Абдулла Орипов
ИНСОН ОМИЛИ
Самолётлар қулар,
Кемалар чўкар,
Поездлар изидан чиқиб кетади.
Бу ҳолнинг сабабин қанча изқувар,
Қанча идоралар таҳлил этади.
Кичик мурватгача ахтариб топиб,
Текширар илмнинг неча комили.
Охири бесамар дафтарин ёпиб,
Дейдилар: сабабчи инсон омили.
О, инсон омили, сўнгги сабабкор,
Тангри қошидаги ёлғиз далолат.
Ўзингнинг дардингга ўзингсан айбдор,
Ўзингга юклайсан ўзинг маломат.
Ҳатто надоматинг ўзингга тортиқ,
Чўккан кема билан чўккайми зоринг.
Баридан ортиқдир, баридан ортиқ
Сенинг бир-бирингга берган озоринг.
Ғалва чиқармоққа сен доим шайсан,
Бурайсан тинч турган бошнинг мурватин.
Умринг ўтиб борар, сен-чи яшайсан
Бир шумлик қилишнинг пойлаб фурсатин.
Не-не закий зотлар сенинг дастингдан
Шайтонга коранда бўлгани ҳам рост.
Сенинг макрингдану сенинг қасдингдан
Кимлардир беажал ўлгани ҳам рост.
Улуғ кашфиётлар сеники гарчанд,
Ўзингсан фалакнинг тенгсиз олими.
Бир кун меҳварида замин еса панд
Сабаб бўлмасмисан, инсон омили.
✍ 2007 йил 23 декабрь
@abdullaorifijodi
Рауф Парфи
Абдулла Орифга
***
Мени таъқиб қилар Шоир деган ном,
Чиқмаган китобга унвонлар олдим.
Асло тарк этмади қурмагур Илҳом,
Неки мендан ўтди, Худога солдим.
Қирқ йил шеър ёздим. Эй воҳ, бўлмади,
Роса йигирма йил югурдим, елдим.
Аммо топилмади бирор мард ношир,
Ҳаёт жоми тўлди. Кўнгил тўлмади.
Кўксимни йиртдим мен, бағримни тилдим,
Ай сен, ай олтмишни тепган ёш шоир.
Юзимни, оғзимни ёпди соқоллар,
Сомонлари тешиб чиқди теримни.
Маймунлар йиғлади, кулди шоқоллар.
Сичқонлар еб кетди охир шеъримни.
✍25.09.2000
РАУФ ПАРФИ
@abdullaorifijodi
Рауф Парфининг мазкур шеърлари устоз Абдулла Ориповнинг сўзбоши билан “Тошкент оқшоми” газетасида 1977 йилда эълон қилинган. Ўша даврда Рауф аканинг шеърлари матбуотда деярли босилмаган. Бундан кўнгли тўлмаган устоз Ўткир Ҳошимов ўз қаламкаш дўсти Абдулла Ориповдан Рауф аканинг шеърларига сўзбоши ёзиб беришни илтимос қилган ва ўша сўзбоши билан Рауф аканинг шеърларини ўзи Адабиёт бўлими мудири бўлиб ишлайдиган газетада эълон қилган. Устоз Рустам Худойқуловнинг айтишича, Абдулла Ориповдан сўзбоши ёзиб олиш учун ёзувчи Ғаффор Ҳотамов билан устознинг уйига борган. Бу суратларини Рустам ака Худойқулов Навоий кутубхонасида сақланаётган “Тошкент оқшоми” газетасидан олган.
...
Абдулла Орипов (Рауф Парфининг "Тошкент оқшоми" газетасида 1977 йилда эълон қилинган туркум шеърларига ёзилган сўзбоши): Биз Рауф Парфи билан ёшда ҳам, ижодда ҳам тенгқурмиз. Рауфнинг шеърияти ҳақида бундан бир неча йиллар муқаддам устоз адиб Асқад Мухторнинг айтган илиқ сўзлари ҳеч қачон ёдимиздан кўтарилмайди. Муҳтарам Асқад Мухтор шоирнинг ижоди ҳақида гапириб, "бу шоир ҳис-туйғуларнинг суратини чиза билади", деган эди. Бу орада Рауф бирмунча тўпламларини шеърхонларга тақдим этди. Айниқса, унинг улуғ Нозим Ҳикматнинг машҳур "Инсон манзаралари" асарини ўзбекчалаштиргани диққатга сазовор бир ҳолдир. Умуман, шоирлар кўпайиши тўкинчиликнинг энг олий аломати ҳисобланади.
