Абдулла Орипов
МУСОФИР
Мусофир ўзи ким? То мавжуд жаҳон
Бу лашкар ҳеч қачон камаймас, тўлмас.
Демишлар уни гоҳ мисли имтиҳон:
“Мусофир бўлмасдан мусулмон бўлмас”.
Сайри саёҳат-ку мусофирга бахт,
Иззату ҳурмат ҳам келгай қошига.
Ва лекин мусофир яшамоқ ҳеч вақт
Тушмасин ҳеч битта Инсон бошига.
Кимдир Ватан дея жўшса, ҳойнаҳой,
Бир ҳовуч тупроқни ўпса қалтираб,
У ўзин қўярга топа олмас жой —
Мусофир осмонга боққай мўлтираб.
Қабристон ёнидан ўтаркан секин,
Кўксидан узилар унсиз фарёди.
Ҳеч қурса бу жойда юпанч бормикин?
Бормикан бирови? Бирор аждоди?
Улар йўқ! Йўқ демак унинг ўзи ҳам,
Ҳеч ким уни кутмас, кузатмас биров.
Қадди тик бўлса-да мудом боши хам,
Унинг на дўсти бор, унга бор на ёв.
У-ку ўтказади умрин амаллаб,
Бундан ҳам аянчли кулфат бор аммо.
Ўз туққан юртингда кун кўриб, яшаб,
Мусофир бўлишдан асрасин худо!
Лоқайдлик тегрангни олса гар қуршаб,
На муслим аталсанг, на осий кофир.
Боқса дўстларинг ҳам ётларга ўхшаб,
Билгилки, ўша кун сен ҳам мусофир.
Сен ҳам мусофирсан, мисли ёлғиз от,
Уюрга кирмасанг - ташландиқ бўлсанг.
Бир қултум сувни ҳам кўп кўрса ҳаёт,
Гўрни ҳам қизғанса, пайт келиб ўлсанг.
Сендан йироқ бўлса Ватаннинг кўзи,
Ажраб кетган бўлса эт билан тирноқ.
Ким деб аташ керак номингни ўзи?
Мусофир десалар тўғридир кўпроқ.
Беҳад улуғ эрур замон матлаби,
Заминда мусофир эмасдир башар.
Ҳар ким ватанига ярашган каби,
Ҳар кимга дунёда Ватан ярашар.
✍️2003 йил 9 июль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЛАЙЛАК ҚОР
Аллоҳимнинг жамолин
Кўрмоқчи бўлсанг,
Наинки, ёзу куз
Ва баҳорга боқ.
Астойдил талпиниб,
Соғинчга тўлсанг,
Декабрда ёққан
Лайлак қорга боқ.
2015 йил, декабрь
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚИШ
Куз ҳам кетди, мана,
Қиш келди қайта,
Эски ашуламни яна айтаман.
Сени қарши олдим нечанчи марта,
Қиш, сенга нечанчи бора қайтаман.
Газ ўчоқ жойида, пўстин ҳам тайёр,
Сенинг ҳурматинг бу, қирчиллама қиш.
Ундов белгисидек тераклар қатор,
Қишга шу тариқа айтишар олқиш.
Бундай пайт гаштлидир чойхона кўпроқ,
Чолларга ўша жой бўлади шафъе.
Чойхона томонга тортса-да оёқ
Дуч келаверади негадир кафе.
Шундоқ давом этар ҳаёт барибир,
Топилар биз учун хилват гўша ҳам.
Кўпдан соғинтирган даврамиз қизир,
Ахир эски дўстлар яна бўлмиш жам.
Яна ёдга тушар у олис йиллар,
Қишнинг қадамига алёр айтамиз.
Тонгда чумолидай чиққан бўлсак гар,
Шомда арслон бўлиб уйга қайтамиз.
2010 йил 4 декабрь
@abdullaorifijodi
Диққат!
