abdullaorifijodi | Неотсортированное

Telegram-канал abdullaorifijodi - Абдулла Орипов шеърияти

2032

Кўзимдан нур кетса... Йиллар шамоли, Учириб кетсалар киприкларимни... Йўқ-йўқ! Эзгу ишнинг йўқдир малоли, Шеърим! Сенга бердим тирик боримни. Каналимизнинг илк саҳифаларини ушбу линк 👇орқали кўришингиз мумкин. t.me/abdullaorif Бот: @OripovAbdullabot

Подписаться на канал

Абдулла Орипов шеърияти

Бугун Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, Эркин Воҳидов таваллуд топган кун....

Абдулла Орипов

( дафтарида қолган сатрлар...)

***
Гётенинг таржимони
Э.Воҳид биз икковлон.
Келдик Олмонияга
Фаустнинг юрти томон.

Биз бировни билмаймиз,
Бизни билмайди биров.
Олмонча тил бўйича
Иккимиз ҳам гунг, соқов.

Хайрлашув пайтида
Ташриф қоғоз сўрашди.
Гёте, Ҳермест дея
Э.Воҳидни ўрашди.

Ташриф дея: Воҳиднинг
Бердим рақам сонини.
Улар жавобан ёзди,
Гётенинг номини.

Йили номаълум

✍️ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Ўйлардимки, номингни сенинг
Такрор этмас энди тилларим.
Кўп бўлмишки, қўмсаб васлингни
Йўлларингда оқмас унларим,
Мен бепарво яйраб аршимда
Сен учун ҳам юрардим шодон.
Нечун пайдо бўлдинг қаршимда,
Яна кабоб бўлсинми бу жон.
Яна қўшиқ айтайми инграб,
Яна андуҳ бўлсинми ишим?!
Истамайман, ғамимни тинглаб,
Дўстларимнинг маъюс бўлишин...
Хайр энди, хайр дилрабо,
Майли куйлай номингни айтиб,
Катта йўлга чиққанман, аммо
Ул сўқмоққа бормасман қайтиб,
Хайр энди, хайр, дилрабо.

✍1963

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

МАКТУБ

Ғазаллар тўқирдим сенга бир замон,
Қўшиқлар айтардим тунлар бошингда.
На чора, ушбу кун ўзга бир инсон,
Ўзга бир муҳаббат турар қошингда.
Эшитдим, хазонли боғларда танҳо
Ўтказар эмишсан сокин пайтларни.
Сарғайган дафтаринг варақлаб гоҳо
Такрорлар эмишсан маҳзун байтларни.
Мен ҳам тонглар баъзан йўлга қарайман
Мунаввар қуёшга кўксимни очиб.
Сенинг хаёлингдан мадад сўрайман,
Сенинг хаёлингга бораман қочиб.
Лекин қутулмоқ йўқ ҳижрон дастидан,
Фақат қалбимизда бардош ва сабот.
Дунёда жамики ҳислар устидан
Қаҳқаҳа уради қадим бу ҳаёт.
Надомат нимага ва афсус нечун?
Оламда неки бор ўчар бешафқат.
Бизнинг вазифамиз кўникмоқ беун,
Бизнинг вазифамиз унутмоқ факат.
Йиллар ўтиб кетар такрор ва такрор,
Ёшлик ҳам ўтади бенишон, бесас.
Лекин ўша чоқ ҳам хўрсиниб, бир бор
Севгандим, набирам, дея олсак бас...

✍️1971

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИСТАКЛАРИМ

Янги йил ҳам келаётир,
Дўстларим, бугун
Янги-янги бахт тилаймиз бир-биримизга.
Янги зафар, янги омад, янги байт учун
Янги-янги аҳд тилаймиз бир-биримизга.
Ҳамма нарса янги-янги бўлсин, майлига,
Қутлуғ бўлсин гўдакларнинг янги қадами.
Ўша янги қадам билан ўссин, майлига,
Шу умидбахш асримизнинг янги одами.
Ҳамма нарса янги бўлсин, дўстларим, фақат
Чеҳрамиздан аримасин ҳаётнинг ранги.
Ҳамма нарса янги бўлсин, дўстларим, фақат
Ғам бўлмасин, эски ғамлар бўлмасин янги!

