Абдулла Орипов
МАЛОМАТ ТОШЛАРИ
Ҳушёр боқ, то фоний умр кечади,
Тегрангда турфа хил тошлар учади.
Бири қора ҳасад ё ғараз тоши,
Бири ёвуз туҳмат ё мараз тоши.
Майлига қай бири келмасин, қачон,
Улардан муддао ҳамиша аён.
Улар сабр косанг тўлдирмоқ бўлар,
Улар умринг гулин сўлдирмоқ бўлар.
Бошимдан ўтганин этсам гар баён,
Ҳушёр боқ уларга ҳамиша, ўғлон.
Ва лекин дунёда ўзга тош ҳам бор,
У сенга етказмас беҳуда озор.
У асло кўксингга ўқ каби ботмас.
Танинг зирқиратиб, бурнинг қонатмас.
Умринг йўлларига бўлмагай у банд,
Ё кўнгил шишасин этмагай парканд.
Сен томон нолакор, қай он етар у,
Ғафлат фариштасин бедор этар у.
Идрокнинг мавжига теккани замон,
У мудроқ руҳингга солгай ғалаён.
У виждон тамали, диёнат тоши,
Маломат тоши бу, маломат тоши!
У балки аликсиз қолган бир салом,
У балки авжида бўлинган калом.
У балки дўстингга очиб дил, юрак,
Тўйида айтилмай қолган бир тилак.
Фарзанди дуч келгай балки аломат,
Жажжи қўлларида санги маломат,
Қабр тепасидан тош ҳайкал боқур,
Олис хотиралар гулханин ёқур.
Сен унга сўнгги дам эгганмидинг бош,
Оҳ, нечоғ шафқатсиз тош эрур бу тош.
Инсоннинг то фазлу фалокати бор,
Унинг бир-бирига маломати бор.
Ташрифга кўз тиккан беморлардан то
Шоҳлар дилигача маломатдир жо.
Бахтсиз кимсаларнинг кўздаги ёши,
Асли, яратганга маломат тоши.
Жанглардан қайтмаган фарзанди учун
Оналар дилида маломат тугун.
Қадим одамзодга неча минг замон
Маломат тошлари ҳамроҳ ҳар қачон.
Асрий кошонага то офат келур,
Нолакор мозийдан маломат келур.
Минг йиллаб самога боқди одамзод,
Фалакдан тилади мадад ва имдод.
Ва лекин топгани фалокат бўлди,
Шул сабаб ҳар сўзи маломат бўлди.
Чорасиз Машрабнинг қиёмати бу,
Инсоннинг худога маломати бу!
"Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди!"
Бу — етим Ғафурнинг маломат банди.
Ҳануз сарҳадлардан ғамгин сас келур,
Маломат тошлари басма-бас келур.
Одамни маҳв этур фарзанди одам,
Одам эрур аммо томошабин ҳам.
Етим гўдакларнинг кўздаги ёши,
Бу — жумла жаҳонга маломат тоши.
Гар буюк замонга фарзанд эрурмиз,
Адолат бирла гар пайванд эрурмиз.
Одам қадри магар буюкдан буюк,
Лекин қай дилларда маломат тугун.
Не деб сўзлаганкин, боқиб биз сари,
Безабон Ойбекнинг ҳорғин кўзлари?!
Сарғайган саҳфалар аро боқиб тек,
Қодирий қабрини сўрар Отабек.
Йироқ соҳилларда таралиб оҳи,
Кезар Альендининг қонли арвоҳи.
Ҳа, қону тер билан йўғрилиб кам-кам,
Шундоқ барпо бўлди даврон муҳташам.
Ҳар лаҳза мозийга гарчанд кетажак,
Лекин олдда бизни кутар келажак.
Гар қолур биздан ҳам эзгулик, карам,
Лекин дегайларми бизни мукаррам?!
Мудроқ виждон учун, сохта шон учун,
Беҳуда тўкилган қанча қон учун,
Заминнинг тузалмас жароҳати деб,
Мовий дунёларнинг ҳаловати деб,
Бир кун эгилмасми одамзод боши,
Бизга ҳам ёғмасми маломат тоши?
О, буюк мавжудот, ҳазрати инсон,
Сенинг аслинг гоҳи ғафлати инсон.
Гоҳи сен баркамол бўлиб кўриндинг,
Гоҳи бечораҳол бўлиб кўриндинг.
Юлдузин бошингдан сочса ҳам само,
Гоҳо ўз қадрингни билмадинг, аммо.
Эзгулик йўлида ҳар битта қадам
Раҳмат муҳри эрур сенга, эй одам!
Олам узра букун қўтармишсан қад,
Унутма, буюксан, буюксан беҳад.
То кезар бошингда ҳиммат қуёши,
Сенга ёғмаса бас, маломат тоши!..
