a_meshayan | Неотсортированное

Telegram-канал a_meshayan - Abdurahmon Meshayan

4278

Маҳрум бўлгач намозимдан- Бўлгунча марҳум. Марҳум бўлгач- Намозимдан бўлайин маҳрум.

Подписаться на канал

Abdurahmon Meshayan

ОШИҚЛИГИМНИНГ ДАСТИДАН

Икки кўзим икки чашма,
Яна йиғлатмоққа шошма.
Асҳоби Қахфгаман ошна,
Ошиқлигимнинг дастидан.

Юрагимдан яралашди,
Ошга оғу аралашди.
Ёвлар мени қоралашди,
Ошиқлигимнинг дастидан.

Остонангда итдек ётдим,
Ғуруримни арзон сотдим.
Оловга ўзимни отдим,
Ошиқлигимнинг дастидан.

Бутунлай ақлдан оздим,
Ҳамма тақиқларни буздим,
Йиғлатадиган шеър ёздим,
Ошиқлигимнинг дастидан.

Шундай экан тақдир-азал,
Қон тупуриб ёздим ғазал.
Ўн олти йилки ман касал,
Ошиқлигимнинг дастидан.

Армон менга кафан бичар,
Фироқ ҳар тун қоним ичар.
Ўзгасидан бўлдим кечар,
Ошиқлигимнинг дастидан.

Қулман наҳот бу жиноят?
Эй Султоним қил иноят!
Шояд бўлсам аҳли жаннат,
Ошиқлигимнинг дастидан.

Танамни тарк қилгунча жон,
Эй Хоқоним мен ҳар бир он.
Фақат айларман ҳусни зонн,
Ошиқлигимнинг дастидан..


@A_meshayan
21:51-18.01.2024
Абдураҳмон  Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

"Мен йиғламай ким йиғласин" шеъри...

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ОҚҚУШ СЕВГИСИ

Бирга учдик бизлар осмон фалакда,
Сени ўйлаб маним жоним ҳалакда.
Ярадор айласа ўқ отиб сайёд,
Тузалмас чандиқлар қолгай юракда.

Ўзга оққушлардан юзинг бургансан,
Митти инимизни бирга қургансан.
Урмаганман дея ёлғон гапирма,
Ургансан юракдан ёмон ургансан.

Айрилиқ энг ваҳший ёвуз мергандир,
Висолга тиш қайраб кўксин кергандир.
Аммо қилган сабрим мукофотига,
Аллоҳ ҳадя қилиб сани бергандир.

Мен сени севаман кечолмайман воз,
Севгининг юзига вафодир пардоз.
Менинг оққушимсан бир умр бирга,
Севги осмонида қилайлик парвоз.

Бас қилайлик энди нифоқимизни,
Бир бировга тикиб нигоҳимизни.
Ҳасратнинг қўлига мен тутгач талоқ,
Бахт ўқиган ахир никоҳимизни.

Мендан олдин кетсанг, ёлғон эмас чин,
Ичим куйдирган дард кўрсатиб кучин.
Катта тезлик билан қулаб осмондан,
Ерга урилганча бўлгум чилпарчин.

Бевақт йўқламасин ўлим оққушим,
Сен билан бир менинг йўлим оққушим.
Ростида, қанотим остида аста,
Бирга-бирга суздик кўлим оққушим.

@A_meshayan
01:28-18.01.2023
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

Ёқмаган жиҳатларига келсак... Олдингизда, юзингизга кулиб-кулиб яхши гапиришади-да, орқангиздан ёмон гапларни айтишади. Мен унақа одамларни ёқтирмайман. Ёмонми, яхшими – одам ҳақида фикринг бўлса, шартта-шартта юзига айт... Мана шунақа иккиюзламачиларнинг озми-кўпми борлиги миллат юзидаги доғ деб биламан.

Энг зўр жиҳати эса – миллатчилик қилмаслиги... Биласизку, бу исломда ҳам қораланган жиҳат. Маҳаллийчилик бор, аммо миллатчилик йўқ. Бошқа давлатларда, масалан, Туркияда ҳам ўзларидан бошқа миллатга иккинчи даражали деб қараш иллати шаклланган. Ўзбекистонда эса одамларининг миллатига эмас, яхши-ёмонлигига қараб муомала қилишади. Ўзбеклардай бағрикенг миллат кам дунёда.

– Исмингизни расман ўзгартирганмисиз?
– Албатта, ака. Паспортимда Абдураҳмон деб ёзилган. 2006 йилда мусулмон бўлганман. 2010 йили исмимниям ўзгартирдим, жисмимниям(кулади). Тўғрисини айтсам, бошида Муҳаммад исмини танлагандим, аммо ҳаддим сиғмади. Исм мен учун қанчалар қадрли эканини тушунтиришим қийин. Ҳозир бирор киши Абдураҳмон деб чақирса, шунақанги хурсанд бўлиб кетаманки, тасаввур қилолмайсиз...