КПСС Марказий Комитети ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ижодкор ёшларга ғамхўрлик борасида чиқарган қарорлари ёш шоирлар учун табаррук, тарихий ҳужжатдир. "Тошкент оқшоми" саҳифасида ёш ижодкорлар асарлари мунтазам ёритилаётганидан хурсандмиз. Ҳар гал "ХХ аср овози", Адабиёт саҳифаси билан танишиш мароқли.
Айни чоғда менинг ажойиб шоир дўстим Рауф Парфининг бугунги ўзбек совет ёшлар шеъриятида мутлақо ўзига хос ўрни борлигини яна бир карра таъкидламоқчиман. Сафдошим бўлмиш, истеъдодли, ёниқ шоир Рауф Парфининг ушбу шеърларини ўқиб, баҳра топганимдан ниҳоятда бахтиёрман. (имзо: Абдулла Орипов, Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофоти лауреати)
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚУМ СОЧИШ
Кичкинтой набирам лаби пирпираб,
Кичкина ҳасратин очди бир куни:
Ўртоғим қум сочди кўзимга қараб,
Хафа қилмагандим ахир мен уни...
О, болам, бетоқат бўлма бунча ҳам,
Бобонгнинг жонига берсин-да тўзим.
Мен ҳам ундайларни агар санасам,
Йўқотсам бўларди ўзимни ўзим.
✍️ 2007 йил 20 ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲИМОЯ
Бу бир тушдир:
Шеър ўқирмишман
Илҳомимнинг жўшган палласи.
Ташланибди менга дафъатан
Аллақандай итлар галаси.
Қутуришиб, уввос солишиб,
Қилмоқчилар бахтимни ярим.
Атрофимни ўраб олишиб
Чирқирарди набираларим.
Бу бир тушдир:
Чўчитмас мени,
Ахтармасман ҳеч ундан ғоя.
Лекин, аниқ: пайт келса сени
Авлодлар ҳам қилгай ҳимоя.
✍2008 йил 14 ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АНГЛАШ
Тонгларим тийрадир, оқшомлар пурғам,
Бир-бир кетаётир жўраларим ҳам.
Бировин йўлини касаллик тўсса,
Бировин йиқитди ғам билан ғусса.
Бошига тушса ҳам қанчалик савдо,
Ношукур бўлмади улар, ажабо!
Билдимки, нолишни наинки замон,
Аллоҳ ҳам ёқтирмас экан ҳеч қачон.
✍️2004 йил 25 сентябрь
@abdullaorifijodi
Бугун Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги катта драма театрида Ўзбекистон халқ шоири, Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган "Абдулла Орипов" фильмини намойиши бўлиб ўтди. Тадбирда фильм ижодкорлари, фильм режиссёри Музаффархон Эркинов, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова, шоир Шодмонқул Салом ва шоир Абдулла Орипов рафиқаси Ханифахон Мустафаева иштирок этди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Азимов Муротжон Бердиалиевич ижодкорлар билан учрашди.
"Бугун ниҳоят Қорабоғда тарихий ҳақиқат қарор топади!
Туркийлар замини ўз қонуний эгасига қайтади!
Етказганинга шукур!"
Абдулла Орипов
ОЗАРБАЙЖОН
Хаёл оти билан кезгил ҳар ённи,
Топмассан бундайин хушбахт бир онни.
Муҳр этди дилларга тарих инчунин,
Қадим қондошликни — олий эҳсонни.
Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,
Бу кун озар эли Ўзбекистонни.
Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,
Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни?
Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,
Шу инжа озарий тилни, забонни.
Дўстлик бу — муҳаббат янглиғ фараҳким,
Билгай у на ҳадни ва на довонни.
Асли Муқаннага қиёс этгулик
Бобакнинг қалбидан тошган туғённи.
Низомий болидан ҳалво пишурмиш
Навоий забт этиб туркий жаҳонни.
Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,
Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.
Азизим, дилимда асраб юрибман
Насимий қолдирган собит имонни.
Вурғуннинг шеъри деб жон чекса ўзбек,
Озар ҳам аярми Ғафурдан жонни.
Сен билан кечмишнинг жанггоҳларида
Бирга таниганмиз яхши-ёмонни.
Тарих-ку, муҳташам ёдгордир олий,
Сўйлайин шу кунни, айни шу онни.
Қондошлик туғини кўтариб кушод
Тавоб этмоқдамиз гулгун маконни.
Хазар коса бўлсин, яъни жоми Жам,
Сипқаргил, шарафла давру давронни.
Мен сендай мезбонни топмоғим гумон,
Сен ҳам тополмассан мендай меҳмонни.
Мавжуд бўлмасайди оламда агар,
Ўйлаб топар эдим Озарбайжонни.