✍1976
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
"Ранжком"
1988 йилда Абдулла Орипов "Ранжком" деб номланган драматик достон ёзади. Яъни "Ранжитиш комитети" .
Достон қайта қуриш даврларини ичига олиб, турли ташкилотларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг чиркин қиёфасини кўрсатган. Асарда лирик қаҳрамон фаррош кампир образида, шоир ўз кечинмаларини, дардларини баён этган десак хато бўлмайди. Назаримизда, бугунги кунда ҳам асар ўз долзарблигини йўқотмаган.
Асарни режиссёр Ҳамид Қаҳрамонов моҳирона саҳналаштирган. Эътиборингизга қуйида "Ранжком" драматик достонинг саҳна кўринишини илк маротаба эълон қилаяпмиз.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТУЙҒУЛАР
Дунё ишларига боқиб ҳайрон, лол,
Шогирд устозига берди-ку савол:
-Мудом ўтганларни ёд айлагаймиз,
Ёд айлаб, руҳларин шод айлагаймиз.
Деворларга осиб чўгирмасини,
Ўтказамиз етти, йигирмасини.
Сўнгра қирқи бўлар, йили бўлади,
Кетгандан қолганнинг кўнгли тўлади.
Чорлаб мамлакатни эҳсон ошига,
Байтлар ҳам битамиз қабр тошига.
Буларнинг барчаси савоб, албатта,
Тирик бандаларга ибратдир катта.
Инсонлик рутбаси нечоғ муҳташам,
Елкада элтамиз ҳаммасини ҳам.
Бироқ ечолмадим мен бир саволни,
Шарҳлай ололмадим сира бу ҳолни.
Инсонда жам бўлмиш не-не туйғулар,
Улар ҳам туғилар, яшар ва ўлар.
Нечун туйғу ўлса очилмас аза,
Нечун ўқилмайди унга жаноза?
Марҳум бўлиб кетди чунончи виждон,
Кўз ёши тўкмади биронта инсон.
Кимдир ўқ узибди туриб панада,
Меҳр ҳалок бўлди Қўриқхонада.
Меҳрсиз қолса ҳам катта-кичик жим,
Гўё эшитмаган бу гапни ҳеч ким.
Бир ҳакам Инсофдан сўрабди пора,
Кўксига тиғ урмиш Инсоф бечора.
Ҳаё ҳам осибди дорга ўзини,
Биров айтгани йўқ таскин сўзини.
Ҳеч ким парво қилмас бундай заволга,
Устоз, жавоб беринг ушбу саволга.
Кўзларини юмиб валилар каби
Устоз жавоб қилди қимтиниб лаби:
-Аза очилмайди ҳеч кимга агар
Тирикликдан бўлса заррача асар.
Сен бунча ваҳима қилма, болажон
Уларнинг кўплари ҳали чалажон.
Агарда бутунлай топсалар барҳам,
Бўлмасди уларни сўровчилар ҳам.
✍ 2006 йил 25 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЯХШИЛИК ЙЎЛЛАРИ
Яхшилик қилишнинг йўли кўп, укам,
Ёмонлик қилмасанг яхшилик бу ҳам.
Тан бергил ботирнинг жасоратига,
Кўмаклаш йўқсилнинг иморатига.
Ё бир гуноҳсизни ҳимоя қилдинг,
Демак, яхшиликни сен ғоя қилдинг.
Яхши амалларнинг адоғи йўқдир.
Минг йил санасанг ҳам саноғи йўқдир.
Бироқ ҳар чироқнинг бор ўз пилиги,
Яъни, ҳар банданинг ўз яхшилиги.
Сенга бир яхшилик қилайин, укам,
Мазмунини англаб ўкинма ҳеч ҳам.
Мендан узоқроқ бўл, салом ҳам берма,
Исмимни ҳар жойда такрорлаб юрма.
Донолик қилгину чекма азият,
Майли ёмонлайвер келса вазият.
Майли, бир сўз дема, кўзларингда нам,
Йироқдан кузатгин карвонимни ҳам.
Ғанимлар қутқусин бошламасинлар,
Сенинг ҳам дилингни ғашламасинлар.
Мени деб маломат қилмасинлар, то
Сенинг ҳам бошингга ёғмасин бало.
Дунёнинг ишлари шунақа, укам,
Йўллари кўп эрур яхшиликнинг ҳам.
✍ 2006 йил 24 ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САВОЛ
Азизим, пайт келди, кўнглим ёраман,
Инсонман, сен ҳорсанг, мен ҳам ҳораман.
Отинг қамчилама ўзғирман дея,
Сен борган у жойга мен ҳам бораман.
✍️1983
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НИДО
Ҳеч кимсага зор қилма, фалак,
На фарзанду на дўсту ёрга.
Ахир фурсат етганда бешак
Битта калла осилур дорга.
