Абдулла Орипов
КЕЛДИМ...
Келдим...
Кетмоқдаман.
Сариқ япроқларда
Ғариб, хазин куй.
Сени узоқ йиллар
Соғинган эдим.
Келдим...
Кетмоқдаман.
Кечир, Она уй.
Мени эслатгучи
Бирор нарса йўқ.
Отам йўқ. Онам йўқ.
На шодлик, на ғам.
Фақат ҳаммасини
Ёдимга солиб
Кўриндинг кўзимга –
Ўзинг Ҳанифам...
✍2006 йил 23 октябрь
Некуз қишлоғи.
@abdullaorifijodi
Таваллуд кунингиз муборак бўлсин Аяжон!
Абдулла Орипов
ЎКИНЧ
Рафиқамга
Ўтган фурсатларни бўлмайди тутиб,
Ўтган ўтди энди – буни билгайман.
Ва лекин гоҳида дардимни ютиб,
Тазарру қилгайман, тавба қилгайман.
Билмасмиз яхшилик келгайдир қачон,
Билмасмиз муддатин ёмонликнинг ҳам.
Кимнингдир омади чопса ногаҳон,
Кимнидир пойлайди ташвиш билан ҳам.
Қай замон бир тўда зотлар бешафқат,
Гуноҳсиз Инсоннинг суғурди жонин.
Имконим бўлса-да этмадим журъат,
Мен ўша шўрликнинг олмадим ёнин.
Мудом хуш кўргаймиз лутфу хандани,
Бироқ, бир ҳолатга гувоҳ бўлганман:
Масхара қилишса ожиз бандани,
Даврага қўшилиб, мен ҳам кулганман.
Кимнингдир дардидан бўлмадим огоҳ,
Комил этолмади бирорта мактаб.
Бир шоир дўстимнинг олдида ногоҳ
Бошқа бир шоирни қўйганман мақтаб.
Ўтган кунларимга ташлайман назар,
Ҳар нечук, биз уни яшаб ўтганмиз.
Тақдир бошимиздан сочмаса ҳам зар,
Жоним, шу кунларни интиқ кутганмиз.
Узоқ сафарларга сенсиз йўл олсам,
Мени койимадинг, кўнглим тўқ эди.
Қайдадир тентираб, агар кеч қолсам,
Мен ўйлаб топмаган сабаб йўқ эди.
Кечалар термилиб ойга, юлдузга,
Қоп-қоп ваъдаларнинг тошини тердим.
Йўқчилик азобин илмадим кўзга,
Бахтлиман дедим-у кўксимни кердим.
Бу кун шеър битурман шукрона айтиб,
Дардкаш қаламимни қўлимдан қўймай.
Билурман, ёшлигим келмайди қайтиб,
Ҳануз дийдорингга боқурман тўймай.
Аллоҳ тўзим берсин бардош, сабрингга,
Баъзан ўкинч билан бағрим тилгайман.
Айтгил, етолдимми Сенинг қадрингга,
Тазарру қилгайман, тавба қилгайман.
✍2009 йил 22 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТУЛКИ ФАЛСАФАСИ
— Устоз, — деди бир кун тулки тулкига,
Нечун биз нишонмиз доим кулгига?
Ўрмонда бўри ҳам, ҳатто жаноб шер,
Бир-бирин туртишиб: — Тулкисан-а, дер!
Бошқалар устидан кулмаслар нечун,
Бу ҳол қоронғудир биз ёшлар учун.
— Ука, — деди шунда тулкига тулки,
Бундай ҳодисотнинг сабаби шулки,
Касбини эплолмай қолса аксари,
Тулкилик қилади ҳайвонлар бари.
Кўпинча иложсиз қолган фурсатда
Тулкилик қилади шер ҳам, албатта!
Лекин бизнинг ишни эплолмас улар,
Шу сабаб ўрмонда масхара бўлар.
Сен-чи, бундай ҳолдан асло ўкинма,
Бошқалар сингари четга бекинма.
