" Катта шеърларни, ўзимнинг тажрибамдан айтаман, бир ўтиришда ёзиб тугаллаш қийин. Унга одамнинг нафаси етмайди. Бўлиб-бўлиб ёзиш ҳам қийин. Бу бир сюжет бўлса экан, давом эттириб кетаверсангиз. Агар ҳазилроқ қилиб айтсам, бундай шеърлар йўталга ўхшайди. У тутиши керак. Тутмаса, қасддан йўталсангиз, йўтал чиқмайди. Йўтал ўзи ичдан қўзиб чиқиши керак. Шунинг учун шу беш-олти йўтал мобайнида, бир шеърни ёзиб тугатаман."
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Ушбу саволга жавобни
Iskandar Z Z биринчилардан бўлиб жавоб бердилар. Эътибор ва иштирок учун катта раҳмат. 😊 Совғамизни етказиш учун шахсийдан сизга мурожаат қилдик.
Эслаб, эслаб...
Абдулла Ориповнинг рус тилига таржима қилинган шеърлари Фаррух Зокиров ижросида.
Шеърнинг аслини биринчи бўлиб топган мухлисига шоиримизнинг китобларини оиламиз номидан совға қиламиз. 😊
Жавобини эртага эълон қиламиз.
@abdullaorifijodi
Эслаб, эслаб....
Гулбаҳор Эрқулова куйлайди
"Изҳор"
Абдулла Орипов
ИЗҲОР
Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,
Канча манзилларда туздим ошён.
Ва буюк ҳикматга ахир юз бурдим,
Сийланган жойида азиздир инсон.
Юртим сенда экан насибам тугал,
Сен ўзинг масканим, сен ўзинг шоним.
Сен онам, сен синглим, ёримсан, азал,
Эй, жоним, жаҳоним — Ўзбекистоним.
Иста, қисматимга ўзинг бер барҳам,
Иста, яхши кунда номим қилгил ёд.
Менсиз ҳам мукаммал экан бу олам,
Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзод.
Юртим, фақат сенинг қўлингдан тутиб,
Болангдай эргашиб кета олсам, бас.
Сен пири комилсан, мен сенга муҳиб,
Сени танимаган мени ҳам билмас.
✍1978
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАҚ СЕВГАЙ
Ҳақ севгай ўзига ёр бандаларни,
Дилида иймони бор бандаларни,
Такаббур бошларни пастроққа эгса,
Юксакка кўтаргай хор бандаларни.
✍1992
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАНИШ ТУЙҒУЛАР
Мени ерга урасан ҳар он,
Муродингни англаб етганман.
Билмайсанки, мен аллақачон
Оёқости бўлиб кетганман.
Мақтайсан ҳам сен мени гўё,
Осмонларга кўтарасан, бас.
Менга таниш сен айтган само,
Мақтовинг ҳам янгилик эмас.
✍️2015 йил 16 ноябрь
@abdullaorifijodi
"Муҳаммад Юсуф бизнинг оила аъзомиз, ўз акамиз каби эдилар. Оилавий борди келди қилар, Нозима ва Мадиналар билан ўйнаб кулиб катта бўлганман.
Чамаси 1998 йиллар, Қарақалпоғистоннинг Эллиққалъа туманига Муҳаммад ака мени ва Нозимани бирга олиб кетдилар. Отам билан аям икки кун ўтиб ортимиздан келадиган бўлишди. Шунда бир даврада Муҳаммад ака: " Ўзбекистон мадҳиясига танлов эълон қилинди, шоирлар шеърларини тахаллус билан топширди. Чўнтагимга шеъримни солиб, мен ҳам бордим, ўша ерда устоз Абдулла ака шеър берган бермаганлигини секин суриштирдим. Топширганликларини эшитиб, ҳеч кимга сездирмай чўнтагимдаги шеъримни ғижимлаб ташлаб юбордим." деб гапириб берганлари ёш тафаккуримга жуда қаттиқ таъсир қилган эди. Устозига бўлган меҳри ва уларга бўлган садоқатидан қалбим жумбушга келиб, меҳрим тобланиб кетганди ўшанда."
Рухсора Орипова
@abdullaorifijodi
Бугун, акамиз Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганларида 70 ёшни қаршилар эдилар. Жойингиз жаннатларда бўлсин!