Абдулла Орипов архивидаги тасмали ленталарни рақамлаштириш жарёнида (архивда ҳали бир талай видеолар мавжуд, кези келганда эълон қилиб борамиз.) 1992 йил Xl сессиясидаги мадҳия қабул қилиниши билан боғлиқ ноёб лавҳаларини ҳам учратдик. Бу лавҳалар ўша кезлари телевидениядан узатилган ва ундан жуда қисқа парчаларини кўрган бўлишингиз мумкин. Лавҳаларнинг ноёблиги шундаки, бунда танловдан ўтган учта сўнгги муқобил вариантлар билан тўлиқ танишасиз. Бир нарсага эътибор қилишингизни сўрар эдик. Қабул қилинган мадҳиямизнинг мусиқасига. Охирги пайтларда бир қанча блогер ва баъзи бир таниқли бўлган журналистлар томонидан, мадҳиямиз мусиқаси ҳақида танқидий фикрлар билдирилди ва билдириб келинаяпти. Улуғ ўзбек ўғлони, ватанпарвар устоз Мутаваккил Бурҳонов басталаган куйни бошқа номзод бастакорлар куйи билан солиштириб кўришингиз мумкин бўлади. Ушбу архив видеонинг форматини техник жиҳатдан ижтимоий тармоқларга мослаш жараёнидамиз. Видеони соат 19:00 t.me/abdullaorifijodi телеграм канали орқали эълон қиламиз.
@abdullaorifijodi
10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун | Мадҳиям - фахрим
Читать полностью…Ўзбекистон Республикаси мадҳиясининг 31 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОНА ЮРТ
Сиз, соҳибдавлатлар, зотлар муҳтарам,
Ўзингизга сийлов уяларингиз.
Мени эшитмассиз эҳтимол ҳеч ҳам,
Бироқ, етказади хуфяларингиз.
Етказади, гўё Ўрта Осиёда
Аллақандай шоир бир гan айтибти.
Сайловчилар тиргак сизга дунёда,
Бу тўлқин бир кун бор, бир кун — қайтибти.
Эътибор айлангиз, азиз тўралар,
Ўйланг сиз ҳам ахир ўз танингизни.
Тутаб ёнмоқдадир ўрмон, қўралар,
Нега ўйламайсиз Ватанингизни?
Сира ўйламайсиз остонангизда
Имдод сўраб ётган гадоларни сиз.
Ҳар куни кутгайсиз кошонангизда
Ўзингизга ўхшаш подшоларни сиз.
Аммо менинг учун жуда ғалат ҳол:
Бир чеккага қўйинг шараф ҳам шонни,
Нега ғалвангиздан юз буриб дарҳол,
Сиз ўйлай бошлайсиз Ўзбекистонни?!
Ўзбек дер: ўзингга енг бўлолмасанг,
Асло бўлолмассан бошқага этак.
Кимлигим ҳақида олам чалган занг,
Азал буюклигим бўлган-ку эртак.
Менинг тоғларим бор — баланддир, пастдир.
Нима бўлганда ҳам улар меники!
Бахши овозими, мақомми, сасдир –
Нима бўлганда ҳам улар меники!
Меники саналур Жайҳун, Сайҳун ҳам,
Муштипар мусича ку-кусигача.
Меники аталур Истиқбол - болам,
Жажжи набирамнинг кулгусигача.
Меники шу Ватан, меники шу юрт,
Бозорим, мозорим, шаҳру кентим ҳам.
Ҳуқуқим меники, айламанг унут,
Меники сайлаган Президентим ҳам!
Сизга шоирона битта сўз айтай:
Фаҳм этинг юмалоқ-япалоғини.
Унутмай турибсиз балки, ҳар қалай,
Бобом Амир Темур шапалоғини.
✍2003 йил 11 октябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИНСОН ҚАЛБИ
Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз.
Унда миллат яшар, унда тил яшар.
Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,
Унда истиқомат қилади башар.
Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,
Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!.
✍1979
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЖАНЖАЛ
Асло тугамайди ушбу можаро,
Паймонанг на тўлиб, на тўлолмайди.
Барча ғавғоларни йиғсанг ҳам, аммо
Уйдаги жанжалга тенг бўлолмайди.