✍1980
@abdullaorifijodi
Бу йил Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда Эътиборингизга Абдулла Ориповнинг, дўсти Омон Матжон ҳақидаги эътирофларини ҳавола этамиз
Читать полностью…Абдулла Орипов
Юзма-юз шеъридан парча....
....Мезонлар учмоқда, ҳаво биллурдан...
Яна ҳисларимга кел, деб ёлбордим.
Хазонлар тўкилди, мен ҳам қалбимдан
Бадбин ўйларимни қувиб юбордим.
Ажойиб фасл бу: ўйчан, баркамол
Қиздай маъюсгина туради куйлаб.
Мен кузни севаман, кезаркан хушҳол
Олтин Ўзбекистон тупроғи бўйлаб.
Бўғзимга ҳисларим тиқилар яна,
Танҳо тентирайман, билмайман, нечун.
Куйлагим келади, тунлар жимгина,
Гулгун шафақларнинг соғлиги учун.
Кумушранг йўлларда от суриб юрсам,
Шимирсам шабнамдан, куйласам сармаст.
Сўнгсиз водийларга термулиб турсам,
Бепарво оҳуда қўзғасам ҳавас.
Аммо кечалар мен кезсам-да бедор,
Оҳулар қўйнимга кирса-да қиздек,
Менинг нигоҳимни тортади такрор,
Миллион эгатларга сочилган ўзбек.
Гарчанд пахтазорга боқаман мен ҳам
Ва лекин дилимда ташвиш бор менинг.
Майлига, шўх қўшиқ янграсин тилда,
Рангпар сингилгинам, ўйлайман сени.
Кузги райҳондайин маъюс ўсдинг сен,
Табиат бермади билагингга куч.
Ўзингдай одамга қаллиқ тушдинг сен,
На соғлиқ, на ёрдан ялчимадинг ҳеч.
Мен сени ўйласам, синглим — рангпарим,
Гоҳо тўлғонаман сўзсиз, ҳасратда.
Сен унда тер тўксанг, синглим, жигарим,
Мен нечун юраман ахир ишратда?!
Йўқ, рангпар бўлмасин ҳеч ким ҳам, йўқ, йўқ!
Сингиллар полвондай юрсинлар бардам.
Ва лекин табиат бермайди ҳуқуқ
Полвон деб уларни унутмоққа ҳам...
Сенинг қаторингда она халқ бордир:
Сен каби меҳнаткаш, сен каби суюк.
Унинг ташвишини унутмоқ ордир,
Уни унутганлар — тўнкадир, куюк.
Сингилга — халқимга боқсам доимо
Улуғ келажакни айладим орзу.....
✍️1964
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КУЗ ХАЁЛЛАРИ
1
Қорайганда узоқ тоғларнинг қори,
Боғларга чўкканда оқшомги туман,
Совуқ куз елидан жунжикиб, нари
Очиқ айвон остин этганда маскан,
Дўстгинам, хаёлан қучаман сени,
Хазон даврасида кутаман сени.
2
Бунда бари гўзал: тим қора оқшом,
Юлдузлар боқади тунд ва ёввойи.
Қамишзор, шовуллаб тургувчи сой ҳам
Совуқ ва ёқимли: шундоқ анвойи,
Уларга боқаман, тўнаман баъзан,
Ширин бир хаёлга чўмаман баъзан.
3
Нимани хоҳлайман? Истагим нима?
Чангалзор шовқинин тинглаб тураман.
Япроқлар бандида кезган жимгина
Маъюс ва безовта кузни кўраман.
Унинг қўшиғида, унинг оҳида
Сезаман одамзод қалбин гоҳида.
4
Унга бари бирдай ҳаёт ва ўлим,
Гўёки кекса чол сўнгини ўйлар.
Ва секин силкитиб каҳрабо қўлин
Кўрганин-билганин бирма-бир сўйлар.
Бир ҳикмат ўқийман хазонларда мен:
''Яшагин-у, бироқ япроқ бўлма сен".
5
Мангу яшилликнинг маскани қайда,
Қайдадир хазонни билмаган баҳор?
Нечун у ҳовлиқиб оққувчи сойда
Чавандоз умрнинг қайтмас сеҳри бор?!
Нечун уйғонади қайтадан баҳор,
Нечун инсон умри бўлмагай такрор?..
6
Мени саволларга кўмар дафъатан,
Хазоннинг тақдири, сўнгги шовқини.
Кўзимга кўринар умрим қайтадан,
Гарчанд сурмоқдаман баҳор шавқини,
Гарчанд йигит ёшим яшнаб турса ҳам,
Кексалик қисматин ўйлайман шу дам.
