Абдулла Орипов
СЕН КАБИ
Онангни отангга хатлаб берганда,
Гувоҳ бўлмаганман ишонгил, ахир.
Боқурсан, юзингда қув заҳарханда,
Дунёни гўёки мен этдим тахир.
Босган қадамимдан чақнамас олов,
Даъво қилмасман ҳеч абадиятга.
На қўрғон қурдиму на тутдим ялов,
Доим йўлдош бўлдим оддий ниятга.
Бошни кўп қотирма сен кимсан дебон,
Кимнинг хеш, кимнингдир андасидирман.
Ўткинчи дунёда мен ҳам бир меҳмон,
Худонинг сен каби бандасидирман.
✍ 1991-1992
@abdullaorifojodi
Абдулла Орипов
МЕН КИМГА СУЯНГУМ
Бир кун савол берди ёшгина ўғлон:
— Нечун Аллоҳим деб йиғлайсиз нолон.
Дедим, жавобимдан бўлмагин ҳайрон,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Тинимсиз алдаса муҳит, маконинг,
Тортса оёғингдан дўсту ёронинг.
Шундай ўтар бўлса ҳар зум, ҳар онинг,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Ношукур эмасман дунёда гарчанд,
Қайдадир менга ҳам бор балки дилбанд
Ва лекин тириклай куйдирса фарзанд,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Инсофу ишонч ҳам ширин сўз бари,
Тириклик тошқиндир ёки кўпкари.
То ҳаёт экансан қочгайдир нари,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Шунчалар каж эрур дунёи гардун,
Ундан диёнатни ахтармоқ нечун,
Падар шод ўз ўғлин бағрин этса хун,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни,
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Бу кўҳна дунёда яшадим нега,
Яйдоқ от мисоли бўлдим беэга.
Маломат қилурман, оломон, сенга:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Мендан ранжимасин бўлса дўст агар,
Балки уларнинг ҳам дилида кадар,
Ҳойнаҳой мендайлар дегай муқаррар:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Умр ҳам охирлаб бормоқда секин,
Энди сарғаймоқда мен эккан экин.
Майли, сен ўзингга суянгил, лекин,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
✍1992
@abdullaorifijodi
Бугун, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев туғилган кун!
Дўстлик қадри...
1963 йиллар. Абдулла Орипов ТошДу университетининг (Ҳозирги Миллий университет) Журналистика факультетини битириш йиллари. Талабаликнинг сўнгги ойларининг бирида, қишки таътилда қишлоғига бориш учун умумий (общий поток) гуруҳда бирга ўқиган курсдоши Шукур Холмирзаев билан бирга Тошкент –Термиз поезди орқали уйга кетишмоқчи бўлишади. Шукур Холмирзаев бошқа гуруҳда ўқиганлиги сабабли (махсус фанлардан хисобланмиш) мумтоз адабиёт фанидан бўладиган сўнгги имтиҳонни А.Ориповдан 2 кун олдин топширган эди. Абдулла Ориповнинг имтиҳонлари режа бўйича ҳали тугамаган эди. Аммо дўстлар бирга кетиш учунми, соғинч устунлик қилибми поездга чиптани бир вақтга олишади. Дўсти билан ҳамроҳликда кетиш иштиёқида шоир имтиҳонни муддатидан олдин топширишга қарор қилиб, деканатга ариза ёзади. Абдулла Орипов мумтоз адабиёт фани домласининг ҳузурига бориб, имтиҳонни муддатидан олдин топширмоқчи эканини айтади. Буни эшитган домланинг энсаси қотиб, “Сиз ҳали мумтоз адабиётни шунча мукаммал ўргандингизми?” дея истеҳзо билан саволлар бера бошлайди. Шоир ҳамма саволларга тўлиқ жавоб бера олади, аммо устоз барибир “аъло” эмас тўрт баҳо билан баҳолайди. Синов дафтарчасидаги битта шу баҳо сабаб, шоир қизил “имтиёзли” дипломдан маҳрум бўлади. Мумтоз адабиёти устози кейинчалик бу воқеани хижолат чекиб бир неча бор эслаганлигини шоир кулиб хотирларди.
Шукур Холмирзаев “Йўллар айро тушди, аммо...” номли шоирга бағишланган эссесида: “Абдуллада нималарнидир олдиндан сезиш иқтидори бор, домлаларнинг анчайин гапидан ҳам тегишли хулосани чиқариб олар, кейин-кейин бизнинг бунга ақлимиз етарди. Бундан ташқари, унинг хотираси... ҳали-ҳамон ундай хотираси мустаҳкам кишини учратганим йўқ. Худо ҳаққи!”, деб таъкидлаган. Шунингдек, Шукур ака эссесида ёзишича, Абдулла Ориповнинг шеър қоралаб юришларини иккинчи курс босқичида хабар топган эканлар. Абдулла Орипов кунлардан бир кун, Шукур акага ўн икки вароқли шеърга тўла дафтарини ўқиб бериши учун беради. Дўстининг шеърларини илк бора ўқиб эса Шукур ака шеър ёзиш фикридан қайтганлигини шундай изоҳлайди: "Шеъриятга хиёнат қилиб юрган эканман. Хавасни ишқ деб... Мен ёзувчи бўламан, вассалом... Ахир, Абдуллажон, сизнинг олдингизда қандай қилиб шеър ёзаман? Ўқиб бераман... ўзимам сезардим-а сизда бир гап борлигини. Кўнглингизга балли... Одам ҳам бунақа истеъдодни яшириб...” (“Оила ва жамият ” газетаси 1997йил 20-28 октябр).
Одатда, қайсар одамларнинг меҳри ҳам қаҳри ҳам қаттиқ бўлади, дейдилар. Лекин воҳа одамларига хос қайсарлик, тўғрисўзлик ҳар иккисига ҳам хос бўлган. Ёшлик қизиққонлигими ё бошқа бирон арзимас сабаб туфайлими, икки дўст орасидан оламушук ўтиб дўстлар ҳафалашиб қолишади. Бу ҳодиса шоир юрагига қаттиқ ботганини, илк марта ҳаётда шу каби тушунмовчиликларнинг борлигига дуч келганини қуйидаги сатрлардан билсак бўлади:
Инсон яшар, пайти ҳам келар
Тўхтаб қолар умр - югурик.
