Абдулла Орипов
МЕНИНГ ҲАСРАТЛАРИМ
Менинг ҳасратларим,
Сизлар бунча кўп,
Инон-ихтиёрим қўлга олгансиз.
Гоҳи ёлғиз-ёлғиз, гоҳида тўп-тўп,
Гўё туғишганим бўлиб қолгансиз.
Бирингиз — боламдан яралган ҳасрат,
Оғрийсиз, эзасиз юрак-бағримни.
Бирингиз - ҳасаддан қолган жароҳат,
Ичимга ютганман заҳримни.
Бирингиз - оғамдек илтифот этиб,
Лекин бегонасан, деган сўздансиз.
Бирингиз — эрта-кеч заволим кутиб,
Ёвуз ният билан боққан кўздансиз.
Бирингиз — туну кун тарқатиб миш-миш,
Дўстларим орасин бузганлардан доғ.
Бирингиз — қўлимдан еб туриб емиш,
Ишонч ришталарин узганлардан доғ.
Қочган ҳам, қувган ҳам Худойим дермиш,
Ҳар кимнинг орзуси — эгарланган от.
Дунёда кўрганинг — кўргулик эмиш,
Балки бут эмасдир ҳасратсиз ҳаёт.
Майли, синовларга дуч келай ҳар он,
Розиман, бахш этдинг ҳаёт нусратин.
Лекин кўрсатмагин, Тангрим, ҳеч қачон
Фарзанд ҳасратию Ватан ҳасратин.
✍2003 йил ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МАЙМУНИЯТ
Туриб-туриб маймун бир кун бошин қашлади
Ва маймуний режаларни туза бошлади.
Деди: — Шукр, ўлиб кетмиш Гулханий бобо,
Демак бизнинг давримиз ҳам келмиш мутлақо.
Крилов ҳам марҳум эмиш аллақачонлар,
Ўзимизга қолган демак энди замонлар.
Не қилсак ҳам қўлимизда инон-ихтиёр,
Бизнинг йўлни тўсолгувчи энди ким ҳам бор?
Шундоқ дея маймун ширин ўйларга борди,
Сўнг таваккал... шоирликни бошлаб юборди.
Маймунона фикрлардан назм тизди у,
Ўрмон бўйлаб кеча-кундуз изғиб кезди у.
Қарасаки ишлар тузук, илҳомлар равон,
Мушугини "пишт" демайди, бирорта ҳайвон.
Маданият соҳасида керак бўлар дер,
Уни бир кун қабул қилди ҳатто жаноб шер.
Сийланди у, ибрат учун унвон берилди,
Маймун эса керилгандан энди керилди.
Ҳайвон зотин менсимайин қўйди у буткул,
Биз маймунлар, деб бошларди нутқини нуқул.
Лабларида камтарона бир мамнуният,
Дерди: — Олам гултожимиз биз маймуният,
Оҳ, инсонлар. Қилолмасман уларга тоқат.
Шу борада маймун чора изларди фақат.
Охир ўйлаб маймун топди шундоқ нақлни:
Инсонларнинг орасида Дарвин, ақлли,
Топинг уни. Улуғ олим бизни алқаган,
Гулханий ҳам, Крилов ҳам биздан тарқаган.
✍️1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Бир ҳазил тўқидим бугун сенга деб,
Чақалоқ йиғлайди нега "инга" деб.
"Инга-инга" сининг маъноси шулки,
Даъво қилаётир "менга", "менга" деб.
✍️1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ШИФОХОНАДА
Ватанни англатай,
Тингла мени тек.
Ҳорижда шифо топ,
Майли бўлиб бек.
Лекин биров сени
Кимсан демайди,
Даволанди,- дейди
Қандайдир ўзбек.
✍️Истанбул 2014 йил 24 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МЕҲРИБОНИМ
Семирсанг семиргину
Озма, дер меҳрибоним.
Қудуқни кўмсанг кўму,
Қазма, дер меҳрибоним.
Ёзувчи бўлсанг агар,
Яхшиси таржима қил,
Ўзингча бирор асар
Ёзма, дер меҳрибоним.
