abdullaorifijodi | Неотсортированное

Telegram-канал abdullaorifijodi - Абдулла Орипов шеърияти

2032

Кўзимдан нур кетса... Йиллар шамоли, Учириб кетсалар киприкларимни... Йўқ-йўқ! Эзгу ишнинг йўқдир малоли, Шеърим! Сенга бердим тирик боримни. Каналимизнинг илк саҳифаларини ушбу линк 👇орқали кўришингиз мумкин. t.me/abdullaorif Бот: @OripovAbdullabot

Подписаться на канал

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

Абдулла Қодирийга

Азалий ҳақ гапни яширмоқ нечун
Завол йўқ энг асл истеъдод учун.
Агарда коинот тегирмон бўлиб,
Оламни янчса ҳам, қолгай у бутун.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Назар сол ҳаттоки етти қат ерга,
Қиёс топилгайдир ўтган умрга:
Олтинга айланган яхшилар хоки,
Ёмонники эса қора кўмирга.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Бир ҳазил тўқидим бугун сенга деб,
Чақалоқ йиғлайди нега "инга" деб.
"Инга-инга" сининг маъноси шулки,
Даъво қилаётир "менга", "менга" деб.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Феълини кузатиб содда боламнинг,
Ташвишин ўйлайман чигал оламнинг.
Соддалик яхши-ку, лекин кўпинча
Иши юришаркан қитмир одамнинг.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

АҚЛ ҲАҚИДА

Шунчалар гўзалсан, гўзалсан, санам,
Таърифинг битмоққа ожиздир қалам,
Бир йигит умрини обод этардинг,
Ақл ҳам берганда фалак бокарам...

✍1986

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ТИЛАК

Сино айтган экан,
Чанг бўлмаса гар,
Мингга кирарди, деб,
Инсон боласи.
Дорига ўрганган
Қовундай қайсар,
Чангга ҳам кўникиб
Қолдик чамаси.
Ҳаким бўлмасам ҳам,
Мен айтай сизга,
Узоқ яшамоққа
Бор битта ёрлиқ:
Мингга бормасак ҳам,
Кирардик юзга,
Дунёда бўлмаса
Гар дилозорлик.

✍1985

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

МАҚТАНЧОҚЛАР

Бир куни йиғилди учта мақтанчоқ,
Ҳар ким ўз ютуғин сўйлай бошлади.
Энг юксак маррани забт этган қай чоқ?
Бошларин қашлашиб ўйлай бошлади.

Биринчиси деди: — Мен айтсам агар,
Омад деган нарса дунёда бор-да!
Ҳали аҳолиси бундан бехабар,
Улкан бир шаҳарни ютдим қиморда.

Иккинчиси деди: — Муродга етдим,
Не-не зукколарнинг олдим ақлини.
Куппа-кундуз куни ўмариб кетдим
Машҳур бир шоирнинг қалам ҳақини.

Учинчиси деди: — Асли мен ғолиб,
Жасорат барқ урар қилган ишимда.
Қайси кун кўрпага бурканиб олиб,
Бошлиғимни сўкдим боплаб... ичимда!

✍️1996

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ВАЪДАЛАР

Мен қўрқаман Янги йилга
Шеърлар битмоқдан,
Ўқувчимга йўқ нарсани
Ваъда этмоқдан.
Айтилдими — бажарилса
Ваъда ва тилак,
Йўқса, бир йил кўздан йироқ
Юрмоқлик керак.
Ваъда бериб айтамиз биз:
Йўқолгай нифоқ,
Меҳнат қилган катта-кичик
Бўлиб иттифоқ.
Қарабсизки, қай бировлар
Аҳдни бузгайлар,
Зум ўтмайин ўзларича
Режа тузгайлар.
Ваъдамиздан ўрин олар
Албатта виждон,
Янги йилда, деймиз, ҳар ким
Бўлгай покдомон.
Лекин риё бир бурчакда
Пойлаб туради.
У ҳам энди кимларнидир
Йўлдан уради.
Шуҳратпараст, лўттибозга
Ўрин йўқ сира!
Ҳар биримиз бўлажакмиз
Соф ва бокира!
Янги йилда ана шундай
Янграр сўзимиз,
Эртаси-чи, лўттибозмиз
Баъзи биримиз.
Дўсту ёрга меҳримизни
Этамиз изҳор,
Сўнг йил бўйи бегонадир
Кимларга дийдор.
Янги йил-чи, барчасига
Қарагай кулиб,
Кела берар, кета берар
Ишончга тўлиб.
Қаримайман, мангу ёшман
Деганнинг, бироқ,
Қасамига бовар қилмас,
Солмагай қулоқ,
Ундайларнинг кўзин жиндек
Ёшлаб ўтар у,
Сочларига бир тола оқ
Ташлаб ўтар у.