Тулкисан, бундай чоғ тулкилик қилгин,
Тулки деб кулсалар, қўшилиб кулгин...
✍1980
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САНЪАТКОР
Машҳур актёр Зикир Муҳаммаджонов хотирасига
Бир инсон эди у тенгсиз, муҳтарам,
Мен шуҳрат пойида, у-чи аршида.
Кездик юртимизни қадамба-қадам,
Гоҳ Тошкент, гоҳ Нукус, гоҳо Қаршида.
Санъаткор зот эди, актёр эди у,
Юзлаб қиёфага кирган бир ўзи.
Осонми, кечалар ҳатто беуйқу
Лафзингдан янграса саҳнанинг сўзи.
Тонгда яёв кезиб қайтса даврага,
Улуғбек Мирзо деб қадрлардик гоҳ.
Ҳеч қандай такаллуф тушмас орага,
Боқсак сўзлаб турар Байқаро ногоҳ.
Берсин актёрларнинг жонига тўзим,
Ўзлари содда-ю, роллари жумбоқ.
Ўзгартиб юборар ҳаттоки кўзин,
Ҳа, санъат боқийдир, санъат умрзоқ.
Кўнгил узмади ҳеч шеърдан, баётдан,
Теран туйғуларга тўлиб ўтди у.
Саҳна ўзга дунё, лекин ҳаётдан
Зикир Муҳаммаджон бўлиб ўтди у.
✍️2012 йил 4 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МУЛК
Сен мени кечиргин гапларим учун,
Ўринсиз сўзларим учун кечиргин.
Сенинг юзларингга боқиб туну кун
Тўймаган кўзларим учун кечиргин.
Фикринг меникидир, зикринг меники,
Менга тааллуқли гўзаллигинг ҳам.
Қолган барча мулкинг, майли, сеники,
Айт-чи, нима қолди ўзингга, эркам.
✍️2008 йил 10 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Бўрон, сен шам узра гувлайверма, бас,
Арслондек ўкириб чекаверма сас.
Шамни ўчирмоқлик жуда ҳам осон,
Унга етар битта "пуф" деган нафас.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АРБОБ
... Гўёки вақт сени кута бошлайди,
Хаёлга ботасан ўтирган кўйинг.
Кўз олдингдан секин ўта бошлайди,
Ишхонанг, дўстларинг ҳамда ўз уйинг.
Икир-чикиргача бўласан огоҳ,
Бозор-ўчарнинг ҳам ғамини ейсан.
Набиранг зинада қоқилди ногоҳ,
Ўзингча шивирлаб: – Секинроқ, – дейсан.
Айвондаги сариқ курсининг нуқул
Тушиб кетаверар битта оёғи.
Лампочкалар эса яроқсиз буткул,
Балки яна куйган томнинг чироғи.
Нохос жиринглайди телефон зир-зир,
Пир қилиб одамнинг ҳафсаласини.
– “Жаноб, келинг, дейди, – Кўргаймиз ҳозир,
Ер юзида тинчлик масаласини”...
✍2008 йил 9 сентябрь, Сан-Марино.
@abdullaorifijodi
❤️❤️❤️❤️
Х У Ш Х А Б А Р
Муҳташам GRAN ENCICLOPEDIA DE LA CULTURA UNIVERSAL ("КОИНОТ МАДАНИЯТИНИНГ БУЮК ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ") китобига киритилган дунё адиблари рўйхатини Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони АБДУЛЛА ОРИПОВ бошлаб берганидан жуда хурсандмиз! Бу ютуқ билан бутун Ўзбекистон аҳлини қутлаймиз!
___
Estoy muy orgulloso de que la lista de escritores mundiales incluidos en este magnífico libro GRAN ENCICLOPEDIA DE LA CULTURA UNIVERSAL haya sido presentada por el Poeta del Pueblo de Uzbekistán, el Héroe de Uzbekistán Abdulla Oripov. ¡Felicito a todos los habitantes de Uzbekistán por este gran logro!