«У шоир эмас, бир япроқ эди… Боғимизга шундай қумри бир келди-ю, сайради-кетди.»
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Такдир йўриғидан розиман минг бор,
Менга дуч айлади сени эй, нигор.
Кўзингда поёнсиз умримни кўрдим,
Сенсиз бир лаҳзанинг ўтмоғи душвор.
✍️1987
t.me/abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТУРНАЛАР
Баҳор келганида яшнаб Қўнғиртов
Пода ўтлар эди этакларида.
Уфққа чўзилган ям-яшил яйлов
Учрамаc жаннатнинг эртакларида.
Билмадим, Ҳиндиcтон томонлардан ё
Намоён бўларди кўкда бир чизиқ.
“Қуре, қуре” деган олиc бир cадо,
Бир овоз келарди узиқ ва чўзиқ.
Улар турналардир, паcтлаб ногаҳон
Қир узра учарди cаccиз, айланиб.
Гўё ўрганарди борлиқни обдон,
Қўнмоққа жой излар гўё шайланиб.
Пода ўтлаб юрар cокин, беозор,
Оcмон ҳам беғубор, яйлов cаришта.
Турналар қўнарди, миcли фуcункор
Ҳарир кўйлак кийган зийрак фаришта.
Еру оcмонларнинг шавқини туйиб,
Жонзотлар кезарди ҳур ва мулойим.
Шундоқ манзарани яратиб қўйиб,
Томоша қиларди ўзи, Худойим.
✍️2012 йил 25 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТЕЛЕФОН СУҲБАТЛАРИ
Ҳар замоннинг ташвиқоти бор,
Ҳар давроннинг тарғиботи бор.
Ер юзида турли қитъалар,
Тўрт тарафга муштин ўқталар.
Кўришмасдан бир-бири билан,
Яшайдилар ўз сири билан.
Сиёсат ҳам телефон аммо,
Важоҳат ҳам телефон аммо.
Буни қаранг, ўтиб замонлар,
Ерга тушди кўкдан давронлар.
Қолишмасдан президентлардан,
Ошиб уммон, ошиб кентлардан.
Гаплашади оддий одамлар,
Отамлашар хоҳлаган дамлар.
Нью-Йоркка учганди куёв,
Келин пошшо сим қоқди дарров:
– Бордингизми? Нечук ҳолингиз?
Буюмларга қараб олингиз.
Нарсаларнинг бари етибди,
Кўк галстук қолиб кетибди.
Куёв дейди: – Келдим, жуда соз,
Уммон узра айладик парвоз.
Мени ўйлаб, бўлмангиз диққат,
Етишмайсиз ўзингиз фақат.
Давом этар суҳбатлар шундоқ,
Шамол тинар, у тинмас бироқ.
Дипломатлар, бир гапни туйинг,
Одамларни ҳолига қўйинг.
Бўлсин майли турфа фуқаро,
Тил топишар улар ўзаро.
✍2015 йил 10 август, Хьюстон.
t.me/abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЭСКИ МУХЛИСЛАР
Шоирнинг тўрт сатр шеърини айтиб,
Бағрини чиндан ҳам тиғлаган авлод.
Оз эмас, беш юз йил нарига қайтиб,
Мақомга қўшилиб йиғлаган авлод.
Кўҳна Варахшаю Афросиёбнинг
Тошини ёстиғин остига қўйган.
Бир кун оч қолса ҳам, лекин китобнинг
Маъносин симириб, мағзига тўйган.
Сиз, эски мухлислар, бормисиз омон,
Сиз ўша тарихнинг оҳ-зоридасиз.
Бирингиз Чорсуда очгансиз дўкон,
Бирингиз “Отчопар” бозоридасиз.
Янги замонларни олқишлаб сизлар,
Ўтган йилларни ҳам эсга олгайсиз.
Турфа хонишларни тинглаган кезлар,
Юнус Ражабийни қўмсаб қолгайсиз.
Ҳар битта давроннинг ўз араваси,
Ўз дарди, армони, ашуласи бор.
Митти набиранинг орзу ҳаваси
Сизнинг қолипларга тушмоғи душвор.
Лекин ишонаман бешак, муқаррар
Яшарсиз насллар ақлу ҳушида.