Совуқ урган каби сўлғин туриши,
Оила на яшнаб, на кулолмайди.
Мабодо бошланса жаҳон уруши
Уйдаги жанжалга тенг бўлолмайди.
Унинг жангчилари мажруҳдир мутлоқ,
На тирик қолади, на ўлолмайди.
Яхлит даҳшат дерлар дўзахни, бироқ
Уйдаги жанжалга тенг бўлолмайди.
✍2015 йил
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СЕВГИСИЗ ОДАМ
Қулоқ солинг менга, яхши қиз, бир оз
Дилимни очмоқчи бўляпман Сизга.
Тунов кун бир дўстим мени даб-дуруст
Айблади севгисизликда.
Бехабар эмишман муҳаббатдан мен,
Қалбимда ишқ эмас, бор эмиш илон.
Исбот: қизлар билан юрмас эмишман,
Сирлашмас эмишман ҳар кимлар билан.
...Етмасмиди ўзи қалбдаги тўлқин,
Кул босган оташни қўзғадинг нечун?
Севги керакмиди сенга, дўстгинам?..
Севаман тинч оқшом, юлдузли тунни,
Севаман сайраса қушлар бетартиб.
Севаман оромни, суронни, лекин
Мен уни севардим булардан ортиқ.
Хуруж айлаганди бедаво фироқ.
Аччиқ алам ичра ёнсам тутоқиб,
Ўлимни жонимдан севаман, бироқ
Мен уни севардим ўлимдан ортиқ.
Аммо ҳаёт оқар ўз билишича...
Ўзганинг юраги сенга бўйсунмас.
Севсангу, севсангу севилмасанг гар
Бундан қайғулироқ қайғу топилмас.
Нима керак менга ишқ-муҳаббатни
Яна ўзга қиздан талаб айламак!
Муносибдир бугун ишқсиз хилватни
Менинг номим билан балки бойламак.
Яхши қиз, хаёлга толдингиз нечун?
Нечун кўз ёшингиз томди йўлимга?
Севгисиз одамга ачинмоқ нечун,
Кўзёш йўл тополмас менинг дилимга.
Хайр энди, чиқай,
Ойдин кўчадан
Эшитилса агар бир ёлғиз қадам,
Ажабланманг асти, у сизга таниш
Севгисиз одам...
✍️1960
@abdullaorifijodi
ТУШЛАРИМГА КИРАР АБДУЛЛА АКАМ
Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган ардоқли шоир, Давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг 79 ёшли синглиси Зулфия ая Орипова билан суҳбатимиз шоирнинг болалик даври, онаси ҳақида.
– Зулфия ая, Сиз шоирнинг синглиси, у билан бир оилада ўсиб улғайган инсонсиз. Яна бир ҳақиқат шуки, буюк шоирларнинг камолотида оналарининг хизматлари каттадир. Шу ўринда волидангиз билан боғлиқ хотираларни ёдга олсак...
– Биз кўп фарзандли оилада улғайдик. Болалигимизда бугунгидек шароитлар бўлмаган. Битта керосинли чироғимиз бўларди, онам уни дарс қилганимизда ёруғлик тушиб турсин деб уйнинг ўртасига илиб қўярди. Яна хонтахта ўрнида сандалимиз бор эди, биз шу сандал атрофида жам бўлиб, дарс қилардик. Онам эса, чироқ ёруғида тикиш тикарди. Абдулла акам математика фанини адабиёт фанидай яхши биларди, дарс қилишимизга ёрдамлашарди.
uzasgzt/p_WO5tDXQmr">👉Батафсил👈
https://www.facebook.com/profile.php?id=100090707446352
Абдулла Орипов
ОМОНАТ
Қалбингда кувончми ё борми алам,
Жимгина юрабер, билдирма ҳеч ҳам.
Ҳатто хўрсинсанг ҳам тўкилиб кетар,
Омонат дунёга тегмагин, болам.
✍️2003 йил 1 апрель
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИЛТИМОСНОМА
Тафаккур соҳиби мана бу одам,
У асло синмайди, қанча эгмагин.