___
I am very proud that the list of world writers included in this magnificent book GRAN ENCICLOPEDIA DE LA CULTURA UNIVERSAL (“GREAT ENCYCLOPEDIA OF WORLD CULTURE”) was presented by the People’s Poet of Uzbekistan, Hero of Uzbekistan Abdulla Oripov. I congratulate all residents of Uzbekistan on this great achievement!
_
Мы очень горждимся тем, что список мировых писателей, включенных в эту великолепную книгу GRAN ENCICLOPEDIA DE LA CULTURA UNIVERSAL («ВЕЛИКАЯ ЭНЦИКЛОПЕДИЯ ВСЕЛЕНСКОЙ КУЛЬТУРЫ»), представил Народный поэт Узбекистана, Герой Узбекистана АБДУЛЛА ОРИПОВ. Я поздравляем всех жителей Узбекистана с этим большим достижением!
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЙИТ
Ҳайит кунларида жанглар ҳам тўхтаб,
Қиличлар қинига қайтиб киргувси.
Мўминлар эгизак жонларга ўхшаб,
Ўзгага боққан чоқ ўзни кўргувси.
Умидвор ҳар кимса топиб кушойиш,
Қоронғи дилларга ёқиб тургай нур.
Уйқуда фароғат, юртда осойиш,
Дуолар ижобат, ниятлар манзур.
Адоват, ҳасадни касб этган инсон,
Майли шоҳ ё гадо, ё сайид бўлсин.
Илоё, барига бахш этсин иймон,
Ўтар ҳар лаҳзаси бир ҳайит бўлсин.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТЕМУР
Ҳар қанча фахр этсанг арзийди, ўзбек,
Балқибсан бир зотнинг юксак шонида.
Темурбек юлдузи Олтин қозиқдек
Чарақлар буюклар каҳкашонида.
Во ажаб, ёлғиз бир Занжирсаройнинг
Ўчини Ўрдадан ола билган зот.
Турон деб аталмиш каттакон жойнинг
Бағрига шунча йил сиғмабди, наҳот?!
Жаҳонни мўғуллар истилосидан
Қўтқариб қололган барлосий ботир –
Қочолмай тақдирнинг тақозосидан
Фотиҳ деб ном олмиш ўзи ҳам охир.
Энг улуғ бинолар мужассам бўлмиш
Оламда тенги йўқ Самарқанд-ку бор:
Темурбек жанг-жадал шавқига тўлмиш,
Қўлида шамширу тагида тулпор.
Ҳукми олий билан этмиш намоён
“Куч бу – адолатда”, деган сўзларин.
Қон тўкмиш Жаҳонгир гоҳо беомон
Ёвлари тикмасдан қонли кўзларин.
Отани боладан тирик айриб,
Тожу тахт талоши қизиркан борҳо.
Султон не зотларнинг қўлин қайириб,
Муҳташам салтанат айламиш барпо.
Аллоҳим бахш этмиш шунчалар шукуҳ,
Комилу етукдир шажара, зоти.
Бир ён Бибихоним, бир ёнда Шоҳруҳ,
Бир ёнда Улуғбек — синмас қаноти.
Не бахтким, туққан юрт бўлганда озод,
Муборак Ватанга қайтиб келмишсиз.
Қулоқ тутгайми, деб ноаҳил авлод,
Ташаккур, бизларни кўзга илмишсиз.
Ҳамон ер юзида шайтон туғёни,
Тилларда дуо-ю дилларда зарда.
Кўриб бу ноқису нотинч дунёни
Қайта босардингиз балки, саркарда.
Саъйи ниятларда руҳингиз сардор,
Ёвузлик чекингай, ўчгай ёмонлик.
Дастингиз шамширга бормасин зинҳор,
Ҳазрат, барчамизга тиланг омонлик!
✍️1993 йил 30 август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СОҲИБДИЛ
Бир кимса йўлидан адашиб гирён
Чўкиб бормоқдайди қора ботқоққа.
Ногоҳ учрадию соҳибдил инсон
Кимсани қутқазди, ўради оққа.
