КЕЛАЁТГАН РАМАЗОН ОЙИ МУБОРАК БЎЛСИН!
УМРИНГИЗГА ВА РИЗҚИНГИЗГА, ХОНАДОНИНГИЗГА АЛЛОҲИМДАН ФАЙЗУ БАРОКАТ, ТАНИ ЖОНИНГИЗГА МУСТАҲКАМ СОҒЛИҚ, ҚАЛБИНГИЗГА МУСТАҲКАМ ИЙМОН, АМАЛЛАРИНГИЗНИ ЧИРОЙЛИ БЎЛИШИНИ, АЛЛОҲИМДАН СЎРАБ ҚОЛАМИЗ🤲
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БИНАФША
Ҳали қор остида ухларди Дўрмон,
Ҳали тарк этмаган изғирин буткул,
Худди календарни ўқигансимон
Боғимда бинафша очиб қолди гул.
Ҳаёт қонунлари бузилмас ҳаргиз,
У асло режасин ўзгартирмагай.
Шу нозик бинафша, шу маъсума қиз
Қиш билан, қор билан курашмоққа шай.
2013 йил март
✍️ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
АБДУЛЛА ОРИПОВ
АЁЛЛАР
Шундоқ демиш донишманд бир кун,
Кўрмоқ бўлсанг шаҳло кўзни гар.
Йўлни Шероз шаҳрига бургин,
Шероз томон айлагин сафар.
Барча аёл сулувдир, аммо
Сен қайдасан гўзалим, танҳо.
Шундоқ демиш донишманд яна,
Ахтарсанг энг оқила зотни,
Деҳли томон бўлгин равона,
Деҳлига бор ўтказма вақтни.
Барча аёл сулувдир аммо,
Сен қайдасан гўзалим, танҳо.
Шундоқ демиш донишманд тағин,
Ёр вафосин этсанг гар армон.
Токиога йўлни чоғлагин,
Токиога борақол ўғлон.
Барча аёл сулувдир, аммо,
Сен қайдасан гўзалим, танҳо.
Мен донишманд эмасман бироқ,
Аён менга бир ҳолнинг фоли,
Юртимдадир у сиймо порлоқ,
Оқила-ю, сулув, вафоли.
Гар беқиёс аёллар бари,
Менга суюк ЎЗБЕК дилбари.
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЮРТИМ ШАМОЛИ
Йўлларда елдирим мисоли елдим,
Еллар водийсига бошлади ҳавас.
Елвагай Қўқоннинг бағрига келдим,
Сен эсдинг — таралди сийм танда атлас,
Сен эсдинг — очилди ёрнинг жамоли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Мен-ку бу дунёда бир зори висол,
Карбало даштида Мажнун сифатман.
Шамоллар ичида мен ҳам бир шамол,
Чечаклар атридан мен ҳам сармастман.
Лекин сен руҳимнинг мангу хаёли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Қанча шамолларга юзимни бурдим,
Улардан эсдилар турфа хил нафас.
Уларда гоҳ қайғу, гоҳ шодлик кўрдим,
Тўхтамай ўтдилар бари ҳам бир бирпас.
Фақат қайғулардан сен ўзинг холи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Шамоллар эсгандир ушбу дунёда,
Шамоллар гоҳ қуюн, гоҳида довул.
Улар гоҳ ошкора, гоҳо рўёда
Қанча бўстонларни совурган буткул,
Лекин сен бўлмагин боғлар заволи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Эсгин, эй, боғларнинг жамоли кулсин,
Мовий нафас билан тўлсин этаклар.
Учқур қўшиқларга бу олам тўлсин,
Шаънингга шоирлар айтсин эртаклар.
Эсгин, Ватанимнинг таралсин боли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Мени чорлаётир олий бир жамол,
Билмасман, оҳ, унга қачон етурман.
Бу гулшан водийда мен ҳам бир шамол,
Шамол каби келдим, шундоқ кетурман.