✍1964

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ЯНГИ ЙИЛ

Меҳру муҳаббатга ташна кўнгилни
Ҳатто дақиқалар айлар экан зор.
Бир ўзим билурман, ҳар янги йилни
Қанчалик кутганман бўлиб интизор.

Ундан омонликни кутдим, аввало,
Сўнгра осойишта онларни кутдим.
Бир қултум сув билан бир ютум ҳаво,
Тандирдан узилган нонларни кутдим.

Кутдим, набиралар бўлишсин, деб жам,
Ҳар бирин лабида табассум қалқсин.
Ёғсин оппоқ қор ҳам гупиллаб шу дам,
Қишнинг қуёши ҳам ялтираб балқсин.

Қўни қўшнилару дўсту биродар
Бир-бирин қутласин қувончга тўлиб.
Кекса-ёш бағрини очиб баробар
Йилни қарши олсин жамулжам бўлиб.

Гина- кудуратлар орқада қолсин,
Янги яралгандай бу вужуд – бу тан.
Севиб ва авайлаб бағрига олсин
Ҳар битта фарзандин шу она Ватан.

Самовий нур билан чулғансин юрак,
Шоирлар байтида умидбахш нақл.
Ахир, ортиқчалик қилмаса керак,
Кибрга чегара, нодонга ақл.

Бўлса пешонада даврини сурсин,
Бандаси умрини этмасин исроф.
Қўзичоқ уч-тўрт кун ўйноқлаб юрсин,
Чўпон ва чўлиқдан кетмасин инсоф.

Жомга шароб қуйсанг лиммо-лим тўлгай,
Тагига тўкилгай ундан ортиғи.
Виждон ҳар лаҳзада қўриқчи бўлгай,
Насибанг – тақдирнинг туҳфа, тортиғи.

Учар осмонларда бахт деган бир қуш,
У юртлар устида қанотин қоқсин.
Ғам-ташвиш гўёки босириқ бир туш,
Бесамар хаёллар сувларга оқсин.

Кичкинтой набирам талпинар менга,
Шу соат у билан эрурман тенгқур.
Қуллуқ қилажакман, тириклик, сенга,
Берган куни учун Тангрига шукур.

✍2015 йил 27 декабрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Таҳрирдан сўнг....

Абдулла Орипов

***
Юртимда бесўров кезганинг етар,
Ўзингни хоқондек сезганинг етар.
Бир юз ўттиз йил қул бўлдим сенга,
Ўзбекни шунча йил эзганинг етар...

✍1999 йил

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

КЎЗТУМОР

Демишлар дунёда қиз бола учун
Душман бўлар эмиш ҳусни аввало.
Юртим, ахир сени ўйламай нечун,
Тенгсиз чирой бермиш Тангри таоло.

Демишлар, дунёда шундай зотлар бор,
Борни кўролмайди, йўққа беролмас.
Юртим, неъматинг ҳам бисёрдан-бисёр,
Бир ёнда суқ бўлса, бир ёнда ҳавас.

Демишлар, дунёда ҳасад ҳам иллат,
Унинг йўлин боғлаб, қилгайлар ирим.
Юртим, дарвозангда майли бир фурсат,
Қанийди, кўзтумор бўлолса шеърим.

✍2003 йил ноябрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Қоралама....

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ТАРАҚҚИЁТ

Ҳали баҳор календарда кўрсатмаган юз,
Ҳали пўстин ичида ҳам жунжикар одам.
Ҳали момиқ қор остида ухлар дала-туз,
Бирдан Сурхон томонларда гул очар бодом.

Балки кимдир ҳовлисида шу зум, шу соат,
Мойлаб ётар эски, шалоқ аравасини.
Худди шу он қайлардадир битта азамат,
Кашф айлайди мотоцикл кажавасини.

Қай бир ҳофиз ҳавас қўзғаб ошналарида
Сайраб ётар базмларда сўлаги оқиб.
Кимдир эса Италия саҳналарида
Қўшиқ айтар миллёнларнинг юрагин ёқиб.