✍1986

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ҚУТЛОВ

Йиллар ўтаётир пояма-поя,
Йиллар — умидларга оташин чароқ
Замон-ку фазода билмас ниҳоя,
Ўтган фурсатлар ҳам қайтмагай бироқ,

Умрдан йил ўтса, яширмоқ нечун,
Юрак симоб янглиғ титрагай ҳар гал.
Устоз лутф этгандай, ҳар фурсат учун.
Қудратли қўл билан кўяйлик ҳайкал.

Кечган хар онингга назар солсанг гар,
Шоирнинг шоҳ сатри раводир балким,
Олтин уйди ахир фазолар қадар,
Менинг бобо юртим, азамат халқим.

Ҳали офтоб ишга шимармасдан енг,
Ҳали Зуҳро кўкдан боққанда яккаш,
Туманли далалар қўйнида кездинг,
Менинг сингилгинам, мунис, жафокаш.

Сенинг меҳнатингдан тупроқ очиб зар,
Ватаним беқиёс бўстон бўлғуси.
Сенинг шавкатингни ёзаверса гар,
''Шоҳнома” янглиғ бир достон бўлғуси

Мадҳу санолардан .хижолат каби,
Қизларнинг ёноғи ёнади гулгун.
Бу кўҳна оламнинг ҳар тўрт тарафи,
Не ажаб, қутласа сизларни бугун.

Бунчалик шон-шуҳрат учрамас тайин,
“Минг бир кеча”ларнинг афсонасида.
Юртим, сени яна қутлаб қўяйин,
Қутлуғ Янги йилнинг остонасида.

Мангулик водийси узра билмай ҳад,
Йиллар-ку югурик ел каби ўтгай.
Халқим, юксалавер офтобдай баланд,
Қутлуғ замон сенга елкасин тутгай.

Сенинг шавкатингни улуғлаб юрсин,
Буюк анжуманлар, олтин сатрлар.
Тегрангда лол қотиб, бош эгиб турсин,
Ўтган ва ўтажак йиллар, асрлар.

1970

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов "Мардлик"

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

АБДУЛЛА ОРИПОВНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН» ШЕЪРИНИ ГЕРМАНИЯ КАНЦЛЕРИ ГЕЛЬМУТ КОЛЬ ЎҚИГАНМИДИ?

Шеърият мухлислари ўзбек шоирлари шеърларини ёшлигидан ўқиб, кўпларини иложи борича ёд олиб боради. Шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф шеърларини ўқиш ҳар бир шеърият мухлисининг жони-дили. Айниқса севимли шоиримиз Абдулла Орипов шеърларини ўқиш. Атоқли шоиримиз Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матни муаллифи Абдулла Ориповнинг ўнлаб китоблари нашр этилган. Нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатларда ҳам Абдулла Ориповни танимаган ўзбекларни учратиш мушкул.
Бир қизиқарли маълумот туфайли мен шоиримиз Абдулла Ориповнинг 1963 йилда ёзилган «Ўзбекистон» шеърига тўхталиб ўтмоқчиман. Шоирнинг «Ўзбекистон» шеърининг мана бу мисраларини Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси эшитган...

Америка – сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон – Ватаним маним.