Раво кўрма ҳеч қачон, тақдир,
Биров ёққан оловни, ўтни.
Пайти келса тупроқ ҳам ахир
Қабул қилар битта вужудни.
✍️ 2008 йил 10 сентябрь, Сан-Марино.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СИНОВ
15
Ажабо, дунёда динлар барчаси
Аввалдан келишиб олгандай гўё
Инсоннинг умрини синовдир дейди.
Буни тушунмадим, афсус, кўп замон,
Наҳот маромига етмаган бу фан,
Наҳотки муаллиф ўзин синаса?
Англаш қийин эди унинг маъносин.
Аслида саноқсиз қавмлар аро
Сочилиб ётарди улуғ бир мантиқ.
Майли, ўрганиб ол сен юзлаб тилни,
Лекин тушунмаса дилингни биров
Бу ахир энг оғир синов эмасми?
Чиқсангу илмнинг чўққиларига
Керак бўлмаса гар бировга кашфинг –
Буниси ҳаммадан баттарроғи-ку.
Аллоҳ берган бўлса сенга истеъдод,
Бироқ яшаб юрсанг ҳиссизлар ичра,
Пишириб ермидинг истеъдодингни.
Биз билан тенг бўлгин дейдилар улар,
Олдинроққа ўтсанг еб ташлашади.
Нақадар шафқатсиз бундайин синов.
Яхшиям қўллайди Эгамнинг ўзи,
Азобга қўйса-да эсдан чиқармас.
Мисли ўткир тиғдек чархлаб боради.
Бироқ тугамайди ҳали имтиҳон.
Оёғингдан тортар ҳасадгўй аҳли.
Ёнғоқни талашган маймунлар мисол.
Ўтган даврларни, қатағонларни
Эслайсан ва лекин шукур ҳам дейсан:
Жаҳолат илмни йўқотолмабди.
Худойим бахш этган ирода-ю куч
Бир бор ютқазса-да ўн карра ютгай.
Шу тахлит юксалар тараққиёт ҳам.
Олис фалакларга қадами етиб,
Чумолининг тилин тушунди зако.
Қанча ҳаваскорлар унга халфадир.
Асли камолотнинг чегараси йўқ,
Жамъи сарҳадларни забт этгай инсон.
Фақат Парвардигор қўллаб турса бас.
Сен эса, кичкина қаричинг билан
Ўзинг тенгиларнинг бўйин ўлчаб юр.
Ундан баландроғин эплай олмайсан.
Пайт етиб, нокомил ўтмишинг эслаб,
Ногоҳ дуч келарсан надоматларга.
Шунда сен учун ҳам бошлангай синов.
✍2012 йил 9 апрель
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАРАҚҚИЁТ
Овчилар мақтанган қадим замонда
Бўза ва носвойнинг кайфини суриб:
— Фалон йил, фалон пайт, фалон довонда
Энг катта олқорни олганман уриб.
Энг юксак чўққини забт этган сайёҳ
Ғурур билан деган ўлганга қадар:
— Азиз набиралар, сиз билмайсиз, оҳ,
Мен ўша чўққида қучганман зафар.
Меъморлар ҳам яшар асрма-аср,
Уларнинг фахри ҳам шундан иборат:
— Мен бунёд этганман энг юксак қаср,
Менинг ижодимдир энг зўр иморат.
Тараққиёт экан, замонлар келиб,
Орзу босиб кетди бутун оламни.
Ҳозир мақтанишар: — Қўйингиз билиб,
Мен бадном қилганман энг зўр Одамни.
✍1989
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИРИМ
(Ҳазил)
Ким нимани айласа армон,
Қўмсаб келган ўшани азал.
Атаганлар қизни Ўғилхон,
Бу — ўғилга ишора, масал.
Ҳозир меҳр булоғи тинди,
Бу ҳолни ҳам иримга йўйинг.
Қизларингиз туғилса энди,
Номларини Меҳрихон қўйинг.
✍1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СЕН ИЛОҲИЙ.. .
Сен илоҳий фаришта мисол,
Пайдо бўлсанг кўзим ўнгида.
Унутаман ўтмишни дарҳол,
Унутаман келажакни-да.
Бутун фикрим, бутун хаёлим
Ихтиёринг бўлиб қолади.
Телбадурман. Вужудимни бир
Илоҳий руҳ қоплаб олади.
Аммо сен кетасан ва бирдан
Бузилади симобий бу ҳол.
Яна менинг тўрт тарафимдан
Қуршаб келар оғир бир хаёл.
Яна ўтмиш, афсус ва кадар
Оғушига тортарлар мани.
Аммо улар менга бу сафар
Кўринади ғоят беъмани.