Маҳшарнинг ғурбатли палласи эди,
Саҳрода икковлон учрашди бехос.
Кимса: – Танимайман мен сени, – деди.
Соҳибдил: – Минг афсус, – деёлди холос.
Шунда садо келди: – Оё, жим тургил,
Бу-ку оддий махлуқ, юзсиз, шарманда.
Маломат тиғини ўзингга ургил,
Яхшиликни ўзинг қилдинг-ку, банда.
✍ 2008 йил 1 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЛАЙЛАТУЛ-ҚАДР
Қадр кечасида жами мусулмон,
Аллоҳ муждасига кўз тикар гирён.
Ҳар йили бир бора юз берса ҳамки,
Мен уни кутгайман ҳар тун нигорон.
✍2002 йил 2 декабрь
t.me/abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАВАЛЛО
Ўқинг Анвар қори, ўқинг, биродар,
Муқаддас Қуръоннинг оятларидан.
Руҳимга тинимсиз ёғдулар ёғар,
Чексиз самовотнинг қаватларидан.
Ўқинг “Фотиҳа”ни, ўқинг “Ёсин”ни,
Тавба эшиклари очилсинлар ланг.
Тазарру деб билинг кўзда ёшимни,
Ўқинг, барчамизга шафоат тиланг.
Ўқинг, бор гуноҳлар буткул тўкилсин,
Аршгача юксалсин савобнинг ҳадди.
Ўқинг ёвузликнинг бели букилсин,
Токи эзгуликнинг рост бўлсин қадди.
Инсонни минг йиллар жаҳолатидан
Аслига қайтарган иймон-ку ахир.
Ўқинг, илоҳий сўз ҳароратидан
Эрисин ҳаттоки тош қотган бағир.
Ўқинг, зарра ғубор қолмасин дилда,
Кундуз қуёш гувоҳ, тунда гувоҳ ой.
Мўминлар қатори ўша манзилда
Бормикан менга ҳам тангачалик жой..?
2009 йил 16 июнь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОЛЛОҲНИНГ ИШЛАРИ
Оллоҳим гоҳида болага ўхшар,
Шўхликни ёқтирар, ўйинқароқдир.
Тоғларга қарасанг – келгудай тўқнаш,
Аслида йироқдир, жуда йироқдир.
Гоҳида томоша қилай деб Халлоқ,
Бировнинг юмушин бошқага бергай.
Чунончи, бир эркак бўяса тирноқ,
Хотини ҳовлида гувала тергай.
Ҳазили оғир ҳам бўлар гоҳи дам,
Шодликка эш қилиб юборар кулфат.
Агар бир шаҳд қилса Яратган Эгам,
Арслонга шоқолни айлагай улфат.
Кимнинг ўз уфқида иқболи кулса,
Масхара бўлмайди ўша ягона.
Менга амалдорлик қанча ёт бўлса,
Сенга шоирлик ҳам шунча бегона.
2003 йил 16 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АДОЛАТ
Менинг битта армоним бор,
Кимлигинг билмай,
Сен ҳақингда чиқармасин биров хулоса.
Лекин юзсиз рақибларинг андиша қилмай,
Титкилайди таржимаи ҳолингни роса.
Кўзи очиқ ҳар нарсани албатта кўрар,
Ажратолмай қолар гоҳо руҳ ва жисмни.
Бир қарасанг, шайтонлар ҳам кўтариб юрар,
Ота-онанг Абдулла деб қўйган исмни.
Ташна чоғинг намакобни узатса тақдир,
Дейсан, ушбу ишорада маъно бор, катта.
Балки сувни ичолмассан, лекин барибир,
Шукроналар айтмоғинг шарт дилдан, албатта.
Бу дунёга келгандаёқ башар фарзанди,
Қўл-оёғин бешигига қўярлар боғлаб.
Улғайганда фикрини ҳам этурлар банди,
У бир умр ўтажакдир кўксини доғлаб.
Олдда эса кутиб турар поёнсиз хилқат,
Рост далага куппа-кундуз экурлар ёлғон.