Шоир «Ўзбекистон» шеърини талабалик йиллари, 1963 йилда ёзган. Бу шеърий бандда Америка қитъаси таркибидаги жаҳоннинг қудратли давлати АҚШга, Америка қитъасини испаниялик денгиз саёҳатчиси Христофор Колумбдан анча олдин 973-1048 йилларда яшаган Абу Райҳон Беруний бобомиз кашф қилганлигини таъкидламоқчи бўлган.
Абу Райҳон Берунийнинг 1030 йилда ёзилган «Ҳиндистон» асарида Ер мағриб ва машриқ томондан сув (океанлар)билан ўралган, сув (океанлар) Ерни асосий қисмини океанни нариги тарафида бўлган одамлар яшайдиган қуруқлик(ер)дан икки тарафдан ажратиб туради дейилган. Бу билан Беруний бобомиз Америка қитъаси борлигини тасдиқлаган.
Севимли ҳофизимиз Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев Ўзбекистон шеъридаги бу мисраларга алоҳида изоҳ бериб, маромига етказиб қўшиқ қилиб куйлаган...
Америка қитъасининг кашф этилиши борасида кўп фикрлар мавжуд. Масалан Абу Райҳон Берунийдан ташқари, Беринг бўғози ёки Тинч океанини кесиб ўтган қадимий халқлар, норвегиялик викинглар, Христофор Колумб, Америго Веспуччилар Американи очган деган фаразлар бор. Гарчи тарихчилар Америка қитъасини 1492 йил 12 октябрда Христофор Колумб биринчи бўлиб очган дейишса ҳам, қитъа Колумбия эмасдир. Қитъа 1501-1502 йилларда Бразилия шарқий қирғоқларига бориб, у ерни Осиёни бир қисми эмас, балки алоҳида қитъа деган итальян денгиз саёҳатчиси Америго Веспуччи номига 1507йилда Америка деб аталган. Лекин на фақат ҳар бир ўзбек, балки жаҳоннинг кўп юртларида Америка қитъасини Колумбдан 500 йил олдин Беруний бобомиз кашф қилганлигини эътироф этади. Кўриниб турибки бу мисраларда Абдулла Орипов буни шеърий фараз билан тўлиқ тасдиқлаган. Шеърий фаразни айниқса ҳофизимиз Шерали Жўраев Ўзбекистон қўшиғида янада таърифлаб берган.
Абдулла Ориповнинг ўша шеърий фарази орадан ярим асрдан кўп вақт ўтиб ўз илмий исботини топди. Буни америкалик таниқли олим, Вашингтондаги Ж. Хопкинс Университетининг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр 2013 йили инглиз тилида нашрдан чиққан «Унутилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб истилосидан то Амир Темур давригача бўлган Олтин асри» номли китобида батафсил таҳлил ва талқин қилиб берган. Ҳозир америкалик олимларнинг бу борадаги фикрича, Америка қитъасини сўзсиз Беруний кашф этган...
Сал кам 50 йил илгари Абдулла Орипов ўзбекларни жаҳонга танитмоқчи бўлиб, шеърий фаразини ўртага ташлаган бўлса, фараз ҳозирги пайтда жаҳонда тасдиқланди...
... Мен тўхталиб ўтмоқчи бўлган фикр эса «Ўзбекистон» шеърини кейинги бандида ёзилган мисралардир...

Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

«Назмий сарой» шеърлар тизимини ёки шеърлар оламини англатади. «Занжирбанд шер» мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийни ўзидир. Алишер Навоий томонидан чиройли чизилган расм: занжирбанд шерни Алишер Навоий юз қисмини ўзига ўхшатиб чизган. Навоий ўзини занжирбанд шерга ўхшатган. Ёзувчи Ойбек ўзининг 1942йилда ёзилиб,1944йилда нашрдан чиққан «Навоий» романида Алишер Навоийни «занжирбанд шер» деб таърифлайди.

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

"Бир классикнинг қабри тепасига мухлиси келиб илтижо қилибди:
— Қанийди, бирор соатгина бўлса ҳам сизнинг шон-шуҳратингиз менда бўлса!
Дафъатан, қабр ичидан овоз чиқибди:
— Менинг ўрнимга бир соатгина кириб ётишга рози бўлгин, бутун умрлик шон-шуҳратимни сенга бераман!..”

Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ШОИР ЭРКИН ВОҲИДОВ ХОТИРАСИГА

Роса тортишдилар ер билан осмон,
Шафаққа айланди яноқлар чунон.
Шоирни меники дер эди само,
Меники дер эди она ер аммо.

Шоир-чи куйлади иккаласин ҳам,
Заминдан куч олди, самога ҳамдам.
Саксон йил чорлашди ўртага олиб,
Охир тортишувда Ер чиқди ғолиб.