Лекин Абдулланинг боқий камоли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
✍1969 йил 7 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ФАЗИЛАТ
Ариза ёзиб ё илтимос қилиб,
Ҳеч ким бу дунёга келган эмасдир.
Ҳар банда ўтирса ўрнини билиб,
Нафсига берилмай яшаса, басдир.
Меҳнату тафаккур, тажриба боис
Мукаррам бўлгайдир ҳамиша инсон.
Ким бундан мосуво — ҳурмат ножоиз,
Унинг одамлиги аслида гумон.
Оёқсиз бўлса-да сув ҳам юролган,
Ибрат ол, ҳеч қурса, сен унга қараб.
Ошёну уясин ўзи қуролган
Чумолига шараф, қушларга шараф.
Қарайман — мозийнинг довонларида
Ботирлар машъали то ҳануз порлар.
Гард бўлмиш тарихнинг майдонларида
Ясама полвону сохта тулпорлар.
Мансабу шон-шуҳрат, бойлигу дунё
Ҳалоллик туфайли азиз, муборак.
Наинки заминга, кўкка ҳам ҳатто
Фақат фазилатли бандалар керак.
✍2014 йил 16 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДАХЛДОРЛИК
Куя ўз уйимдан чиққан,
Мита ҳам,
Шукр суварак ҳам бегона эмас.
Нега гина қилай бировдан укам,
Ўзимники ҳатто дарёдаги хас.
Олис юлдузларни айбламанг асло,
Улар белгиламас тақдиримизни.
Гоҳо кимларгадир бахт этсак ато,
Бахтсиз ҳам қилгаймиз бир-биримизни.
✍2010 йил 10 август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НАБИРАМГА
Гарчи хосият йўқ ҳар хил иримда,
Мен сени ўйладим муқаддас Римда.
Митти бир инсонсан, жуда кичиксан,
Менинг ҳаётимга лекин шериксан.
Ўғлимнинг ўғлисан, зурриёдимсан,
Сен менинг бир заррам, мангу ёдимсан.
Бобо деганингда бобонг ёшарди,
Момо деганингда момонг ёшарди.
Бугун Римда туриб бир гап айтурман,
Исмингнинг шарҳига тағин қайтурман.
Яхши ният билан атадим: Ислом,
Йўлингни ёритгай шу ном, вассалом!
✍2008 йил 15 сентябрь, Рим.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОНАМГА ХАТ
Қайтгим келди, онам, ёнингга
Юрагимда исмсиз дардлар.
Совуқ хонам, соат чиқ-чиқи,
Ташқарида хазонрез боғлар,
Ёмғирнинг жим хониш қилиши...
Бариси ҳам нечундир бу дам
Туширмоқда сени ёдимга...
Қайтгим келди, онам, ёнингга.
Юрагимни очиб гапирсам,
Кам-кам бўлар менда бундай ҳол.
Шодмон юрсам, менинг ёдимга
Сен тушмайсан ростдан, онажон.
Ногаҳоний бундай ҳолда-чи,
Шундай кўргим келади сени.
Айтсам сенга бор гапларимни,
Орзуларим, ҳасратларимни
Йиғлаб, кулиб айтгим келар, ҳа,
Одамларнинг қадру қимматин
Англамаймиз бирга бўлганда.
Аммо ногоҳ узоққа тушсак,
Ё танҳолик ҳасратин чексак,
Баъзан шундоқ,
Одам зотининг
Тирноғига зор бўламиз, ҳа!
Тушунмайман бул ҳақиқатни,
Сен-ку, ахир онасан, она...
Онам, ранжимагил хатимдан,
Мен ростини ёздим, шод дамим
Сен тушмайсан асло эсимга.
Аммо ҳаёт ўзи, биламан,
Солар сени ёдимга бот-бот.
Яъни, бошимизни доим ҳам
Она бўлиб силамас ҳаёт.