Лекин, дўстлар, айтинг, не бўлар
Дўст-дўстидан айрилса тирик?
Дўсти билан урушиб қолган шоир, агар бирон киши оламдан ўтса, унга албатта аза очилиб, мотам тутилишини билади. Лекин дўстликдан айрилганда, ўзини қайга уришни билмайди. Дўстлик учун қандай йиғлаб, қандай куйиш керак, деб юрагидаги нолаларни шеърга сингдира олади.
Ҳайҳот, илк бор ингради кўнглим
Бир баргдайин титрадим, толдим.
Мен дўстимдан айрилдим бугун,
Тирик туриб, айрилиб қолдим.
Бу шеър 1965 йилда ёзилган. Тўғри, юқоридаги шеър шоир руҳиятида содир бўлган оний кайфиятдан туғилган Ҳар икки ижодкор маълум бир вақт ўтиб бу ҳолатни унутганлар. Аммо шу сатрлар орқали улар ўртасидаги дўстликнинг нақадар юксак бўлганини англашимиз қийин бўлмайди назаримда. Қуйида шеърни тўлиқ вариантини келтирамиз.
РУХСОРА ОРИПОВА
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КЕЧИР ШЕЪРИМ
Кечир шеърим, кечиргин мени,
Йиллар ўтиб чарчадим, толдим.
Шундай пайтлар бўлди-ки, сени—
Муҳофаза қилолмай қолдим.
Қудуқ қаздим сув танқис дамлар,
Эришдим ҳам балки ютуққа.
Чўктирдилар лекин одамлар
Ўзим қазган ўша қудуққа.
2014 йил 1 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
...Бу бари — асримиз кашф этган бало,
Бу — ёвуз сармоя, кўру кар, сўқир.
Бошимиз устида турибди гуё
Бир соч толасига боғланган шамшир...
"Сўнгги уруш" шеъридан парча...
@abdullaorifojodi
Абдулла Орипов
Тўртлик
Дунёда тириклик эмасдир осон,
Худкашлик эса-чи, ёмондан ёмон.
Фақат ЯРАТГАНнинг исмин такрор эт,
Бошқа чора йўқдир, йўқ ўзга имкон.
2013 йил 15 август
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БИЗНИНГ ШЕЪР
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ...
Пахтакорлар ва ишчилар писанд қилдилар.
Зиёлилар, юмушчилар писанд қилдилар,
Студентлар, тўқувчилар писанд килдилар,
Мактабдаги ўқувчилар писанд қилдилар,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ,
Лекин бизни анча зотлар писанд қилмади,
Яёв эдик, саман отлар писанд қилмади,
Шоҳ сургандик, бироқ мотлар писанд қилмади.
Таажжубмас, шеърга ётлар писанд қилмади,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.
Шоирни ҳеч таниганми ҳиссиз димоғдор,
Муқимийнинг авлодимиз камтар ва ночор.
Лекин шоир сўзи билан ҳамиша пойдор,
Аминхўжа бу борада гувоҳдир зинҳор,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.
Шоир зоти юрагига бўлибдир маҳкум,
Ижро бўлмас, у бўлса-чи, ўқийди ҳукм.
Асрлардан қолиб келган оқибат шулким,
Қулоқ солмас унга баъзан ошно ижроқўм,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.
Мен кичкина увоқдирман, дунё томидан
Сўзлагайман ўтган-кетган шоир номидан.
Ҳар ким ичгай шўр қисматнинг аччиқ жомидан
Лекин дегум бу давроннинг хуш айёмидан,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ,
✍1982
@abdullaorifijodi
#хотира
Самарқанд сафари
1979 йили устоз – раҳматли Озод Шарафиддиновнинг 50 ёшга тўлиши кенг нишонланди. Шу муносабат билан вилоятларда аллома билан ижодий учрашувлар
ўтказилди. Шундай учрашувларнинг бирига – Самарқанд Давлат университетига, юбилей тантаналарида қатнашиш
учун устоз Абдулла Орипов ҳам таклиф қилинган экан.
Ака, ҳамроҳликка мени танлаб, поездга иккита чипта олиб келишимни, Самарқандга бирга боришимизни айтганларида теримга сиғмай қувондим.
– Баҳонада Самарқандни зиёрат қилиб, талабалар даврасида шеър ўқиб келамиз. Озод аканинг ҳам кўнглини оламиз, – дедилар устоз чипталарга ёнидан пул чиқариб
берар экан. Мен пулни олишга иймандим. – Бу зиёрат
менинг ҳисобимдан бўлади. Пайти келиб сиз ҳам бирорта ёш шоирни Самарқандга зиёратга олиб борсангиз, ёки Самарқанд ҳақида яхши бир шеър ёзсангиз, қарзингизни узган бўласиз, – дедилар устоз.
Поезд Самарқандга барвақт етиб борди. Баҳорнинг илк кунлари бўлгани учун ҳаво салқин, енгил шабада гўё мозийдан табаррук бўйлар олиб келаётгандай туюлди. Кўҳна иморатларнинг ҳеч бўлмаса олис қадди-басти
кўзимга чалинар деган мақсадда энтикиб чор-атрофга қарадим.
Абдулла аканинг поездда, бошқа нарса қуриб кетгандай, шляпасини ўғирлашиб кетишгани учун кайфияти унча яхши эмасди. Такси тўхтатиб, ҳайдовчига манзилни
айтди. Жигарларидан бириникига – устознинг синглиси
яшаётган хонадонга бориб, нонушта қилдик. Жиянларини кўриб, устознинг кайфияти яхшиланди. Гап орасида Шоҳи зиндада бўлган-бўлмаганимни сўрадилар. Рад жавобимни эшитиб, дедилар:
– Ундай бўлса, Самарқандга келмаган экансиз, гарчанд аввал келган бўлсангиз ҳам. Чунки бу шаҳарни кўришни Шоҳи зинда зиёратидан бошлаш керак. Учрашувга эса, ҳали вақт бор. Кейин қўшиб қўйдилар: –
Таҳоратсиз бориб бўлмайди у ерга...