2016 йил 2 июнь

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

"Ҳамма вақт ҳам катта шахслар жамиятда ҳал қилувчи ролни ўйнаб келган. Ўша пайтда Шароф Рашидов, бунга ёзувчилик виждони даъват этганми, ҳарқалай бизнинг шеъриятимизни қадрлаб, таҳлил қилиб юрарди. У пайтларда мен, Эркин Воҳидов ва бошқа бир қатор битта, иккита китоблари билан кўзга кўриниб қолган шоирлар бор эдики, ўша ғанимлар ташқаридан бизга жуда қаттиқ ташланишарди. Масалан, Эркин Воҳидовнинг «Фузулий ҳайкали қошида» деган шеъри эълон қилинган. Бу шеърда: «Халқим жондан севар эди мунгли куйларни» деган сатри бор эди. Шуни Ёзувчилар союзининг партия ташкилоти мажлисида муҳокама қилинган. Айбловни қаранг: «Нимага бу ўзбек халқи мунгни севар экан?» Кўриб турганингиздек, бутун бир ижод учун эмас, битта сатр учун шундай айблар қўйиларди. Бу енгил-елпи чўнтаккесарга қўйиладиган айб эмас, бу сиёсий айблар эди. Ана шуниси мудҳиш эди. Шундай сиёсий айблар бизларга қўйилиб юрган кунларда, Шароф Рашидов Эркин Воҳидов иккаламизни чақириб, «Дантенинг «Илоҳий комедия»си билан Гётенинг «Фауст» асарини таржима қилсанглар», деб айтди. Эркин ака Гётенинг «Фауст» асарини олди, табиийки, Дантенинг «Илоҳий комедия»си менга қолди. Бу билан Шароф Рашидовнинг муносабатида бир нарса очиқ-ойдин кўриниб турган эдики, энди бизнинг оригинал асарларимизни босиш қийин, қолаверса, улар бизнинг кўзимизни очирмайди. Ёшлик йилларимиз бекор ўтиб кетиши мумкин, шунинг учун ҳам улар «бу ёшларнинг истеъдоди йўқолиб кетмасин, ёшлиги беҳуда ўтмасин, бирор фойдали иш билан банд бўлсин», деган бир хулосага келган, шекилли. Шундай қилиб, биз у кишининг тавсияси билан таржимага киришадиган бўлдик."


Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Шеърга жавоб....

Эркин Воҳидов

(Абдулла Ориповга)

Биламан, азизим, менга ҳам аён,
Қумурсқа зотининг надир ташвиши.
Арслоннинг бошида лек ўзга хаёл
Қумурсқалар билан қанчалик иши?!

Улар еб битирса бизни беомон,
Билмам, ким ғам чекар, ким бўлар мамнун.
Лекин қарсак чалиб, кулар у замон,
Арслоннинг ёнида ўтирган маймун.

✍️Эркин Воҳидов

@abdullaorifjodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Бир доно базмининг гувоҳи бўлдим,
Шодумон даврада ўйнадим, кулдим.
Базмининг боисин сўрасам, деди:
— Бугун мен нодондан қочиб қутулдим.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Майлига, рақибинг бўлсин ҳар нима,
Ҳеч замон сен унинг ғамини ема.
Унга ҳар балони раво кўрсанг ҳам,
Тилингни суғириб оламан дема.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Қушларнинг тилида фақат бир оят,
У инсон учун ҳам ибратдир ғоят.
Кушлар дер:— Илойим, қафасга тушма,
Тушган бўлсанг гар, чиққил ниҳоят.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Бўрон, сен шам узра гувлайверма, бас,
Арслондек ўкириб чекаверма сас.
Шамни ўчирмоқлик жуда ҳам осон,
Унга етар битта "пуф" деган нафас.

@abdullaorifijjodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИЙМОН

Кексалик бошланиб, танни беморлик
Забтига олди-ю хору зор қилди.
Бир замон юрардим давлатлик, норлик,
Кўзимга дунёни энди тор қилди.

Шогирдлар ўстирдим жойлаб жонимга,
Маҳрамдек санадим хонадонимга.
Оқибат ўшалар ҳатто ёнимга
Келиб ўтиришдан гўё ор қилди.