✍1963
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ВАФО ҚИЛУРМИСАН, БАҲОРИМ
Руҳимда йўқолди қарорим,
Танимда қолмади мадорим.
Бизларни бир йўқлаб келибсан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Ёз ўтди, куз ўтди, қиш ўтди,
Бошлардан синовли иш ўтди.
Юракка изғирин — ниш ўтди,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Ям-яшил қирларни соғиндим,
Чечакзор ерларни соғиндим,
У инжа сирларни соғиндим,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Лоланинг лаблари хандадир,
Доғи ҳам тубида — андадир.
Ўхшаши руҳ ила тандадир,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Интиқмиз дўст билан, ёр билан,
Шеър билан, соз билан — тор билан,
Дийдорлаш бизнингдек хор билан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
✍️1991
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АЁЛ МАДҲИ
Дунёга келтирдинг – онамсан,
Мен учун тенги йўқ оламсан.
Ёритдинг ҳамиша йўлимни,
Севикли қизимсан – боламсан.
Бормикан сендайин иболи,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Темурбек ёнида Бибихон,
Пойингга сочилди каҳкашон.
Гоҳида анордек эзилдинг,
Увайсий қалбидай бағринг қон.
Ҳуснингдир гоҳ умринг заволи,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Момосан, Атода ҳаққинг бор,
Бу гўзал дунёда ҳаққинг бор.
Юртим деб жангга ҳам кирган сен,
Ёд этса, дуода ҳаққинг бор.
От сурдинг Тўмарис мисоли,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Сен озод замонга етишдинг,
Ҳур, обод давронга етишдинг.
Фарзандлар юлдуздек парвона,
Минг йиллик армонга етишдинг.
Ўзингсан Ватаннинг жамоли,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
✍️2013 йил 18 январь
@abdullaorifijodi
Аёлини қадрлаган эл улуғдир. Миллат фарзандларининг илк Ватани, кўзлари юмуқ ҳолда ҳам чайқаладиган бешиги - она вужудидир.
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИБОДАТ
Дунёдан розиман дема ҳеч қачон,
Десанг ҳам, сўйлагил саҳрога, тоққа.
Чунки сени тинглаб, кимдир ўша он.
“Нега розисан?”, деб тутгай сўроққа.
Дунёдан норизо бўлсанг ҳам агар,
Сўз дема, бардош қил азоб, фироққа.
Чунки сени тинглаб, кимлардир баттар,
“Нега?”, деб албатта, тутгай сўроққа.
Дунё ишларига боқма ҳеч ҳайрон,
Жимгина назар сол кўҳна бу корга.
Олис кечалари ёлғиз қолган он,
Дилингни оч фақат Парвардигорга.
✍ 1991
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НОМАЪЛУМ ОДАМ
У на шоир эди ва на машҳур зот,
Лекин дунё билан бир эди дарди.
У ҳам бошқалардай кечириб ҳаёт,
Шошиб ишга бориб секин қайтарди.
Англарди дунёни у ҳам хўп теран,
Маъюс боқар эди ботгувчи кунга.
Баъзида юраги ёнгани билан
Парво қилмас эди ҳеч қачон бунга.
У қабр устида сўзламади нутқ,
Табрик ҳам айтмади тўйларда хандон,
Ўлим бу — нишонга бориб теккан ўқ,
Туғилиш — шиддат-ла тортилган камон.
Шон-шуҳрат талашган турфа хил ғариб,
Шўрлик кимсаларга кулиб боқарди.
Юрмасди ҳар қайда илинж ахтариб,
Қалбида бир дунё гувлаб оқарди.
Бировнинг у билан бўлмади иши,
У ҳам дуч келганга очмади юрак.
Насаб, икир-чикир, мол-мулк ташвиши
Уни этолмади зарра жонсарак.
Лоқайдни дўппосла, деса эҳтимол
Унга ёпишарди нокаснинг бари.
Унинг кўзларида ёнарди беҳол
Йироқ юлдузларнинг сирли нурлари.