Шоҳизиндага устоз мени пиёда бошлаб бордилар.
– Ўз вақтида бу жойларни Амир Темур бобомиз
зиёрат қилганлар ва табаррук жой бўлиб қолишига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Бу ерда Темур бобомизнинг
қариндош-уруғлари, устозлари ҳордиқ олишяпти.
Бу пайтда биз қирқ зинадан иборат пиллапоядан юқорилаб борардик.
– Шукурвой, бу сирли зина, санаб чиқинг. Ҳеч ким тўғри санай олмаган. Чиқишингизда, тушишингизда саноғи бошқа чиқади. Хон саройидай муҳташам қабристонга ҳайратланиб
кириб борар эканман, Абдулла аканинг гаплари
ҳайратимга ёқут тугма қадагандай, юрагимни яшнатиб
борарди.
– Нега бунақа, Абдулла ака? – соддаларча савол бердим. Ака эса мен ҳеч кутмаган жавобни қилдилар:
– Чунки тепада ҳаёт бошқа, пастда – тириклар орасида бошқа. Улар бир-бирига тўғри келмайди.
Устознинг бу гапини табиийки, тушунмадим. Устоз кулдилар ва дедилар:
– Шукурвой, мантиқни ўқиганмисиз университетда?
– Ўқиганман.
– Ўқиган бўлсангиз, кейинчалик тушуниб оласиз.
Бунга руҳларнинг даҳли бор. Улар тирик.«Шоҳи зинда» – дегани ҳам аслида «тирик шоҳ» дегани. Бу ерда
Муҳаммад Пайғамбаримизнинг/с.а.в/ амакиваччаси, Аб-боснинг ўғли Қусам ибн Аббос дафн этилган. Дини исломни тарғиб қилиш учун олис Арабистондан 676 йилда юртимизга келиб, шу ерда ҳалок бўлган.
Бу пайтда зинадан кўтарилиб бўлдик. Устоз мени ўша
жойда ўтиришга ундадилар ва марҳумлар руҳига тиловат қилдилар. Қабристон шоҳкўчаси бўйлаб борарканмиз
ҳар икки томонда мавжуд мақбараларнинг ким томонидан қурилгани-ю, уларда кимлар ётгани тўғрисида ҳикоя
қила кетдилар. Улар деворига илинган ёзувларни ўқишга
#хотира
БЎЛСАНГ, ЗЎР БЎЛ!
Бу ҳақир дунёдан Низом Комил деган бир буюк таржимон яшаб ўтди... Низом ака сўзнинг таъмини, ҳидини биладиган даражада моҳир таржимон эди. “Кукарача”ни бир ўқинг! Бу таржимани ўқиб кўрганида Нодар Думбадзенинг ўзи ҳам қилиб қўйган ишидан завқланиб кетган бўларди.
Бир куни кутилмаганда Низом ака Абдулла Ориповнинг хонасига кириб келди.
– Шоирга саломлар бўлсин! – деди Абдулла акага қўл узата туриб.
Низом ака Орипов билан жуда эркин гаплашар экан. Абдулла ака унча-мунча одам билан ёйилиб гаплашавермасди. Аммо Низом ака билан яхши гаплашиб ўтирди. Ана шу суҳбат ичида бир гап ўтди.
– Низом ака, моҳир таржимонлигингизни ҳамма билади, аммо моҳир шоирлигингизни кўпчилик билмайди, – деди Абдулла ака. – Шеърларингизни ўқиганман, фикримни ҳам айтганман. Ижодингизда жуда катта қалб кўриниб турарди. Нега ёзмай кетганингизни ҳалигача тушунмайман?
Шунда Низом ака бироз ўйланиб туриб, ажойиб бир жавоб айтди.
– Эҳ, Абдулла, Абдулла! Мақтанишмасу, ҳақиқатан яхши ёзардим, аммо барибир сиздан ўтолмаслигимни билдим! Одам қайси соҳани ушласа, ўз ишининг устаси бўлиши керак! Менинг шиорим шу: бўлсанг, зўр бўл, бўлмасанг, нима қиласан оёқ остида ўралашиб...
Низом аканинг гапларини тинглаяпману, хаёлимда етук ёзувчимиз Назар Эшонқулнинг Абдулла Орипов ҳақида айтган гаплари айланарди: бу катта истеъдод йўл-йўлакай юзлаб шоирларни “ютиб” юборди.
Низом Комил ярим соатча ўтирди. Шоир билан ўтмишдаги хотираларини эслашди. Сўнг ўрнидан туриб кетмоққа чоғланди.
– Низом ака, кўриб турибсиз менинг бироз тобим йўқ. Йўқ бўлиб кетманг, кўриниш бериб туринг, – деди Абдулла ака.
– Абдулла, касал бўлишга ҳаққингиз йўқ! Ҳали сизга жавоб йўқ, тушундингизми? – деди Низом ака жиддий туриб.
Низом Комил чиқиб кетди.
– Аканинг шеърларини бир ўқиб кўриш керак экан, қизиқтириб қўйдингиз, – дедим.
– Топиб ўқиб кўр, айрим акаларингнинг ёзгани олдида тўйга бордгудай! Аммо шиори шеърларидан ҳам яхши экан.
– Энди бу шиор ҳаммага ҳам эмас, бу шиорни тутмоқ учун ижодкорда орият бўлиш керак, – дедим.