Ҳеч ким “Бас” демайди бойликка тўйиб,
Йўқсил ҳам чидайди, ёнмайди куйиб.
Бир жуфт шеър айтишни бўйнимга қўйиб,
Оламда йўқ эдим, Ўзи бор қилди.

Ҳаёт гўзаллигин куйладим, бай-бай,
Тулпорим фалакни қучмоққа ҳам шай.
Лекин қанча севиб, қанча ёлбормай,
Бир санам йўлига интизор қилди.

Афсус, дунё мени алдади боплаб,
Олдимга ташлади ёлғонни қоплаб.
Эккан дарахтларим кўрсам ҳисоблаб,
Ярмин бешик қилди, ярмин дор қилди.

Ношукур эмасман умримдан зинҳор,
Бировдан қолишмас қадим халқим бор.
Кимнидир кўришдан қилсам ифтихор,
Ким мени кўришдан ифтихор қилди.

Нафс деган ҳаммани урди йўлидан,
Айлан авлиёнинг ўнгу сўлидан.
Ақчасиз ҳеч нарса келмас қўлидан,
Масжидни бузди-ю чўнг бозор қилди.

Мен ҳам жиловладим гоҳо фикратни,
Асл деб ўйладим сохта суратни.
Меҳру муҳаббатни, илму ҳикматни
Фақат сийратимда барқарор қилди.

Ёвузлик ҳар ённи этса ҳам хароб,
Бир куни қайдадир бергайдир жавоб.
Эзгулик седана донидек ноёб,
Бўй сочиб, ўзидан умидвор қилди.

Ер юзи бўлгайдир шаксиз фаровон,
Инсонга қайтгайдир диёнат, виждон.
Шоир келажакка келтириб иймон,
Шу шеърни ёзмоққа ихтиёр қилди.

2015 йил 30 июнь

✍️ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ОҚ ТУЛПОР

(Ҳазил)

Бир оғайним от берувди, чополмадим,
Кўпкарининг йўриғин ҳеч тополмадим.
Бу тулпордан менга қандай наф бўлади?
Қази қилсам олам-жаҳон гап бўлади.
Уят бўлар энди уни қайтиб берсам,
Отга емиш йўқлигини айтиб берсам.
Мен яхшиси оқ тулпорни миниб олай,
Йўрғалатиб, хаёл суриб, тиниб олай.
Шеър ёзайин эгарига қоғоз қўйиб,
Сўнг элимга ўқиб берай тўйиб-тўйиб.
Кечиргайсиз, ҳазил эрур гапнинг бари,
Отимга ҳам етар шеърнинг гонорари.

✍️1996

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов


АЧЧИҚ ЧОЙ

Ярим давлат эмиш ниятинг гоҳо,
Қорни тўйган куни йўқсил бой эмиш.
Муҳаббат чиройни танламас асло,
Уйқу босиб келса, тош ҳам жой эмиш.

Майли қишлоқдами ёки шаҳарда,
Эгамга бир феълинг ёқса агарда,
Хизр йўлдош бўлгай доим сафарда,
Бошингга қўнган қуш, у Ҳумой эмиш.

Магар чаппа кетса ишинг, омадинг,
Ўттизга кирмасдан ёйдир қоматинг.
Яшашга чайла ҳам қураолмадинг,
Элликка борганда ҳолинг “вой” эмиш.

Худойим бердими ақл ва юрак,
Уларга муносиб муҳит ҳам керак.
Кимга элу юрти бўлса гар тиргак,
Қариган чоғда ҳам тошқин сой эмиш.

Саломат етдингми қутлуғ бир ёшга,
Шукур қил ҳамдамсан ойга, қуёшга.
Ва лекин шаробнинг йўриғи бошқа,
Ўрнини босгувчи аччиқ чой эмиш.

✍️2016 йил 29 май

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИНЖУ ДИЁР УЧУН

Қутлуғ давраларда жам бўлган маҳал,
Дўстларга бахт тилаш азалий одат.
Келадиган бу йил тинч бўлсин аввал,
Бахш этсин ҳар кимга олий саодат.

Ёшлик — бу карвоннинг эрка норидир,
Дарёдай тошқиндир, жилға каби соф.
Ёшлик келажакнинг халоскоридир,
Сира тарк этмасин ёшликни инсоф.