– Нега айнан бу исмни танлагансиз?
– Абдураҳмон ибни Авф разияллоҳу анҳуни қаттиқ яхши кўраман. Ўшанга...
Мусулмон бўлиш осон, жуда кўпчилик иймонга келганини эълон қилади, аммо аввалги чиркин ишларини ташламайди. Намоз ўқимайди, рўза тутмайди, бошига келган синовларга сабр қилмайди. Мени ҳам бошимга озми-кўпми синовлар келди, алҳамдулиллаҳ, имоним туфайли сабр қилдим. Мен учун каръера муҳим эмас, имон муҳим. Мақсадим агар катта шоир бўлиб, танилишни, кўтар-кўтар бўлишни хоҳлаганимда исмимни ўзгартириб ўтирмасдим.

Ҳатто Иқбол Мирзо “Нега исмингни ўзгартирдинг, сени китобингни чиқарардик, ҳаммаёқда шов-шув бўларди...”, - деб хафа ҳам бўлган. Менга керак эмас унақа машҳурлик. Чунки Абдулла Орипов билан умрларининг охирида, Америкага кетишларидан олдин роса ҳамсуҳбат бўлганман, у кишининг давлатга ҳам, жамиятга ҳам кераксиз бўлиб қолганини кўриб, кўп нарсани англаб етганман. Қолаверса, лаганбардор “эжодкорлар” давраси учун мен бегонаман, менинг атрофимдагилар оддий диндор кишилар... Шеър ёзиш эса шунчаки хобби, ичимдагиларни изҳор қилиб олсам бас.

Акангизнинг ҳидоят топиши қандай бўлган?
– Тўғриси буни билмайман. Аммо менинг Исломга киришимга акам таъсир ўтказмаган тўғриси. Дадам битта латифани айтиб акамнинг дилини оғритарди доим. Эмишки бир армани иймонга келибди. Кейин чўчқасини ариқдаги сувга пишаверармиш тезроқ қўйга айлан деб... Очиқчасига устидан кулиб: “Сен армансан, арманлигингча қоласан”, дерди. Қариндошларимиз “Худойинг нима деяпти, бизга хабар бер-чи?” – деб очиқчасига мазах қиларди. Ибодат қилаётганда қитмирлик қилиб, халал беришга уринишарди. Яҳудий қанақа бўлса, арман ҳам шунақа. Яъни бизнинг миллатдан мусулмон чиқиши фавқулодда ва ноёб ҳолат тўғриси... Худди араблардан атеист чиққандай... Битта онам ва мен акамнинг тарафини олардик. Тўғрими-нотўғрими, ўз танлови деган ўйда унга ён босардик. Дадам вафот этгач, ҳаётга жиддийроқ қарай бошладим. Кўп ўйладим. Ўлимни тушунишга интилдим. Ишонасизми, ҳамма ҳам тўғри йўлни қидиради, аммо ҳамма ҳам охиригача боравермайди. Иймонсиз ҳаловат йўқ асло...

Сизга ҳам шунақа муомала қилишадими?
– Йўқ. Оддий мисол: ҳайитда ҳамма бир бирини табриклайди, а? Менга жумла жаҳонни табриклагани бир тараф бўлса, опанинг, холамнинг диний байрамим билан табриклагани бир тараф... Бу уларнинг иймонинимни, эътиқодимни ҳурмат қилгани, динимни тан олганидан дарак...

Уйланганмисиз?
– Энди, Худо хоҳласа... Бу йил уйланаман. Бўлажак келинингиз туркиялик.

Даромадингиз нимадан?
– Чорвачиликка қизиқаман. Буни қанчалар яхши кўришимни тасаввур қилолмайсиз. Тушунтириб беришим қийин... Чиндан ҳам чорвада барака бор экан...
– Суҳбатимизга бирорта шеърингиз билан якун ясасак, нима дейсиз?
– Бажонидил. "Интервью" деган шеърим бор... Ҳазилнамо...

P. S: Суҳбат уч йил аввалги.
Алҳамдулиллаҳ, онам ҳозир ҳидоятга келганлар


Абдулазиз Муборак суҳбатлашди

Суҳбатга қўшимча шеър қуйида:

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

#ЭСКИ_ИНТЕРВЬЮ

​​Абдураҳмон Мешаян! Бу ном ижтимоий тармоқдан фойдаланадиган ҳар бир ўзбек учун жудаям таниш...

У арман миллатига мансуб бўлса да, ўзбекчада ёзаётган шеърлари нафақат адабиёт шайдолари, балки катта катта шоирларнинг ҳам эътиборини тортган. Унинг оиласи, қариндош уруғлари насронийлик динида. Аммо у... Аллоҳнинг инояти билан иймонга келган йигит ҳақида ўзимиз ҳам яхшироқ билиш, у билан муштарийларимизни яқиндан таништириш мақсадида Зангиота туманидаги қишлоққа бордик... Абдураҳмон билан суҳбатимиз ботаника боғига ўхшаб кетган ажойиб ҳовлисида бўлиб ўтди.


