abdullaorifijodi | Неотсортированное

Telegram-канал abdullaorifijodi - Абдулла Орипов шеърияти

2032

Кўзимдан нур кетса... Йиллар шамоли, Учириб кетсалар киприкларимни... Йўқ-йўқ! Эзгу ишнинг йўқдир малоли, Шеърим! Сенга бердим тирик боримни. Каналимизнинг илк саҳифаларини ушбу линк 👇орқали кўришингиз мумкин. t.me/abdullaorif Бот: @OripovAbdullabot

Подписаться на канал

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Сен борсан — мен учун бу ҳаёт гўзал,
Сен борсан — мен учун дилбар коинот.
Сенсиз қолар эдим зулматда тугал,
Сенсиз қолар эдим буткул бемурод.

Сенинг висолингда умрим яширин,
Чечаксан, мен учун асло сўлмассан.
Шу қадар дилбарсан, шу кадар ширин,
Афсус, шундайлигинг ўзинг билмассан.

✍️1975

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

13 ноябрь - Усмон Носир туваллуд куни.
Жойлари жаннатда бўлсин!

Абдулла Орипов

АРМОН
Усмон Носирга

Жажжи бола тинмасдан сира
Акасига ёлворар ёниб:
— Жон акажон, кўрсат биргина,
Жон акажон, бир кўрай қониб.
Акасининг қўймас қўлидан,
Ўртанади ёшгина жони.
Ниманидир олиб қўйнидан
Кўрсатади сўнг акажони.
Гўдак яна ўтмайин фурсат,
Акасига тикади кўзин:
—Жон акажон, яна бир кўрсат,
Кўзим билан кўрайин ўзим.
Тинчитмайди уни бир нафас,
Осилади "жон" деб бўйнига.
Акажони кўрсатиб бирпас,
Яширади сўнг бор қўйнига.
Нимайди у? Маъсум туйғунинг
Оромига сололган ғавғо?
Не бўлса ҳам болакай унинг
Дийдорига тўймади асло.
Нимайди у? Балки бир безак —
Армон қилиб юрган нечалар.
Не бўлса ҳам ўшани гўдак
Тушларида кўрди кечалар.
Нимайди у? Балки бир тугун,
Ё оддий тош, ёки оддий гул.
Не бўлса ҳам ёш инсон учун
Ўша дамда ноёб эди ул.

1965

✍️Абдулла ОРИПОВ

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИТАЛИЯ

Гўзал Италия, мафтункор диёр,
Худойим яратган бетимсол маъво.
Буюк шеъриятинг бўлиб сабабкор,
Ардоқлаб яшадим сени доимо.

Йиллар ўтиб, мана, соғинчим тошиб,
Сенинг тупроғингга келдим мен қайта.
Яшил ўрмонларинг, тоғларинг ошиб,
Мовий денгизингга саломлар айта.

Дўзах ҳар қайда бор ва лекин жаннат
Ипакка ўралган дурдек ниҳондир.
Гар уни заминда ахтарсанг албат
Бири сен, бириси Ўзбекистондир.


Ўтган даҳоларнинг номин этиб ёд,
Кездим кўҳна Римни қадам-бақадам.
Юриб Авиценна кўчасида шод
Ичдим Ибн Сино шарбатидан ҳам.

✍2008 йил 8 сентябрь, Рим.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

УММОН БЎЙИДАГИ ЎЙЛАР

Уммон соҳилида кезаман бедор,
Тонг қолиб Тангрининг мўъжизасига.
Қулоғим тутаман такрор ва такрор,
Ҳаётнинг абадий, ўлмас сасига.

Эзгу дийдор учун айтаман раҳмат,
Мавжларга қўшилиб кетади сўзим.
Тутган бир қўлимдан куёвим Аҳмад,
Бир қўлимдан эса Мавлуда қизим.

Шукурлар дейману кўзим ёшлайман,
Жажжи набиралар меҳрига қона.
Ирим, деб уммонга танга ташлайман,
Зора, қайтиб келсам сен томон яна.