Мўътабар оналар — хонамиз кўрки,
Оталар ҳаётдир — ёруғдир жаҳон.
Тириклик номига бир ўтинч шулки,
Ўртага тушмасин бемаҳал ҳижрон.

Инжу диёримиз кўз бўлса агар,
Мудом омон бўлсин тўгарак замин.
Бошимиз силаган шу халқ мўьтабар,
Дафъатан чекмасин фарзандлар доғин.

Янги йил шаънига айтмоқдамиз сўз,
Балки ўтиб кетар бир зум бу фараҳ.
Халқимнинг меҳнатин айлагин кўз-кўз
Миллион чаноқларда кўпирган қадаҳ.


@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

Хуш келибсан, Янги йил!

Яна келдинг ҳадяга тўлиб,
Кутмоқдайдик сени интизор.
Қадамингдан миннатдор бўлиб
Зарра-зарра тўкилади қор.
Хафамасмиз бобо йилдан ҳам,
Қувонтирди у бизни қанча:
Конфетини кўришдик баҳам
Ва қўшиқлар ўргандик анча.
Ниҳол ўсди, қурилди қаср,
Фазоларга қилдик сафарлар.
Ўша йили туғилди ахир
Бизнинг қанча ўринбосарлар.
Сени асло унутмагай дил,
Хайр энди, хайр, йил бобо.
Симобдайин типирлар кўнгил,
Янги йилга энди марҳабо,
Энди уни қутлаб зиёда
Манзилига жадал элтамиз.
Кирмоқ учун кечки кинога
Ўн олтига тезроқ етамиз.
Йўл оламиз мактабга қатор
Бу йил энди биринчи карра.
Мактаб йўли, дўстлар, фазокор
Парвозидан кам эмас зарра.
Боғчаларга эмаклаб оз-оз
Яна келар янги қисмимиз.
Улғаяди ёшимиз бир оз,
Ўзгармайди аммо исмимиз.

1965

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Романда занжирбанд шерга буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод (1450-1535) берган изоҳи: занжирбанд шер ўз асоратчиларига қарши янада қўрқинчлироқ бўлур, шерни бўйни занжирга итоат қилса ҳам юраги асло бўйсунмас, афсуски бу оддий ҳақиқатни идрок этмайдилар, занжирбанд шер, енгаман дер...
Мисраларда 500 йилдан ошиқ вақт давомида шеърият оламида Навоий машҳур бўлганлигини ва шеърият оламини титратганлигини, соҳибқирон Амир Темур довруғи етмаган ва танилмаган жойларни, Навоий ўзини қалами яъни ёзган асарлари билан олиб танилганини кўрсатиб ўтилган. Бу жаҳонни машҳур бўлиб эгаллаш ёки жаҳонга танилиш учун яхши ёзилган китоб(асар, шеърлар)лар билан ҳам эгаллаш ва танилиш мумкин деганидир. Бу Абдулла Орипов мисраларида жуда катта маъно борлигини ва мисралар ўз аҳамиятини ҳали кўп намоён қилишини бир тарихий воқеадан кейин билдим. Бу мисраларни иқтибос сифатида қабул қилиб, кўп адабиёт мухлислари ёд олишган...
1994 йилги Германияда Бундестаг (Германия Федератив Республикасининг бир палатали вакиллик органи)га бўлиб ўтган сайлов компаниясида, 1982 йилдан бери Германия Федераль канцлери бўлган Гельмут Коль сайловчилари билан бўлган учрашувларига қизиқиб қолдим. Бу сайлов ГФР ва ГДР қўшилган (1990 йил 3 октябрь) дан кейинги (биринчи сайлов 1991йил) Бундестагга иккинчи сайлов эди. Германия ХДС Раиси Гельмут Коль бошқа партиядаги рақибларига қараганда кўп сайловчиларни ўзига оғдириб олиш ниятида, сўзлаган нутқидаги бир ажойиб иқтибос (цитата) билан сайловчиларни ўзига жалб қилган дейишади. «Жаҳонни биз немислар куч ишлатиш билан эмас, билимимиз билан эгаллаймиз».
1982,1987,1991 йилларда Бундестагга бўлиб ўтган сайловларда ғолиб бўлган Гельмут Коль сайловлар дастури умуман бошқача бўлган. 1994 йилда эса Гельмут Коль ўз сайлов дастурида тарихга тўхталиб, жаҳонни эгаллаш ва унга ҳукмрон бўлиш учун куч ишлатиш зарур эмаслигини айтади. Германия тарихига тўхталиб, биринчи ва иккинчи жаҳон урушларида Германия жаҳонни куч билан эгалламоқчи бўлганлигини, лекин бу урушларда Германия шармандали равишда енгилганлигини тан олади.
«Мен канцлер бўлсам, энди Германия жаҳонни ота-боболаримизга ўхшаб куч билан эмас, балки ўз билимларимиз билан оламиз. Бўлажак тарихий фактни албатта амалга оширишга ҳаракат қиламан. Билимли кишилари бўлган давлат ҳеч қандай урушсиз жаҳонга танилади ва эгаллайди» дейди. Гельмут Коль сайловда ғолиб чиқади.
Канцлер Гельмут Коль 1994 йил Бундестагга бўлган сайлов дастурида олдинги сайловларга қараганда Германия ва жаҳондаги сиёсий вазиятдан чиққан ҳолда кўп тарихий фактлар билан янада чуқурроқ танишади. Гельмут Коль Европа ва кўпроқ Шарқдаги файласуф, олимлар, шоирлар асарлари ва улардаги иқтибос (цитата)лар билан чуқурроқ танишиб чиққан дейишади. Гельмут Коль кўтарган бу дастур учун Германия ҳалқи томонидан яна канцлер қилиб сайланади.
Мен ўйлайманки балки буюк машҳур шоиримиз Абдулла Ориповни юқорида келтирилган мисраларини балки Гельмут Коль ҳам ўқигандир! Ўқиган ёки ўқимаган бўлган тақдирда ҳам, юқорида қайд этилган ажойиб мисралар ва Гельмут Коль сайлов иқтибос(цитата)и билан маъноси бирдир деб ўйлайман!
Таниқли ва севимли шоиримизни мана шундай шеърларини ўқиб, уни «шоирлар файласуфи» дея оламиз. Юқорида қайд қилинган мисраларни «олтин мисралар» дейишимиз мумкин...