Бироқ банда у ҳам, инсондир у ҳам,
Ҳурматли худбинжон, унга тегмагин.
Мана бу одамда қалб бордир гўзал,
Ҳислари ўхшайди ёйилган кунга.
Илтимос қиламан, раҳм айлагил сал,
Азизим дилозор, тегмагин унга.
Бунда-чи порлайди ёрқин истеъдод,
Ақлу ҳис бирлашиб, унда бўлмиш жам.
Худо ҳаққи, уни қилмагил барбод,
Қадрли ҳасадгўй, тегма унга ҳам.
Яхшиси, барчангиз марҳамат айлаб,
Келинг ҳузуримга, меҳмон қилгайман.
Ахир аён менга сиздаги талаб,
Ҳар нечук, мен сизни кўпдан билгайман.
2011 йил 25 январь
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МУСОФИР
Бурунни сассиқ деб кесиб бўлмайди,
Сиз мени тушунинг; Абдулло ака.
Ўзбекман ва лекин дарбадар дайди,
Тасалли беролса қанийди Макка.
Ўзбек деб ажратар Афғонга борсам,
Менга келгинди деб қарайди Араб.
Тингловчи кимса йўқ дардимни ёрсам,
Фақат эзиламан онамга қараб.
Гарчи камим йўқдир молу дунёдан,
Ошёни омонат қушман аслида.
Йироқман юрт деган меҳригиёдан,
Ғарибман умримнинг қайноқ фаслида.
Қўлда қурол билан жанг қилдим мен ҳам,
Афғон тупроғини босганида ёв.
Ҳеч қурса бир нафас, ҳеч қурса бир дам,
Босқинчи йўлига бўла олдим ғов.
Жангда иниларим бўлдилар шаҳид,
Ёлғиз онам билан қолдик икковлон.
Мени атадилар манфур мужоҳид
Шимол галалари маккор, беомон.
Жайҳуннинг ортидан келган ўзбегим,
Қурол кўтармишдир ўртаниб жони.
Бугун мен оламга ошкора дегум,
У ҳам шўроларнинг бўлди қурбони.
Менга қўли қон деб боқманг, акажон,
Озодлик қадрини мен ҳам билганман.
Жангларда қай ўзбек берган бўлса жон,
Унинг қаторида мен ҳам ўлганман.
✍️1992
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Онамнинг суратин кўрдим,
Кўзингнинг қоросинда.
Бир сўз демоққа ожизман,
Бу сирнинг боросинда.
Бу кун қалбим яро бўлди,
Нетайки дўстлар...
Бир тўда ҳиссиз,
Қалби кўрларнинг оросинда.
@abdullaorifijodi
2️⃣2️⃣2️⃣2️⃣2️⃣2️⃣2️⃣2️⃣2️⃣2️⃣
“Madhiyamiz – g‘ururimiz timsoli” mavzusida madaniy-ma’rifiy tadbir tashkil etildi
Batafsil
Biz bilan bitta to’lqinda bo’ling
📨 @tmi_yoshlar
PS. Тадбир йиғилганларда катта таассурот қолдирди...
@bobur_bobomurod
"Муҳаммад Юсуф бизнинг оила аъзомиз, ўз акамиз каби эдилар. Оилавий борди келди қилар, Нозима ва Мадиналар билан ўйнаб кулиб катта бўлганман.
Чамаси 1998 йиллар, Қарақалпоғистоннинг Эллиққалъа туманига Муҳаммад ака мени ва Нозимани бирга олиб кетдилар. Отам билан аям икки кун ўтиб ортимиздан келадиган бўлишди. Шунда бир даврада Муҳаммад ака: " Ўзбекистон мадҳиясига танлов эълон қилинди, шоирлар шеърларини тахаллус билан топширди. Чўнтагимга шеъримни солиб, мен ҳам бордим, ўша ерда устоз Абдулла ака шеър берган бермаганлигини секин суриштирдим. Топширганликларини эшитиб, ҳеч кимга сездирмай чўнтагимдаги шеъримни ғижимлаб ташлаб юбордим." деб гапириб берганлари ёш тафаккуримга жуда қаттиқ таъсир қилган эди. Устозига бўлган меҳри ва уларга бўлган садоқатидан қалбим жумбушга келиб, меҳрим тобланиб кетганди ўшанда."