Улар “Муножот”ни куйлашса агар,
Ҳазрат Навоийни кўргай тушида.
✍2010 йил 23 июнь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Феълини кузатиб содда боламнинг,
Ташвишин ўйлайман чигал оламнинг.
Соддалик яхши-ку, лекин кўпинча
Иши юришаркан қитмир одамнинг.
✍️1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БАҲОР ХОСИЯТИ
Қарангки, баҳорнинг вазифаси йўқ,
Бирор маҳкамадан маош олмас у.
Унга кор қилгайдир на араз, на дўқ,
Сафарга чиқдими, келмай қолмас у.
Юксак қасрларни буркар чечакка,
Гадо кулбасини безар саросар!
Эзгулик бобида фақат у якка,
Фақат у барчага тенг ва баробар.
Кўнгил даричасин очиб қўйинг ланг,
Ғуссали дилда ҳам кулади баҳор,
Умидвор инсонлар, уни олқишланг,
Фақат хосиятли бўлади баҳор.
✍1979
@abdullaorifijodi
Эслаб, эслаб...
Саддадин Сапаев куйлади.
Абдулла Орипов
* * *
Сочларинг ёймай туриб
Тушган қоронғу тун эмас.
Тишларингни кўрмайин
Тонг ҳам оқарган кун эмас.
Тунда ой, кундуз қуёш
Навбат билан боққай сенга,
Мендайин собит эмасдир,
Мендайин мафтун эмас.
Жон фидо этмак сенинг
Васлинг учун бўлмиш кафил,
Ошиқ эрмас ул фидоким,
Қатлидан мамнун эмас.
Мен сени жоним дедим,
Жоним, ўзинг фаҳм айлагил,
Сен ўзинг ҳам қийналурсан,
Битта мен – Мажнун эмас.
Севги деб оҳлар чекиб,
Ғавғо солурлар эрта-кеч,
Ҳеч бири мендек забун ё
Мен каби маҳзун эмас.
Икки чашмим жоласига
Боқмангиз ҳайрон бўлиб,
Асли улдир икки дарё,
Сир эмас, Жайҳун эмас.
Қайси ёқдан чиқди Қайс деб
Айбламанг Абдуллани,
Англамассиз, англамассиз,
Чунки сиз дилхун эмас.
✍️2012 йил 5 май
@abdullaorifijodi
Эслаб, эслаб....
Женисбек Пиязов куйлайди.
Абдулла Орипов
САМОЛЁТДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Чарх урар эрдим фазода, юлдузим йўлдош эди,
Юлдузимга термулиб юлдуз кўзимда ёш эди.
Дер эдим: — Жон юлдузим, васлингга бир етказ мани,
Дер эди: — Кўк севмагай сендай гуноҳкор бандани.
Чарх урар эрдим фазода, юлдузим йўлдош эди.
Юлдузимга термулиб юлдуз кўзимда ёш эди.
Дер эдим: — Туш, юлдузим, йўқса заминга, сен ўзинг.
Дер эди: — Хуш кўрмагай ташвишли ерни юлдузинг.
✍1968
@abdullaorifijodi
Хожиакбар Ҳамидов
" Кетмоқдаман" (жонли ижро)
Абдулла Орипов
КЕТМОҚДАМАН
Яхши қол, эй, дилбарим, дилда кадар, кетмокдаман,
Ишқ аро энди ҳолим зеру забар, кетмоқдаман.
На ишончу на қувончу на кўнгилдан очма гап,
Барчасидан ушбу кун йўкдир самар, кетмоқдаман.
Мен қуёш юзлимга деб, тун-кечалар бердим юрак,
Оқибат отганда тонг қондир жигар, кетмокдаман.
Неча кунлар ўтди, лекин сўрмадинг ҳолимни бир,
Охирида ҳол сўраб келсанг магар, кетмокдаман.
Келганимда дедиларки, бу йигит кони зарар,
Кетмагимдан, охир айт, борми зарар, кетмоқдаман.
Билмадим, ҳеч бормикин асли дардимга шифо,
Хаста бу Абдулладан олгин хабар, кетмокдаман.
✍1968
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН
Ҳар кимга ҳамроҳдир ҳамиша қисмат
Кимдир бошин эгар, ким кўксин кергай.