Менинг кўз ўнгимдан ҳар лаҳза, ҳар дам
Асло кетган эмас юртим жамоли.
Узоқ бу уммонда сузиб юрсам ҳам,
Юзимга урилди гўё шамоли.

Ҳамиша ўзингдан олдда бўл, Инсон,
Бу дунё барчага баробар, билгил.
Тепангда турган шу думалоқ осмон,
Шарқда ҳам мавжуддир, тасаввур қилгил.

Аллоҳ даргоҳига рухсатин бериб,
Таклиф этилсайди жами одамзод.
Бошқалар қатори кўксини кериб,
Ўзбек ҳам юрарди мамнун ҳамда шод.

Худо яратмаган сарҳадлар ясаб,
Бандаси орттиргай ўзига малол.
У юксак бўлмади тоғларга ўхшаб,
Кенг ҳам бўлолмади уммонлар мисол.

Ўзга маъволарга келдим мен нечун,
Бегона жойларга меҳримни сочиб.
Олис йўллар босдим сиҳатим учун,
Балки ғавғолардан нарига қочиб

Бир мантиқ ҳаётда учрайди бироқ,
Қошида милёнлар ўйга толгайдир.
Ёмонлик тилаган яшайди узоқ,
Яхшилик қилганлар ночор қолгайдир.

Қўшнининг мушуги эринмай асло,
Бизнинг ертўлада овлайди сичқон.
Ҳозирча туш менга мансубдир, аммо,
У ҳам қўлга тушгай, топсалар имкон.

Афсуслар чекаман Маҳшаргача то,
Унутдим ўз арким кунгурасини.
Нима деяримни билмасдан ҳатто
Чалдим бировларнинг дўмбирасини.

Бугун ҳеч кимсага келтирмас шараф
Ясама шуҳрату сохта савлатлар.
Лекин иймон келтир тегрангга қараб,
Бордир буюк зотлар, улуғ давлатлар.

Жаноб Расулуллоҳ айлаб марҳамат,
Чақирмиш умматин бардош, сабрга.
Дедилар, ўтганни қарғаманг минбаъд,
Тегманг улар ётган гўрга — қабрга.

Мени-ку тириклай маҳв этди булар,
Ҳатто бездирдилар буткул оламдан.
Бундай қабоҳатдан тоғлар ҳам қулар,
Денгизлар шўр тортар бундай аламдан.

Қирғий учиб юрса ҳовлинг узра гар,
Товуқда қоларми бирорта жўжа.
Юртни таладилар неча- неча ғар,
Неча қорача- ю, неча бир хўжа.

Менга ажабланиб қарама, болам,
Ҳамроҳинг бўлолсин бардош ва тоқат.
Мен балки кексайиб, чарчаган одам,
Холислик излаган куйчиман фақат.

Топсам эзгуликни чулғади сурур,
Баробар туюлди ёзим ва қишим.
Адолат қалбимга бахш этди ҳузур,
Бошқа юмуш билан йўқ зарра ишим.

Мудом хаёлимда у қутлуғ аждод,
Муборак тафтлари қуёшлар қадар.
Магарким, уларга эканман авлод,
Нега йўқолайин номсиз ва бадар?

Зурёдим эрурсан ўзинг, набирам,
Олгин юлдузларни қўлингни чўзиб.
Ахир қоним жўшар танингда шу дам,
Нега сен кетмассан мендан ҳам ўзиб.

Бир умр курашдик орзулар учун,
Ҳавойи сўз айтиб, ўртама жонни.
Дунё карвонининг бошида бир кун
Кўрсам етарлидир, Ўзбекистонни.

✍️2015 йил 1 сентябрь, Атлантика

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ЁМҒИР

Ёмғир ёғса шоирлар
Эрк берарлар мияга,
Тайёр мавзу топилди,
Тизарлар қофияга.
Ёмғир ёғса қушлар-чи,
Таҳликага тушади.
Ва лекин севишганлар
Зонтикка ёпишади.
Ёмғир ёғса бемаҳал
Куяр ўзбек деҳқони:
— Ҳосилни поймол қилди,
Етди қанча зиёни.
Женевалик қувонар
Ёмғир ёғмасин қачон:
— Ҳаво анча тозариб,
Яшнайди яна газон.
Аллоҳ барака сочар
Қай фасл, қай палладир,
Ким қандай қабул қилар?
Бу бошқа масаладир.