Ақлни-чи, оёқ ости қилгайлар ҳар вақт,
Лекин бу сўз нодонларга бўлгайдир қалқон.
Ҳасрат билан кўз ташлайсан яйдоқ оламга
Хаёлингга кела бошлар ҳар хил бадбин ўй.
Ҳатто йўлда кетаётган айбсиз одамга,
Дабдурустдан тош отади худбин ҳасадгўй.
Қўйсалар-да сени ипак кўрпага ўраб,
Орасига кириб олиб, чақар чаёнлар.
Ахир қайга борар эдинг ҳимоя сўраб,
Ўз ичингдан чиқар бўлса ўша ёмонлар.
Қанча-қанча назмчини кўрдим дунёда,
Тиши ўткир, аммо лекин қалами эмас.
Сохта шуҳрат аслиятдан доим зиёда,
Афсус, улар бир ҳаводан олгайдир нафас.
Аравамни ўзим тортдим, очиқ айтганда,
Чумолига озор бермас озурда жонман.
Билатуриб, найзаларинг санчасан, банда,
Ўйламассан, мен ҳам ахир сендек инсонман.
Агар чиндан одил бўлсанг пойингда дунё,
Мана оғоч, мана арқон, билганингни қил.
Иродангга қарши чиқмас ҳеч кимса асло,
Дор тагига ўзи боргай, шуни яхши бил!
✍2015 йил 7 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
(Рафиқамга)
* * *
Кезиб оламни ҳарчанд
Сен каби ёрни тополмасман.
Дилимни англағувчи ўзга
Дилдорни тополмасман.
Нетайким, ҳар тарафдан ёғилур
Ғам ўқлари менга
Лекин маҳв этгали зулфингдайин
Дорни тополмасман.
Демишлар, ҳур, малаклар кўп,
Ниҳондир, кўзга ташланмас,
Бу не сирдур, башарсан, борсану,
Борни тополмасман.
Мукаммал суратингга жо бўлибди
Сийратинг, эй ёр,
Муаллиф қайдадир, ким ул?
Меъморни тополмасман.
Жунун водийсида сарсон
Мисоли Шайх Санъонман,
Қўлимда тасбеҳу, гоҳида
Зуннорни тополмасман.
Висолинг васфидан ортиқ
Гўзал шеъру ғазал бўлмас,
Тавоф айлай десам
Ҳофизу Атторни тополмасман.
Муҳаббат мулкида бир қул
Каби Абдулламан, билгил,
Тағин айтгум, сенингдек ёр,
Дилдорни тополмасман.
✍ 2012 йил 22 сентябрь.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ПАҲЛАВОН
Бир суҳбат чоғида Ҳазрат Пайғамбар
Ўртага ташлади савол ногаҳон.
Айтдилар: — Зарурат туғилса магар
Кимни атардингиз асл паҳлавон?
Саҳобалар деди: — Ҳар ким доимо
Чекига тушганни келгандир олиб.
Кураш майдонига чиққанда аммо,
Паҳлавон саналгай ким бўлса ғолиб.
Расулуллоҳ деди: — Кўҳнадир жаҳон,
Турфа хил куч-қудрат бордир одамда.
Лекин ўз жаҳлини енголган инсон
Ҳақиқий паҳлавон эрур оламда.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОЗАРБАЙЖОН
Хаёл оти билан кезгил ҳар ённи,
Топмассан бундайин хушбахт бир онни.
Муҳр этди дилларга тарих инчунин,
Қадим қондошликни — олий эҳсонни.
Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,
Бу кун озар эли Ўзбекистонни.
Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,
Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни?
Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,
Шу инжа озарий тилни, забонни.
Дўстлик бу — муҳаббат янглиғ фараҳким,
Билгай у на ҳадни ва на довонни.
Асли Муқаннага қиёс этгулик
Бобакнинг қалбидан тошган туғённи.
Низомий болидан ҳалво пишурмиш
Навоий забт этиб туркий жаҳонни.
Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,
Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.