Оламнинг бу майда ғалваси нечун?
Бари ўтадиган, бари нокерак.
Тариқдай заминнинг устида беун
Яшаб ўтди шундоқ буюк бир юрак.
Қайдан келганди у? Билмади кимса,
Қабрга ҳам жимжит кириб кетди у.
Менимча, дунёнинг устидан роса
Мириқиб қаҳқаҳа уриб кетди у.
✍1971
@abdullaorifijodi
Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг XIX Бутуниттифоқ конференцияси. Конференция 1988 йил 28 июндан 1 июлгача Москвада бўлиб ўтган.
Абдулла Орипов
Конференция залидан шеърий мактуб....
Мени замонсоз дея маломатга буркаманг,
Ўзбек ҳам ўз-ўзини танимоғи керакдир.
Одил Ёқуб минбардан халқи учун чалса занг,
Билингки, бу виждондир, билингки, бу юракдир.
Мамлакат пойтахтидан битта мухбир мисоли,
Жонажон Тошкентимга шундоқ хабар бераман:
Ҳар қандайин миш-мишу туҳмат, иғводан ҳоли,
Ялангтўш ўзбек бўлиб тағин кўкрак кераман.
Олуча неча пулдир, гўштнинг нархи қанақа,
Ушбу гаплар ечилур, ҳеч қаёққа кетмайди,
Бамисоли тулпорга камлик қилгандай тақа,
Очиқ айтсам, ўзбекка озроқ омад етмайди.
Аллақайси бурчакда писмиқ бир хаёл билан,
Бизларнинг шаънимизга сақламангиз сиз кеклар.
Меҳнаткашу заҳматкаш эркагу аёл билан,
Асрларни оралаб келаётир Ўзбеклар.
Отма таъна тошингни менга, эй номард банда,
Дафъатан сўз айтишга ким берди сенга ҳуқуқ,
Шуни билки, ўзбекнинг орзуси бўлмас канда
Оёқ бутдир, айни вақт эл ақлдан озган йўқ.
Улуғ Масков тарафдан ишончим комил, бутун,
Азиз юртдошларимга салом дейман бир йўла,
Буюк анжуман чоғи ҳеч ўчмас тарих учун,
Сатрлар ёзаётир фарзандингиз Абдулла.
1988 йил 30 июнь, Кремль.
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
"Соҳибқирон" драматик достонидан парча...
Абдулла Орипов
Т е м у р:
Аёл кишига
Қўл кўтариш нималигин билурмисан?
Айт!
Сен-ку одам боласисан,
Қайси бир ҳайвон
Эмаётиб, узиб олар онасин кўксин.
Шоҳларни-ку қўятурай,
Пайғамбарлар ҳам,
Набилар ҳам туғилган-ку аёл зотидан.
Унутибсан,
Сенга бир вақт айтиб бергандим,
Тўмарис деб аталгувчи ёвқур момомиз
Турон замин эрки учун майдонга чиқиб,
Эрон шоҳин калласини қонга бўктирган.
У ҳам ахир аёл бўлган,
Билиб қўй, ўғлим!
Аёл зоти хонадоннинг шамчироғидир,
Ўша чироқ ўчмасин, деб жанг қиламиз-ку!
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СЕНИ ОНА ДЕДИМ...
Сени она дедим,
Кўзим ўнгида
Мушфиқ у қиёфанг бўлди намоён.
Парча эт қошида бедор бир дийда,
Садоқати чексиз, меҳри бепоён.
Йўлбарсдай йигитни ўстириб, жангга
Кузатган ҳам ўзинг, кутган ҳам ўзинг.
Қаро сочларингда оппоқ аланга,
Ҳижрон заққумларин ютган ҳам ўзинг.
Нечоғли қудратли бўлмасин фурсат,
Ўчириб бўларми дилдан бу ғамни.
Онажон, қолганлар бахтига фақат,
Олов чулғамаса басдир оламни.