✍️ 2015 йил 21 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДЎРМОНДА КУЗ
Боғимда мушуклар қолдирган эдим,
Дайдиб кетибдилар бечораларим.
Баргларин тўкмоқда дарахтлар қадим,
У билан тўкилар эзгу дардларим.
Сенга салом дейман сўнг бор, беҳижон,
Энди ерга ётдинг, соябоним барг.
Нечун ўксик қолдинг, чинор, жонажон,
Боғларга наҳотки келди боди марг.
Арғувон гулларди бу ерда абад,
Бу ерда куйларди азал булбуллар.
Кушларим, сиз бизни тарк этманг минбаъд.
Тағин очилингиз бизнинг эй, гуллар.
Сира кўз тегмасин қизғин улфатга,
Қишда ҳам яшнайлик самовий ойдек.
Сизни таклиф этар шеърий суҳбатга
Миртемир, Шайхзода, албатта, Ойбек...
✍️1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЧЎЛИ БОБОНИНГ
НАБИРАЛАРИГА ДЕГАНИ
Йиллар, ойлар ўтса, Ватан топса сайқал,
Боғларда очилса сўлмас лолалар.
Шу жойлар чўл эди десак бир маҳал,
Ишонармикансиз, болалар.
Мовий кўллар узра сузса чағалай,
Адирларда кезса оққув галалар.
Шу жойда ҳаёт йўқ эди десак, ҳар қалай,
Ишонармикансиз, болалар.
Бу жойларда ўтган ҳасратли аждод,
Томчи сувга зору кўз ёш жолалар.
Уларнинг ҳасратин шоир этса ёд,
Ишонармикансиз, болалар.
Мен-ку ишонаман, саҳролар гуллаб,
Сизнинг қий-чув билан тўлгай далалар.
Ўшанда, фидойи оталарни эслаб,
Таъзим қилармисиз, болалар.
✍1974
@abdullaorifijodi
АБДУЛЛА ОРИПОВ
" ...Тил фақат ғояларни ифода қилувчи воситагина эмас, балки мустақил кучга эга бўлган қудратли яхлит ҳодиса ҳамдир. Дейлик, асарнинг ғояси бизга ёт эсада, ТИЛИ ниҳоят чиройли бўлиши мумкин. Асарларни ўқиганда тил гўзаллигини, ипакдай майин бўлиб жилоланиб туришни камдан кам учратаман.
Афсус ва надоматлар айтишим лозимки, бизнинг аксарият сўзларимиз "ЛУҒАТЛАР ҚАБРИ" га кўмилиб қолмоқда. Тилимиз қашшоқлашиб бораяпти. Биз луғатимизда ўз ўрнини топган форсча, арабча сўзларни тобора камроқ қўллаяпмиз. Тилимизни сунъий саёзлаштириш давом этаверса, ҳатто менинг шеърларимни ҳам миллатдошларим луғатлар ёрдамида ўқишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Тил бойлигимиздан тўла фойдаланишимиз лозим. Бунда том-том луғатлар эмас, классикларимизнинг асарларидан мадад олишимиз зарур...."
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ГУЛХАНИЙ
Гулханий ўлиб кетиб жуда ёмон иш бўлди,
“Зарбулмасал” аҳли-ку етим қолди бутунлай.
Сўз санъати ажнобий жонзотлар билан тўлди,
Гулханийни менсимай қўйганлар ҳам бирталай.
Қайсидир маҳаллада анжуман бўлди катта,
Мавзуси ғоят жиддий: “Гапирарми ҳайвонлар”.
Бир тўп олим даъвосин маъқуллади, албатта,
Айнан “Зарбулмасал”дан келтиришиб баёнлар.
Бир гуруҳи гапида турди лекин устувор,
Чинакам фаннинг кучи кўтарди яна ялов!
Улар деди, масалан, гапирмас бирор тулпор,
Мушукнинг маърузасин эшитган эмас биров.
Савиямиз шунақа, узр, Гулханий бобо,
Унчалик ёқтирмаймиз қиёслашни, исботни.
Аҳли илм санайди ўзларин етук, танҳо,
Масал, деб камситади сизнинг адабиётни.