✍️1960
@abdullaorifijodi
Абдулла Ориповнинг "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" шеърини Корейс тилида ёзувчи адибларнинг IХ халқаро конгрессида айтиб бердим. 2023 йил 15 ноябр.
Читать полностью…Абдулла Орипов
ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ
Ҳар қандай лашкарнинг ҳам
Ўз туғи, ялови бор,
Сен қайси салтанатдан,
Сен қайси давлатдан кам.
Қўрғонлар қаторида
Бир қўрғонсан устувор,
Валламат, туғдор юртим,
Муҳташам Республикам.
Ўйлайман, ҳа, оламда
Нисбий эрур кўп ҳолат,
Замона ғалвиридан
Ҳар нарса ўтаверар.
Тарих учун ва лекин
Ким ҳам бергай кафолат,
Якка инсон бир йўлчи:
Келару кетаберар.
Қадим-қадим замонда
Юнонлик ҳайкалтарош,
Бир санъат яратибди,
Мақсади — бир бурда нон.
Ҳайкал эса асрлар
Синовига бермиш дош,
Бугун уни кўкларга
Кўтарар буткул жаҳон.
Кўзни каттароқ очиб
Боқсанг бу муаммога,
Алам қилгулик қадар
Кам яшар инсон зоти,
Фақатгина халқ соҳиб
Бардавом бу дунёга,
Асрагай ҳар қас номин
Фақат халқнинг ҳаёти.
Санасанг ҳодисот мўл
Ўзбекнинг тарихида,
Ҳар бирига бир нома
Ёки достон битгулик.
Не зотлар оқмаган бу
Асрлар ариғида,
Ҳар бири битта халқнинг
Ғурурига етгулик.
Барчага аён эрур
Мен айтган ушбу гаплар,
То ҳануз асабларни
Эзғилар бу шум ўтмиш.
Мозийга ўқтин-ўқтин
Сочсак ҳамки ғазаблар,
Лекин айтинг, ўзбекнинг
Қўлидан ким ҳам тутмиш?
Бир куни ёвқур шоир
Яъни Турди Фарғоний,
Бўлтак бўлган бу халққа
Бирлаш деб қилди хитоб.
Бежавоб қолаберди
Унинг дардли сўроғи,
Ўша-ўша замин кар,
Ўша-ўша гунг офтоб.
Бугун зимдан назар сол
Сен мана бу байроққа,
Майлига бир дақиқа
Унутгин турфа кекни.
Шу байроқ номимизни
Элтди йироқ-йироққа,
Шу байроқ бирлаштирди
Пароканда ўзбекни.
1984
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Барча талабаларни 17-ноябрь Бутунжаҳон талабалар куни муносабати билан табриклаймиз!!!
Абдулла Орипов
ИКАР1
(Талабаларга)
Фазога илк бора қанот қоққанни
Икар деб атамиш хаёлан инсон.
Ўзини беаёв ўтда ёққанни
Унутмай юради абадий жаҳон.
Икар битта эмас, йўқ, битта эмас,
Саноғи юлдузлар мисоли катта.
Кимки илк савобга из очдими, бас.
Шу йилнинг Икари бўлгай, албатта.
Яроғим йўқ дея илк бора қўлин
Саломга чўзган ҳам Икар аталгай.
Тарк этиб ғордаги асрий манзилин
Илк чайла тузган ҳам Икар аталгай.
Икардир Прометей номини олиб,
Ўт излаб худолар қошига борган.
Икардир илк севги домида қолиб
"Яллама ёрим"ни куйлаб юборган.
Одамзод бошидан ўтиб не кунлар,
Икарсиз қолмаган лекин ҳеч қачон.
Бировин жигарин чўқиб қузғунлар,
Бирови ўтларда ёнган беомон.
Гуллар майдонида анқийди ҳануз
Жасур Брунонинг жизғанак дуди.
Ёвқур Спартакка бурайми ё юз,
Ё раб, Икар зотин борми ҳудуди.
Нурга, рўшноликка бахш этиб ўзни
Не зотлар ўтмади қадимдан қадим.
Не ажаб, ҳаттоки Гулсара қизни
Икар деб аташга айласам жазм.
Жасорат тимсоли Икардир абад,
Жисми гар ўтларда кетгандир ёниб.
Музаффар фазогир учаркан баланд
Замона Икари деймиз қувониб.
Эй, менинг давроним, ўзинг босабот
Кўкда ҳам кўкрагинг кериб турибсан.
Ҳар қадам, ҳар зумда битта кашфиёт,
Бесаноқ Икарлар бериб турибсан.
Инсон даҳосига борми ҳад-ҳудуд,
Соат чиқ-чиқидек тин олмас дунё.
Одамзод ғор ичра қоларди маҳдуд,
Ўша — бир Икари бўлмаса, аммо.