Сени синглим дедим,
Қаршимда шу он
Мунис ва жафокаш чеҳранг кўринди.
Самбитдай вужудинг тонгларда гирён
Музқотган далалар ичра уринди.
Қандоқ азиз эди бир дона бошоқ,
Топганда ранг инган ёноқларингга.
Насибанг нинадай санчилди у чоқ,
Палак тикадиган бармоқларингга.
Асло унутилмас у кунлар ёди,
Ҳар бири бамисли тош қотган маржон
Қора саҳарларнинг машъум фарёди,
Такрор бўлмаса бас энди, сингилжон.
Сени ёрим дедим,
Турдинг қошимда
Меҳру муҳаббатнинг тимсоли бўлиб.
Гоҳи она каби бедор бошимда,
Гоҳида бир сингил мисоли бўлиб.
Улуғ тирикликда сен давом этдинг,
Тан олмай умрлар ниҳоясини.
Болангни бағрингга босиб эшитдинг,
Қонли жанггоҳларнинг ҳикоясини.
Сен десам, минг йиллар саждага келиб
Пойингга чечакдай тўшалмоғи чин.
Алпомиш ёнида Ойбарчин бўлиб,
Сен — Фарҳод қошида яшнаган Ширин.
Сен — Нурхон, сен — Сора, турибсан шоён,
Улуғ Ўзбекистон сардафтарида.
Меҳнат, шижоатинг оламга аён.
Сен — баҳор чақини замон қаърида.
Ҳеч вақт унутилмас, ўша қирғин чоқ
Зафарга чорлаган нурли тимсолинг.
Рейхстаг устига қадалган байроқ
Асли сен силкитиб қолган рўмолинг.
Мен шарқлик одамман,
Аёл деган сўз
Менга ҳаёт билан баробар калом.
Оҳ, аёл хўрлигин кўрсатма ҳаргиз,
Ҳаргиз бад бўлмагай аёл деган ном.
Инсон атаб бўлмас ҳеч бир, ҳеч маҳал
Аёлни танимас такаббур бошни.
Ундайин юлдузнинг сўнгани афзал,
Агар тан олмаса сендай қуёшни.
Аёл чеҳрасида кўрсанг табассум
Билки, замона тинч, осойиш олам.
Аёлга тиласанг гар толе масъум,
Дунёни оловдан асра, эй, Одам!
1985
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТЎЙЛАР
Тўйга айтган эди азиз бир дўстим,
Дўконни айланиб, совға ҳам олдим.
Бордим, тўйхонада йўқ эди ҳеч ким,
Янглишиб келибман мен бир кун олдин.
Яна бир оғайним, ўз-ўзига тўқ,
Тўй қилишни кутди, кутди ичикиб.
Борсам, тантанадан зарра нишон йўқ,
Ахир, мен келибман бир кун кечикиб.
Ҳаёт шукронага мутлоқ муносиб,
Тириклик ўзидир олий мукофот.
Ҳар кимга бахт-иқбол айласин насиб,
Уйсизга уй берсин, беморга нажот.
Тўйнинг-ку узрини айтмоқлик осон,
Қутловнинг эшиги ҳамиша очиқ.
Лекин дилни қийнар бошқа бир армон,
Қайда у — насибанг сенга ярашиқ.
Ёнма-ён юраркан севинч билан ғам,
Бир ҳолни тушунмай, ҳайронман, аммо
Дунёни неъматим дегандинг, Эгам,
Эрта келдимми мен, кечикдимми ё?
✍2014 йил 16 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚАЛБ
Дарёси қуриса, чашмаси тинса,
Ҳаётсиз қовжираб қолса гар замин.
Гавжум даласига сукунат инса,
Деҳқон чекса фақат тириклик ғамин.
Осмонга термулса, томчи сувга зор,
Сенинг қалбинг билан қандай иши бор.
Дунёда муҳтожлик ёмондан-ёмон,
Магар хонадонни кўргулик босса.