– Ана, топдинг! Одамда орият бўлмаса, ҳар нарсага қодир. Энди мен сенга бир гапни айтай... – Абдулла ака креслодан гавдасини кўтариб, жиддий ўтириб олди. Аканинг “калити”ни топиб очиб қўйсангиз, дувиллаб ҳикмат тўкиларди-да ўзиям. – Биз бир пайтлар қайсидир шоир қўллаган қофияни такрорлашга ориятимиз келарди. Бу сўзларнинг қофиясини Ҳамид Олимжон қўллаган, бунисини Ғафур Ғулом ёзган, деб шу қофиялардан айланиб ўтардик. Ҳозиргилар шеърингни деярли кўчириб олиб, ўзингга ўқиб беради. Камига “сўзбоши ёзиб берсангиз-чи”, дейди бақирайиб. Ориятсиз, ўзидан уямайдиган одам ана шунақа, ҳаммаёқни пайҳон қилиб ташлайди. Адабиётда бирор нарса яратолмайдиган одам тинчгина ўзининг ишини қилгани маъқул.
Низом Комилнинг акани “қўзғаб” кетгани яхши бўлган экан. Абдулла ака чинакам ижодкорлик ҳақида анча гапирди. Шу баҳонада аканинг бугунги адабиётга бўлган муносабати ҳам ойдинлашди.
Баъзан адабиётнинг бир муҳиби сифатида адабий майдонга мўралаб қўяман. Минбарларда “тепа”га қараб ялтоқланаётган сўзларни кўрганимда, мартаба-ю унвон учун хўрланган, зўрланган қофияларга кўзим тушганда Низом Комилнинг “бўлсанг, зўр бўл, бўлмасанг, нима қиласан оёқ остида ўралашиб”, деган шиори, Абдулла аканинг “Одамда орият бўлмаса, ҳар нарсага қодир”, деган ҳикмати эсимга тушиб кетади.
Алишер НАЗАР
PS: Эртага буюк шоир Абдулла ОРИПОВ таваллуд топган кун! Аллоҳ раҳмат қилсин!
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НАВРЎЗ
Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Она бағри каби илиқдир олам,
Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.
Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Яна кўнгиллардан рутубат кетди,
Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.
Яна дилдорликнинг фурсати етди,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
✍2001
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БАРДОШ
Мудом чаппор уриб учган қалдирғоч,
Қишу ёз уйимдан кетма, ором ол.
Мен сенга тегмасман, яйраб бола оч,
Фақат қанотларинг менга берақол.
Мусича ин қурган хонадонимда,
Ҳеч кимдан чўчимас, шунчалар ёввош.
Ҳай қушим, фазилат бўлса қонимда,
Мўминлигинг билан айлай айирбош.
Осмон-фалакларнинг эгаси бургут,
Бир умр шаҳдингга қилганман ҳавас.
Ўша армонимни эсла, ёдда тут,
Менга шижоатинг ҳадя қил бирпас.
Қушлар жам бўлишар, пасайиб осмон,
Ерга қарай-қарай, чуғурлашиб дер:
–Барча хислатимиз олгину, Инсон,
Бизга тирноқчалик бардошингдан бер.
✍2016 йил 1 июль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МУФТИ
7
Муфти ҳазратлари, cизга оcонмаc,
Оcонмаc, дунёда энг улуғ диннинг
Қутлуғ даргоҳида мужовир бўлмоқ.
Бир пайт жоҳилият корандалари
Маломат қилганди Раcулуллоҳга:
— Биз ҳам ёзишимиз мумкин Қуръонни.
У cўқир бандалар билмаc эдилар,
Жаброил лафзида, Ҳиро ғорида
Илоҳий оятлар нозил бўлганин.
Ўша оломоннинг ичида эcа
Бор эди замоннинг шоирлари ҳам.
Қаламлари равон, лекин кибрли.
Раcулуллоҳ деди: — Бирор оятни
Кимдир уддаcидан чиқиб ёзолcа,
Каъба деворига келтириб илcин!
Бир тўда қаламкаш туну кун тинмай
Ёздилар, ва лекин, эплай олмагач,
Дедилар: — Ожизмиз бундай каломга.
Қуёшга тик қараб бўлурми ахир,
Шундоқ нидо келди қодир Аллоҳдан:
— Бу қавм шайтоннинг югурдаклари!
Улуғ эътиқоднинг муждаcи эcа
Олиc элларга ҳам бориб етганди.
Покланмоқда эди кир бўлган қалблар.
Бирор оилада қиз туғилcа гар
Жаҳолат тириклай кўмиб ташларди.
Мудҳиш ёвузликни маън этди Қуръон.
Ерда бунёд бўлди Инcоф, Диёнат.
Бебаҳра қўймади шоирларни ҳам,
Ҳикмат бўлcин, деди, шеърларингизда.
Муфти ҳазратлари, cизга оcонмаc,
Ахир яшаб келар нодонлик ҳануз,
Нафc билан ёнма-ён, найрангга ўртоқ.
Муқаддаc Қуръонни зикр этиб гўё,
Cавоб панаcида кечиргайлар кун.
Гоҳо cалтанатга интиладилар.
Шайтон ҳунарини ташлаган эмаc.
Ҳамон қон оқади қай бир элларда,
Қизлар ёниб кетар, оналар гирён.
Ҳали кўринмаcдан Чотқолдан қуёш,
Юкcак Хаcти Имом минорларидан
Ёйила бошлайди азон товуши.
Уcмон Муcҳафидан нурлар таралар.
Муфти ҳазратлари, тиловат қилинг,
Бандаcига Ўзи қаноат берcин.
✍ 2012 йил 4 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МАРҲУМЛАР ШАЪНИ
Марҳумлар шаънига ёмон сўз демоқ
Макруҳлик саналмиш азалдан-азал.
Эй, Инсон, танангга бир зум ўйлаб боқ,
Кимларни забтига олмабди ажал.
Тошқин сел ваҳмини сой кўтаргайдир,
Ҳаётнинг зарбасин кўтаргай ҳаёт.
Мисли той тепкисин той кўтаргайдир,
Отнинг тепкисини кўтаргайдир от.
Расулуллоҳ демиш: — Ким Ҳаққа йўлдош,
Тириклик қадрини у азиз билди.
Марҳумнинг ортидан ота кўрманг тош,
Марҳум кетадиган жойига кетди.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАВБА
Сен гуноҳ қилдингми, бечора банда,
Сен шайтон макрига учдингми ногоҳ.