Мен ҳам виждон қошида ёлғончи бўлиб қолмай,
Она тилимиз ҳануз сиз билгандек тенгсиз, бой.
Тўтиқушни танишар, чунки у ҳар қайда бор,
От деганда қазини тушунади, ҳойнаҳой.
2015 йил 19 июнь
✍️Абдулла Орипов
21-октябрь, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун!
Абдулла Орипов
ОНА ТИЛИМГА
Минг йилларким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан...
✍1965
@abdullaorifijodi
Янгиликлар 24 | Ҳарбий хизматчилар учун янги фильм тақдимоти
#19oct #uzbekiston24
mtrk.uz | Youtube | Facebook | Telegram | uztv.tv | TV-dastur
Абдулла Орипов
***
Ишлари иғво-ю туҳмат ва риё,
Алдамчи, ҳаромхўр, иймонсиз бало.
Агар уларни ҳам яратган бўлсанг
Кимдан гина қилай энди, эй Худо.
✍️1994
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Йироқ Европада, Охрит баҳрида,
Жаҳон шоирлари жам бўлган оқшом,
Кимдир шеър ўқиди бошоқ ҳақида,
Ризқини таниди ҳамма шу айём.
Фаластинлик шоир арз этди додин,
Мен ҳам инсонман деб, бўлай деб отлик.
Сўнг дарё қаърига отди китобин,
Унинг бир талаби эди озодлик.
Ҳа, нону туз билан тирикдир инсон,
Эркинлик, истиқлол менинг ҳам жоним.
Хайрият, уст-бошинг бутундир, жаҳон,
Пахтангни ўйладим, Ўзбекистоним.
✍1982, Македония
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ФОЖИА
Боласин дафн этган учта суҳбатдош,
Бир давра бўлишиб йиғлашар эди.
Бу ғамга тоғлар ҳам беролмас бардош,
Қалбларин беаёв тиғлашар эди.
Тўртинчи суҳбатдош боласин қучиб,
Қалт-қалт титрар эди: - Бермайман, дея.
Ўлим боқар эди ранги қув учиб,
Эски дарвозани очганча қия.
✍️ 2016 йил 3 февраль
@abdullaorifijodi
Оналар ҳақида гап кетганда, муқаддас ҳаж сафарида Макканинг улуғ шайхи амри маъруфида эшитганим ёдимга тушади:
«Аё, аҳли муслим, сизга икки йўл кўрсатилгандир: сажда қилинг, Аллоҳга ва яна Аллоҳга. Саждага яна бир йўл бордир, у эса Онага ва фақат Онага. Аё, аҳли муслим! Расули акрамнинг ўгитларини такрор қиламизки, шул икки хилқатдан ташқари ҳеч бир мавжудот саждага лойиқ эмас. Пайғамбарларимизга, падари бузрукворимизга ҳам сажда қилинмайди, улар зиёрат қилинади».
Мана, Онага берилган баҳо.
Абдулла Орипов
2011 йил февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Феълини кузатиб содда боламнинг,
Ташвишин ўйлайман чигал оламнинг.
Соддалик яхши-ку, лекин кўпинча
Иши юришаркан қитмир одамнинг.
✍️1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БАНДЛИК
Нафақачи деб билманг мени,
Ғоят бандман, жуда ҳам бандман.
Пойгаларни унутиб, энди
Омоч тортган отга монандман.
Билиб, сезиб юрибман мен ҳам
Атрофимда қанча дўст ва ёв.
Балки қай бир қаламкаш жўрам
Кутиб турар мендан ҳам мақтов.
Ҳар кун бир гап чиқади, шукур,
Муаммолар учрар қадамда.
Чарчамайди ғанимим тушкур,
Йиқитмоқчи бўлар ҳар дамда.
Юмушим кўп, оч қолар ахир
Мен бўлмасам ҳасадгўйларим.
Боз устига тинмас, бесабр,
Қалбимдаги шеърим, ўйларим.
Ҳали мени кутмоқда сафар,
Буюк дўстим – ҳаётга видо.
Аҳволимни тушун, биродар,
Жуда бандман, ба ҳаққи худо.