👉 @Kadrdagi_Tarix

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Шерзодхон Қудратхўжа ўз саҳифаларида шоиримизни хотирлабдилар. Раҳмат домла!

"2016 йил... Абдулла Ориповнинг 75 йиллиги. Чамаси соат 12:00 лар атрофи. Ўшанда Абдулла ака билан сўнгги бор кўришганим.

Юзи нурли, содда, самимий ва дилкушо инсон... Абдулла ака ёдимда шундай муҳрланган.

2023 йилнинг сўнгги кунлари.
Келгуси йил ҳам Аллоҳим шу кунларга етказсин!"

Шерзодхон Қудратхўжа

* * * * * * * *
Абдулла Орипов

КОМИЛЛИК

Хоҳлайсан, барчага баробар ёқсанг,
Ҳолбуки, бу ишга чора йўқ ҳеч ҳам.
Ҳар қандай одамга синчиклаб боқсанг,
Аён бўладики, озроқ жойи кам.

Озроққина камлар кўпдир оламда,
Ҳангома бу билан битмайди бироқ.
Ҳатто энг мукаммал деган одамда,
Аён бўладики, бир оз ортиқроқ.

Худойим, не учун қилмадинг карам,
Нечун комил эмас ақлим, юрагим.
— Агар сен мукаммал бўлсайдинг, бандам,
Унда қолмас эди менинг керагим.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ОЙИСИНИНГ ЖАМҒАРМАСИ

Ишчи йигит маош пойлаб
Турар эди навбатда,
Бу биринчи моянаси,
Завқи ҳам зўр, албатта.

Бармоқларин букиб-букиб,
Режаларин тузарди.
Кўз олдида алвон-алвон
Орзулари сузарди.

Ойисига ғижим рўмол,
Қайлиғига исирға.
Пешайвонга битта илгич, —
Кийим-пийим осурға.

Эҳ, орзунинг чеки борми,
Санаб етмас бахшиям.
Кассир аёл: "— Ҳой, овсар", — деб
Чорлаб қолди яхшиям.