– Абдураҳмон, ҳаммасини бошидан бошласак, яъни Ўзбекистонга қачон кўчиб келгансизлар?
– Мен у вақтлари туғилмаган эдим. 1985 йиллари ота-онам Озорбайжондан бу ёққа келиб қолишган. 1990 йили мен туғилганман. Оиламиз насронийлик динига эътиқод қилади. Черковга боришмайди, чўқинтирилмаган ҳам, аммо амалда насроний улар.

– Ҳидоят топишингизга нима туртки бўлган? Ёки бирор киши сабабчими?
– Йўқ, ҳеч ким сабаб бўлмаган. Одамзод (маънавий) ботқоқда бўлганда тоза сув, тоза ҳаётга интилади. Мен ҳам ақлимни таниб борганим сайин ҳидоятни излаб қолдим. Кўп ўйландим. Ҳатто Исломни қабул қилганимдан кейин ҳам иккиланишлар бўлган. Биласизми, бунга нима сабаб бўлган? Ойнаи жаҳон! Авваллари динни, мусулмонларни қоралаб шунақа кўрсатувлар тайёрлашардиии... Фалончи қори ундоқ қилган, писмадончи отинойи бундоқ қилган... каби гапларни ваҳимали фонда мухбир овозига баттар ваҳима бериб айтардики...

Онамнинг ташвишланишларини кўриб, жудаям афсусланардим. Йўқ, Исломни қабул қилганимдан эмас, аксинча, онам диним ҳақида нотўғри гумонларга бориб қолганидан... Она-да барибир. Мендан хавотир оларди. Кейин ўша каналларни дарров блоклаб ташлардим. Аммо ўша кўрсатув ярим соатдан сўнг бошқа каналлардан қўйила бошларди. Жудаям қийин бўлган. Ниҳоят, интернет ривожланиб, ижтимоий тармоқлардан фойдалана бошлаганимда, яхши одамлар билан танишиб, яқинлашиб, кейин эркин нафас ола бошладим.

– Қариндош-уруғингиз, оилангиз Исломга кирганингизни қандай қабул қилишган? Салбий муносабатлар, ноқулайликлар бўлмаганми?
– Ўўў, нимасини айтасиз! Бизнинг миллат дин масаласига жудаям қаттиқ қарайди. Ўшанинг учун менга қилган муомалаларини, дилимни оғритишганини, пичинг ва писандаларини айтмай қўяқолай...

Дарвоқе, мендан аввал акам Исломни қабул қилган. Аммо унинг даъват усули қўполроқ эди. Исломга тўғри келмайдиган айрим урф-одатларимиздан очиқдан-очиқ кулар, истеҳзоларини, эътирозларини яшириб ўтирмас эди. Шунинг учун бўлса керак, унга жудаям қаттиқ қаршиликлар бўлган. Масалан, намоз ўқиса,телевизорнинг товушини кўтариб қўйишар, очиқчасига мазах қилишарди. Аммо менда ундай бўлмади. Таъбир жоиз бўлса, онам менинг Абу Толибим бўлганлар. Бировга талатиб қўймадилар... Ҳатто ибодатларимга ёрдамлашадилар. Бу ҳақда ижтимоий тармоқда ҳам кўп ёзганман. Онамнинг иймонга келишидан умидворман, шунга ҳаракат қиляпман.

Биласизми, ака, онажоним бизга шунақа яхши тарбия берадиларки... (Номусулмонлар орасида ҳам яхши одамлар кўп) Мана ўзингиз гувоҳи бўлдингиз, ҳозирги одамга сал қаттиқроқ гапириб юбордим-ку (бесабрлик қилиб суҳбатимизни қайта-қайта бузгани учун), сиз кетишингиз билан онажоним менга қаттиқ танбеҳ берадилар...

Ибодат қилаётганда қитмирлик қилиб, халал беришга уринишарди. Яҳудий қанақа бўлса, арман ҳам шунақа. Яъни бизнинг миллатдан мусулмон чиқиши фавқулодда ва ноёб ҳолат тўғриси... Худди араблардан атеист чиққандай... Битта онам ва мен акамнинг тарафини олардик. Тўғрими-нотўғрими, ўз танлови деган ўйда унга ён босардик. Дадам вафот этгач, ҳаётга жиддийроқ қарай бошладим. Кўп ўйладим. Ўлимни тушунишга интилдим. Ишонасизми, ҳамма ҳам тўғри йўлни қидиради, аммо ҳамма ҳам охиригача боравермайди. Иймонсиз ҳаловат йўқ асло...

– Сизга ҳам шунақа муомала қилишадими?
– Йўқ. Оддий мисол: ҳайитда ҳамма бир бирини табриклайди, а? Менга жумла жаҳонни табриклагани бир тараф бўлса, опанинг, холамнинг диний байрамим билан табриклагани бир тараф... Бу уларнинг иймонинимни, эътиқодимни ҳурмат қилгани, динимни тан олганидан дарак...