✍️ 2015 йил 8 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЯХШИЛИК
Ўкинмагил, қартайиб, қариб,
Қолдим дема буткул орқада.
Бир кун берар сенга қайтариб,
Ҳаққинг бўлса олақарғада.
Яхшилигим кетди деб бекор,
Афсус чекмас ҳақиқий эрлар.
Бировидан қайтмаса зинҳор,
Бошқасидан қайтади дерлар.
✍️ 2015 йил 2 февраль
@andullaorifijodi
Абдулла Орипов
МАЛАК
Нечун ўғирладинг ўйу фикримни,
Нечун хаёлимни айладинг сарсон.
Энди мен билмасман борар еримни,
Энди туйғуларим қолди саргардон.
Сени кўргандайман тушимда фақат,
Учиб ўтгандайсан мисоли юлдуз.
Самовий мўъжиза, илоҳий талъат,
Тенги йўқ бир малак, қошлари қундуз.
Насиб этармикан бирор кун висол,
Насиб этармикан тутмоқ қўлингни.
Ва ё ношуд қолган мунажжим мисол,
Пойлаб ўтарманми қайтар йўлингни...
✍️1988
@abdullaorifijodi
Abdulla Oripov – fenomenal ijodkor. Shoirning o‘zi: “Men she’rni sehrgarning tayog‘iday o‘ynatishni Navoiydan o‘rgandim”, deya e’tirof etgan edi. Haqiqatan, o‘zbekning bu ikki buyuk ijodkori she’riyatida hayratlanarli uyg‘unlik bor. Shu haqdagi ayrim mulohazalarimni sizlarga ham ilindim.
Nurboy Jabborov
https://youtu.be/DwhSDiZ1QBQ?si=lH5w_DHIL_V5lH-l
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
...Боболар дунёдан ўтдилар шундоқ,
Биз ҳам етукликка бўлмадик тимсол.
Лекин сен бўларсан бокира мутлоқ,
Лекин сен яшарсан фаришта мисол.
Каҳкашон сайрида ҳур қуёш билан
Кезарсан то абад шодумон, хуррам.
Лабда табассуму кўзда ёш билан
Сенга талпинаман, буюк набирам...
Абдулла Орипов, "Генетика" шеъридан парча.
1973 йил
@abdullaprifijodi
ТИЛГА ЭҲТИРОМ
21-октябрь Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган тарихий кун. Шу муносабат билан қизиқарли ва хикматли бир хангома ёдга келмоқда.
Бу воқеани улуғ устоз Абдулла Орипов сўзлаб берган эди:
- Бир куни Кореяга, бутун дунё шоирлари халқаро анжуманига чақириб қолишди. Борсак, Совет Иттифоқидан икки киши эканмиз. Русларнинг машҳур шоири Андрей Вознесенский ва мен. Русчани унча-мунча билганим учун иккимиз ҳамроҳ бўлиб, қадрдонлашиб юрдик. Анжуман гулдурос қарсаклар билан ўтди. Бироз бўш вақт қолганди, кўча кездик, магазин томоша қилдик, бозор айландик. У-бу оламиз деб чамалаб турсак, бир корейс, бир туфли кўтариб юрган экан, кўзимга жуда чиройли кўриниб, харидор бўлдим. Лекин уни қандай олиш керак, нарх-навоси қанча, савдони қандай пишириш керак. Таваккал деб русча гапириб кўрсам, “Нима деяпсан?-” дегандай “им” қоқади. Ўзбекча гапирсам, тушунмаяпман дегандай, қулоғини тутади. Алай-балай деб, имо-ишора қилсам, бир пайт тутоқиб, бақириб кетса бўладими, оғзидан тупук сачрайди, жаҳл қилади, ўқраяди, ғазабдан юзлари қизариб тутоқади, индамасанг дўппослайдиган важоҳати бор. Нима дейишга ҳайронман. “Ол-э”, матоҳингни деб кетворай десам, кетқазадиган шашти йўқ. Андрей Вознесенский инглизчани билар экан, охири “Нима гап ?”, деб инглизча гапириб қолди. Корейс ҳам эринмай бир инглизчани биладиган одамни топиб келди. У одам бизнинг Совет Иттифоқидан келган шоир эканимизни пойафзал сотувчига тушинтирди шекилли, бир дамда попуги пасайиб, ҳовридан тушиб, чўккалаганча кечирим сўрашга тушди. Туфлини ҳам қўлтиғимга қисиб, “Олиб кетавер, олиб кетавер, бепулга совға қилдим”, дея имо-ишора қилади.