✍️2015 йил 4 апрель

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ҚИЗЛАРИМ

Ўғил-ку, эгилган қаддингни тутиб,
Қулатмай тургувчи таянч – тиргакдир.
Қизинг-чи, ҳаттоки ўзни унутиб,
Бошга қўниб турган қушдай сергакдир.

Нимани истасанг, пилдираб қизинг
Ўша он олдингга шай қилиб қўйгай.
Унга қувонч эрур борлигинг — ўзинг,
Кўриб кўзи билан меҳрингга тўйгай.

Қайдандир сен томон отилса бир тош
Зарбаси теккайдир энг аввал унга.
Шод бўлсанг, севинчдан кўзларида ёш,
Алёрлар айтади ўша хуш кунга.

Ел тегса, иссиғинг чиқса ногаҳон,
Мисоли ўтда у ёниб кетгайдир.
Йиғласа, фалакка дастлаб, бегумон
Унинг илтижоси бориб етгайдир.

Гўдак чоғиданоқ қўғирчоқ ўйнаб
Ҳаётни яратиш туғма хислати.
Яхлит мўъжиза у, қарасанг ўйлаб,
Жам унда онанинг бор фазилати.

Келгай-ку балоғат ёши ҳам тайин,
Умрнинг мунис бир палласи етгай.
Ўша кун тиззангга қўйиб манглайин
“Раҳмат, Отажон“, деб сени тарк этгай.

Энди-чи, ёнида жуфти муносиб,
Қумридек сайр этиб юриши яхши.
Пайт келиб, боласин бағрига босиб,
Ота, — деб эшикдан кириши яхши.

Қизларим шоҳ байтдир мумтоз ғазалдан
Фаришта юрармиш қиз бор хонада.
Бежиз айтмаганлар азал-азалдан
Қизнинг ҳақи кўпроқ ота-онада.

✍2010 йил 23 ноябрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

“МЕНИ ОЛИБ КЕТИНГ ЎЗ ДИЁРИМГА”

2016 йил 5 ноябрь. Мен доим Абдулла акадан айрилиб қолишдан, уларсиз ёлғиз бўлишдан қўрқиб юрар эдим. Шу кун келиб қолишини ўйласам, ўзимни дарров бошқа нарсаларга чалғитар, бундай хаёллардан қочишга уринар эдим. Лекин сўнгги йилларда Абдулла ака буни сезгандай, буни менга тез-тез такрорлаб, эслатиб турадиган бўлдилар. Аммо барибир мен буни ҳеч ҳам тасаввуримга сиғдира олмасдим, “Бўлиши мумкин эмас...” дердим. Йўқ... мумкин экан... Яратган Эгам ўз ҳукмига сўзсиз бўйсиндирар экан.

Давоми...

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Ориповни хотирлаб ...

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

Ишонч

Табиат, ишончдан айирма сира,
Айирма, ўчмасин дилдан шукуҳинг.
Бенишон йўқолиб кетгандан кўра
Яхши-ку тентираб юрса гар руҳинг.

Тимқора осмонга ой чиқса дилбар
Заминга тўкилса нури сарсари.
Булутлар ортидан боқолсанг агар,
Абадий йўқлиқдан афзал-ку бари.

Сен юрган боғларни бахтга тўлдириб,
Сайр этса шомларда дўст ила ёрон
Уларни ўргилсанг шаббода бўлиб,
Ахир бу толенинг нимаси ёмон.

Бир кун фарзандингнинг ўксик дилида
Уйғонса ғамларни енгган муҳаббат.
Капалак мисоли учиб йўлида
Сен уни қутласанг, ахир, бу не бахт.

Ғамгин ва беиқбол ёринг оҳ уриб
Болишга бош қўяр, кўз ёши тахир.
Сен унинг тушига билдирмай кириб,
Тасалло беролсанг, саодат ахир.