Ота боши эгик, она лол, ҳайрон,
Эшикка йўқчилик тўрвасин осса.
Болалар қозонга боқса оч-наҳор,
Сенинг қалбинг билан қандай иши бор.
Омад ҳам дунёда от чопиб юрар,
Кимнингдир ошиғи олчи жаҳонда.
Кимдир шамол каби давронин сурар,
Чўмичи мойда-ю, боши осмонда.
Ахир даври келмиш, давлати бисёр,
Сенинг қалбинг билан қандай иши бор.
Гоҳо олис тунлар зирқирар юрак,
Қадим бу дунёнинг савдоларидан.
Ким билсин, у пинҳон йиғласа керак,
Оламнинг туганмас ғавғоларидан.
Ёлғиз бу қалбингга ёлғиз ўзинг ёр,
Фақат қалбинг билан сенинг ишинг бор.
2009 йил 2 июнь
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ШУКР
Шукр, бутун бўлди яна иймоним,
Мени хурсанд қилди ўғлим – Илҳомим.
Келиним Зарема, сенга минг раҳмат,
Сафимга қўшилди жажжи Исломим.
✍2007 йил 4 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БИНАФША ДИЁРИ
Телефон жиринглар,
Эшик қоқилар...
Такрор бу ҳодиса
Кечми ё наҳор.
Яшил гулханларинг
Қачон ёқилар,
Қиш бўйи мен сени
Кутдим-ку, Баҳор.
Энди хуш кела қол,
Дилбар Баҳорим,
Энди хуш кела қол,
Келгин, марҳабо.
Муҳаббатим ёди,
Гулгун узорим,
Битилмаган шеърим,
Сеҳрли садо.
Сенсиз тилак билан
Яшармас олам,
Сенсиз ният билан
Ўзгармас борлиқ,
Гул умри қанчалик
Қисқа бўлса ҳам,
Лекин бериб кетар
Яшашга ёрлиқ.
Баҳорим, келавер
Қайта ва қайта,
Дилкаш дўстим каби
Эшигимни қоқ.
Соғинч қўшиқларин
Мен айта-айта,
Майли, йўлларингда
Толайин муштоқ.
Улуғ даштлар билан
Тоғлар ораси
Аму билан Сирга
Пайвастдир жоним,
Бундадир чаманнинг
Асли, сараси.
Бинафша юрти бу —
Ўзбекистоним...
Телефон жиринглар,
Эшик қоқилар...
Такрор бу ҳодиса
Кечми ё наҳор.
Яшил гулханларинг
Қачон ёқилар,
Эркалигинг тутмай,
Келсанг-чи, Баҳор!
✍️1985
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎЗБЕК ОНАСИ
Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг,
Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг,
Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор,
Сен Темур бешигин тебратган бедор,
Сенсан Бибихоним, Нодираи зор,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Ватанни Она деб бекор айтилмас,
Она буюрганда йўлдан қайтилмас,
Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Бошингдан нималар ўтмади ахир,
Ватандек такдиринг бўлди гоҳ тахир,
Бобур шоҳ бўлса-да, қошингда фақир,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Гоҳида балқидинг Барчиндек тўлиб,
Ғўзадек қуридинг Турсуной бўлиб,
Тимсолинг яловда юлдуздек кулиб,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Фарзандинг қувонса — сен ҳам қувондинг,
Фақат болам дединг, яшадинг, ёндинг,
Нокаси учраса, ўртандинг, тондинг,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Келажак тойчоғу тойингиздадир,
Жаннат ҳам, албатта пойингиздадир,
Ватан-ку, Сиз турган жойингиздадир,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт,
Сизга бахшидадир энг шоҳона байт,
Азиз Юртбошингга дуоларинг айт,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
✍️1999 йил 6 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Ҳис этиб дунёнинг шодлигин, ғамин,
Улуғ бир ҳикматга бўлганман амин:
Яхши-ю ёмонни кўтараркан тенг.