(давоми қуйида)

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

"Eng xayrli mahr". Abdurahmon Meshayan

Radionin tinglash: https://azon.uz/radio

Kanalga ulanish: @azonmedia

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Сув ўтказар, тешилди махсим,
Янгисига зар топмас шахсим.
Фақирлик-ла кечмоқда бахсим,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Азоб берар шамоллаб қовуқ,
Жаллодгами айланмиш совуқ,
Ўлди сигир, жон берди товуқ,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Жужуқларнинг товони музлар,
Қаҳратонинг хар куни “тузлар”,
Изғиринда кўкарди юзлар,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Хўнграйинми ё солайми дод,
Масжид борсам ўқий деб бомдод,
Зах хонаси дилни қилмас шод,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Ёғган куни энг биринчи қор,
Ис газидан заҳарланди ёр,
Бўлса хануз хукумат беор,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Юрагимни тутмоқда санчиқ,
Этик йиртиқ, йўллар сирғанчиқ,
Кўчкиси-ла жон олса Қамчиқ,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Хокимларнинг ақлидир ғиж-ғиж,
Халққа бериб зарба қақшатқич,
Қувурларга қўяркан “сўрғич”,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Тилим аранг қилмас хақорат,
Чироқ ўчгач ошиб махорат,
Зимистонда олсам тахорат,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Солиқ ити қопиб хар ёнда,
Сичқон ўйнар бизнинг хамёнда.
Камбағалга не бор Чимёнда,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Бу кетишда мен эсдан оғар,
Қор ергамас ичимга ёғар.
Сигир бўлсам амалдор соғар,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Кўзларимни ачитиб тутун,
Шундай ўтди хаётим бутун.
Чироқ ўчгач кундузинг хам тун,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Янги йилинг-хуш кўрмас фаним,
Қорбобонгга хушим йўқ маним.
Қорқизинг хам Исломга ғаним,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Сенинг менда қасдларинг бордек,
Изғирининг бўйнимга дордек.
Сен олмагач дардим баҳордек,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Йиллар бўйи бешикда музлаб,
Вафот топди гўдаклар юзлаб.
Қаттиқ тишлаб қонатмишам лаб,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Уйим иссиқ сарой демасман,
Ахир хонга куёв эмасман.
Қачон сендан таъзир емасман?
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Ўзникимас чироғим ортиқ,
Газни қилиб Чинага тортиқ.
Доллар санаб наҳс олса хордиқ,
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

Қуримасин сен келгач шўрим,
Гар сен келгач бўшатсам тўрим,
Гўрков музлаб дер қазиб гўрим:
Сени қандоқ яхши кўрай қиш?

21:19-24.11.2019
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЗИНДОНДАГИ МАҲБУС ЖИГАРИМ.

                     Диндошларга

Суд хукми шу: Намозинг боис,
Ўн икки йил қамалмоқ жоиз!
Хўрландия сендайин воиз,
Зиндондаги маҳбус жигарим.

Курсиларда тўкканча савлат,
Кечирмайди аркони давлат.
Қилганингни хақ йўлга даъват.
Зиндондаги маҳбус жигарим.

Алар дерлар-"Дин эрур заҳар,
Болаларга зарурмас зарар".
Лек барибир сен томон зафар,
Зиндондаги маҳбус жигарим.

Муддат битса кетмагил жўшиб,
Яна муддат берурлар қўшиб.
Кўзларинг хам кетгандир пишиб,
Зиндондаги маҳбус жигарим.

Бўлганингда яҳудми, зардушт,
Миршаблардан емасмидинг мушт?
Аммо сенда мўмин етти пушт,
Зиндондаги маҳбус жигарим.

Дуо қилдим, гарчи холим танг,
Озодликда егил нон бурданг,
Чиқмаса бас "Жаслиқ"дан мурданг,
Зиндондаги маҳбус жигарим....

P. S: Ҳаётда нималар бўлмайди.
Алҳамдулиллаҳ, "Жаслиқ" ҳам ёпилиб кетди.

@A_meshayan
(2010-2015)

Тузатилди: 16:15-23.07.2017
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

АМАЛДОР ҚАДРИ...

Тонг чоғи паймони охир тўлибди:
"Шаҳар ҳокимининг ити ўлибди..."

Таъзияга шошар шаҳарнинг ярми,
Фарқи йўқ - ул ҳоким каззобми, ғарми.

Ошиқар биринчи бўлганча ҳар ким,
Ҳоким бува кўнглин олмоққа балким...

Ярим йўлга етган чоғларида лек,
Шов-шув тарқаб кетар гап-сўзга йўқ чек:

«Мангуга юмилиб тўймовчи кўзи,
Ити эмас, ўлмиш ҳокимнинг ўзи».