Қайда эса йўқсилгина битта ҳаваскор
Шеър ёзади, мақтовларни ўйламас гарчанд.
Лекин шу дам бошқа биров қатор ва қатор
Китоблари рўйхатини санаш билан банд.

Йўқолмагай, бадар кетмас кашфу ихтиро,
Униб-ўсгай, балки Худо назар солганлар.
Тараққиёт йўли шундай, пайт келса, аммо
Улар бизнинг шогирдимиз, дейди қолганлар.

✍️2013 йил 21 январь.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Устоз Абдулла ОРИФ хонадонида!

Кимлар юрмаган йўл бу,
Кимлар кирмаган қўрғон.
Бечорани ҳам тинглаб,
Бадавлатни ҳам кўрган.

Қашқа чўллари ёҳуд
Ястаниб ётган Сурхон.
Жалолиддан бошлаб,
Токи ул Дукчи Эшон.

2
Шул хонадондан ўтди,
Бир азиз жонга етди,
Она Ўзбекистонни
Юрагида кашф этди.

3
Кимлар юрмаган йўл бу,
Кимлар кирмаган қўрғон.
Бечорани ҳам тинглаб,
Бадавлатни ҳам кўрган.

Азизу ҳокисорлар,
Соғломлару беморлар,
Мисқол тангаси йўқлар,
Ҳамёнда пули борлар,

Вафодорлар, тужжорлар,
Сотқинлару ағёрлар,
Шеърин тинглаб ўсганлар,
Шогирдлар, беғуборлар,

Бул маконга келганлар,
Ўлмас сабоқ олганлар,
Шеърин айтиб юрганлар,
Ярим йўлда қолганлар...

Шул хонадонга келди,
Сўзлар – томчидек тўлди.
Устоз Абдулла Ориф –
Шеър билан таъбир қилди.

Бунда ўсган ҳар чечак,
Янги ойдай зўр тилак.
Жим кетаётган қоплоннинг
Шунқор руҳин сезажак.

Шу азиз хонадонда
Тизилди содда сўзим.
Соғинчга тўлди кўнгил,
Юлдуздек ёнди кўзим.

Устоз руҳи шод бўлсин,
Рози қил, биздан, Жаббор!
Илҳомнинг рухсорини
Аяма, Парвардигор!
Азиз сўз шарафини
Кам қилма, Парвардигор!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ҲАҚИҚАТ

Дедилар: - Аё, пир, айлагил шафқат,
Ҳақиқат бормикин, ростин айт фақат.
Пир деди: - Тириксан, ҳақиқат шулдир,
Бир куни ўлгайсан, бул ҳам ҳақиқат.

✍️2004 йил 16 март

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Бугун, 17 декабрь халқаро ака-укалар куни экан...☺️

Абдулла Орипов

ҲАЁТ САБОҚЛАРИ

Икки оға-ини ёвлашди бир кун,
Икковлон сиғмади битта маконга.
Наинки бир макон, тор бўлди очун,
Кетди иккиси ҳам икки томонга.

Ойлар, йиллар ўтди орадан қанча,
Охир бир-бирларин топдилар омон.
Титроқ елкаларга бошин қўйганча
Ҳўнг-ҳўнг йиғлашдилар гўдакларсимон.

Хўш, нима бўлибди, дерсиз, албатта,
Камми бу дунёда аҳил, ноаҳил.
Лекин, наҳот дейман, фақат кулфатда
Намоён бўлади муҳаббат асл.

Англамоқ истайман бў ҳолнинг сирин
Боқиб атрофимга мен гоҳи онлар.
Кунда кўриб турса улар бир-бирин
Балки еб қўярди аллақачонлар...

✍1991

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ҲАР ҚАНДАЙ ДАМДА ҲАМ...

Кўнглинг совимасин қилар ишингдан,
Ҳафсаланг сўнмасин ҳеч қачон.
Маъно тополмайсан ўз турмушингдан,
Туссиз, зерикарли кўринар жаҳон.

Кўҳна обжувоздай айланар дунё,
Оҳанги миянгга сассиз қуюлар.
Мингга киргандайсан ўзинг ҳам гўё,
Келажак ўтмишинг каби туюлар.

