abdullaorifijodi | Неотсортированное

Telegram-канал abdullaorifijodi - Абдулла Орипов шеърияти

2032

Кўзимдан нур кетса... Йиллар шамоли, Учириб кетсалар киприкларимни... Йўқ-йўқ! Эзгу ишнинг йўқдир малоли, Шеърим! Сенга бердим тирик боримни. Каналимизнинг илк саҳифаларини ушбу линк 👇орқали кўришингиз мумкин. t.me/abdullaorif Бот: @OripovAbdullabot

Подписаться на канал

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ОТА ВА БОЛА

Ота дер: - Алдама сен мени, болам,
Бари қилмишингни сезиб юраман.
Агар қуйилмасанг мендан кейин ҳам,
Билиб қўй, гўримда тикка турамак.

Бола дер: — Отажон, мени биласиз,
Бирга давру даврон сура беринг-да.
Ўша қора гўрда нима қиласиз,
Мана, уйда тикка тураберинг-да.

✍2001 йил декабрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ЯНГИ АВЛОД

Набирам Ойбекжонга

Оламнинг бори шу: Зулмат билан Нур,
Ҳамда барчасини бунёд этган Зот.
Қанча ҳақ бўлмасин онгу тафаккур,
Мутлоқ бошқа экан яшаш ва ҳаёт.

Боённи кўрганда эмаклаб ҳар он
Кунини ўтказган қанчалар одам.
Бу қавм дўст бўлмас асло, ҳеч қачон,
Айт-чи, зарурмикан улар сенга ҳам?

Довуллар умрингни совурди бутун,
Етмади бардошинг, сабру тоқатинг.
Энди, бари бирдир кундуз билан тун,
Энди, ортиқчадир қўлда соатинг.

Қофия ахтариш балки нодаркор,
Шеърдан азизроқдир ақча жаранги.
Лекин туғруқхона деган бир юрт бор,
Унинг фуқароси тамоман янги.

У ҳали билмайди ушбу дунёни,
Билмайди савоб не, нимадир гуноҳ.
Юмуқ кўзларида асрар зиёни,
Унинг истиқболин қўриқлар Илоҳ.

Шоир, тушкунликка тушмагин асло,
Тирик юрганингга шукур қил албат.
Энг гўзал, энг ноёб шеърингни аммо
Ўша, янги авлод номига жўнат!

✍2015 йил 4 июнь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

"Оддий ҳақиқат"

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ХАТОЛИК

Одам қучди бир кун Шайтон — жононни,
Бу ҳол хурсанд қилди ҳар икковлонни.
Шайтон дер: Одамни йўлдан урдим-ку,
Одам дер: Кўрмовдим фақат шайтонни.

✍2002 йил, 28 октябрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ҚАРЗ

Дилингга жойлаб ол ушбу каломни:
Вақтида узиб қўй қарзу саломни.
Токи, ажринг сўраб боланг бир умр –
Етаклаб юрмасин домла Имомни.

✍2003 йил 23 январь


@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов шеъри
Шарофиддин Муродов куйлайди

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

"Ҳақиқий шоир ҳақида гап кетса, албатта, биз уни кашф этувчи сифатида тасаввур қиламиз. Ўтган-кетган ҳодисаларни шеърга солиб юриш эса косибчиликдан бошқа нарса эмас."

Абдулла Орипов

t.me/abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ТАШХИC

Бир кимcа бор эди,
Таёқ ютгандай,
Тик қомат, эгилмаc, доим мағрур, жим.
Гўёки бор дунё хизматида шай,
Ҳеч кимcа билмаcди, cирли зот бу ким?

Чўнтагини қоқcанг чиқмаc ҳеч вақо,
Йўқ унда мартаба, бирор манcаб ҳам.
Айтcанг латифангга қилмаcди парво,
Таъcир этмаc эди на шодлик, на ғам.

Бир кун тегди унинг боши ёcтиққа,
Жам бўлди қошида қанча шифокор.
Лекин келмадилар бирор таcдиққа,
Қандай каcалликка бўлмиш у дучор?

Шу пайт маҳалладан қўшни оқcоқол
Кирдию даврага қўнди некбинлик.
У деди: — Қўрқмангиз, билурман алҳол,
Бу каcалнинг оти оддий — Худбинлик!

... Э воҳ, Яратганнинг марҳамати кўп,
Кўпдир шиквалари, ғами, хандаcи.
Экcанг эл қатори кўкаргайдир чўп,
Унутмаcин экан буни бандаcи...