Шу он баҳосини бергандай лойиқ -
Ортга қайтиб кетар бутун халойиқ...

Манба: @a_meshayan
©️ Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​Ватан сени қилолмадик ҳимоя!

Биздай қуллар на улуғ на даҳодир,
Гарчи Аллоҳ қилган бизни ҳидоя(т).
Болангмасмиз қўрқмас, жасур, баҳодир,
Ватан сени қилолмадик ҳимоя!

Мерган милтиқ ўқталадир панадан,
Пушмон қилиб туғилганга онадан.
Халқнинг қонин сўриб ётган канадан,
Ватан сени қилолмадик ҳимоя!

Қорни катта кўзи тўймас очлардан,
Бошимизга ярашмаган тожлардан.
На Довуд юлдузию на ҳочлардан,
Ватан сени қилолмадик ҳимоя!

Тиллоларинг ташиб тўймас ўрисвой,
Газ-чироқсиз қолиб бўлди аҳвол вой.
Шу итлар деб ҳеч бўлмайди ўзбек бой,
Ватан сени қилолмадик ҳимоя!

Ғаним тинмас қаҳқахаю кулгидан,
Сотқин тўймас ўмариб халқ мулкидан.
Арслон бўлиб на чўчқа, на тулкидан,
Ватан сени қилолмадик ҳимоя!

Табрик тинглаб тўйдик бугун куни билан,
Энди виждон қийналади туни билан.
Қўлда қурол на оға на ини билан,
Ватан сени қилолмадик ҳимоя!

@A_meshayan
21:07-14.01.2023
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ДАРАХТДА ЎСГАН ЁНҒОҚ ҲИКМАТИ

Ёнғоқ соясида ётган Афанди,
Бир куни ўзича шундай ўйланди:
“Кичик ёнғоқ катта дарахт устида,
Катта тарвуз кичик палак остида-
Етилар хикматин англай олмадим,
Аллоҳнинг ишига қойил қолмадим!
Шундай ўйлаб ётса пешонасин қоқ-
Мўлжаллаб текканча манглайга ёнғоқ-
Оғриқ берибдики дебди Афанди,
Мен ғофил ҳаётни энди ўрганди.
Энди Ҳақдан мени хеч нарса тўсмас,
Яхшиямки тарвуз дарахтда ўсмас!
Энди мен янада Ҳаққа мойилман,
Аллоҳнинг ишига ҳар дам қойилман!
Энди мўмин қалбин яралашмайман,
Аллоҳнинг ишига аралашмайман!

АЛЛОҲНИНГ ИШИГА АРАЛАШМАНГЛАР!

Не қилибди айтинг армани бўлсам?
Калом тинглаганда ўпкаси тўлсам?
Агар дилимдагин ошкора қилсам,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Маним лойим қорган Кулолим Аллоҳ!
Йўқдан бунёд қилган Жалолим Аллоҳ!
Мен Ҳақнинг ижоди даркормас изоҳ,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Гар кераксиз бўлсам яратмас эди,
Онгимни Исломга қаратмас эди.
Келгинди аташни бас қилиб энди,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Ҳақ эгаси атроф теваракнинг ҳам,
Кўкда камалагу капалакнинг ҳам.
Дунёда ўрни бор суваракнинг ҳам,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Бас қилинг киноя ўқин қадашни.
Ўрганинг оғизга тилни қамашни.
Қора танли дея айблаб хабашни,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Буюк Наққош бермиш юзимизга зеб,
Юрибмиз У берган ризқимизни еб.
Лек жаннатдан бизни нечун қувди деб,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Дунё одам тўла ижаразорку,
Деманг манов одам хуникдир борку!
Унинг Мусаввири Парвардигорку!
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Нечун харом этмиш зино, ароқни?
Нега жорий этган деб уч талоқни?
Ажратолмасангиз қорадан оқни,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Фаҳшга буткул ботиб сотиб иймонни,
Яна рўкач қилманг нафсу шайтонни.
Хукмини хато деб Хадис Қуръонни(нг)
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Ё Абу Жаҳлдек жаҳллимисиз?
Машойихлар каби нақиллимисиз?
Нима сиз Аллоҳдан ақллимисиз?
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Бир куни бир жоҳил хотин билан эр,
Яҳудийлар бекор яралганда дер.
Шуларга аталган асли ушбу шеър,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Иброҳиммассизку Каъбани қурган,
Ҳазрат Алимассиз кофирни қирган,
Бўлса хам эсингиз уч ёшда кирган,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Нима сизга кўкдан келдими ваҳий?
Дейсиз у жаннатий, будир дўзахий,
Хатто бўлсангизда Хотамдан сахий,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Фалончига фарзанд берса бўларди,
Пистончига бойлик кўнгли тўларди...
Бас қилинг жаврашни ЎЗИ билади!
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Ҳудога дўқ уриб дер ИККИ нокас,
Нега бойлик бердинг унга, бизгамас?
Ҳақни муҳокама айлаш сизгамас,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Нима кераги бор беш маҳал намоз?
Деганди бир пайтлар бир тўда ифлос.
Дахо бўлсангиз ҳам сиздан илтимос,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

Мўминлар пок қалбни яралашмаган,
Инсонни ранг билан саралашмаган.
Хатто Пайғамбар ҳам аралашмаган,
Аллоҳнинг ишига аралашманглар!