Яшайсан номи йўқ бир дардга тўлиб,
Томирдан қонинг ҳам гўё оқмайди.
Наинки дўст сўзи, наинки маҳбуб,
Болангнинг шўхлиги ёқмайди.

Сокин кечалари, айвонда ёлғиз,
Олис юлдузларга боқасан тўниб.
Улар ҳам кўзингга кўринар бу кез,
Жуда узоқ борса, ёнар қурт бўлиб.

Шундоқ, инсон дили ажиб муаммо,
Койима бундайин ҳолати учун.
Қўлингдан келса гар мадад бер, аммо,
Ҳар қандай дамда ҳам сен уни тушун.

✍1985

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ХЎРОЗҚАНД

Жажжи ўғилчасин етаклаб олиб,
Ота шошар эди қайгадир тонгда.
Кимдир қаршисидан чиқди жар солиб:
— Хўрозқанд сотаман, қолма армонда.
Дада этагига ёпишди гўдак:
— Хўрозқанд олиб бер, дада, дадажон...
Майли, Умригаям бераман қиттак,
Қандфуруш тиржайди: — Обберинг, арзон.
Ота чўнтагига қўл чўзди секин,
Сўнгра бошқасига, сўнг бошқасига.
Ҳаммасин бирма-бир титди-ю, лекин
Ўғлига энгашди: -Юр, бошқасига...
Дада этагини қўймасди бола,
Митти кўзларига тизилган маржон.
Энг сўнгги умиди чиқарди нола:
— Ўғлингиз бўлардим, дадажон...
Дадажони эса турарди бирдак,
Худди ниманидир йўқотгансимон.
... Қайдан билсин бола, қайдан билсин гўдак,
Баъзан оталар ҳам бўлар паришон.

✍️1965

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

13 декабр - ТУРКИСТОН КУНИ !

Абдулла Орипов

ТУРКИСТОН БОЛАЛАРИГА

(Мустақиллигимизнинг бир йиллиги муносабати билан)

Туркистоннинг болалари, мақтовимга қулоқ тутманг,
Гина қилсам чиданг, аммо гапларимни ҳеч унутманг.

Энг аввало, шажарангиз қайдан чиққан, билиб олинг,
Сиз ҳам башар фарзандисиз, Ҳақни байроқ қилиб олинг.

Мен Темурдан сўзлайинми, сўзлайинми Навоийдан,
Барчасини ўқигансиз, эшитгансиз ё ровийдан.

Тарихингиз шундоқ узоқ, жангу жадал деса ҳам бор,
Босқин ҳам бор, тошқин ҳам бор, касбу амал деса ҳам бор.

Бобур бўлиб сўрадингиз қўни-қўшни дунёларни,
Машраб бўлиб кездингиз гоҳ қашқир юрмас саҳроларни.

Ўт кетсин у қора кунга — бировларга қул бўлдингиз,
Шарқу Ғарбнинг ўртасида оёқости йўл бўлдингиз.

Бироқ иймон нури доим оқиб турган қонингизда,
Ўзингиз ҳам сезмагансиз, бир гавҳар бор жонингизда.

Минг-минг шукр, замон келиб истиқболга эришдингиз,
Хароб бўлган хонадонни бутламоққа киришдингиз.

Ҳурликнию саодатни муборакбод этгум, лекин
Айтиб қўяй, қулоғингиз битган экан секин-секин.

Назарингиз тушар аввал зеби-зийнат дастурхонга,
Ҳануз таъзим қилмоқдасиз мол-дунёси бор инсонга,

Бўй-бастини кўрсатгувчи урфони зўр миллат қани,
Сизнинг учун обрў — олтин, арзонгаров шуҳрат — маъни.

Юрагида жавҳари бор кимсаларни кўрмагайсиз,
Карнайи йўқ бечоранинг тўйига йўл бурмагайсиз.

Ҳар қадамга хушомадни ўз ўрнига қўёлсайдим,
Пешволарнинг пойларига ҳафтада қўй сўёлсайдим,

Бўлмас эди мендан улуғ, мендан азиз бирор инсон,
Оҳ, халқимни не кўйларга солдинг замон, солдинг замон.