Сен-ки, хор вужудни бир кун, табиат,
Юлқиб оларкансан дилбар ҳаётдан,
Мени шу ишончдан айирма фақат,
Айирма сен мени шул бир бисотдан.

✍Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ЧИДАЙСАН, БОЛАМ

Жисмимни кўтариб турибди тупроқ,
Ернинг устидаман, йўқ зарра нолам.
Ўзи чорлар бир кун бағрига, бироқ
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ҳай дунё, ўзингни бир пулга сотдинг,
Калава топдинг-у учин йўқотдинг.
Мен каби охири ғафлатда қотдинг,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Инсон эзгуликдан топгай фароғат,
Нима зарур унга зулму қабоҳат.
Кимдир уриштириб, қилгайдир роҳат,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,
Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.
Бўғзимда “Нега?” деб қотди бир хитоб,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Дунёга боқмадим мен асло ёвдек,
Гоҳо тўсса ҳамки йўлимни ғовдек.
Ҳар ҳолда, гаплашдик икки соқовдек,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

✍2015 йил 30 март

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

НУР

Нима қолур мендан дунёда,
Фарзандлар-у тўрт-бешта баёт.
Толиқсам-да ҳаддан зиёда,
Сени жуда севаман, ҳаёт.

Фаҳм этарман, не бўлар кейин,
Мармар тошнинг нархи бир тийин.
Қийин, қийин, кетганга қийин,
Сени жуда севаман, ҳаёт.

Туғилгандим меҳрдан гарчанд,
Яшаш учун курашдим ҳарчанд.
Турмуш доим берса ҳамки панд,
Сени жуда севаман, ҳаёт.

Ўз жойига мослашгай янтоқ,
Дарранда ҳам апоқ ва чапоқ.
Кўникмадим теграмга бироқ,
Сени жуда севаман, ҳаёт.

Зимистоннинг юзин терс қилсин,
Умр қадрин билганлар билсин.
Билмаган-чи, кўксини тилсин,
Сени жуда севаман, ҳаёт.

Яшаяпман, Тангрига шукур,
Деразамдан тушиб турсин нур.
Мен шундан ҳам қилурман ҳузур,
Сени жуда севаман, ҳаёт.

✍ 2016 йил 26 август.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

МУТОЙИБА

Дунё кенг, шаталоқ отиш мумкиндир,
Ёки харсанггошдай ётиш мумкиндир.
Эсиргап айтгандек, ҳақиқий дўстни
Сотиб олиб бўлмас, сотиш мумкиндир.

✍2002 йил, сентябрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

БАҲО

Адашармиз майли гоҳо биз,
Беражакмиз холис баҳо, биз.
Ярим дунё қичқирар лекин:
– Асл даҳо, асл даҳо – биз!

✍️2015 йил 16 август, Хьюстон.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

УЧИНЧИ ОДАМ

Инсонлар бир-бирин юрса ардоқлаб
Ўртада восита асли зиёда.
Ҳар икки одамни тургувчи боғлаб
Учинчи Одам бор лекин дунёда.

Учинчи Одам бу — ўзи бир хилқат,
Ўшадир дунёга илк қўйган қадам.
Икковлон ўлжани келтирган фурсат
Ўчоққа ўт ёққан учинчи Одам.

Пайғамбар шаклида у соҳиб қутқу
Бандага худони далолат этган.
Не ўжар шоҳлардан элчи бўлиб у
Гоҳо бош келтирган, гоҳ боши кетган.

Муҳаббат бобида у-ку бир маҳрам,
Унингсиз висол ҳам йўқдир аслида.
Шоирнинг ёр учун битган сатрин ҳам
Ёд олган ўшадир — шеърхон шаклида.

Унинг бир унвони ҳакамдир азал,
Шунчалар муҳтарам учинчи бу зот.
Токи бу оламда меҳр нотугал,
Мен фақат ўшандан қўрқаман, ҳайҳот!

Ахир у эмасми дўстни ғаниму
Ғанимни дўст қилиб қўйгувчи одам.
Магар у бешафқат бошласа ғулу
Дунёга ғавғолар солгай чинакам.