Замину замонда ўзингсан ғолиб,
Эй, менинг диловар, оловқалб укам,
Сен ўзинг устозсан, сен ўзинг толиб,
Сен ўзинг армоним, умидларим ҳам.
Сен борсан — бу даврон дастурхонида
Офтоб ҳам бамисли қўрдан чиққан нон.
Сен борсан — нур порлар юрт осмонида,
Сен борсан — собитдир бу қадим жаҳон.
Замон қўлларингдан тутмишдир бу кун,
Ўлмас боболарнинг руҳи бўлсин ёр.
Арслон жуфтгарчиси1 каби ва лекин
Обрў юқи билан яшама зинҳор.
Ҳаққинг бор, дилингда аждод ғурури,
Устозлар қошида, майли, эггин бош.
Унутма ва лекин, улар ҳар бири
Икар бўла олган — асрига йўлдош.
Фахру ғурурингга келмасин малол,
Оқмаган дарёнинг номидир тақир...
Синмас қанот билан — буюклар мисол
Икар бўла олгин ўзинг ҳам ахир!
✍️1978
1.Икар (κκαρος) — қадимги юнон мифологиясида Дедал ва қул Навкратанинг ўғли, ғайриоддий ўлими билан танилган.
2. Жуфтгарчи — шер ва асрлонларнинг емиш топишларида воситачилик қилувчи ҳайвон.
@abdullaorifijodi
УЛУҒЛАРГА БЎЛГАН ЭҲТИРОМ
Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳикоя қилади: – Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида оддий муҳаррир бўлиб ишлаётган пайтларим эди. Бир куни ҳассос шоиримиз, устоз Миртемир домла русларнинг машҳур асари «Конёк-горбунёк» шеърий достонини ўзбек тилига таржима қилиб, олиб келиб қолдилар. Асар ниҳоятда чиройли, қуйма, пишиқ, аслидан ҳам яхшироқ таржима қилинган эди. Сўзлари бир-бирини тўлдириб, бир-бирининг оҳангига мос жаранглар, катта сўз заргарининг қўлидан чиққанлиги яққол кўриниб турар эди. Таржимани йиллик режа дастурига киритиб қўйдим.
Орадан ўн кунлар ўтгач, Миртемир домла таржима тақдиридан бир хабар олайчи, деб келиб қолдилар. Қўлларига папкани тутқаздим. Достонни бир-бир варақлаб кўриб: – Ўқимабсиз-а? – дедилар. Мен ўқиганимни айтдим. У киши, ўқиган бўлсангиз, нега таҳрир қилмадингиз, бирор жойини тузатмадингиз, бирор жойида қаламнинг бирор чизиғини кўрмадим, – дедилар. Мен: – Асар жуда яхши таржима қилинган, буни бирор жойини тузатиш – бузиш бўлади, холос, таржима бенуқсон ва хатолардан ҳоли, – дедим. У киши ишонқирамайроқ қараб турдиларда: – Ўқидингизми ўзи? – деб яна сўрадилар. – Ўқидим, устоз, ўқидим, – деб жавоб бердим. – Йўқ, агар ўқимаган бўлсангиз, кейинроқ ўқиб бўлганингиздан кейин яна бир келарман, ўшанда хато ва камчиликларини айтасиз, бафуржа ўтириб гаплашамиз, маъқул жойларини қолдирамиз, номаъқул жойларини қайта ишлаймиз, – дедилар. Мен: – Ўқидим, устоз, бирор жойига қалам теккизишга ҳаддим сиғмади, агар ўқиганимга ишонмасангиз, қўлёзмани ушлаб туринг, мен бутун достонни бошдан охир ёддан айтиб бераман, – дедим. Миртемир домла ҳайрон бўлиб қараб турдилар. Юзларида ҳазиллашаяптими ёки лоф ураяптими, деган таажжуб бор эди. Шунда шартта ўрнимдан турдиму, хона ўртасига бориб, достонни бошидан охиригача ёддан айта бошладим. Миртемир домла достонни охиригача эшитди. Баъзи жойларига лаблари пичирлаб, қўшилиб турдилар. Ниҳоят, асарни ҳақиқатан ҳам ўқиганимга ишониб, ёд олганимга тан бериб, мамнун жилмайдилар. Бу жилмайишда ўз таржимонлик маҳоратларига ўзлари тан бериши ифодаси зоҳир эди. Шунинг баробарида менинг устозга бўлган эҳтиромимга тан бериш ифодаси ҳам бор эди. Бу воқеадан кейин узоқ йиллар Миртемир домла билан ота-боладай қадрдон бўлиб юрдик.
Муҳаммад ИСМОИЛ
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Абдулла Орипов
Менга хуш хабар айт...
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Дарду машаққатлар ўтгайдир бари,
Ўксима, оёққа тургайсан, деб айт.