Рухсора Орипова
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов 1992 йил Xl сессияда мадҳия матнини ўзи ўқиб берган архив видеони ҳукмингизга ҳавола этамиз.
@abdullaorifijodi
Ҳанифа ая хотираларидан....
Мадҳиянинг дунёга келишида, икки буюк композитор ва шоирнинг тонг отгунча тер тўкиб, қилган меҳнатларига гувоҳ бўлганман.
Мутал ака менга: "Келинжон! Агар мана шу мусиқам танловдан ўтса, ўлсам ҳам армоним йўқ эди. Биласизми, Менга нимаси нашъа қилади? Ҳатто, душманим ҳам қўлини кўксига қўйиб, ўрнидан туради-дааа" (1992 йил декабр) деб мириқиб кулганлари ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Ҳаёт уммони
Ўз-ўзича қайнаб ётар ҳаёт уммони,
Унга ҳеч ким масъул эмас, жавобгар эмас.
Чорасизлик боис жўшар инсоннинг қони,
Ҳаракатга солар уни кураш ҳар нафас.
Нодонликдир фақат бахтни куйламаклик ҳам,
Бир бахтсизлик эвазига бир бахт кулажак.
Ёмонликни кўравериб чарчаган одам,
Охирида диндан чиқиб, осий бўлажак.
Одамзотдан бўлак барча мавжудотки бор,
Ўзлигини қилолмайди асло тасаввур.
Инсон зотин қўлида йўқ зарра ихтиёр,
Қутқаради уни фақат Иймон, Тафаккур.
✍ 2008 йил 20 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎЗБЕК ҚОМУСИ
Мен бечора бир одамман,
Эртанги куним,
Не бўлишин билмайдиган ожиз бандаман.
Еру осмон ўртасида топмаган қўним,
Ботинимда ботмон тошу зоҳир хандаман.
Ёлғизликнинг рутубатли кўчаларида,
Не-не олтин фаслларим ўтди жунжикиб.
Шеъриятнинг тунд қоронғу кўчаларида
Йироқ-йироқ юлдузларга боқдим энтикиб.
Иғво, ҳасад, фитна билан тўлган бу ҳаёт,
Ҳар онимда мингта этди бир ҳасратимни.
Хира туман орасида буткул коинот,
Ғира-шира илғар эдим мамлакатимни.
Эслар эдим Бухорийни, Яссавийни ҳам,
Ҳа, ҳа, айри тушмаганди хотиротимдан,
Фақат улар чалинарди кўзимга мубҳам,
Лекин сира кетмас эди хаёлотимдан.
Ҳам Темурбек, ҳам Улуғбек, Алишер, Бобур,
Сизлар тузган ул салтанат — Салтанат бўлди.
Улуғ тарих Туркистонга чўнг гувоҳ эрур,
Давлат эдик, давлат эдик, у давлат бўлди!
Эмикдошим, ай, қардошим, қулоқ тут менга,
Ушбу кўҳна каҳкашонда мағрур тутгин бош
Сен заминга лойиқдирсан, замин ҳам сенга,
Сеникидир энди бу ер, сеники қуёш.
Қўлингда эрк, бошда ялов, тилингда сурур,
Ватанинг бор, бола-боқчанг, ор-номусинг бор,
Ўзбекистон деб аталган муқаддас ҳудуд,
Ўз Давлатинг, Мамлакатинг, ўз Қомусинг бор.
✍1992
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЁТ ТУҲФАЛАРИ
Сеники дедилар ёруғ жаҳонни,
Ҳатто сеникидир Инсон деган сас.
Сенга қолдирдилар орзу, армонни,
Лекин борлиқ ўзи сеники эмас.
Абад сеникидир меҳнат заҳмати,
Лой билан, қон билан қоришиқ дунё.
Сеники, турмушнинг барча кулфати,
Сеники эмасдир роҳати аммо.