7
Шу дам туйғуларга тўлади кўнглим,
Титраб тарашлайман қаламим учин.
Тонг ҳам ёришади, эй менинг умрим,
Бунчалар тезликда чопасан нечун?
Хазонлар шошади, шошаман мен ҳам,
Дўстим, ҳузуримга шошиб кел сен ҳам!
✍️1962
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СУҲБАТДОШ
Қанийди учраса шундай бир одам:
Сен ёқа бўлганда у ҳам енг бўлса.
Ёши, мартабаси тенг бўлмаса ҳам,
Албатта сен билан кўнгли тенг бўлса.
Қанийди учраса шундайин бир зот,
Гаплашсак жайдари ёронларга хос.
Дейлик: юлдузларда бормикин ҳаёт,
Қайси дармондори қайсимизга мос.
Қанийди учраса шундай суҳбатдош,
Бир-бирин асабин арралашмаса.
Бири кўз бўлганда, бири бўлса қош,
Суҳбатга ғийбат ҳеч аралашмаса.
✍️2008 йил 19 август
@abdullaorifijodi
...Ватан, сен ҳур, йўлинг шонли, кадамни ташлагин шаҳдам,
Фахр-ла боққай Абдулло, кўзида шодлигидан нам
Паноҳингни тилаб Ҳақдин дилида илтижо ҳар дам,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас...
Абдулла Орипов
Абдулла Орипов
УМРИМИЗ ЙЎЛЛАРИ
Оқшом чўкар аста,
Бошланади тун
Тошкентнинг ўрда-ю гўшаларида.
Ўғлим иккаламиз кезамиз беун,
Улкан бу шаҳарнинг кўчаларида.
Самодан тушгандек миллионлаб чироқ,
Ғаройиб нур билан чулғанар замин.
Бу жойда жам бўлар яқин ва йироқ,
Мен бунда тотганман ёшликнинг таъмин.
Улуғ давраларда чархланди руҳим,
Кўрдим дўстларимдан иззат, эътибор.
Сирли шеъриятга тўлди шукуҳим,
Балки зиналарда изларим ҳам бор.
Энди ёшим ўтган, қадрдонлар кам,
Билмайман ногаҳон борар еримни.
Торайиб қолгандек кўринар олам,
Гарчанд эъзозлашар ҳамон шеъримни.
Болам-чи, во ажаб, у ҳам беманзил,
Гўёки соҳилда қолдик икковлон.
Шаҳар қайнаб ётар, одам турфа хил,
Омад боқмас лекин бизларга томон.
Умрнинг бепоён йўллари бўйлаб,
Қайгадир жимгина ташлаймиз қадам.
Мен-ку ниманидир юрибман куйлаб,
Фарзандим кўнглида нелар бор, билмам.
Инсон тафаккури, бахту иқболи
Жўн бир тасодифга боғланмасин ҳеч.
“Олам заволидир олим заволи”,
Буни Расулуллоҳ айтган эрта-кеч.
Ҳикматни уқмади лекин одамзот,
Оёқ ости бўлди онг билан шуур.
Заминда юрсак ҳам бепар, беқанот,
Ҳар нечук ҳаётмиз, шунга ҳам шукур.
Ўғлим фақатгина Ҳақнинг йўлин тут,
Мудом эзгулик деб қилгин ибодат.
Бир кун бу синовлар бўлгайдир унут,
Буюк иродангга таянгин фақат.
Ҳамдамдек қувончим ва фарёдимга,
Яна кўринади қуёш тонг-саҳар.
Олис ёшлигимни солиб ёдимга,
Бошимни силайди онамдек шаҳар.
✍️2016 йил 7 апрель
@abdullaorifijodi
Бугун - 27 сентябрь, Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллиги...
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САВОБ
Савобдир, жилғага сойсан, деб айтсанг,
Ё хунук аёлга ойсан, деб айтсанг.
Бойни камбағал де, хурсанд бўлади,
Камбағалга эса бойсан, деб айтсанг.
✍️2002 йил, 10 октябрь
@abdullaorifijodi
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ва Филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимов набиралари Мироншоҳ, Ойбек ва Бурҳон Бегалиевлар.
Читать полностью…📔Шоирнинг "Кўзларим йўлингда" китобига ёзган дастхати.
"Бегали! Мен онамни йўқотган кунларда Сизга суяниб қолган эдим. Билмадим, дўстим... мен ўз садоқатимга яраша сиздан вафо кутаман.
Мағрур ва фақир сизнинг Абдулла!"