Туркистоннинг боғларида булбуллари бор, ҳолбуки,
Хор бўлса ҳам тоғдай баланд кўнгиллари бор, ҳолбуки.

Биров у ён тортар бўлса, биров бу ён тортаётир,
Қонсираган жаллодларнинг шодликлари ортаётир.

Билиб бўлмас рост гап қайда, билиб бўлмас қайда ёлғон,
Маломатга йўлиқади, элга: "Бирлаш" деган инсон,

Туркистоннинг болалари, Туркистоннинг болалари,
"Пуф" деганда тўзғигудек мўъжазгина лолалари.

Чинор бўлиб илдиз отинг, қоя бўлиб тиклангиз қад,
Улуғ-улуғ аждодларнинг хавотири Сиздан беҳад.

Соянгизда паноҳ топсин ҳориб толган қондошингиз,
Унутмангки, бул чаманда ҳар бир япроқ жондошингиз.

Тўқайзори бўлмаса гар шеру арслон қайдан унар,
Бир манзили бор эканки, бургутлар ҳам келиб қўнар.

Олдиндадир ҳали заҳмат, олдиндадир имконингиз,
Осилмаган не-не Машраб, отилмаган Чўлпонингиз.

Ўтинч ила ҳасратимни насиҳат деб юзга солманг,
Худо инсоф берган куни бармоғингиз тишлаб қолманг.

Муруввату маърифатдир буюкликнинг нишонаси,
Кадам қўйинг, мана сизга донғил йўлнинг остонаси.

Туркистоннинг болалари, Туркистоннинг болалари,
"Пуф" деганда тўзғигудек мўьжазгина лолалари...

✍️1992

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Бугун Ёзувчилар уюшмасида 25 та ижодкорнинг илк китоби тақдимоти бўлиб ўтди.


Абдулла Орипов

КОШКИ

Ёшларга

Сен ёшсан, эртанги кунингга боқай,
Дарё кеч, саҳро кез, довонлар ошки.
Қараб юрар эдим ортимга токай,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Афсус, равон эмас бу мубҳам йўллар,
Ҳар бир қадамингда шунчалар тошки.
Топтаб ташлангандир ўнг билан сўллар,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Истеъдод олдида паст тушар осмон,
Коинот ўз сирин айлагай фошки.
Юксак парвозингга келтиргум имон,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Олдда кутиб турар давраи сарвар,
Тафаккур то абад кўз билан қошки.
Зора шонинг чиқса боболар қадар,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Инсон дастидадир ғов ҳам,сийлов ҳам,
Аҳли диёнатга ул ўзи бошки.
Яратган қўлласин ҳар нафас, ҳар дам,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

✍️2015 йил 21сентябрь, Хьюстон.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

СЕВГИ ЎЛИМИ

Ёмғир тинмай ёғди кун бўйи,
Ёмғирли кун каби эзилди дардим.
Яйдоқ кўчаларда жим юрган кўйи
Сенинг изларингни ахтардим.
Уфқларда эса аччиқ бир туман
Менинг кўзларимга қуярди заҳар.
Увишган қалбимни сокинлик билан
Эзар эди бўм-бўш бу шаҳар.
Энди сен тутмассан асло қўлимни.
Ўтган севгим учун очмассан аза.
Оҳ, қандай ўлим бу севги ўлими,
Унга на қабр бор ва на жаноза.

✍1967

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

"Муҳаббат бобида кимдир айрилиққа дуч келади, яна кимнингдир муҳаббати тўй билан тантанага айланади. Муҳими, буларда эмас. Асосийси, дунёга келиб, ботиний муҳаббат нимада эканлигини билишда."

Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Эътибор ва эътироф....

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Ўзинг Алп Тўнғаcан ёки
Тутанхомон, эcлаёлмаccан,
Боиc улким, бошингга тушди
Кўп гаврон,эcлаёлмаccан.

Демишлар тарқаганcан аллақандай
Юнгли жонзотдан,
Номинг бордир, отинг бор
Аcли cен Инcон,эcлаёлмаccан.

Маломат жазбаcи ичра
Унутдинг гоҳ ватанларни,
Уйингда қул бўлиб гоҳ,
Гоҳи cултон,эcлаёлмаccан.