Одамлар унутган номус ва орни,
Кашфиёт яратдинг – қуёндек овлар.
Боққин, сен эгарлаб қўйган тулпорни,
Ҳар кун миниб чопар бошқа бировлар.
Мовий кўллардаги мафтункор оққуш,
Сенинг ҳовузингдан учганлиги рост.
Энди у сен учун бамисоли туш,
Сенга буюргани патлари, холос.
Не-не орзу билан қазсанг ҳам қудуқ,
Сенга қултум сувин кўрмаслар раво.
Сен-чи, шукур дейсан, зарра даъвонг йўқ,
Яна бошқа қудуқ ковлайсан, аммо.
Ҳаёт тепкилайди ёқангдан тутиб,
Йиғлайсан ўкиниб, чиқармай овоз.
Гўё биров учун рўзангни тутиб,
Гўё биров учун ўқийсан намоз.
✍2015 йил 22 ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МУҲАББАТ
Ҳаёт мендан аямади неъматларини,
Не истасам берди доим, ҳеч бир тонмайман.
Фақатгина бир ғам ўртар юракларимни,
Мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман.
Болаликдан ўтиб мен ҳам, бўй етиб секин,
Гоҳо пинҳон, гоҳо асов дарёдай тошиб,
Бир ёш йигит севганчалик севдим-у, лекин
Бошқалардай толе менга бўлмади насиб.
Кўнгил шишам бир сўз билан қолганда дарз еб,
Қаламимдан илк мартаба тўкилди ғамлар.
Сен бўлмасанг дунё ўзи менга надир, деб
Ичдим ҳатто талай-талай шеърий қасамлар.
Ўтар экан ҳамма нарса, йўқ экан турғун,
Ҳатто севги неларгадир бўларкан таслим.
Бугун ҳаёт нималиги, севги йўриғи –
Бари маълум, ҳаммасига етади ақлим.
Юрагимда севги изи топилмас асло,
На бир афсус, на бир алам чиққайдир ундан.
Шоир сатрин такрорлайман секин, бепарво:
"Қайтмас энди, умид қилма кетган тўлқиндан..."
Сокингина бўлиб қолган юрагим шундоқ,
Ўтирмайман у кунларни сўкиб, қоралаб.
Энди менга бари бирдир, дейман-у, шу чоқ
Ўзга оташ ахтараман ҳаёт оралаб.
Ёлғиз туриб юлдузларга боқаман гоҳи,
Ё ўзимча туш кўришнинг сирин ўйлайман.
Кайфиятим кўтарганда, тушса нигоҳим,
Тўғри келган ҳар нарсани шеър деб куйлайман.
Баъзан узоқ қишлоқдаги кекса онамга
Юбораман маъниси йўқ, пала-партиш хат.
Ҳамма нарса гоҳо эрмак туюлар менга,
Ҳамма нарса гоҳо осон кўринар фақат.
Баъзан эса ўз-ўзидан кетаман тўлиб,
Титрайман ҳам оҳангларни тинглаб жимгина,
Ўртоқларим ўраб олар юпатмоқ бўлиб:
– Айтгин, ахир, нима сенга етишмас, нима?!
Йўқ, йўқ, ҳаёт аямади неъматин мендан,
Тўрт мучам соғ, дўстларим бор ҳавас қилгулик.
Нолигайман на келажак, на ўтмишимдан,
Иродам бор – келса агар бирор кўргулик.
Фақатгина бир куч бордир, фақат угина
Зор йиғлатар, қилолмайман мен унга тоқат.
Ҳаётимда чақнамайсан фақат сенгина,
Толеимда сен бўлмадинг, бахтли муҳаббат.
Кимга шошай, кимни қўмсаб, кимга сиғинай,
Фариштам, деб оқ ювибу оқ тарай кимни?
Кимни Лайлим, Шириним деб, бахтим деб атай,
Ҳаётим, деб чўққиларга кўтарай кимни?!
Йўқ, йўқ, ўтган муҳаббатни қўмсамайман ҳеч,
Нима керак кулни титиш, бўлмаса учқун!