Шу боис, она деб ном олмиш замин.
✍️1998
@abdullaorifijodi
"Ishonch" газетасининг 2024 йил 27 февралдаги 27 сонлари мутолаа учун ҳавола қилинади.
Ушбу pdf файл газета таҳририяти томонидан тақдим этилди.
Расмий саҳифаларимиз 👇
Web-site| Facebook|Telegram| YouTube
Абдулла Орипов
МУЛОҲАЗА
Китобхонлар ичра кўпдир билимдон,
Хат ёзар, ижодинг текшириб обдон.
Дейди: – Менга ёқди манов шеърингиз,
Бироқ маълум эмас нима дерингиз.
Кимга атагансиз анови шеърни,
Юртдош деганингиз хотинми, эрми?
Мана бу байтингиз кимга бахшида,
Бизлар тафсилотин билсак, яхши-да.
Эски ков-ковлардан қотгандир бошим,
Майли яна бир бор тингла, қондошим:
– Барча бағишловлар катта бобонгга,
Марсиялар эса ўлган момонгга.
Мақтовлар онангга туҳфа, албатта,
Чунки волиданинг хизмати катта.
Мисралар амма-ю холангга ҳам бор,
Шахсий тарихчингман, амрингга тайёр.
Қийиқ ахтарасан ҳар гапдан доим,
Гўёки бўлгандек қиёмат қойим.
Хоҳлайсан, ёзсаму бирор раҳбарни,
Ўқиб маза қилсанг тагдор гапларни.
Янгилик эмасдир бу ҳолат асло,
Қолган шўролардан энг мудҳиш бало.
Шеър айтдим мен одам болаларига,
Уларнинг қувончу нолаларига.
Фаҳминг етмаса гар, энди нетайин,
Ўпка-гина қилиб, қайга кетайин.
Агар тушунмасанг қалбни, юракни,
Уни ёриб кўриш шартми, керакми?
Оддий, тўғри сўзни англайсан қачон?
Сендан бошқа дардим йўқми, эй, нодон.
2015 йил 6 август, Хьюстон.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДОН КИХОТ
Мудом бошқаларнинг ғамини ейсан,
Сендек ғамгусорни биров кўрганмас.
Нечун ҳайдовчига тезроқ юр, дейсан,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Ҳар ким саёҳатга чиққай, албатта,
Дунё кенг, манзил кўп, сарҳадлар катта.
Тез юрар поездга олгайсан патта,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Минбарга чиқасан, ўхшаб оловга,
Зарбалар берасан қандайдир ёвга.
Ёқдинг ё ёқмадинг ҳозир бировга,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Текшириб ўтирмай туғилган ерин,
Ўзингча мақтадинг шоирнинг шеърин.
Ўйлаб ҳам кўрмадинг, у нима дерин,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Гоҳо адолат деб куйдирасан жон,
Тилингдан тушмайди Ҳазрати Инсон.
Нимага эришдинг шу билан, нодон,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Китобий қаҳрамон – номи Дон Кихот,
Шамол тегирмонга қарши сурган от.
Дегайлар, биздан ҳам чиқмиш шундай зот,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Эшитдинг, қайдадир тошибди дарё,
Тун бўйи оҳ чекдинг, миробдай гўё.
Эл-юртни асра, деб қилдинг илтижо,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Соғломсан, тер тўкиб, шавққа тўлгайсан,
Лекин қариб-чуриб, бир кун ўлгайсан,
Билиб қўй, шу заҳот унут бўлгайсан,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Дунёдан безмагин, сўниб ҳафсаланг,
Кимлардир от минган, ким оёқ яланг.
Мадад сўраб додлар, ҳоли бўлса танг,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Магар шундоқ экан, не қилмоқ даркор?
Болам, ушбу гапни унутма зинҳор:
Фақат, таъмаси йўқ савоб устивор,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
✍️2015 йил 14 октябрь, Хьюстон.
@abdullaorifijodi