Буюк фарзандларинг бордир
Cамони ерга индирган,
Ва аммо учради афcуc
Турфа хил,
ёлғон,эcлаёлмаccан.

Ажабким, бир ёмонликни
Кечиб минг йил унутмаccан,
Лекин минг яхшиликни
Ўтмайин бир он,
эcлаёлмаccан.

Учар қуш ҳам учиб бир кун
Тағин ошёнига қайтгай,
Бу дунёда ким ул мезбон,
Ким ул меҳмон,
эcлаёлмаccан.

Ёниб Абдулла дер доим
Етар cайру cаёҳатлар
Қаён борма cенга турбат
Ўзбекиcтон, эcлаёлмаccан.

2013 йил 6 январь

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИҚРОР

Сен яхши кўрасанми
ё ёмон кўрасанми —
Шу дарё меники.

Сен яхши кўрасанми
ё ёмон кўрасанми —
Шу тоғлар меники.

Сен яхши кўрасанми
ё ёмон кўрасанми —
Шу саҳро меники.

Сен яхши кўрасанми
ё ёмон кўрасанми —
Шу бозор меники.

Сен яхши кўрасанми
ё ёмон кўрасанми —
Шу мозор меники.

Яхшидир, ёмондир-
шу Ватан меники.

✍2003 йил октябрь.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

* * *
Макру ҳийлаларинг, замон, кўрсатма,
Менинг буғдойимни сомон кўрсатма.
Элимнинг номидан ҳар хил сўз айтиб,
Менга миллатимни ёмон кўрсатма.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

* * *

Кимнидир танҳо дедим мен
Топгунимча то Сени,
Во ажаб, дунёни топдим,
Англагач танҳо Сени.

Аслида ёлғиз Ўзингга
Жо экан борлиқ жаҳон,
Ҳеч биров топмас ўзин ҳам
Топмаса, илло, Сени.

Минг таассуфким, башарга
Хос экан алдамчилик,
Ўртага номинг қўйиб гоҳ,
Алдагай ҳатто Сени.

Ким Сени безовта қилгай,
Токи дарди йўқ экан,
Аҳли ошиқ вола айлаб,
Куйлагай, аммо Сени.

Қорли тоғларга туташдир
Боғларинг — жаннатларинг
Эслатур ҳар бир қадамда
Ҳар гўзал маъво Сени.

Беписанд боққай ва лекин
Мўр-малахлар филга ҳам,
Кўрса ҳамки, кўрмагай деб
Ўйлагайлар ё Сени.

Бу кўнгил нозик экан,
Синса рақиблар дастидан,
Қалб уйин меъморидирсан -
Топди Абдулло Сени.

✍️2013 йил 9 апрель

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Шоир Шодмонқул Салом, Абдулла Орипов хонадонида. Янги шеърнинг туғилиши...

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

КИЙИК ВА ТОШБАҚА

Тирикликнинг сирлари кўп,
Кузатсанг агар,
Тоқат билмас, бу дунёга
Келганда инсон.
Бешикда ҳам тинч ётмайди,
Ғоятда ўжар,
Кийик каби сакрайди сўнг,
Толмас, чопағон.

Йиллар ўтиб, охирлайди
Фоний бу дунё,
Инсон учун жаннатлардан
Асло кам эмас.
У дунё гар чорлаб қолса,
Эшитмас гўё,
Тошбақадек имиллайди,
Боргиси келмас.

✍️2015 йил 23сентябрь, Хьюстон.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Авлиёларимиз икки гуноҳдан қўрқиш керак, деганлар. Биринчиси энг осон, оз бўлса ҳам банданинг ҳаққидан; иккинчиси, динни суистеъмол қилмоқ, яъни динни мол-дунё, шон-шуҳратга алмаштиришдан. Орамизда диний илмни чуқур тушунмасадан, ўзича янгилик яратмоқчи бўлиб баланд дорга осиладиган шоирлар ҳам учрайди. Қайсар, хатосини айтсанг устингдан шикоят килади. Бундайларни шакий дейдилар. Шакий-диндор кўриниб, ҳар хил гуноҳ килишдан тоймайдиган кимса дегани. Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В) уларни уч аломатидан ажратиш мумкинлигини каромат қилганлар. Биринчиси, илму бору амали йўқ; иккинчиси, тўғри ва ҳалол иш килмайди; учинчиси, яхши инсонлар мажлисида ўтирганларнинг ҳузурини бузади. Ҳеч ким бўлмаган жойда хам Аллоҳдан қўрқмоқ жоиздир.