Охир –оқибат сўраб-суриштиришимиздан кейин маълум бўлдики, сотувчи мени корейс деб ўйлаган, “Нега ўз она тилинг бўлган корейс тилини унутиб юбординг, энди сен ҳам одам бўлдингми, сенга туфли хайф, сен хиёнаткор баттолсан!” - деб дарғазаб бўлиб, мендек нобакор болани катта қилган ота-онамнинг гўрига ғишт қалаётган экан.
Андрей Вознесенский исёнкор, миллатпарвар, эркин қарашларга мойил шоир эди. Корейснинг бу хулқ атвори унга жуда маъқул келди. Корейснинг елкасига қўл ташлаб анчайин яхши гаплар айтиб юпатди. Менга ҳам, “Тилни ҳурмат қилишни, миллатни ҳурмат қилишни, ўз она тилимизни йўқотсак бир чақага қиммат одам бўлиб қолишимизни мана шу корейсдан ўрганишимиз керак экан,-деди. Андрей Вознесенский доимо шарф тақиб юрар эди. Бўйнидаги шу шарфни ечди-да, ўз тилига эҳтироми учун, миннатдорлик тариқасида корейсга совға қилиб юборди.
МУҲАММАД ИСМОИЛ
@abdullaorifijodi
"Италияликлар мендан: «Ўзбек тилининг қуввати, бойлиги Алигьери Дантенинг "Илоҳий комедия" асарини таржима қилишга етармикин?!» дея сўраб қолишди. Мен уларга тилимизнинг имкониятлари нақадар кенглигини тушунтириб бердим ва табиийки бу тилнинг имкониятларини билмайсизлар, деб, Навоийнинг «Хамса»сини мисол қилиб келтирдим.
Ҳар бир тилнинг бойлиги ундаги сўзларнинг синонимлари билан боғлиқ. Мен италияликларга шундай савол бердим: — Айтингларчи, сизларда шамолнинг неча хил номи бор? Улар икки-уч сўзни айтишди. Шунда мен уларга шамол, бўрон, довул, ел, насим, шаббода, сабо... деб санаб бердим. Ва, ниҳоят, бобомиз Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул луғотайн» асарига таяниб сўрадим: «Сизлар неча хил йиғлайсизлар? Биз, дедим, мисол учун 19 хил йиғлаймиз. Йиғламоқ, бўкирмоқ, сиқтамоқ, бўзламоқ, инграмоқ, ўкрамоқ, фарёд чекмоқ... Бу сўзларнинг ҳар бири ҳар хил ҳолатни беришини тушунтириб бердим. Шунда улар тилимизнинг қуввати, ифода қудрати, имкониятига тан беришди.
✍ Абдулла Орипов
Абдулла Орипов
КАССЕТА
Набирам кассета қўяр гоҳида,
Узоқдан келади ўктам бир нафас.
Ер-осмон ёнгудек унинг оҳида,
Муҳаббат аталмиш ҳеч ўлмас бу сас.
Баланд қил, кўкларга ўрласин нолам,
Бу менинг навқирон чоғим-ку, болам.
Тағин овоз келар йироқ-йироқдан,
Ватан деб, элим деб тортилган наъра.
Ҳануз нур оламан ўша чироқдан,
Сен ҳам шу Ватаннинг корига яра.
Қоғоз жанггоҳ эди, туғим-чи — қалам,
Бу менинг улғайган йилларим, болам.
Турфа садоларни тургайман тинглаб,
Мана бу суҳбатим, мана бу — достон.
Бари муҳрланиб қолмишдир, ажаб,
Бирида маъюсман, бирида шодон.
Барибир, яшадим шуҳратга ҳамдам,
Бу менинг етуклик давримдир, болам.