Рўёни рост деса, миттини кабир,
Жанубни Шарқ деса айлаб имолар.
Куфрли дунёда оз эмас, ахир,
Ўшанинг измидан юрган сиймолар.

Учинчи бу одам тирикдир токи
Дунёнинг чайқалиб турмоғи аён.
Серғалва асрда бу зот ҳаттоки
Салтанат шаклида бўлар намоён.

Оламда, аслида, бордир дўст ва ёв!
Орзум шул: покиза кўрсам виждонни.
Кимсанинг номидан кимсага биров
Сотиб юбормаса, дейман имонни.

Қўлларим кўксимда, бетинч, бетоқат,
Таъзимлар қилурман сенга ушбу дам.
У — менми, у — сенми, ким бўлма, фақат
Сенга инсоф берсин, учинчи одам!

✍️1980

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

🎼Мусиқий танаффус🎼

Абдулла Орипов

ЮЛДУЗИМ

Яна сенга тушдию кўзим,
Яна дардим туғилди янги.
Бир пайтлар эдинг юлдузим,
Энди кимга юлдузсан жоним.

Ишонмасдим ҳеч кимга сени,
Асрар эдим бегона кўздан.
Ким ўйлабди ўшанда мени,
Ажралар деб сендек юлдуздан.

Фақат қолиб ширин хотира,
Сендек қизни севганим қолди.
Эслаганда кўтариб фарёд,
Алам билан ёнганим қолди.

Яна сенга тушдию кўзим,
Яна дардим туғилди янги.
Бир вақтлар эдинг юлдузим,
Энди кимга юлдузсан жоним.

✍️ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

"Усмон Носир шундай истеъдод эгасики, бамисоли теккан жойини куйдирувчи оловдир. Шоирнинг ғоят қисқа умрига назар солган киши жуда узоқ ўйларга толиши шубҳасиздир. Чунки бу чақмоқдек умрда бениҳоя катта имкониятлар ёниб кетганлигини кўриб ва ҳис қилиб турасиз. Усмон Носир улуғ ва абадий шеъриятнинг дийдасидан оқиб улгурмаган шабнамдир, у ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир. Унинг шеърлари кўз каби тирик, жонли, тутқич бермас ҳаёт пораларидир. "

Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

МАНЗАРАЛАР

( Италия туркумидан)

I

Қаландар*, мана бу денгизга қара,
Қайнаб ётган ҳис бу, илоҳий туғён.
Жазавага тушар бунда ҳар зарра
Абдуҳошим ғижжак чалганисимон.

Гоҳида жим қолар, тиниқиб, тўлиб,
Хаёлга нималар келмас шу онда.
Денгизни чой тўла пиёла қилиб
Елпиниб ўтирсанг Шоҳимардонда.

II

Қаландар, мана бу ўрмонларга боқ,
Инсоннинг хаёли каби чигалдир.
Бир боқсанг гўёки зангори байроқ,
Бир боқсанг сўзана янглиғ тугалдир.

Чодир қилиш мумкин, иложин топсанг,
Хоҳласанг чойшаб ҳам бўлмасин нечун.
Устига Муюнқум саҳросин ёпсанг,
Яшил чироқ бўлгай сайёра учун.

III

Қаландар, мана бу қирларга юз бур,
Мактаб боласидай саф-саф ғарамлар.
Сиёҳи ялтироқ жўякларни кўр,
Дафтар чизиғидай тарам-тарамлар.

Сибизғада чалиб нотаниш куйни,
Гоҳида ёнбошлаб яйрасанг эрка.
Ва қўйиб юборсанг бир сурув қўйни,
Уни бошлаб юрса, албатта, серка.

IV

Қаландар, тоғларга назар сол-чи тик,
Қатор туяларга ўхшайди гўё
Бири ўркачига сочибди кўпик,
Бирининг чотидан оқмоқда дарё.

Атроф теваракка ғулғула солиб,
Черков қўнғироғи таратар сурон.
Шарқнинг ҳикматларин ортмоқлаб олиб,
Гўё келаётир Ғарб сари карвон.