2012
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

В​​ИДО ОЛДИДАН

Хамма сиғган дунёга,
Сиғмаётган бўлсам ҳам,
Хар тун сендан яшириб-
Йиғлаётган бўлсам ҳам.
Дард ханжари кўксимни-
Тиғлаётган бўлса ҳам,
Билки таслим бўлмоқни-
Мен билмасман онажон!

Ёзнинг чилласида ҳам-
Совуқ қотяпман бугун,
Қилган гуноҳларимнинг-
Ажрин тотяпман бугун.
Умрим шоми яқиндек-
Мен хам ботяпман бугун,
Лек шу бедаво дард деб-
Дод қилмасман онажон!

Еб битиряпти бу дард-
Қурт егандек олмани,
Бирор малҳам топилмас,
Оғриқларим олгани.
Билмам бир кун, ё бир ой-
Гул умримнинг қолгани,
Мен тушкунликка асло-
Енгилмасман онажон!

Хали кўпдир дўстларга-
Менинг айтар сўзларим,
Етармикан  вақтимо-
Сарғаймишдир юзларим.
Қайғурмагин жон онам-
Очиқ кетса кўзларим,
То унгача муттасил-
Курашдаман онажон!

Табиблар огоҳ этди-
Умрим оз қолган эмиш,
Сен эса ташвишдасан-
Мени ўйлаб ёз-у қиш.
Улар Худо эмаску!
Нетарман қилиб нолиш?
Дуоларинг асрайди-
Мен сўнмасман онажон!

Бир кун менинг фойдамга-
Ўнглангайдир вазият,
Хали жуда эртадир-
Ёзмоқ учун васият.
Мендан кўра кўп ахир-
Чекётганлар азият,
Дод солишга хаққим йўқ-
Мен сўлмасман онажон!

Ҳали бир кун келарки-
Етмишдан хам ошарман,
Тўқсон билан тўқнашиб-
Юз ёшда ош ошарман.
Насиб этмаса энди-
ФИРДАВСда яшарман,
Гуноҳларим тўкмасдан-
Мен ўлмасман онажон...

Яхшиямки билмайсан-
Ётган ёстиқларим қон,
Мени ҳар кеч қийнайди-
Баданимдан чиқмай жон.
Ёлғиз қолсам оғриқдан,
Йиғлаб чайнайдирман нон,
Кечир, агар ёнингда-
Бўлмасдирман онажон.

Улфатларим сон-мингта,
Танишларим тумонат,
Ҳаммаси ҳам иймонли,
Ҳар бирида диёнат.
Бирига дедим: "Ўлсам-
Онам сенга омонат",

Яримлаган қадаҳман,
Ҳеч тўлмасман онажон!

@A_meshayan
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​САЙРОҚИ БУЛБУЛ

Севар Ёримнинг уйидан-
Отган чоғда тонг,
Ширин сасинг таралади,
Нақадар соҳир.
Ёр уйига шошадирман,
Фармон бергач онг,
Жамолига термулай деб,
Жаннатда охир.

Севар Ёримнинг уйидан-
Айни туш маҳал,
Қулоғимга чалинадир,
Яна сайроғинг.
Ёдга солар пешонамни-
Қўймоққа маҳтал-
Эканимни Ёр пойига,
Куйлаган чоғинг.

Севар Ёримнинг уйидан-
Бу гал аср пайт,
Чиққан сасга мен пичирлаб- Бўладирман жўр.
"Нажотга шошилинг" десанг-
Шошмайинми айт,
Ёр уйида, Ёр пойига-
Тиз чўкишим кўр!

Севар Ёримнинг уйидан-
Энди вақти шом,
Сасинг таралмоғин кутар,
Энди мендек қул.
Лиқ тўладир ишқ майига-
Юрак номли жом,
Хонишингга кўз тегмасин,
Сайроқи булбул.

Севар Ёримнинг уйидан-
Хуфтон чоғида,
Янграган сасинг қалбгача-
Бориблар етар.
Умид шуки ризқ узилгач-
Дунё боғида,
Мендайин қул Ёр уйида-
Уни тарк этар.

Севар Ёримнинг уйидан-
Отган чоғда тонг,
Ширин сасинг таралади,
Нақадар соҳир.
Лек бу сасни хазм қилмас-
Маймундаги онг,
"Овозингни ўчир"лашга-
Чўчқалар моҳир.