Расулуллоҳ демиш: — Аллоҳдан фақат
Ким нима сўраса, ўшани бергай.
Оёқ-қўлин боғлаб Лайлини бир кун
Олиб келишдилар Каъбага томон.
Лайли хитоб қилди: — Тавба не учун,
Мажнуним бўлмаса тийрадир жаҳон.
Ибодат Мажнуннинг навбати эди,
У ҳам ошкор этди кўнгил майлини.
Каъбага бош уриб тураркан, деди:
Мен сендан сўрайман фақат Лайлини.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЁТ САБОҚЛАРИ
Қандай соз, авлодлар ўйнаса, кулса,
Сен ҳам табрик айтсанг қутлаб басма-бас.
Агар чин юракдан куйлаган бўлса,
Ҳамид Олимжонга қилгумдир ҳавас.
Кимнидир қитиқлаб кулдириш осон,
Лекин фармон билан очилмайди таъб.
Наҳот устозларим юрмишлар шодон,
Боболарнинг мунглуғ қабрига қараб.
Бир сайёҳ ўзбекча салом берса гар,
Хазина топгандек яйраб кетганлар.
Қаранг, қилмади деб бизлардан ҳазар,
Миниб юрган отин совға этганлар.
Пахта-ю газни-ку қароқчи ҳар кас
Ўмариб кетганда тўйлар қилганмиз.
Ўлсак хокимизга Маккани эмас
Кремл деворин шон деб билганмиз.
Балки бу давроннинг йўриғи дерсиз,
Лекин қайда эди бечора у қалб?!
Қадим салтанатни емирди, эсиз,
Бухоро пойида бўлган жангу ҳарб.
Мен ҳам ўша қизил яловни тутдим,
Кўрмаган ёвимга урабердим дўқ.
Саид Олимхонни англамай ўтдим,
Иброҳимбекни ҳам тушунганим йўқ.
Ҳазрат деб инсонга ўқидим такбир,
Расо бўлсин дея куйладим жўшиб.
Ҳазратни ҳасрат деб қилдим сўнг таҳрир,
Расога "в" ҳарфин қўйдим-ку қўшиб.
Ёруғ кунларга ҳам етишдим, шукур,
Қаноат қилурман кўпу озимга.
Лекин она халқим, авф этгин бир қур,
Сен оҳанг бергайсан менинг созимга.
Кимдир байтларимнинг тубига етса,
Аччиқ ва мунгли деб айтгайдир бешак.
Дунёда лўттибоз кўпайиб кетса,
Нега мен уларни қутлашим керак?!
Нега ҳар учраган бетайин зотни
Қутлуғ дастурхонга айлайин шерик.
Бус-бутун кўрай деб кемтик ҳаётни
Боболар ҳаттоки тортганлар черик.
Бугун мен кўз ташлаб асрий кўзгуга
Дилдан қувонгайман – юксалди шоним.
Эришдим Ҳуррият деган орзуга,
Қаддини ростлади Ўзбекистоним.
Қандай соз, авлодлар ўйнаса, кулса,
Сен ҳам табрик айтсанг қутлаб басма-бас.
Шодмонлик ярашар Ватан тинч бўлса,
Комиллик уфуриб турса ҳар нафас.
✍️ 2013 йил 4 октябрь
@abdullaorifijodi
"МУШОИРА ЭТАДИ ДАВОМ"
2001-йил Элликқалъа туманида ўтказилган "Мушоира этади давом" номли тадбир. Таниқли устоз шоирларимиз, хусусан, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Матназар Абдулҳаким, Омон Матжон, Усмон Азим ва бошқалар иштирокидаги бетакрор шеърият кечалари.
@abdullaorifijodi
"Чинакам шоирнинг қалбида соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп эшитгандик. Ўша қуш Муҳаммаджон юрагига ошиён қурганига мен чинакамига ишонганман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф хониш қилгандай эди. "
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БАЙРАМ
Токи тирик экан дунёда одам,
Унга ҳамроҳ эрур гоҳ шодлик, гоҳ ғам.
Эртанг не бўлишин билмасман аммо,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Ёрдан айри кечса — ҳар лаҳза абас,
Вафосиз дўстни ҳам дўстим дема, бас.