✍ 2008 йил 8 сентябрь, Рим

@abdullaorifijodi

*Сафдош дўсти Қаландар Абдураҳмон

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

2015 йилнинг 14 июлида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов буюк италиян ёзувчиси Алигьери Дантенинг "Илоҳий комедия" асарини ўзбек тилига қилган таржимаси учун, Италия Республикаси ҳукумати “Италия юлдузи” ордени билан мукофотлаган эди. Орденни шоиримизга шахсан Италия президенти Сержио Матарелла таклифи билан берилганлиги ва бу инсон бугун юртимизга ташриф буюрганлиги бизда фахр туйғусини уйғотаяпти.
Жаноб президент, юртимизга хуш келибсиз!!!!

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Миллат туйғуси, маънавият, маърифат сусайган жойда тараққиёт ҳам пасаяди. Ота боланинг чўнтагини ковласа, бола отанинг ҳамёнига кўз олайтириб турса, катта кичикни, кичик каттани иззат қилмаса - бу катта ХАВФ.

Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ҚАРҒИШ

Оссалар – дақиқа умрингга якун,
Отсалар - дақиқа умрингга якун.
Эл-юрт қарғишидан асрасин Худо,
Авлод-аждодингга етгай у бутун.

✍️ 2007 йил 21 ноябрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

https://telegra.ph/OTAM-DOIMO-TIRIK-11-07

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

* * *
Туғилсанг бахт билан камол ўшадир,
Тарк этсанг оламни завол ўшадир,
Охир чоғ тупроғинг устига келиб
Кимдир ёд айласа, иқбол ўшадир.

Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

СОҒИНЧ

Сени соғинсинлар,
Сен кўп соғиндинг,
Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам.
Дарёдек тошардинг, кўл каби тиндинг,
Фақат руҳинг қолди сен билан ҳамдам.

Афсус, соғинчнинг ҳам бордир адоғи,
Кейин унутилиш, бари абасдир.
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.

✍️ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Бугун, 5 ноябрь Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов вафот этган кун.

Абдулла Орипов

ФАСЛЛАРИМ

Етаклашиб қатор ва қатор,
Йўлдан ўтди етмиш беш баҳор.
У баҳорлар меники эди,
Болам, бари сеники энди.
Йўлдан ўтди ёз билан куз ҳам,
Улар менга бўлганлар ҳамдам.
Иккови ҳам меники эди,
Эгалик қил, сеники энди.
Ортда қолди чаманлар, боғлар,
Йўл сўнгида кўринди тоғлар.
Музликларга бориб етдим мен,
Фақат қишни ола кетдим мен.

✍2016 йил 13 сентябрь, Хьюстон.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ОЛАМ МАНЗАРАЛАРИ


Тунларим бедор ўтди, мижжа қоқмайин гоҳо,
Бир зум ором олмоқни қўмсаб яшадим ҳар дам.
Теграмда ноз-неъматнинг ками йўқ эди асло,
Ва лекин томоғимдан ўтмади бурда нон ҳам.

Қай бир ишга қўл урсам, акси бўлди, во ажаб,
Дўстларимни чорласам, ғанимлар етиб келди.
Бахт изладим бир умр орқа-олдимга қараб,
Ташвиш доим сўрамай, ғовлардан ўтиб келди.

Баъзан эса тушингнинг тескариси бўлармиш,
Ойнинг орқа томонин кўрмаганмиз ҳеч қачон.
Ҳолингга кимдир йиғлаб, кимдир зимдан кулармиш,
Омад белгиси эмиш ойдинда ётган илон.

Йиғлай-йиғлай тугатди қувноқ достонин шоир,
Теракнинг узунлиги йиқилганда билингай.
Ушбу нисбат, чеки йўқ фазоларга ҳам доир,
Нур дастаси зулматда кўзга аниқ илингай.

Чорасиз қолсанг агар, ўкиниб юрма зинҳор,
Сендан ҳам бечорароқ кимсалар кўп дунёда.
Кимдир амал соҳиби, кимдадир бойлик бисёр,
Балки ўшаларнинг ҳам ғами ҳаддан зиёда.