✍️2013 йил 7 январь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

МЕҲРУ ОҚИБАТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Дема кўтарилди меҳру оқибат,
Биргина чора бор бундай чоғ фақат.

Токи танангда жон, оғзингда сўзинг,
Энди хабар олгин ўзингдан ўзинг.

Хотин нонуштага олиб кирса чой,
Ўзингни таклиф қил: — Ич, фалончибой!

Тонгда ишхонангга қўйсанг гар қадам,
Жумладан, салом бер ўз-ўзингга ҳам.

Илгакка палтонгни ҳурмат билан ос,
Кўрсат ўзингга ҳам садоқат, ихлос.

Одатда бир кимса ишга бўлар ғов,
Ҳайфсан эълон қилгин ўзингга дарров.

Балки йўл оларсан узоқ сафарга,
Йироқ қишлоққами, олис шаҳарга,

Ҳол сўраб дадангдан, туққан онангдан,
Ўзингга мактуб ёз борган жойингдан.

Дема, кўтарилди меҳру оқибат,
Бунинг чораси бор, изла, топ фақат.

Туғилган кунингни балки биларсан,
Ўзингга нимадир совға қиларсан.

Ногоҳ тушиб қолсанг касалхонага,
Кўз тиккил на дўсту на бегонага.

Яхшиси, ўғлингга тезликда сим қоқ,
Дегил: Келмасанг гар, оқ қиламан, оқ!

Магар шоир бўлсанг ғазал ёз, ёз фард,
Лекин топилмайди ўқийдиган мард.

Ижро эт шеърингни ўзинг баралла,
Дегил: қотирибман, уҳ, баракалла!

Набиранг кўнглига изласанг калит,
Бир жуфт чақич беру ўзингни танит.

Улфат изламагин кўча юзидан,
Ҳозир ҳамма кетган пулнинг изидан.

Ниҳоят қартайиб, ҳориб толгайсан,
Барча ташаббусни қўлга олгайсан.

Бир кун трамвайга чиқсанг ҳойнаҳой,
Сенга бирор кимса бўшатмагай жой.

Холи ўриндиққа тушса гар кўзинг,
Ўтиринг, домла! — де ўзингга ўзинг.

Кимлардир тортмасин, ташвиш, жабрингни,
Албатта, қаздириб қўйгин қабрингни.

Бир жуфт сўз ўйдиргин мармар тошга ҳам:
"Бу ерда ётибди Энг Яхши Одам!"

Ахир тиригингда йўқлашмади, бас,
Ўлганингдан сўнг ҳам ҳеч ким эсламас.

Хуллас, йўқолмагай меҳру оқибат,
Бунинг чорасини изла, топ фақат.

✍️1994

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ШУКРОНА

Шукрона айт аввал парча нон учун,
Сўнг қултум сув учун шукрона такрор.
Чунки бу оламда, яширмоқ нечун,
Сенга шуларни ҳам кўп кўрганлар бор.
Буюклар бахтига ҳавас қил, аммо,
Инсонлигинг учун шукр айтгил зинҳор.
Чунки бу оламда сен учун ҳатто
Оддий инсонликни кўп кўрганлар бор.

✍️1975

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

***

Ғаним бўлолмасмиз иккимиз сира,
Дўст ҳам бўлолмасмиз балки ҳеч қачон.
Балки эмасдирсан сен ҳам бокира,
Балки эмасдирман мен ҳам покдомон.

Иккимиз учун ҳам ёлғиз шу офтоб,
Иккимиз учун ҳам ягона замин.
Мен ҳам сенинг учун битмадим китоб,
Сен ҳам шуҳратимни этмассан таъмин.

Кимга нима керак? Нечун сохта шон?
Нечун мангуликдан беҳуда талаб?
Ахир иккимиз ҳам сўнг манзил томон
Кетмасмиз дунёнинг юкин орқалаб.

✍️1974

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти-миллий тадқиқот университети хотин-қизлар маслахат кенгаши аьзолари Дўрмон боғида, шоир
Абдулла Орипов хонадонида шоирни хотирлаш учун ташриф буюрдилар.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Хуш хабар!!!