Тинчинг қолмадими руҳ ила танда,
Энди надоматлар бўлдими ҳамроҳ.
Энди чора излаб, ахтариб нажот
Кезурсан, дастингда на имкон, на эрк.
Гуноҳкор кимсанинг қошида наҳот
Қопқалар ёпилган, остоналар берк.
Йўқ, ҳали оламда мавжуддир шафқат,
Йўқ, ҳали тебранар меҳр бешиги.
Тавба қил, тавба қил, тавба қил фақат,
Сенга очиқ фақат тавба эшиги.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИБЛИС
Обрў керак бўлар иблисларга ҳам,
Уларга ҳам довруқ, шон-шуҳрат даркор.
Бир куни осмондан Иблиси Олам
Ерга тушмоқликни қилди ихтиёр.
Гўзал либосларни танлади роса,
Кўрган-билганларин йиғди кўписин,
Аввал ўзбеклардан олди андоза,
Яъни кийиб олди тўн ва дўпписин.
Бошдан бозорларга кирди у атай,
Турфа жамоага келай деб тўқнаш.
Боқса — ҳар каллада дўппи ўшандай,
Кийган тўнлари ҳам бир хилда, ўхшаш,
Қайтиб кетди Иблис фалакка дилгир,
Ўзин оқламади дўппию чопон.
Эътибор қилмади ҳеч кимса ахир,
Кайрилиб боқмади ҳеч битта инсон.
Иблис бошқа фириб қўллади энди,
Танлади Кавказнинг попоқ бўркини,
Келиб чўпонларнинг ёнига қўнди,
Кўз-кўз қилганича қомат, кўркини.
Чўпонлар Иблисни олди ўртага,
Дедилар: — Миллатинг надир, эй қўноқ.
Аслингни яширсанг агар жўрттага,
Ўзингдан кўргайсан, билиб қўй, бироқ.
Иблис шоша-пиша учди осмонга,
Гангиб қолган эди шўрликнинг боши.
Назар солди обдон барча томонга,
Деди: ҳиндуларнинг бўлай йўлдоши!
Белида лунгию оёқда сандал,
Ҳинду тупроғига Иблис қўнди жим.
Кимлардир бепарво, кимлардир танбал,
Иззат кўрсатмади хулласки ҳеч ким.
Иблис қарғай кетди касби-корини,
Ахир бу хўрликка борми ниҳоя.
Кимдир эшитгандай оҳу зорини,
Бошига ярқ этиб келди бир ғоя.
Бежирим шляпа кийди у дарҳол.
Сержун гарданига илди бўйинбоғ,
Камзулу шимига юргизди дазмол,
Зарҳал кўзойнақдан кўнгли эди тоғ.
Дуч келган манзилга шўнғиди энди,
Во ажаб! Бу не ҳол! Бу не каромат?
Уни кўрган заҳот шовқинлар тинди,
Юришиб кетди-ку ишлар аломат.
Иблисни раҳбар деб қарши олдилар.
Балки сийладилар ундан ҳам ортиқ,
Пойига ипакдан палак солдилар,
Сўнг юксак бир тахтни этдилар тортиқ.
Ҳиндию ўзбек, рус, булғору кавказ,
Барчаси саломга келди дафъатан.
Иблис жами халққа гўё беғараз,
Бепоён заминни айлади ватан.
Ҳукму фармонини юргизар пинҳон,
Қошу қабоғига кекса-ёш қарар.
Эзгулик ғафлатда қолгани замон,
Одамлар ҳаётин Иблис бошқарар.
✍️1990
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Оилада туғилса гўдак
Унга суйиб қўярлар исм.
Гар боғланса иккита юрак,
Дўстлик дейиш бўлгандир расм.
Волидалар гўдаги учун
Бешик олиб, тортадилар ош.
Худди шундай,дўстлар ҳам у кун
Бир-биридан айлайди маош.
Инсон яшар, пайти ҳам келар
Тўхтаб қолар умр — югурик.
Лекин, дўстлар, айтинг, не бўлар
Дўст-дўстидан айрилса тирик?
Тобут ўтар сўнгги кўприкни,
Қаро ерга уни қўярлар.
Дўстлар, айтинг, сўнган дўстликни
Қайга олиб бориб кўмарлар?
Марҳумларга очишиб аза
Либосларни кўкка бўярлар.
Дўстлар, айтинг, дўстлик сўнганда
Қандай йиғлаб, қандай киярлар?
Азалилар кўрса ёмон туш,
Мозор узра сукут этарлар.
Тирик туриб қайта келсанг дуч,
Унда, ахир, қайга кетарлар?
Ҳайҳот, илк бор ингради кўнглим,
Бир баргдайин титрадим, толдим.
Мен дўстимдан айрилдим бугун,
Тирик туриб, айрилиб қолдим.
Ёзармидим йиғлоқи байтни,
Чекармидим мен ахир нола,
Дўстлар, агар бошланмасайди
Икки қалбдан буюк оила.
Ёзармидим йиғлоқи байтни,
Титрармидим кўзда ёш билан,
Дўстлар, агар бошланмасайди
Тоғ қулаши икки тош билан.
Дўстлар, айтинг, дил ёнмаганда,
Чекармидим шунчалар оҳ-зор.
Агар, агар... Ҳеч бўлмаганда
Топилсайди кўмгали мозор.
✍1965
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АРМОН
Кажрав фалакнинг чархи
Бир зум ўнгга айланиб,
Соғинтирган онамнинг
Дийдорин кўролсайдим.
Онажоним қошида
Эркаланиб, шайланиб,
Гоҳ қувониб, гоҳида
Хўрсиниб туролсайдим.
Айтолсайдим мен унга
Кўҳна дунёга келиб,
Менга қанча шодлигу
Қанча ғам текканлигин.
Эзгуликни жаҳонда
Ахтарма қанча елиб,
Фақат она меҳрининг
Бетакрор эканлигин.
Айланса тағин фалак,
Қўлин тутсам ёшликнинг.