Ҳар ишнинг асосида қиёс ётар, албатта,
Бир ёнда тоғу тошу, бир ёнда турар уммон.
Каҳкашонда зарранинг салмоғи беҳад катта,
Фалакни суяб турган мантиқдир неча замон.

Сизу биз кўриб турган ранг-баранг ушбу ҳилқат,
Эҳтимол ўзга олам аксидир, соясидир.
Инсонни бунёд этган фақатгина Муҳаббат,
У коинот бешигин тебратган доясидир.

✍2016 йил 17 сентябрь, Хьюстон.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ЙЎРИҚ

Дунёнинг ибратли йўриқлари бор,
Ўша бошқаради умр кемасин.
Дўстига меҳрини этганда изҳор,
Ҳеч ким кўкрагидан тепки емасин.

Қанча камолотга етмасин одам,
Асло унутмасин Халлоқ - эгасин.
Ўзини гуноҳкор санасин ҳар дам,
Савоб ишни эса қилдим демасин.

✍2008 йил 10 январь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Бугун, 2 ноябр Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг туғилган кун.

(Ушбу шеър 1999 йил 16 феврал куни Тошкент шаҳрида юз берган террористик воқеалар сабаб ёзилган )

Александр Файнберг

АБДУЛЛЕ АРИПОВУ

Срываю трубку: - Абдулла, живой?!
Ну слава Богу, милый. Слава Богу,
что не умолк певучий голос твой,
и взрыв не оборвал твою дорогу.

Другие не дожили до весны.
Смерть выбрала не нас, поэт, с тобою.
И нам осталось мучиться виною
пред теми, что погибли без вины.

Кто сеет зло, скажи мне Абдулла?
Кому земли и неба не хватает?
Кому желанней пепел и зола,
чем поле хлеба и трава с цветами?

Скажи, ну что им не дает покоя?
Зачем так невтерпеж увидеть им,
как озариться их средневековье
кострами, на которых мы сгорим?

Коран трактуя по своим воззреньям,
пускай ответит нам их грамотей -
уже ль за тем крестьянин пашет землю,
чтоб хоронить в ней собственных детей?

Зачем под нашим синим небосводом
им грезится в горячечном пылу
страну, глаза открывшую к восходу,
назло рассудку обратить во мглу?

...Какие б ни случались перемены,
и как не повернется шар земной,
товарищ мой, сосед Данилов Гена
с работы больше не придет домой.

И здесь бессильно наше состраданье,
напрасны утешения слова.
Три горестные ангелы рыдают -
две дочери прекрасных и вдова.

Пред ними остаемся мы в ответе.
И горечью утрат нам сердце жжет.
Не мы, а строки мечены бессмертьем.
И плачет над страной твой "Муножот".

✍️20 февраля 1999 год.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ВАҚТ

Сен бировга яхшилик қилсанг,
Қайтишини кутмагил асло.
Абадият ёнида, билсанг,
Унутилиш бордир доимо.

Вақт гўёки қилкўприк, ундан
Икки эмас, бир ўтилади.
Сени эслаб унутмай юрган
Одамлар ҳам унутилади.

✍️ 2013 йил 21 декабрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

( "Айрилмас " шеъридан парча)

...Бир ёнда туркманим, қирғиз, қозоғим,
Оролга термулган қорақалпоғим,
Ўзбегим, тожигим — кўзим-қароғим
Жам бўлганда қаторидан айрилмас.

Айрилса айрилгай тоғлар қоридан,
Айрилгай беҳиммат бой ҳам боридан,
Вафосиз айрилгай дўсту ёридан,
Шоир халқи ашъоридан айрилмас.

Қўлга қалам олдим қутлуғ бир куни,
Маҳтумқули шеърин бўлиб мафтуни.
Агар куйлар бўлса Абдулло уни,
Бир умрга шўх торидан айрилмас.

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Ватан — бу каттакон ҳудуд, аждодлар мерос қилиб қолдирган қувонч ва изтироблар майдонидир. Ватан — бу туғилган ва ҳали туғилажак зурриёдларнинг қулоғига айтиладиган азондир. У тилдир, У иймондир! У ўзлигимиздир.

Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…
Подписаться на канал