Санинг сасинг хуш кўрмаган
Иблис хайкали,
Қушлар хожатхонасига-
Айланиб бўлди.
Ўрнига ким? Ўрнидами-
Умид бор хали,
Санинг сасинг севгувчи зот,
Сайланиб бўлди.

Эй сайроқи булбулгинам-
Қўрқмагил сира,
Сасинг суймас ўшал фалон-
Фалонлардан хам.
Пешонамни пешонангга-
Дардлашсак тира,
Сасинг тинглай Минораи-
Калонлардан хам.

@A_meshayan
Абдураҳмон Мешаян
23:21-21.11.2018

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​ДЎСТИМГА

Менга кумуш берсанг,
Унга бер олтин!
Менга олтин берсанг ,
Унга бер олмос!
Фирдавсингга киргиз,
Менданда олдин.
Қулдан эмас ё Раб-
Сендан илтимос!

Уни ўз уйингга,
Хар куни чақир.
Қилолмасин банданг,
Хеч уни тахқир.
Сен уни айлагин,
Бой ва бадавлат.
Сенга ёлвормоқда,
Мендайин фақир!

Асли илтижодир,
Дуодан негиз.
Унга неъматларнинг-
Энг зўрин егиз?
Менга ўғил қилиб-
Берсанг тўнғичим,
Унинг тўнғичларин
Айлагин эгиз!

Шайтонин мағлуб қил,
Унга бер зафар.
Майли мен ўрнига
Тотсам хам заҳар!
Хаттоки мени хам,
Ундан узоқ қил.
Унга берар бўлсам,
Халал ё зарар!

Яхши ният қуши,
Қалбга қурди ин.
Дуоимга десин-
Фариштанг омин.
Дўстимни асрагин,
Дўстимни асра.
Ё Роббил Аламийн
Роббил Аламийн!

@A_meshayan
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​“ҒАРОЙИБ ҚАСАМ”НИНГ ТАРИХИ.

Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу баъзи саҳобалар билан ўтирган чоғида бирдан кулиб юборадилар.
Буни кўрган саҳобалар ундан бунинг сабабини сўрашганида у шундай жавоб беради: “Кулишимнинг сабаби,биз жоҳилият даврида хурмодан санам (бут) ясаб, унга ибодат қилар, сўнг қорнимиз очганда уни еб қўяр эдик".
Хар гал шу ходиса хақида ўқисам мен хам куламан...
Бир воқеанинг ўзига куламан, бир ўз бошимдан ўтган воқеани эслаб куламан...
Тағин қахқахаа отиб...

Хуллас 5-синфда ўқирдим.
Уйимизнинг олдидан анҳор оқиб ўтарди.
Хар йили ёз бошланиши билан барча катта-кичик йигитлар ўша анҳорда чўмилардик. Гуруҳ-гуруҳ болалар галма-гал келиб вақтига қараб чўмилиб кетишса, анҳор уйим билан ёнма-ён бўлганлиги учун мен хар бир гуруҳга қўшилиб эрталабдан кечгача чўмилардим.
Шундай чўмилишларимизнинг бирида мендан анча катта Собир ака деган
маҳалладошим сўраб қолди:
-Ренис (Исмим мусулмон бўлганимдан сўнг Абдураҳмонга ўзгарган) сизлар кимга сиғинасизлар?
Албатта бу савол "Сизлар армансизларку, қандай эътиқоддасизлар?" деган қизиқиш ортидан берилгандида хозир ўйласам.

Ўшанда мусулмон бўлмасаларда оиламдагилар хам Аллоҳга сиғинишини, Аллоҳ борлигини билишини билардиму, лекин "Тарих" фанидан Тўмарис хақида, саклар ва массагетлар тўғрисида муалиммим ўргатган "билим"лар ва уйга келиб ўқиганларим натижасида Қуёшга сиғинамиз деб жавоб берганман...

Шунда ўша Собир деган йигит Худо хаққи дегинчи деган.
Шу захотиёқ Худо Хаққи қуёшга сиғинамиз дебманда мен тентак ҳам.
Ўшанда у йигит ёнидагиларга қараб," Қуёшга сиғинармишу, Худо хаққи дермиш" деган.
Айтарли ҳеч ким бу суҳбатга аҳамият бермаган.
Икки дақиқа ўтиб яна хамма чўмилиш билан овора бўлиб қолган.
Менинг хам ёдимдан кўтарилганди бу воқеа.
Кейинчалик йиллар ўтиб боғимда илҳом ахтариб ўтирганимда эсимга тушиб қолганди бу воқеа.
2010-йилда буни шеър хам қилган эканман:

"ҒАРОЙИБ ҚАСАМ"

Кимга сиғинсан?-Сўрашди ундан,
У деди: Қуёшга! Ростини десам.
Сўнг сўзи ростлигин исботлаш учун,
Худо хаққи дея ичворди қасам.

Бунақа кулгили воқеалар жуда кўп.

