмабди.
Қанча-қанча йигитлар
Тоққа кетиб қайтмабди.
Буни тинглаб набира
Йиғлаб юборди чунон:
—Акам тоққа кетувди,
Қайтармикан бувижон.
✍2014 йил 12 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИГА
Осойишта экан шу юрт, шу чаман,
Ҳатто кипригингга қўнмайди гардлар.
Мардларни вояга етказди Ватан,
Демак, қўриқлайди Ватанни мардлар.
2011 йил 11 январь
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОИЛА ШЕЪРИ
Уйдан чиққанда ҳам, қайтганимда ҳам,
Тилимда айланар ёлғиз бир дуо:
Илоё хазинанг ҳеч бўлмасин кам,
Ёмон туш кўрмагин бекажон, асло.
Бахтимга ҳамиша бўлгин сен омон,
Сен учун оловга киришга шайман.
Ушбу дуоларнинг сабаби аён,
Сенинг қовоғингга қараб яшайман.
✍2015 йил 1 февраль
@abdullaorifijodi
Ойбек адабиёти – Telegraph
https://telegra.ph/Ojbek-adabiyoti-01-10
Абдулла Орипов
@abdullaorufijodi
Абдулла Орипов
МЕНГА ХУШ ХАБАР АЙТ...
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Дарду машаққатлар ўтгайдир бари,
Ўксима, оёққа тургайсан, деб айт.
Умрингни фараҳбахш, тотли онлари
Ҳали олдиндадир, кўргайсан деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Дўстларинг бордир-ку ҳали дунёда,
Сени кулфатларда қолдирмас деб айт.
Ёвузлик бўлса ҳам ҳаддин зиёда
Сени чангалига олдирмас, деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Олис муҳаббатинг сўнмаган ҳамон,
То ҳануз унутмай юрибди дегил.
Сарғайган дафтарин варақлаб пинҳон,
У сени тушида кўрибди дегил.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
✍️2008 йил 7 июнь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИНСОН УЧУН ЖАНГ
Тулпор эдинг, ҳаммадан ўзган,
Таладилар қашқирлар ёмон.
Наҳанг эдинг, уммонда сузган,
Найза санчди ёвлар беомон.
Ботир эдинг, шонларга тўлиқ,
Чоҳ қаздилар оёқ остингда.
Сен донишманд зот эдинг, улуғ,
Нодон юрди мудом қасдингда.
Бўлиб ўтди Инсон учун жанг,
Асоратин билолмассизлар.
Ҳали йиллар ўтади, аттанг,
Ўзингизга келолмассизлар.
2015 йил 16 август, Хьюстон.
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИККИ ШОИР
(Ҳазил)
Бир шоир арз этди иккинчисига:
— Дўстим, шоирликдан энди воз кечгум!
Қанча интилмайин халқнинг ичига,
Шеъримни ўқимас, ўқимас ҳеч ким.
Иккинчиси уни юпатиб деди:
— Олдинроқ кетибман мен сендан кўра.
Халқ-ку ўқимасди мени ҳам, энди
Ўзим ҳам ўқимай қўйганман, жўра.
✍️2000
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТААССУРОТ
Табиат кимга кўп ё оз берибди,
Кимгадир халачўп ё соз берибди,
Во ажаб, мана бу машшоқ гадойга
Тенги йўқ шоҳона овоз берибди.
✍1987
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Эски алифбони дилга қилсанг жо,
Мана бу ҳикматни унутма асло:
Эгри ниятию ювуқсиз қўлни
Сира ёқтирмайди ўша алифбо.
@abdullaorifijodi