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ташаббуси билан, келажак авлодга янада қулайлик яратиш мақсадида, бугундан бошлаб "Адиблар хиёбони"да ўрин олган Абдулла Орипов хайкали остида 150 m/b тезлигидаги wi-fi қурилмаси ўрнатилди. Интернетдан фойдаланиш бепул. Эндиликда, Абдулла Орипов хайкалининг олдида, 24/7 мобайнида онлайн мушоира қилиш имкониятига эгасиз.😊
Logini: 4G Abdulla_Oripov.
пароль: Abdulla Oripov

Ёшлар ва оиламиз номидан Ирригация институтига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.❤️❤️❤️


@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

РУҲ

Кетдинг – фано бўлдинг,
Энди сен учун
Лаҳад гўша бўлса, танҳолик ҳамдам.
Қайдадир бир дўстинг оҳ чекса узун,
Қайдадир топилгай қариндошинг ҳам.

Кимдир оромидан чиндан ҳам кечган,
Бир туш деб ўйлайди буларнинг барин.
Кимдир тиригингда қонингни ичган,
Энди сўйлай бошлар хотираларин.

Кетдинг, бари битди, энди қаршингда
Балки очилгайдир поёнсиз ҳудуд.
Балки булут бўлиб турар аршингда
Ҳовлинг ўчоғидан ўрлаётган дуд.

Руҳинг самоларда юрса ҳам кезиб,
Унутмас заминда қолган изларни.
Офат, балоларнинг шарпасин сезиб,
Огоҳ ҳам қилгайдир балки бизларни.

✍2009 йил 12 июнь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИЛТИЖО

Дунёдан ўтаркан улуғ бир даҳо,
Худога сўнгги бор қилди илтижо:
—Мендан сўнг номимни бирор зурёдим
Пеш қилиб юрмаса бўлди, Илоҳо!

✍2002 йил, 20 декабрь

t.me/abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

МИНОРАИ КАЛОН ТЕПАСИДАГИ ЛАЙЛАК

Ташлаб кетди бу шаҳарни беклар, амирлар,
Ташлаб кетди бу шаҳарни ислом шавкати.
Ташлаб кетди бу шаҳарни шайхлар, кабирлар,
Ташлаб кетди маҳмадона Манғит давлати.

Булбуллар ҳам кетди бундан кўзини ёшлаб,
Товуслар ҳам қайларгадир аста йўқолди.
Фақат бир қуш бу шаҳарни кетмади ташлаб,
Фақат лайлак Бухорода мангуга қолди.

Мен бу ҳолга ҳайрон бўлиб боқдим ҳар сафар,
Бир шеър излаб Бухорони кезаркан узоқ.
Ажаб, қушнинг оёқлари ғўзага ўхшар,
Қанотлари эса унинг пахтадек оппоқ.

✍1968


@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

"Сеҳрли диёр"

@abdullaorifojodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

"ИККИ ШОИР"

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИСМ

Исмда нима айб, бир аравакаш,
Болаларин тўплаб, койирди яккаш:
Одам бўлмадинга, Шоҳжаҳон ўғлим,
Комрон, бекорчисан, Ҳумоюн саркаш.

✍2003 йил, 15 февраль

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

АРМОН ЭМАСМИ

Лолазор қирларда чопа билмасман,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Болалик йилларим топа билмасман,
Ахир у мен учун армон эмасми?

Хаёл гулшанида терсам чечаклар,
Жажжи набирамга бўлдим эрмаклар,
Энди онам айтмас менга эртаклар,
Ахир у мен учун армон эмасми?

Қоронғу тунларда оловлар ёқиб,
Илк шеърим ёзгандим юлдузга боқиб,
Энди ахтараман кўзойнак тақиб,
Ахир у мен учун армон эмасми?

Қанча зот дунёга келдию кетди,
Бирин душман этса, бирин дўст этди,
Бирининг бошига шон-шуҳрат етди,
Ахир у мен учун армон эмасми?

Мени алдаб кетди лўттибоз олчоқ,
Ишонган кишим ҳам кўрсатди яроқ,
Уларни худога топширдим бироқ,
Ахир у мен учун армон эмасми?

Шукрона айтаман, дўстларим бордир,
Бири балки қўрқоқ, бириси ботир,
Яхшилик қилдимми уларга ахир,
Ахир у мен учун армон эмасми?

Гоҳо эш бўлсам-да сиёсатларга,
Қалбимни бахш этдим малоҳатларга,
Улар деб қолдим мен маломатларга,
Ахир у мен учун армон эмасми?

Огоҳман ишқ деган кўҳна шевадан,
Муҳаббат аталмиш тансиқ мевадан,
Ортга қарай-қарай қайтдим Хивадан,
Ахир у мен учун армон эмасми?