Охир эшитилар паришон овоз,
Сўзин англаб бўлмас, бари аралаш.
Ҳар шеър ўқилганда шилдирар қоғоз,
Ўрнимдан қалқаман, кўнглим бўлар ғаш.
Бас қил, юрагимни эзмасин алам,
Бу менинг кексалик пайтим-ку, болам.
✍️2015 йил 14 апрель
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИККИ ҲАМРОҲ
Бир кун ҳамроҳ бўлди менга феъли тор,
Ўтлар чақнаб кетди чеккан оҳимдан.
Дедим: — Дўзахингга майлига юбор,
Ё раб, қутқар мени шу ҳамроҳимдан.
Бир кун ҳамроҳ бўлди бағри кенг сиймо,
Асар ҳам қолмади ўша оҳимдан.
Дедим: — Майли қилма жаннатни ато,
Фақат ажратмагин шу ҳамроҳимдан.
✍️2014 йил 12 июнь
@abdullaorifijodi
Assalomu alaykum Abdulla Oripov nomidagi ijod maktabining aziz bolajonlari! "Zakovat" turnirida erishgan g'alabalaring bilan chin qalbimizdan tabriklaymiz! Qo‘lga kiritgan yutuqlaringizni ko‘rib boshimiz osmonga yetdi. Ilohim, Yaratganning o'zi har doim madadkor bo‘lsin! Shoir buvanglarni porloq ruhi doim qo‘llasin! Ustozlarga alohida o'z minnatdorchiligimizni bildirmoqchimiz. Albatta bu yutuq mehnatingiz samarasidir. Mehribon ota-onalaringizga va barcha ishtirokchilarga alohida rahmat!
Abdulla Oripov oilasi.
...Iste’dod oldida past tushar osmon,
Koinot o‘z sirin aylagay foshki.
Yuksak parvozingga keltirgum iymon,
Sening kamolingni ko‘rsaydim, koshki..
@abdullaorifijodi
Халқимиз мени қадрлади, Қаҳрамон даражасига чиқарди. Бу жуда ҳам муҳим гаплар. Лекин маънавий жиҳатдан қараганингизда ёмғир атрофдан уриб ётган бўлса, мен соябоннинг тагида бўлсам, бу ҳаммаёқ қуруқ дегани эмас-ку? Ҳали ҳам улуғ ишларимизга соя солиб турадиган, ўз халқига яхшилик тиламайдиган, ҳамиша ўзини ўйлайдиганлар бор!
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОҚ КАБУТАР
Меҳнатинг, заҳматинг оғир нечоғлик,
Мен эмас, уйқусиз далалар айтсин.
Ғўзанг чаноғидан учган ҳар момиқ
Халқим, бахт қушидек ўзингга қайтсин.
Майли, шон қайтмасин, тўйдик у шондан,
Бир тишлам нон бўлиб қайта қолсин у.
Ҳеч ким бахт топмади зарҳал нишондан,
Оддий "раҳмат" сўзин айта олсин у.
Кафтларингдан учган шу оқ кабутар
Шарбат ола келсин, ёр ола келсин.
Шўрманглай заминга солсину назар
Гуллаган, яшнаган боғ ола келсин.
Майлига, қиш олди уйма-уй юриб,
Кемтик деворларинг ямаб берсин у.
Болакай кўзида чексиз мунг кўриб,
Ато этсин унга қайтадан ёғду.
Майли кафтларингдан учган ўша қуш
Келин либосига айлансин ҳарир.
У тоза бир ҳаво елписа на хуш,
Жажжи тумшуғида бир ҳидлам атир.
Майлига, қайдадир учраса дўст, ёр,
Олтин ришта билан боғлай олсин у.
Сайёд ҳамласига бўлмай гирифтор
Ҳасадгўй бағрини доғлай олсин у.
Лекин қайларгадир кетмасин дайдиб,
Доим қулоқ тутсин халқим, сўзингга.
Оқ пахта — оппоқ қуш то келсин қайтиб
Интиқ ошёнига — юртим, ўзингга...
✍️1991
@abdullaorifijodi