Умрингни фараҳбахш, тотли онлари
Ҳали олдиндадир, кўргайсан, деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Дўстларинг бордир-ку ҳали дунёда,
Сени кулфатларда қолдирмас деб айт.
Ёвузлик бўлса ҳам ҳаддин зиёда
Сени чангалига олдирмас, деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Олис муҳаббатинг сўнмаган ҳамон,
То ҳануз унутмай юрибди дегил.
Сарғайган дафтарин варақлаб пинҳон,
У сени тушида кўрибди дегил.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
✍️2008 йил 7 июнь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КОМИЛЛИК
Хоҳлайсан, барчага баробар ёқсанг,
Ҳолбуки, бу ишга чора йўқ ҳеч ҳам.
Ҳар қандай одамга синчиклаб боқсанг,
Аён бўладики, озроқ жойи кам.
Озроққина камлар кўпдир оламда,
Ҳангома бу билан битмайди бироқ.
Ҳатто энг мукаммал деган одамда,
Аён бўладики, бир оз ортиқроқ.
Худойим, не учун қилмадинг карам,
Нечун комил эмас ақлим, юрагим.
— Агар сен мукаммал бўлсайдинг, бандам,
Унда қолмас эди менинг керагим.
✍1998
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МОМО
Мен кўргани келдим атайин,
Ҳозир сенсан энг қадимги жон.
Набирангдек тинглаб ётайин,
Афсоналар айтгин, моможон.
Айтгин, одам боласи бир вақт
Инсоф билан яшаганлигин.
Ҳалол ва пок, фақат ва фақат,
Ўз ошини ошаганлигин.
Инсонларда садоқат, вафо,
Бир замонлар бўлганини айт.
Ўзи очу кўзлари аммо,
Меҳр билан тўлганини айт.
Бандаларни маккорлик, кибр,
Кемирмаган, емаган дегин.
Бошларига тушса ҳам шамшир,
Ёлғонларни демаган дегин.
Мен кўргани келдим атайин,
Ҳозир сенсан энг қадимги жон.
Набирангдек тинглаб ётайин,
Афсоналар айтгин, моможон.
Тилагингдан баҳра олсин то
Оқми, қора — жамики одам.
Эзгулик деб сен қилган дуо
Ерда қолмас, момо, сира ҳам.
✍2015 йил 12 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ШОШМАСЛИК ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Заминга шошмасдан қадам қўй, бўтам,
Шошмасдан айланар ернинг ўзи ҳам.
Шошмасдан назар сол чексиз самога,
Шошмай қулоқ тутгил куйга, навога.
Мозорлар ёнидан шошмасдан ўтгин,
Ёрни кутар бўлсанг, шошмасдан кутгин.
Гулларни узишга шошилма бир оз,
Кўргил, ғунчалар ҳам шошмай қилар ноз.
Авлод-аждодинг ким? Шошмай фикр қил,
Шошмай сўз дегилу шошмай зикр қил.
Шошқин дарёман деб вақт-бевақт тошма,
Уммон бўлмоқликка айниқса шошма.
Ҳукм чиқармоққа шошилмасанг бас,
Шошганда бирдекдир кас билан нокас.
Дўст излаб ҳар қайда шошилма, қўзим,
Барчани дўст атаб шошган мен ўзим...
Шошмагин ғанимдан олай деб қасос,
Шошмасликнинг ўзи зўр туйғу олмос.
Ахир, боболар ҳам шошмай деганлар:
Ҳумоюн овлайди шошмас мерганлар.
Афсус, умр ўзи шошар доимо,
Шул сабаб номини дерлар: бевафо!
Бироқ шундай ҳол бор, шундай фурсат бор,
У фурсат дастингдан кетсин ихтиёр.
У фурсат белингни дафъатан боғла,
Ўзингни тирноқли шер каби чоғла.
Унут гулларни ҳам, булбулларни ҳам.
Улфату шайдойи кўнгилларни ҳам.
Отинг эгарланган, чақмоқ сингари,
Шай бўлгин у маҳал, боққил илгари.
Элинг мадад сўраб инграгани он,
Шошилгин ўша пайт, шошилгин, ўғлон!
✍1989
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАСАДГЎЙ ҲАҚИДА
Ўзи оддийгина,
Кам йўқ ишида,
Тонналаб кўмир бор
Лекин ичида.
✍️1983
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТУРМУШ ТАШВИШЛАРИ
(Ҳазил)
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари,
Биз сендан баландроқ тура олсайдик,
Биз сендан баландроқ юра олсайдик,
Балки ўнғаярди дунё ишлари,
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Хотин иш буюрар,
Бола йиғлайди,
Боғча деб қайгадир югурмоқ даркор.
Балки шу ташвишлар бўлмаса эди,
Шоир бўлармидим анча улуғвор.
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Қассоб оғайним бор —
Қароқчи — "пират".