Оҳ, қандайин ғавғо-ю
Не кунларга қолардим.
Ўша қалам қошликнинг
Ҳажрида тағин ёниб,
Тағин унинг ёнига
Жадаллаб йўл олардим.
Кўнгилдаги ишқ ўтин
Сел келса ҳам сўндирмай,
Фақатгина уни мен
Ҳаётим, деб ўйлардим.
Қаламимнинг учига
Зарра ғубор қўндирмай
Фақатгина муҳаббат
Нашидасин куйлардим.
Фалак яна чарх уриб,
Раҳм этса-ю бир қадар.
Армоним ушалмоғин
Чорасин кўрсатсайди.
Шу шўрлик бандани ҳам
Тарк этсин, деб ғам-кадар,
Ташвишлардан қутулмоқ
Йўлини ўргатсайди.
Мен кўкка етиб бошим,
Чулғар эдим оламни.
Ёвузлик, разилликни
Оловдек эритардим.
Умрим бўйи қақшатиб
Куйдирган бир боламни
Қайта бошдан маъсум, пок
Гўдакка эврилтардим.
Афсус, бунга чора йўқ,
Йўқдир асло имкони.
Ортга қайтганми ахир,
Фалак бирор замонда.
Инсонни қабригача
Кузатгайдир армони,
Иложинг — иложсизлик,
Илож эса осмонда.
Шул сабаб, ҳар ўтган кун
Кўзимга ўтдай иссиқ.
Шул сабаб, ҳар эртани
Кутиб олгум довдираб.
Бугунги кўрганларим
Бўлса ҳам анча тансиқ,
Фақат ўшал армонга
Термуламан жовдираб.
Яратганнинг ишин кўр,
Умр йўлин қайиргач.
Кенг дунёни кўзингга
Тор қилиб қўяр экан.
Аввали, бериб-бериб,
Сўнг бирма-бир айиргач,
Фақатгина Ўзига
Зор қилиб қўяр экан.
✍1996
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САҲАРЛИК
Рўза кунларида бизнинг уйда ҳам
Ўчмасди тонггача тоат чироғи.
Ибодат қиларди отам ва онам,
Мен ҳам уйғонардим саҳарлик чоғи.
Мўъжаз дастурхонда шукрона таом:
Битта чалпак нону майиз ё ўрик,
Саҳарлик жимгина этарди давом,
Буларнинг барига мен ҳам бир шерик.
Йиллар ўтиб кетди, энди мен учун
Армон у кунларнинг ҳар бир фурсати.
Ўша азизларим... улар йўқ бугун,
Битган улар учун рўза муддати.
✍2001 йил 20 ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БАҲОР ТИЛАКЛАРИ
Нечун кўклам мадҳи тушмас ғазалдан,
Шоирлар баҳорни куйлар азалдан?
Ошиқлар зангори кенгликка боқиб,
Қўшиқлар айтади бағрини ёқиб.
Табаррук чолларнинг чаккасида гул,
Момолар ўйида баҳордир нуқул.
Бир лаҳза яшарар қарри қўрғонлар,
Ажиб дилбар бўлиб қолар инсонлар.
Ҳа, баҳор мисраси менда ҳам талай,
Бу ҳолнинг боиси бордир ҳарқалай.
Азизим, ғунчага назар сол бир он,
Бағрида ҳозирча турфа ҳол пинҳон.
Ранглар яшар унда балки пушти, оқ,
Ажаб, тикони ҳам ҳозирча юмшоқ.
Тонг чоғи шаббода кўтаради бош,
Оҳ, нечоғ латифу нечоғлик ёввош,
Асли қаҳратоннинг набираси у,
Нашъу намолари ҳозирча эзгу.
Инсон феъли қизиқ, яшагай ҳуркиб,
Шерваччани силаб, шердан-чи, қўрқиб.
Баҳор норасида гўдакдай ширин,
Қўйнида эзгулик армон яширин.
Наштар бўлмасидан ғунчанинг хори
Ширин туюлади унинг дийдори.
Бўронга айланмай шаббода — гўдак
Озурда дилларни яйратар бешак.
Одам боласига доим умид ёр,
Шул сабаб баҳорга тилаги бисёр:
Оламга қабоҳат заҳрин сочмаса,
Масъум юракларда яра очмаса.
Қопламаса басдур еру самони
Мудҳиш қирғинларнинг қора тўзони.
✍1983
@abdullaorifijodi
ҳожат ҳам қолмади. Мен устознинг қувваи ҳофизасига –
хотирасининг кучига яна бир карра тан бердим.«Шунча
маълумотни қачон миясига сингдирган экан бу одам?» –
деб ўйладим. Акага ҳавасим келди. Унинг тарих ҳақида,
аждодлар ҳақида ёзганида шеърларининг бу қадар табиий чиқишининг сири шунда экан-да, дедим. Шу билан бирга, Шоҳи зинда зиёратгоҳининг салобати, кўрку жозибаси мени ўзига тортарди. Беихтиёр, кейинчалик
«Шоҳи зинда» шеъримга киритилган сатрлар миямда айлана бошлади.
Зиёратни охирига етказиб, ташқарига чиқсак, бизни
университет устозлари ва талабалари кутиб туришган
экан. Улар юбилейни бошлай олмай турганларини айтиб, ёзғиришди. Маълум бўлишича, Абдулла аканинг Самарқандга келишганини билишган, сингиллариникида нонушта қилганимизни эшитишган, ундан кейин қаёққа кетганимиздан бехабар экан. Шаҳар бўйлаб севимли шоирини қидираётган мухлислар кўзидаги ҳаяжон мени масту мустағриқ этди.
Устоз Озод Шарафиддиновнинг 50 ёшлик юбилейи, шогирди, ҳалқимизнинг беназир шоири иштирокида икки карра тантанали ва мароқли ўтди. Абдулла ака, Озод ака тўғрисида жуда илиқ сўзларни айтдилар ва ўз шеърларидан намуналар ўқиди. Юбилей баҳонасида икки буюк инсоннинг бир-бирига муносабатини кўрдим,завқландим. Даврада Озод Шарафиддиновнинг энг кенжа шогирдларидан бири сифатида менга ҳам сўз беришди. Домлага бағишланган шеъримни ўқидим.