✍1995

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ИСКАНДАР ВА ШОИР

— Искандар, — дейишса тупроқдан шу он
Юз мингта Искандар кўтарибди бош.
Аслида биттасин таниган жаҳон,
Қолгани шунчаки номдош, исмдош.

Йўқлама ўтказсанг агар жўрттага,
Аҳли шуаронинг касбига доир,
Мингтаси чиқарди “Мен” — деб ўртага,
Аслида уларнинг биттаси шоир.

✍2010 йил 10 июнь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

"Танқид қилишсин. Лекин маънавий ҳаққи бор одамлар танқид қилганлари дуруст. Баъзи омадсиз, аламзада кишиларнинг ўтганлар шаънига менсимай қараб, авлиёларга ўхшаб ҳукм чиқарганларини эшитсам, ҳам ғазабим келади, ҳам кулгим келади. Ё тавба!"


Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

🎬 15–17-may kunlari Qirg'izistonning Bishkek shahrida "O'zbek kinosi kunlari" tadbirlari bo'lib o'tadi.

✔️ Aksiya doirasida Madaniyat vazirligi huzuridagi Kinematografiya agentligi buyurtmasiga binoan suratga olingan "Sabot", "O'zbek qizi", "Abdulla Oripov" filmlari namoyish etiladi.

👉 Batafsil

™️Madaniyat vazirligining rasmiy sahifalari:
🌐 Telegram | 🌐 Instagram | 🌐 Facebook | 🌍 Veb-sayt

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ХАЛҚ НАҚЛИ

Халқ нақлни тўқимайди атайин,
Нақлларнинг умри фузун бўлади.
Мана, сизга биттасини айтайин:
Яхшилик қил — тилинг узун бўлади.

Ўйга солар бироқ бошқа бир жиҳат,
Яхшиликни ҳунар қилган элимиз.
Бошимизга ёғар тинмай маломат,
Айтинг, қачон узун бўлар тилимиз.

✍️1992

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов "Йиллар армони"

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

10 май, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом таваллуд куни.

Абдулла Орипов

МОМО ОФТОБ

Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан.

Ғафур Ғулом

Эй, сен момо қуёш, эй биби офтоб,
Ёлғиз сен чароғсан, ёрсан бошимда.
Зардуштий мисоли юкиниб шу тоб,
Ўтиниб турурман йигит ёшимда.
Сўнгги дам чорасиз Муқанна сифат,
Дил сўзим ўзингга айтай саросар.
Офтобим шу келар йилда ҳам фақат,
Шодликлар таратгин элга баробар.
Зулмат гўшаларни тундан эт фориғ,
Бахт томсин шуълангнинг зар қанотидан.
Офтобим, ҳимматинг тутмагил дариғ,
Дунёда ҳеч битта инсон зотидан.
Ойдин деразадан кириб бор аввал,
Умидвор беморнинг хонаси томон.
Бахш этгин унга ҳам умри мукаммал,
У ҳам баҳорларга етолсин омон.
Тонгги шуъланг каби тарат табассум,
Маъсум гўдакларнинг дудоқларига.
Қатра ёш томмасин асло, бирор зум,
Мунис оналарнинг ёноқларига.
Балки саҳар чоғи кўз очиб ўқтин,
Кекса чол сен томон боққай интизор.
Балки у тилагай умридан бир кун,
Офтобим, унга ҳам раҳм этгил зинҳор.
Офтобим, гарчи бу коинот аро
Мўл сенга айтгулик орзу ҳам тилак,
Мангу бир армонга бовар эт аммо,
Ҳануз кўп дунёда муз қотган юрак.
Офтобим, майлига, бир тонг, бирор зум
Тафтингга чулғама дала-тузларни,
Ўша зотларга ҳам қилгил тараҳҳум —
Эрит диллардаги қотган музларни.
О, қанча юракни этмишдир асир,
Ҳасад деб аталган қора бир бало.
Офтобим, шулар ҳам кун кўрсин ахир,
Зулмат қалбларига юбор нур-зиё.
Сенинг-ку, даргоҳинг беҳад, бепоён,
Мана бу ғарб бўлса, мана бу Машриқ.
Пойингда бу жаҳон мисли бир ошён,
Инсон бамисоли сочилган тариқ.
Устоз лутф этгандек, оламда не бор —
Барига мураббий сенсан доимо.
Офтобим, шу мунис заминни зинҳор —
Меҳру шафқатингдан этма мосуво.
Дўстлар сафида шод тарона айтиб,
Мен ҳам дилдан сенга қилурман хитоб,
Ҳар ўтган зум учун шукрона айтиб,
Сенга талпинурман, эй момо офтоб!