Азизим, дилимда асраб юрибман
Насимий қолдирган собит имонни.
Вурғуннинг шеъри деб жон чекса ўзбек,
Озар ҳам аярми Ғафурдан жонни.
Сен билан кечмишнинг жанггоҳларида
Бирга таниганмиз яхши-ёмонни.
Тарих-ку, муҳташам ёдгордир олий,
Сўйлайин шу кунни, айни шу онни.
Қондошлик туғини кўгариб кушод
Тавоб этмоқдамиз гулгун маконни.
Хазар коса бўлсин, яъни жоми Жам,
Сипқаргил, шарафла давру давронни.
Мен сендай мезбонни топмоғим гумон,
Сен ҳам тополмассан мендай меҳмонни.
Мавжуд бўлмасайди оламда агар,
Ўйлаб топар эдим Озарбайжонни.
✍1980
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СОҒИНЧ
Ўтган ёшлигингни қўмсайсан ҳамон,
Кетди деб бамисли қаламқошлигим.
Қанчалик ғалвали бўлмасин даврон,
Гўзал эди дейсан ўша ёшлигим.
Қоп-қора сочларим ялтирасин деб,
Суркаб ҳам юрардинг турли-туман мой.
Дазмолсиз шимингга бермоқ учун зеб,
Кўрпача тагидан тахлар эдинг жой.
Достон ёзар эдинг, қўшни қиз агар,
Боқса бир жилмайиб, боқса бир кулиб.
Кўксингда ҳисларинг ловуллаб бадтар,
Ўрларди тамаки тутуни бўлиб.
Чопдинг трамвайга чиқмоқлик учун,
Лекин етолмадинг, кимлардир етди.
Ёшлик ҳам бекатда тўхтамай бир кун,
Ўша трамвайдек ўтдию кетди.
Гоҳида ўртаниб, гоҳ йўлдан озиб,
Ёнмоқ қани энди ёрнинг ҳажрида.
Бугун Ақл сенга дастурхон ёзиб,
Чой узатиб турар сокин Тажриба.
✍2009 йил 2 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Ёмғирли кун эди,
Атроф жим, сокин,
Маъюс кўзларингга боқардим сармаст.
Секин шивирладинг: — Боқмагил, йигит,
Севгинг менга янгилик эмас...
Ёмғир ҳам тинмади ўша куни ҳеч,
У ҳам қуволмади кўздан хобингни.
Совуқ, рутубатли хонамга шу кеч
Олиб қайтдим изтиробингни.
Тунда ҳам жимгина ёш тўкди осмон,
У менинг ҳолимга йиғлар эди, бас!
Бас, дўстим, мени деб чекмагил фиғон,
Сенинг кўз ёшинг ҳам янгилик эмас.
1966
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАМЗА НИДОСИ
Ҳамзадирман, боқмагайсиз
Сиз маломатлар билан,
Байтлар айтдим, элу юртга
Мен ибодатлар билан.
Найлайинки, гуллаганда
Кўз юмиб кетдим абад,
Ўтди умрим юз кўришмай
Не фароғатлар билан.
Мен Ватанни бирлашувга
Чорлаган шоир эдим,
Кутган эрдим ушбу кунни
Сабру тоқатлар билан.
Мен чароғни излагандим
Нур дея ушлаб қалам,
Менга қарши чиқди зулмат
Чўнг фалокатлар билан.
Во дариғо, кимсаларнинг
Қаҳрига бўлдим дучор,
Тош бошимга тош ёғилди
Минг касофатлар билан.
Битта ўзбек ўз элимда
Тошбўрон бўлдим, нетай,
Балли, юртим, ёд этибсан,
Вақту соатлар билан.
Шеър яшаркан, кимга дўсту
Кимга нодўстман ҳануз,
Шеър яшаркан, тенг курашгум
Мен жаҳолатлар билан.
Эрта учган қуш мисоли
Сайд бўлиб кетдим, вале,
Юртим, асло айри тушма
Сен саодатлар билан.