Кенг жаҳон сен учун бўлмасдан қафас,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Демагил, чопқирдир омадим маним,
Ҳеч қачон беланмас лойларга шаъним.
Устингдан ёзмасдан бир номард ғаним,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Оддий нарсаларни кўзга илмай гоҳ,
Олис юлдузлар деб чекамиз оҳ-воҳ.
Бошингни қотирмай ёнингдаги моҳ,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатга, байрам.
Оламда базму айш учрар аломат,
Беморга бормикан ундан ҳаловат.
Майлига ёвғон ич, лекин саломат,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Энг аввал тинч бўлсин кўксингда виждон,
Тинч бўлсин элу юрт, Ватан жонажон.
Ғуборга чулғанмай шу еру осмон,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатга, байрам.
Яшашнинг шавқин сур сира толмасдан,
Шеъринг ёз, пайсалга энди солмасдан.
Фақат қартайганда севиб қолмасдан,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
✍️1994
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Ўзимни мозийнинг бағрига урдим,
Ва шу он шукрона айтиб қайтдим мен,
Кимдир кўрмай кетган бахтни мен кўрдим,
Кимдир айтмай кетган сўзни айтдим мен.
Мени кутаётир ажиб келажак,
У менинг иқболим, менинг бахтимдир.
Мен кўрмаган бахтни кимдир кўражак,
Мен айтмаган сўзни айтажак кимдир.
✍1967
@abdullaorifjodi
Абдулла Орипов
АҚЛ ҲАҚИДА
Шунчалар гўзалсан, гўзалсан, санам,
Таърифинг битмоққа ожиздир қалам,
Бир йигит умрини обод этардинг,
Ақл ҳам берганда фалак бокарам...
✍️1986
t.me/abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЁЛҒОНЧИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Балки кўрдим мен узоқ умр,
Кўп нарсадан чарчадим, нетай.
Бошим эгиб, сўрайман узр,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Яширайин кемтикларингни,
Артиб қўяй этикларингни.
Йўқот ўша ўтрикларингни,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Шу чиқдими камтарин жондан,
Шайтонликда ўтдинг шайтондан.
Худодан қўрқ, қўрққин иймондан,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Дейсан, ўйнаб, кулган мен – ўзим,
Роса кучга тўлган мен – ўзим.
Ким бўлсам ҳам бўлган мен – ўзим,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Эслайсанми, ёшлик паллангни,
Айтолмасдинг ҳатто яллангни.
Ишлатдилар қовоқ каллангни,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Одамзодга лойиқ ишни қил,
Бордир сендан бошқалар ҳам, бил.
Нелар демас суяксиз бу тил,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Икки дунё бўлмассан обод,
Сен соғларнинг белидаги бод.
Келтиргайсан ҳар жойда иснод,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
✍2015 йил 18 август, Хьюстон.
t.me/abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЁТ
Рафиқамга
Кимдир деди оҳ чекиб:
– Зулматга ботди зиё,
Тулпорлар кетиб бўлди,
Қирчанғига зот қолди.
Тирикликни ўлимлар
Енга билмади, аммо,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Афсус, не-не инсонлар
Тарк этдилар оламни,
Қайтмадилар, тўксам ҳам
Кўзимдаги жоламни.
Бу не сирким, кулфатлар
Буколмади одамни,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Онам кетса, ўйловдим,
Йиқилиб тушгай осмон,
Отам кетди, мен учун
Зимистон бўлди жаҳон.
Лекин мен ёдгор эдим,
Ўлмай қолган тирик жон,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Юрагим сиқилганда
Мозор оралаб юрдим,
Кекса бир донишманднинг
Қабри ёнида турдим.
Во ажабо, тошида
Ушбу ёзувни кўрдим:
–Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Саноғига етмайди
Ҳанузгача одамзод —
Заминда қурбон кўпми,
Кўпмикан ва ё жаллод.
Яхшилардан от қолур,
Ёмонлардан қолур дод,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Ўкинмагин, азизам,
Орқада энди ғовлар,
Ажалдан ҳам аслида
Баттарроқ экан ёвлар.
Дегаймиз, ўша куни —
Ўтгач барча синовлар:
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
✍2015 йил 6 октябрь, Хьюстон.
@abdullaorifijodi