Наҳот қайта севолмасам! Наҳот энди кеч!
Наҳот энди кўнгал узсам севгидан бутун?!
О, қалбимга сен ҳам ошно бўлсайдинг, севгим,
Айрилиқмас, висол куйлаб қолсайдим ғамда.
Ҳар қандайин аянчни ҳам улуғлар эдим,
Мен ўзимни бахтли дердим ҳар қандай дамда.
Йиғласам-да кулар эдим мағрур ва осон,
Севгим билан зарб берардим ҳар қандай ғамга.
Яна қайта севарманми? О, гар севолсам,
Майли, ҳаёт, бор-йўғингни ташла елкамга.
Ромеодай ўлимга ҳам тайёрман у кез,
Қотиллик ҳам қилай, майли, Отелло монанд.
Фақат сен кел, юрагимда армон бўлган ҳис,
Сенсиз ҳаёт пуч бир нарса, эрмак, омонат...
✍1965.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НАЙ
Яшнарди у адирда дуркун,
Эпкинларга очганча қучоқ.
Келдилару одамлар бир кун
Танасига санчдилар пичоқ.
Айирдилар аввал кўзидан,
Сўнг бағрини олдилар ўйиб:
Етмагандай бу ҳам бўғзидан
Пуфладилар лабларин қўйиб.
Кўрмаганди бунчалар хўрлик
Ҳатто аёз тилганда юзин.
Аламига чидолмай шўрлик,
Нола тортиб юборди узун.
Одамлар-чи, тўпланди шу он
Фарёдига қилолмай тоқат.
Бир қамишни йиғлатиб чунон,
Сўнг ўзлари қилдилар роҳат.
✍️1966
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
УМР
(Хориждаги шеър)
Қалбимда гоҳ ғурур, гоҳида фараҳ,
Шу учқур дунёни турфа кўрибман.
Юртма-юрт, элма-эл, фарсаҳ-бафарсаҳ
Умрим довонларин ўлчаб юрибман.
Умр-ку ўтади гулдурос солиб,
Унинг қайтганини ким ҳам кўрибди?
Во ажаб, қай бир зот, ўз умри қолиб,
Менинг қадамимни ўлчаб юрибди...
✍1973
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БИР МАРТА...
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Тушимнинг ҳаётда ростга дўнганин.
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Ойнинг ўроғига юлдуз қўнганин.
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Отамнинг жимгина йиғлаганини.
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Онанг йўқ, деб бағрин тиғлаганини.
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Янгради Озодлик сўзи дафъатан.
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Ягона бўлганди ўша кун Ватан.
✍️2011 йил 17 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Тоифалар
Сизга баб-баробар ёқмасман сўзсиз,
Гарчи шеър ёзаман ёқмоқ қасдида.
Бирингиз нарвоннинг тепасидасиз,
Иккинчингиз эса унинг пастида.
Бир жойдан чиқмаган фикрингиз асло,
Бирингиз тегирмон, иккинчингиз дон.
Мен-чи, тегирмончи кимсаман гўё,
Гапим уқтиролмай ўртада сарсон.
Бирингизга ёқар офтобли кунлар,
Бирингиз ёмғирли кунга ошиқсиз.
Бирингизда мудом ҳасратли унлар,
Бошқангиз ҳамиша кўнгли очиқсиз.
Сиз шайдо ва лекин фарқингиз анча,
Дилингиз турлидир, ҳатто қоришиқ,
Бир вақтнинг ўзида, урунмай қанча,
Айтиб беролмасман икки хил қўшиқ.
Балки қалбларингиз англамоқ учун,
Йиллар ўтиб кетар секин ва оғир.
Келишиб олгайсиз, иншоаллоҳ, бир кун,
Қолмас орангизда жумбоқ билан сир.
Ҳозир-чи, дардингиз турфадир мутлоқ,
Рози ҳам бўлмайсиз мендан шу фурсат.
Бировингиз учун кўринсам-да оқ,
Иккинчингиз учун қораман фақат.
2016 йил 16 март
✍Абдулла Орипов