✍1991
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Менга хуш хабар айт...
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Дарду машаққатлар ўтгайдир бари,
Ўксима, оёққа тургайсан, деб айт.
Умрингни фараҳбахш, тотли онлари
Ҳали олдиндадир, кўргайсан деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Дўстларинг бордир-ку ҳали дунёда,
Сени кулфатларда қолдирмас деб айт.
Ёвузлик бўлса ҳам ҳаддин зиёда
Сени чангалига олдирмас, деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
Олис муҳаббатинг сўнмаган ҳамон,
То ҳануз унутмай юрибди дегил.
Сарғайган дафтарин варақлаб пинҳон,
У сени тушида кўрибди дегил.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам...
✍ 2008 йил 7 июнь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МИННАТДОРЛИК
Миннатдорлик билдиришим зарур бўлиб қолса агар,
Таъзим қилар эдим аввал еру қуёш, юлдузларга.
Нафас олган ҳар бир жонзот раҳмат ҳисси билан яшар,
Тирикликнинг қароргоҳи — кечаларга, кундузларга.
Гарчанд улуғ бу борлиқнинг ҳар жиҳати тўкис эмас,
Ёғини бор, сочини бор, бўрони бор, сурони бор.
У муттасил баҳор эмас, ё қиш эмас, ё куз эмас,
Бизни мудом эркаламас, гоҳи аччиқ қирови бор.
Миннатдорлик билдиришим зарур бўлиб қолса тағин,
Ҳеч шубҳасиз бош эгардим одамларнинг ўзларига.
Яхши кунда, ёмон кунда улар сенга очар бағрин,
Тақдиринг гоҳ боғлиқ бўлар уларнинг бир сўзларига.
Гарчанд улуғ бу башар ҳам шу кунгача номукаммал,
Ёвузи бор, лоқайди бор, бор бераҳм, бағритоши.
Инсон зоти комил бўлиб яралмаган экан азал,
Шунинг учун савдоларга маҳкум бўлган шўрлик боши.
Ҳа, ҳар қалай шукроналик боиси кўп бу дунёда
Мўл-кўл меҳрин аямасдан, замин яшар, қуёш яшар.
Ҳа, ҳар қалай одамларга меҳр ҳисси кўп зиёда,
Бошимизни ўқтин-ўқтин силаб турар она-Башар.
✍1988
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЙИТ
Набирам Алишерга
Ҳайит келса чалинади
Ноғоралар.
Сомса билан тўлиб кетар
Тоғоралар.
Байрам бўлар ҳар бир уйда,
Хонадонда.
Хурсандчилик отажону
Онажонда.
Момолар шод, аммалар шод,
Холалар шод.
Ҳаммадан ҳам ўйинқароқ
Болалар шод.
Шўх набира савол берар
Тинмай бир пас:
Бобо, айтинг, нега ҳар кун
Ҳайит эмас?
Бобо сўйлар аввал турли
Мақолини.
Жавоб берар сўнгра силаб
Соқолини:
- Ҳайит куни қачон келар,
Белгили-ку.
Мени ҳар кун табрикласанг,
Кулгили-ку.
✍2009 йил 25 август
@abdullaorifijodi
Қашқадарё вилояти, М.Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган Абдулла Орипов қаламага мансуб "Соҳибқирон " драмаси
Читать полностью…Абдулла Орипов
ФАҚАТ ЎЗИНГ АНГЛА...
Бас, етар,
Шоирлик сенга ўйинмас.
Ғам билан ўйнашма
Эй шодмон инсон.
Бу олов ёқади
Ўзин ҳар нафас.
Сенга жондош бўлмас
Ёнингдаги жон.
Енгил қила билмас
Бир азобингни
Фалакда минг-минглаб
Фаришталар ҳам.
Фақат ўзинг англа...
Изтиробимни,
Фақат ўзинг кечир,
Яратган Эгам.
✍2006 йил 23 октябрь
Қарши.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЯХШИЛАР
Яхши одамлар бор тоғда, чўлда ҳам,
Бордир Парижда ҳам, Истанбулда ҳам.