Шукур Қурбон
@abdullaorifijodi
#хотира
21 март - ҳам НАВРЎЗ, ҳам улкан шоир Абдулла Орипов туғилган кун! Қўшалоқ байрам билан барчани қутлаган ҳолда, дилбар шоиримизга алоқадор икки хотирани сизга илингим келди.
Биринчи хотира:
Кеча (2016 йил, 5 ноябрь) дўстлар билан Абдулла Орипов шеърияти ҳақида кўп гаплашдик. Ажаб, биз кўп эслаган кунимиз у киши Америкада оламдан ўтган экан...
Шу кунлари университетга Олман ака келиб қолди. Олман ака наманганлик оқсоқол бўлиб, адабиётнинг ашаддий мухлиси. Шунингдек, ўзбек адабиёти дарғалари билан боғлиқ жуда ажойиб хотиралари бор. Шу боис уни дарсга таклиф қилдим. Бир пайтлар, бундан 45 йиллар муқаддам Наманганнинг Каркидонида бўлиб ўтган шеърхонлик тўғрисида талаба ёшларга гапириб берди. Воқеа бундай бўлган экан: Каркидонда “ким яхши шеър ўқийди?” деган мусобақа ўтказилиб, йиғилганлар орасида ҳамма Ориповни олқишлашибди. Гал Олмон акага келганда, у майдонга тушиб, ўзига хос усулда шеър ўқий кетибди: “Ватерлоода хато қилди Наполеон, Жаҳонгирнинг қайтди шу кун омади...” Ҳавода гулдурос қарсаклар жаранглабди. Абдулла ака ҳам шартта ўрнидан туриб, “Сиз ютдингиз!” деб, Олмон аканинг қўлларини маҳкам сиқиб қўйибди...
Кечқурун зиёфатдан сўнг улар ўша ерда тунаб қолишадиган бўлишибди. Қишлоқчилик – биттагина кароватга Абдулла акага жой қилишиб, қолганларга полга ўрин солиб беришибди. Шунда Абдулла ака Олмон акага қараб: “Кароват ғолибники! Келинг бу ёққа!” дея қўярда-қўймай кароватни Олмон акага берган экан... (Эслатма: Олмон ака ўқиган шеър А. Орипов қаламига мансуб).
Иккинчи хотира:
2010 – йиллар эди. Ботир ака деган, асли самарқандлик, лекин Тошкентда яшаб қолган, ёши 70 ларни қоралаган оқсоқол билан уч йилча бирга ишладик. Мен у ерда раҳбар, у киши эса қоровул эди. Ташкилотнинг йиғин ва байрамларида Ботир ака қулинг ўргилсин паловхонтўрани сайратиб юборарди. Ўзиям суҳбати ширин, ҳар соҳада тажрибаси бор, пишиқ-пухта, гапга чечан одам эди. Менинг ёзувчи эканлигимни эшитиб қолиб, ёнимга келди ва қуйидаги воқеани сўзлаб берди: “мен ёшлигимдан ош қилишни яхши кўраман. Бир пайтлар дўрмонга бориб, ёзувчиларга ҳам ош дамлаб берардим. Шундай кунларнинг бирида қозоннинг бошида куймаланиб турсам, ташқарида бир машина тўхтади. Мени ош тайёрлашга чақириб, ўзлари сўрида еб-ичиб, суҳбатлашиб ўтирган ёш ёзувчи-шоирларнинг бари келган кишининг истиқболига ўрниларидан қўзғалишди. Дарвозадан Абдулла Қаҳҳор кўринди. Уни танимасликнинг иложи йўқ эди. Қаҳҳор ёшлар билан сўрашдию бирга ўтирмади. Оёқ устида икки оғиз гаплашди, сўнг бурилиб ўз уйи томон йўналаркан, бир дамгина тўхтаб ортига қаради. Дастурхондаги шишаларга бир кўз югуртириб олди-да: “ҳаммангизни тўплаб манави қозонга солиб қовурса ҳам битта Абдулла чиқмайди. Шу учун ўзларингдан ҳам кўра уни эҳтиёт қилинглар!” дедию кетди...
“Нега Ботир аканинг ошлари мазали чиқади?” десам, тақсирнинг қозонига икки улуғ Абдулланинг назари тушган экан-да!” дея ҳазиллашдим мен. Кулишдик. Лекин ичимда Абдулла Қаҳҳорнинг ўша пайтда ёш бўлган Абдулла Ориповга берган юксак баҳоси, шу баҳони бера олган мард, танти юраги ҳақида ўйлаб кетдим. Дарҳақиқат, бугун биз устоз Абдулла Орипов ўзига нисбатан устози Абдулла Қаҳҳор билдирган ишончни тўла-тўкис оқлаганига аминмиз. Абдулла Орипов ижодкор сифатида бугунги кунда ҳар қандай миллатнинг ҳар қандай шоири ҳавас қилса арзигулик бир ҳаёт йўлини босиб ўтди. Бунга асло шубҳа йўқ. Энди охиратлари обод бўлсин! Энди у кишига фақат шу керак, бизга ҳам ярашадигани шу, майда гапларни, – ғийбатларни қўйиб – дуода бўлиш...
Улуғбек ҲАМДАМ
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НАВРЎЗ
Яшадим қиш фаслин узун тунида,
Кўрдим ёруғликни тун якунида.
Жоним, Сен ҳам энди тараҳҳум айла,
Сен ҳам табассум қил Наврўз кунида.
✍2003 йил 19 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЙЎРИҚ
Дунёнинг ибратли йўриқлари бор,
Ўша бошқаради умр кемасин.
Дўстига меҳрини этганда изҳор,
Ҳеч ким кўкрагидан тепки емасин.
Қанча камолотга етмасин одам,
Асло унутмасин Халлоқ - эгасин.