Суякни қўшмаса кўнгли тўлмайди.
Ахир, қофияни еб бўлмас "брат".
Наҳот сен бўлмасанг турмуш бўлмайди,
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Улуғ режалар бор менда ҳам ахир,
Хусусан, бир ишни битказмоқ даркор.
Унда қаҳрамоним ёвқур фазогир.
Кошкийди, сен шуни билсанг, нобакор
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Шириндир шу ҳаёт,
Холи фироқдан.
Майли, битмасин ҳеч унинг ишлари,
Ҳаволаб кетсак гоҳ
Тортсин оёкдан,
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
✍1973
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЭЛИМ ДЕБ ЁНГАЙДИР СОҲИБ ЖУРЪАТЛАР
Тўйни ортга сурди қай кун хотининг,
Деди: — Куёв томон сабр этиб турсин.
Сабаби нимадир — сезар ботининг,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Ўғил улғаймоқда, тор келмиш бошмоқ,
Янгисин олишга имкон йўқ бироқ.
Дейсан: Маошгача чидагин, ўртоқ,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Гап-гаштак хос қадим қишлоқ, шаҳарга,
Улфатлар йиғилар норин ошарга.
Навбатинг келганда қочдинг сафарга,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Номинг гар оламни қўяр гангитиб,
Ўзини билганни ҳолин танг этиб.
Кабобпаз йўлингни ўтди чангитиб,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Қўшнинг чўнтагида йўқдир ҳеч вақо,
Уй қураман дейди, сир бермай аммо.
Суврати подшо-ю, сийрати гадо,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Ҳатто Каъбада ҳам кўрганман бир бор,
Бойга чой таширди машҳур санъаткор.
Раббим, бундай кундан асрагин зинҳор,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Бошига тушса гар мушкул фурсатлар,
Элим деб ёнгайдир соҳиб журъатлар.
Бир-бирин қўллагай ҳатто давлатлар,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
Толеда борини сен ҳам кўргайсан,
Бир кун тўқчиликка юзни бургайсан.
Ўшанда шеъримни эслаб юргайсан,
Йўқчилик ёмондир, йўқчилик қурсин.
✍1990
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТОЙЧОҚ ВА ЎҒЛОН
Тойчоғингни авайлагин,
Азиз йилқибон,
У тулпорга айланади,
Вақт ўтиб ҳали.
Минглаб одам оёғига
Қалқар бегумон,
Майдонларда келбатини
Кўрган маҳали.
Ота, сен ҳам дуолар қил
Ўғлонинг учун,
Боланг балки ўспириндир,
Балки жуда ёш.
Эҳтимол, у юрт сўрайди,
Улғайиб бир кун,
Валлоҳ, сенинг ўзингга ҳам
Бўлғусидир бош.
✍️ 2015 йил 23 сентябрь, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОДАМЛАР
— Эй, йўловчи, бўла қол қўноқ,
Уйда борин кўрамиз баҳам.
Тағин ўзинг биласан, бироқ,
Қош қорайди, йироқдир йўл ҳам.
Йўлчи қолар овулда, мезбон
Келтиради топган-тутганни.
Отамлашар сўнгра икковлон
Ёдга олиб ўтган-кетганни.
Ҳорғин йўлчи мудрар ичиб чой,
Чўзилади мезбон ҳам аста.
Тонгда йўлчи товуш қилар. — Ҳой,
Мен кетдим. — қол! — Раҳмат.
Шу бас-да!
Ажралишар, улар ҳаттоки
Исмларин сўрашмаслар ҳам.
Улар қайта учрашар балки,
Балки қайта учрашмаслар ҳам...
✍1963
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИЛТИЖО
Юзларингни майлига яшир,
Керак эмас, нозлар, имолар.
Гўзалликнинг қошида ахир
Чўкка тушган ҳатто худолар.
Кимга фойда беҳуда жунун
Ва дунёга ғавғо солишдан.
Айрилиқдан қўрқмасман бу кун,
Мен қўрқаман севиб қолишдан.
✍️1970
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БЎЛДИЛО
Дедим: Ёшлигимни қайтиб бер, замон,
Деди: У гулларинг пайҳон бўлдило.
Дедим: Тик қилсанг-чи қаддимни, даврон,
Деди: У тоғларинг сайҳон бўлдило.
Фалакка етмади чеккан унларим,
Тийра кундузларим, қора тунларим,
Бахтиёр, беармон кечган кунларим
Энди тутқич бермас жайрон бўлдило.
Йиллар жароҳатин борми давоси,
Бормикан Луқмони, борми Синоси.
Муҳаббат мулкининг нозик биноси
Ҳижрон сели ила вайрон бўлдило.
Бахтга зор бўлсам-да куйладим бахтни,
Саробга термулиб, бой бердим нақдни.