Улар дуч келади сенга дафъатан,
Римдир ва ё Тошкент уларга ватан.
Шифо истаб борсанг Ҳиндистон томон,
Сира ажабланма, соғайсанг инсон.
Яхши табиблар бор, демак у жойда,
Шукрким, яхшилар учрар ҳар қайда.
Афсус, ёмонларнинг уруғи кўпдир,
Ахтариб юрмагин, улар тўп-тўпдир.
Яхшини изла, топ, савоби катта,
Ёмони ўзингдан чиққай албатта.
✍ Истанбул. 2013 йил 7 октябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАРОЗИ
Тонгда айвонингга чиқасан яйраб,
Тарбият қиласан жисму жонингни.
Тинчлик деган бир қуш тепангда сайраб,
Қўриқлаб туради хонадонингни.
Ҳолбуки, эллар бор, қирқ йилдан буён,
Мотам либосини ечган эмасдир.
Ҳар зум фалокатга маҳкумдир инсон,
Тинчлик деган сўз ҳам, демак, абасдир.
Ювиниб, тараниб жўнайсан ишга,
Кундалик юмушни ўйлайсан фақат.
Ўрганиб қолгансан сокин турмушга,
Ёнингдан оқади осойишта вақт.
Ҳолбуки, дунёда шундай жойлар бор,
Текшириб кўради пайпоғинггача.
Кимлигинг сўрайди такрор ва такрор,
Сўрайди етти пушт— аймоғинггача.
Бу ҳолнинг тагига етганлар борми,
Дарё ҳам ёндошдир саҳролар билан.
Нафратда яшайди дунёнинг ярми,
Ярми эса яшар дуолар билан.
✍2016 йил 26 июль.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МАНГУ ПАНОҲ
Озроққина меҳр бергил,
Бизларга, Аллоҳ,
Озроққина шафқат ҳам бер,
Қодир Худойим.
Ер юзини қоплаб борар
Фақат оҳу воҳ,
Ҳамма жойда бамисоли
Қиёмат қойим.
Ошёнига яқин келмас
Қушлар ҳам асло,
Дарахтини чирмаб олса
Агарда илон.
Уясига қадам босмас
Бўрилар ҳатто,
Агар сезса шу атрофда
Борлигин қопқон.
Инсон ахир Инсон эрур,
Яширмоқ нега,
Кун кўрар у хонадонин
Ҳолига қараб.
Агар бир кун мушук каби
Қолса беэга,
Юрмас ахир нола чекиб
Эшикни тирнаб.
Фарзандлардан буюрмаса
Фожеадир бу,
Ота энди ўз-ўзига
Қилгай маломат.
Бир замонлар қартайганда
Падарин, ёҳу,
Ғорга элтиб ташлаганлар,
Қандоқ жаҳолат!
Қадрдонлар ажраб кетар,
Бирдан, ногаҳон.
Айри тушар балки машъум
Манфаат сабаб.
Бундай чоғда одам кимга
Суянсин нолон,
Наҳот, дўстлик рўё эрур,
Кечиргин, ё Раб.
Қашқирларнинг тўдасида
Қолса биров гар,
Ким ҳимоя қилар эди
Уни шу фурсат.
Бир ожизга беришмаса
Мадад муқаррар,
Ғолибман деб бонг ургайдир
Ёвузлик албат.
Кўз ташлайман олис ўтмиш
Қаърига гоҳо,
Тарих мудом ботирларнинг
Ёнини олган.
Енгиб чиққан курашларда
Алпомиш борҳо,
Прометей ўт-оловни
Сақлаб қололган.
Парвардигор, сен бандангни
Қилдинг ҳимоят,
Яна ўзинг мурувватлар
Айлагил эҳсон.
Одамзодга эзгуликни
Қайтиб бер фақат,
Ёлғиз сенинг паноҳингда
Бахт топгай Инсон.
✍ 2015 йил 18 сентябрь, Техас
@abdullaorifijodi