@abdullaorifijodi
Бугун - 25 сентябр, Филология фанлар доктори, профессор Бегали Қосимов вафот этган кун.
Жойингиз жаннатлардан бўлсин Илоҳим!
(1942-2004)
Бегали Қосимов
Алвидо...
Биламан ҳар кимга бу он келадир,
Сўнгги сўз айтурга имкон келадир.
Виждон-ла юзма-юз иймон келадир,
Қувончлар чекилиб армон келадир,
Комида яширин аламли нидо,
Ул видо онидир видо, алвидо.
Зангор хаёлларга тўлганда дунё,
Нозли келинчакдай тўнгганда дунё,
Жаннатдан бир тимсол бўлганда дунё,
Ўз-ўзига мафтун қолганда дунё.
Оҳиста қалбимга кирди бир нидо.
Ул видо онидир, видо алвидо.
Боғимда қулади азамат чинор,
Чинорки, мен учун ҳам номус, ҳам ор.
Фарзандлар тол баргдай, кўз ёш шашқатор.
Бундан аламлироқ қандайин дард бор?
Беҳосдан тилимга кўчди бир нидо.
Бул нидо видодир, видо, алвидо.
Кўнгандим тақдирнинг ёзмишларига,
Навбат билан қабр қазмишларига.
Лек чидай олмадим озмишларига,
Ҳануз гунгу лолман "Ўз" ишларига.
Бағримни титратар армонли нидо.
Бул нидо видодир, видо, алвидо.
✍️Бегали Қосимов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЁВОШ-ЁВОШ
Озар дўстим нағма чалар кўзида ёш,
Ҳолинг нечук десам дейди: ёвош-ёвош.
Севиклигинг ноз қилса ҳам чимириб қош,
Мойил бўлар аста-аста, ёвош-ёвош.
Гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга урмагил бош,
Омад келар бирин-сирин, ёвош-ёвош.
Жайронга айт, туёғини ёрмасин тош,
Сайрон этсин секин-секин, ёвош-ёвош.
✍ 2008 йил 6 октябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДЎСТЛИК
Биз битта дарахтнинг шохчаларимиз,
Бир боғнинг туташган боғчаларимиз.
Замин коинотда бир тоғ бўлса, биз —
Бир-бирин суяган тоғчаларимиз.
✍2002 йил, 13 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МИШ-МИШ
Унинг миш-мишидан ранжиманг асло,
Нима бўлса асли наслида бўлган.
Она қорниданоқ ўзи ҳам ҳатто,
Асли миш-миш билан дунёга келган.
✍1977
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КУЗ МАНЗАРАСИ
Кечки кузак кирмоқда, нина сочар изғирин,
Деҳқон ҳам ташлаб кетди қадрдон дала-қирин.
Ҳувиллаб қолди, мана, гавжум боғлар, боғчалар,
Яшил элларга томон учиб кетди қушчалар.
Кетди қирдан турна ҳам, бўшаб қолди табиат,
Ўлик мезонлар кезар совуқ далада фақат.
Каҳрабо кўз ёш тўкиб турар фақат дарахтлар,
Не қилсин, учай деса, уларда йўқ қанотлар...
✍️1964
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИНСОФ
Дунёдан тўйган бир бағриқон одам,
Дашту саҳроларга олиб кетди бош.
Вақтеки, раҳм этиб Аллоҳ серкарам,
Ҳазрати Хизрга бўлди у йўлдош.
Қўлин тутқизаркан меҳрибон сиймо
Деди: - Не тилайсан, муродингни айт?
Фарзанд сўрайсанми ёки мол-дунё,
Токи кўнглинг тўлсин, маконингга қайт.
У-чи, жавоб қилди: - Боқдингиз магар,
Аллоҳнинг мендайин бир харобига.
Чорасиз қолса гар найласин падар,
Фарзанд ҳам шерикдир изтиробига.
Мол-дунё дегани дилни юпатмас,
Суқ, ҳасад доимо кўзин тиккайдир.
Буғдой нон берсанг ҳам охир бир нокас,
Гўрингни текислаб арпа эккайдир.
Ҳазрат хитоб этди: - Сўйлагил, оё,
Аллоҳ сендайларни қўллагай доим.
У деди: - Ҳазратим, қилингиз дуо,
Ёмонга инсофин берсин Худойим.
✍️ 2005 йил декабрь
@abdullaorifijodi
Markaziy harbiy klinik gospitalda Abdulla Oripov ijodiy kechasi oʻtkazildi
📌Batafsil: https://mudofaa.uz/32946/
➡️ Yangiliklarni kuzatib boring:
Telegram | LIVE |Facebook | Youtube |Instagram | Twitter | TV