Ўзини гуноҳкор санасин ҳар дам,
Савоб ишни эса қилдим демасин.
✍2008 йил 10 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БУРГУТ ҚИСМАТИ
Қулоққа чалинар гоҳи-гоҳида
Шундай бир ривоят, шундай бир ўгит:
Ночору ноилож қолган чоғида
Ўзини тошларга урармиш бургут.
Мен сенга илтижо қилурман, эгам,
Агар-чи тилимда шукронанг бисёр.
Меҳрингдан мосуво этма мени ҳам,
Дўстларга зор этма, душманларга хор.
Оқил бўлса ҳамки, бўлса-да нодон,
Розиман, берибсан фарзанд яратиб.
Қартайган чоғимда, тиланчисимон
Сен улар қўлига қўйма қаратиб.
Кулбаи вайронам етар менга, бас,
Яшайман сабрнинг кошонасида.
Илоё, бош эгиб юрмайин бесас
Такаббур зотларнинг остонасида.
Қарайман сарғайган тунд қуёшимга,
Секин оғиб борар умрнинг туни.
Магар раҳм этмасанг, тушсин бошимга,
Майли, ўша ночор бургутнинг куни.
✍1994
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БУЮК САБР
Балки инсондирсан оддий ва камтар,
Балки саркардасан — жангларда ҳодий.
Бировни яккалаб, камситсанг агар,
Лаънатлар айтурман сенга абадий.
Билиб қўй, Аллоҳнинг кенг даргоҳида
Шафқат бўлмагайдир кибрга асло.
Жойинг жаҳаннамнинг туби -чоҳида,
Ҳатто, Иблисга у кўрилмас раво.
Гоҳ ҳайрон қоламан дунёга қараб,
Тавба, деб ёқамни ушлайман бот-бот.
Бир умр маломат комида яшаб,
Ўзгариб қолмаган нечук одамзод?
Бу ҳолга чидамиш ботирлар нега,
Нега даф қилмаган ноҳақни ахир?
Наҳотки, эзгулик қолган беэга,
Наҳот, тирикликнинг ҳамроҳи таҳқир?
Англадик, раҳм этиб ўзи Худойим,
Аршларга кўтарди олий қадрни.
Қўллаб турсин дея ишончин доим,
Бизларга ўргатди буюк сабрни.
✍️2015 йил 29 август, Техас
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БАНДАГА СИҒИНМА
Ҳеч қачон бандага сиғинма, банда,
Зулм қилса агар, золимга лаънат.
Битта руҳ яшайди ҳар битта танда,
Инсоннинг авлиё бўлмоғи ғалат.
Гарчи бу дунёда бордир нодонлик,
Тафаккур, Ақлнинг кошонаси бор,
Қисматдан ҳеч кимса топмас омонлик,
Олдинда ажалнинг остонаси бор.
Сеҳрга нечоғлик каломинг бурма,
Лазизроқ сўз йўқдир сўзидан ортиқ.
Дунёда дўст излаб қанча югурма,
Азизроқ дўст йўқдир Ўзидан ортиқ.
@abdullaorifijodi
"Ҳар бир банда, агар оят-аломатларга тафаккур билан қараса, ишончи ва маърифати зиёда бўлиб бораверади. Вужудингдаги ҳар бир аъзо ҳамда ҳар бир хужайрани нақадар тартиб-интизом билан яратилгани ва ўз ўрнида жойлаштирилганини ўйлаб кўришнинг ўзиёқ одамзотни фикрлаш фазилатига ундамайдими?
Бир ҳадисда одамда фикрлаш қобилияти тўрт холатда кучаяди дейилади.
Биринчиси: бадан дунё ишларидан озод бўлганида;
Иккинчиси: қорин ҳаром таомдан холи бўлганида;
Учинчиси: қўл дунё матоларидан бўшаганида;
Тўртинчиси; ишларнинг оқибати фикр қилинганида.
Уч нарсада эса фикр қилиб бўлмайди.
Биринчи: камбағаллик тўғрисида. Чунки у ғамни, хафаликни кўпайтиради ва бойликка хирсни зиёда килади;
Иккинчи: биров зулм қилган бўлса у тўғрида ҳам фикр қилинмайди, чунки калбни қўпол қилади, адоватни кучайтиради, ғазабни кўпайтиради;
Учинчи: кўп умр ҳақида ҳам фикр килинмайди. Чунки у ўлимни унуттиради, бойлик тўплашни севдиради, амал қилишни ортга сурдиради.
Энди, юқорида айтганлардан келиб чиқиб тафаккур қилиб кўрайлик. Мана, иккита оёқ. Оёқ бу-Аллоҳнинг марҳамати, юриш эса неъмат. Агар кишида иккита оёқ бўлса-ю, юришга қуввати етмаса, Аллоҳ унга марҳамат қилган, аммо неъмат бермаган бўлади.
Ёки иккита қўл. Бу ҳам Аллоҳнинг марҳамати, ундаги қувват-неъмат.
Юз, кўз, тил-ҳаммаси ҳақида ана шу тарзда фикр юритиш мумкин.
Айтмоқчи бўлганим шуки, бизда шундай нарсалар ҳақида тасаввур йўқ хисоб.
Ҳа энди, одам бўлганидан кейин кўл-оёк, кўзу қош бўлади-да, деб юраверамиз..."
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲИДОЯТ ЙЎЛИ
У сенга кўрсатди ҳидоят йўлин,
Юргил ё юрмассан, ўзинг бил, инсон.
Балки сен тутгайсан Иблиснинг қўлин,
Яратган Холиққа барчаси аён.
Пишқирган дарёнинг соҳилида гар
Ташнаю зор қолсанг, айбдорсан ўзинг.
Бошингга ногаҳон балолар ёғар
Лабингдан учган чоғ жаҳолат сўзинг.
Ғойибдан бахт кутиб ўлтирмоқ нечун,
Дастингга кор берди қалбингдаги Ёр.
Заминда кўргазган қилмишинг учун
Осмонни маломат қилмоғинг бекор.
@abdullaorifijodi