✍1977

@abdullaorifojodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

ХОТИРА

Юлдузлар мисоли бедорсан,
Тоғларнинг қоридек бокира.
Сен азиз зотлардан ёдгорсан,
Хотира, хотира, хотира.

Дунёда ботирлар кўп ўтган,
Сўнмаган яшашга ҳаваси.
Кимгадир ҳаёт ҳам бахш этган
Уларнинг энг сўнгги нафаси.

То ўзинг мададкор экансан,
Ўчмагай қалбимда ҳаяжон.
Ниҳолни асли сен эккансан,
Онажон, отажон, бобожон.

Бу Ватан жаннатдир, жаннатдир,
Ҳаётдир сеҳрли, соҳира.
Шаънингга авлодлар раҳмат дер,
Хотира, хотира, хотира.

2009 йил 7 май

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

УМР

Ўтди қанча авлод,
Қанчалар одам,
Биз эса хотира ғамини еймиз.
Худо раҳмат қилсин ҳаммасини ҳам,
Улар қалбимизда абадий деймиз.

Ҳолбуки, ўтганлар энди бир рўё,
Улар бамисоли изсиз кетган ўқ.
Қанчалик маҳобат қилмайлик, аммо
Улар энди йўқдир, улар энди йўқ.

Ўйласам, юрагим кетар энтикиб,
Йўқлик қаршисида турибман ҳайрон.
Наҳотки, шунча йил умримни тикиб,
Йўқ одамлар билан сурибман даврон...

                                  ✍  2008 йил 1 сентябрь

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов


УЛУҒБЕК ФАРЁДИ

Минг лаънат сен ниҳол ўтқазган вақтга,
Оссалар гар ўзинг эккан дарахтга.

Тақдирнинг юзлари қорайсин баттар,
Қазган қудуғингга чўктирсалар гар.

Фалак гумбазини ёрсин фарёдинг,
Агар ўз фарзандинг бўлса жаллодинг.

Ўрласин аршгача бу қора тутун,
Бешигинг тобутга айланса бир кун.

✍2007 йил 1 июль

t.me/abdullaorifijodi

Читать полностью…

Абдулла Орипов шеърияти

Абдулла Орипов

АЁЛ

Йигитлар мактубин битганда қондан,
Келинлар фироқдан чекканда ёҳу,
Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,
Ўн тўққиз ёшида бева қолди у.

Севгидан етиму умрдан ярим,
Қуриган кўксида ёлғиз беланчак.
Абадий фироқни, ҳайҳот, дўстларим,
Абадий висол деб билди келинчак.

Қақраган лабларда оловли нафас,
Кечалар кечмишин айлади кўмир.
Паришон сочлари ёр кўкси эмас,
Муздайин болишда қолди бир умр.

Йиллар ҳам ўтдилар, ҳамон у ёлғиз,
Мунғайиб термулар ботгувчи кунга.
Эй номард табиат, борми сенда ҳис,
Қайтадан бахт берсанг бўлмасми унга?!

Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,
Бунчалар буюксан вафо шеваси.
Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим,
Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси.

Сиз-чи эй, садоқат сатридан нолиб,
Надомат комида қолганлар, айтинг.
Ўзини минг битта бозордан олиб,
Минг битта бозорга солганлар, айтинг.

Шу чўлпон кўзларнинг буюк ҳурмати,
Шу ақиқ лабларнинг рост сўзи дея,
Сўйланг-чи, вафонинг надир қиммати,
Сиз ҳам кутганмисиз бирор сония?!

Баъзида тирноқлар безаги учун
Саҳардан шомгача қилурсиз тоқат.
Бироқ ёрингизни кутгали нечун
Топилмас тирноқча сабру қаноат.

Назокат пайтимас, яқинроқ келинг,
Буюк зот қошида айлангиз салом.
Шу содиқ бевага саждалар қилинг,
Шу содиқ бевага айланг эҳтиром.

Ҳатто зеб-зийнатни юлқиб зиёда,
Ҳайкал ҳам қўйингиз бамисли хаёл.
Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.

✍️1965

@abdullaorifijodi

Читать полностью…
Подписаться на канал