Бўйдоқмисан, дея зимдан
Кулимсираб турибди,
Туғилмаган бола учун
Маошидан урибди.

Майли, деди, йигит қувноқ,
Савоби кўп оламнинг,
Жўжабирдай фарзанди бор
Ахир катта холамнинг.

Йигит яна ойлик ҳақин
Санаб кўрар бир бошдан,
Касабалар уюшмаси
Чегирибди маошдан.

Хўп ажойиб бир ҳодиса
Юз берди денг ўша он,
Алла қандай тўда уни
Қуршаб олди ногаҳон.

Жазавага тушиб улар
Аямасди ўзини.
Ва, ниҳоят чечанроғи
Бошлаб қолди сўзини:

— Маданият фондиданман,
Ука, бизни бир қўлла.
Вилоятда раҳбаримиз
Ўша, шоир Абдулла.

— Ма, ол, дея сўлкавойни
Чўзди йигит шошмасдан,
Маданият ривожлансин,
Тушунаман, ёшмасман.

Ўша заҳот бошқа бири
Қўлга олди шитобни,
— Яхши йигит, назаримда,
Хуш кўрасан китобни.

Ҳа, китобдан кўчирасан,
Мактуб ёзсанг қизларга.
Модомики, шундоқ экан,
Ақчани чўз бизларга.

Баён этди кимдир шу он
Ғоят мунгли бир ҳолни:
— Укажоним, асраш керак,
Ўлаётган Оролни.

Ишчи йигит кўзларида
Милтирайди шўртанг ёш.
Деди: — Мадад бўла қолсин
Битта эмас, ўн маош.

Унга чўзди, бунга чўзди,
Ҳамён озди озганча.
Яқин келди тағин бири
Қулочини ёзганча:

— Навоийни биласан-а,
Халққа маълум ҳар иши,
Шу кунларда сал ёрдамга
Муҳтождирлар у киши.

— Ҳазратимнинг қалам ҳаққин,
Айтинг, кимлар олади?
— Улушлари Давлат деган
Тоғасига қолади.

Ихтирочи болалару
Балиқчилар келдилар.
Яна қанча номи мавҳум
Солиқчилар келдилар.

Йигит ғоят мамнун эди,
Кўтаринки кайфият,
Чўнтагида ўн беш тийин
Ортиб қолмиш, хайрият.

Ўз-ўзини юпатди у,
Ўкинмади армонда.
Олай деса, бари бир ҳам,
Ҳеч вақо йўқ дўконда.

Ойисига келиб деди:
— Хоҳ ютинг, хоҳ ютқазинг,
Ўн беш тийин маош олдим,
Фондингизга ўтказинг.

✍️1990


@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Хотира....

Инсон омонатини топширишдан олдин сезади деган гапларни кўп эшитганмиз. Кўп ҳолларда тушларига яқинлари кириб аён қилади дейишади.
2016 йил август ойлари эди чамамда, отам, аям ва акам Америкага кетиш тараддудида бўлган кунлар. Шу кунларнинг бирида эрталаб Дўрмонга опаларим билан отам ва аямни кўргани бордик.  Хоналарига чиқдик. Отам бизни қарши олиб, "Туш кўрдим қизларим, тушимда Эркин ака Воҳидов, "Газни босинг энди, Абдуллажон! дедилар" деб қолдилар. Кўзларидаги ҳадикни, тушнинг таъбирини ўйлаётганларини эса сезиш қийин эмас эди.   Шунда барчамиз бир овоздан, "Касалдан фориғ бўлар экансиз, шеър ёзишга бел боғлаб, газини босинг..." деганлар деб яхши ният қилиб, шарҳладик. Отамнинг кўзларидаги ҳадик йўқолиб, "Шундайми, шундайми" деб кайфиятлари кўтарилгани кечагидек ёдимда. Орадан кўп ўтмай улар Америкага учиб кетдилар...

Рухсора Орипова


@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

"Абдулла Орипов" фильмидан парча....

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

Арслон чорлаганди

(Эркин Воҳидовга)

Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,
Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.
Арслон чорлаганди қошига бизни,
Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.

Жами тирикликка таниш бу хатар,
Қумурсқа яралган ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.

1982

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…
Подписаться на канал