Абдулла Орипов

@abdulaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ТУН МАНЗАРАЛАРИ

Оқшом чўка бошлар кўҳна заминга,
Узоқ-ёвуқларда ўчар чироқлар.
Борлиқ аста-секин юз бурар тунга,
Қорая бошлайди йироқлар.
Тунги сукутдир бу, тунги сукунат,
Ором тун тўшагин йўқлай бошлайди.
Кундуздан чарчаган уйғоқ машаққат
Сокин томирларда ухлай бошлайди.
Жажжи тумшуқларин патига тиқиб,
Толиқиб, толиқиб мудрайди қушлар.
Тунги тайёралар учар энтикиб,
Уларнинг қўйнида ухлайди тушлар.
Қандоқ гўзал чоғ бу – самовий ҳолат,
Чексиз коинот ҳам мудрайди сокин.
Узоқ мажлислар ҳам тин олар бу вақт,
Бўм-бўш кўчаларда сукунат ҳоким.
Бизнинг ёқларда ҳам шундоқ манзара,
Ухлайди тинмағур ёзувчилар ҳам.
Бўғиқ алаҳсирар соқов шаршара,
Ухлар кечаларнинг меҳмони – шабнам.
Ухлар премьерлар – эртаси нотинч,
Ухлар капалаклар, ухлар йўлбарслар.
Ошиқлар дилида ухлайди соғинч,
Шикоятлар ухлар, ухлайди арзлар.
Ухлар қотиллар ҳам, чақалоқлар ҳам,
Ракеталар ухлар – шундоқ ҳол мавжуд.
Йироқ дунёлар ҳам ухлайди беғам,
Гўё тинган каби олам беҳудуд.
Фақат битта туйғу ухламас бироқ,
Унинг тўшагида мих бор то абад.
Уни қийнаб ётар омонсиз сўроқ,
Фақат ухламайди биргина ҳасад.

✍1987

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ОНА

Кимдир савол берди: — Айтгил, Муҳаммад,
Ёлғиз сен Расулсан буткул оламга.
Кимга кўп яхшилик айлай, ўзинг айт,
Ота-онамгами? Ёхуд боламга?

Расул жавоб қилди: — Тингла биродар,
Гапимни уч бора қулоққа илгил.
Имкон топа олсанг дунёда агар,
Энг аввал онангга яхшилик қилгил!

Бу ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ
Ростдан она эрур қиблаи олам.
Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ
Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Мен қувонар бўлсам — сен сабаб,
Ўйга толар бўлсам — сен сабаб.
Мен ўлишни истамасман, йўқ,
Ногоҳ ўлар бўлсам — сен сабаб.

✍1963

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

КЕЛИНОЙИ

Бошлиқ ишга келар тонгда тунд ва жим,
Бўйинбоғи қийшиқ, шими ҳам ғижим.

У ёқдан бу ёққа тинмай одимлар,
Бу ҳолдан ташвишга тушар ходимлар.

Дейишар, ишлар-ку жадал, жойида,
Демак, ҳамма сабаб келинойида.

Бошлиқ ишга келар эртаси, бироқ,
Унинг кўриниши бошқадир мутлоқ.

Бўйинбоғ ҳам силлиқ, шими ҳам силлиқ,
Муомала эса илиқдан илиқ.

Учраган ҳар кимга табассум қилар,
Барчага, барчага омадлар тилар.

Энди бошлиқ эмас, балки ходимлар
Бир-бирин қутлашиб, тинмай одимлар.

Дейишар, бор бўлсин хизмат жойимиз,
Бор бўлсин меҳрибон келинойимиз!

✍️2003 йил март

@abdullaorifijodi

Читать полностью…
Подписаться на канал