Гоҳида сомондек совурдим вақтни,
Кўрганлар тамоми ҳайрон бўлдило.
Сув излаб, қумларга дуч келдим баъзан,
Мадад беролмадим дўстга дафъатан.
Ёвларим қуршади мисоли тикан,
Не-не орзуларим армон бўлдило.
Бу фоний дунёда мен ҳам бир сайёҳ,
Гоҳида шошилдим, шошилтирдим гоҳ,
Асл манзил экан у Олий даргоҳ,
Қолгани шунчаки сайрон бўлдило.
✍2002 йил, сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САН-ФРАНЦИСКОЛИК ТАЛАБА
БИЛАН СУҲБАТ
(Оқ шеър)
Менинг гапим билан дунё ўзгармаса,
Сенинг гапинг билан дунё ўзгармаса,
Унинг гапи билан дунё ўзгармаса,
Аҳвол шундоқ экан, деб жим ўтира берсак —
Яхшими?
Қуёш бир кишиники эмас, шубҳасиз,
Юлдузлар бир кишиники эмас, шубҳасиз,
Ой ва ер бир кишиники эмас, шубҳасиз,
Модомики, шундоқ экан, нечун бу талотўп —
Нечун бу шўриш?
Сталинградда ҳалок бўлганларнинг,
Сонмида ҳалок бўлганларнинг,
Сабра-Шатилада ҳалок бўлганларнинг,
Яшашга ҳақлари бормиди, ахир?
Бор эди, шаксиз!
Билъакс ҳайқирмоқ керак — жим ўтиргандан кўра,
Тирикликни талаб қилмоқ керак — жим ўтиргандан кўра.
Бақирмоқ, ҳа, бақирмоқ керак — жим ўтиргандан кўра.
Бақир, ҳа, бақир, қулоқлари батанг бўлсин токи —
Урушқоқ афандиларнинг...
✍️1985
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КОТИБА ХОНИМ
Бирор савол чиқса – майдами ё чўнг,
Раҳбарга айтгин, деб қўймас имоним.
Тўрт ёки бешинчи уринишдан сўнг,
Гўшакни кўтарар Котиба Хоним.
Ҳали салом-алик қилмасдан аввал,
Сўроқни бошлайди, терговчи гўё.
Қанча тиришмагин, бермайди ҳеч гал,
Дейсан, автоматдан фарқи йўқ асло.
– Отангиз тирикми? Онангиз борми?
Бобонгиз қанақа касалдан ўлган?
Жуфтингиз ишларми ёки бекорми?
Қайси ресторанда тўйингиз бўлган?
Қандай ўтказасиз бўш қолган дамни?
Қачондир СПИДга чалинганмисиз?
Ўлдирганмисиз ҳеч бирор одамни?
Боғчада ҳибсга олинганмисиз?
Сизга тегмаганми лўлининг кўзи?
Маошингиз қанча? – буни ҳам айтинг.
Қаёққа қўнғироқ қилдингиз, ўзи,
Шикоят бўлса гар, бу йўлдан қайтинг.
Энди чиқай, девди танимдан жоним,
Тилига бол бўлсин, оғзига қандлар.
Гапни қисқа қилди Котиба Хоним:
– Хўжайин бандлар.
✍️2015 йил 14 октябрь, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МЕН КИМГА СУЯНГУМ
Бир кун савол берди ёшгина ўғлон:
— Нечун Аллоҳим деб йиғлайсиз нолон.
Дедим, жавобимдан бўлмагин ҳайрон,
Мен кимга суянгум Аллохдан бошқа.
Тинимсиз алдаса муҳит, маконинг,
Тортса оёғингдан дўсту ёронинг.
Шундай ўтар бўлса ҳар зум, ҳар онинг,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Ношукур эмасман дунёда гарчанд,
Қайдадир менга ҳам бор балки дилбанд
Ва лекин тириклай куйдирса фарзанд,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Инсофу ишонч ҳам ширин сўз бари,
Тириклик тошқиндир ёки кўпкари.
То ҳаёт экансан қочгайдир нари,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Шунчалар каж эрур дунёи гардун,
Ундан диёнатни ахтармоқ нечун,
Падар шод ўз ўғлин бағрин этса хун,
Мен кимга суянгум Аллохдан бошқа.
Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни,
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллохдан бошқа.
Бу кўҳна дунёда яшадим нега,
Яйдоқ от мисоли бўлдим беэга.
Маломат қилурман, оломон, сенга:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Мендан ранжимасин бўлса дўст агар,
Балки уларнинг ҳам дилида кадар,
Ҳойнаҳой мендайлар дегай муқаррар:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Умр ҳам охирлаб бормоқда секин,
Энди сарғаймоқда мен эккан экин.
Майли, сен ўзингга суянгил, лекин,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
✍️1992
@abdullaorifijodi