2010-йил
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​Ботаётган қуёш изҳори

Мен сени севаман осмоним,
Кетиб қолсам тўкма кўзёшинг.
Афсус эрта узилар жоним,
Тезда ботар бўлди қуёшинг.

Сени бергим келмас ҳеч кимга,
Лек бўш қолмас мен тўлдирган жой.
Ботиб кетсам менинг ўрнимга,
Зулматларинг ёритади ой...

Уч кун ўтиб эсдан чиқаман,
Алмашади кеча-кундузлар.
Эй осмоним ботар қуёшман,
Ёнингда кўп порлоқ юлдузлар...

Яшагим йўқ қарғадек узоқ,
Тошбақа ҳам шошмас ўлгани.
Капалакдек умрим оз бироқ,
Сен бахтиёр бўлсанг бўлгани...

@A_meshayan
19:01-18.01.2024
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​МЕХРИНГГА МУХТОЖМАН.

Кўнгил уйим қилгач дард талон-тарож,
Бошимдан тушмишдир бахт аталмиш тож.
Совғангга,
Мулкингга,
Бойлигинггамас,
Меҳрингга мухтожман, мехрингга мухтож.

Қалбимда орзулар қасрин қурибман,
Ишқим офтобини сенга бурибман.
Севмасанг...
Севмасанг ким учун яшаб юрибман,
Меҳрингга мухтожман, мехрингга мухтож.

Кўнглимда ғалаён бошланганида,
Ва ғамлар дастиндан ғашланганида.
Дард йўлбарси менга ташланганида,
Меҳрингга мухтожман, мехрингга мухтожман.

Чўлда булоқ излар чанқоқ зот мисол,
Ташнаман, хадя қил бу оқшом висол.
Қахринг даркор эмас хатто бир мисқол,
Меҳрингга мухтожман, мехрингга мухтож.

Зормасман маъшуқа эътирозига,
Зар учун уйғонган эҳтиросига,
Эълон: Сендай Хақнинг ихтиросига,
Меҳрингга мухтожман, мехрингга мухтож.

Булбулман хийлагар жанонга кўнмас,
Дуч келган дараҳтга хар оқшом қўнмас,
Кибр ошиғингга ярашган тўнмас,
Меҳрингга мухтожман, мехрингга мухтож.

Висолинг тилашни қўймайдиганман,
Ишқни ёмонликка йўймайдиганман.
Меҳринг шаробига тўймайдиганман,
Меҳрингга мухтожман, мехрингга мухтож.

@A_meshayan
2010-йил
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ИНТЕРВЬЮ...

-Ким қўнғироқ қилди болажон?
-Интервьюга чорлашди она...
-Вой айлонай йўлга туш шу он,
Радиога чиқ сан маҳмадона...

Қўшниларга мақтанажакман,
Норозилик билдирмагин, жим!
Бутун қавму қариндошларга,
Даркор ҳали бир-бир қоқмоқ сим.

-Она радио чорлагани йўқ,
-Наҳот тв чорлади ўғлим?
Ҳиқилласам урма энди дўқ,
Даданг бевақт топмаса ўлим-

Биргалашиб кўрардик шодон,
Кўрсатувга чиққанлигингни.
Балки бир кун кўрарман омон
Султон қўлин сиққанлигингни...

-Она ТВ чорламадида...
-Рўзномадан чорлашган демак?
-Бу ҳам онанг бир омадида,
Мен ҳам борсам имкон бор демак?

Қўй, яхшиси ўзинг бориб кел,
Сен ҳақинда мақтаб ёзишсин!
Хушрўйлигинг кўриб қўйсин эл,
Соқолли суратинг босишсин...

Волидам шод... Зумда тиклаган
Шод кайфият қасрин бузолмам.
Ош келтирди е деб бир лаган,
Лек мен хуноб, бугун бўлажак,
Интервьюдан хаёл узолмам...

Онамга сюрприз қилгим йўқ,
Йўқ "совға"мнинг унга кераги.
Кўксин тешиб ажал деган ўқ,
Ёрилиб кетмасин юраги...

Интервьюда сўрашса керак:
-Нега қуюқ соқол қўйгансиз?
-Борми сизга хориждан тиргак?
Ҳижобнида фарзга йўйгансиз...

-Шеърларингиз нечун қайғули?
Посбонларга отибдирсиз тош.
Сизга қолганлиги кулгили,
Хоннинг асл юзин қилмоқ фош..

Бу шунчаки тахминлар холос,
Шоир доим фантазия қилар...
Интервьюнинг мавзусини хос,
Фақатгина терговчи билар...

@A_meshayan
12:33-19.09.2019
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

– Шеърларингизда шунақанги сўзларни ишлатасизки, ҳатто айримларининг маъносини ўзбеклар ҳам тушунолмай қолади. Шеъриятда устозингиз ким? Кимлардан сабоқ оласиз?
– Тўғрисини айтсам, шеъриятда борасида устозим йўқ.

– Ҳатто айримлар шеърларини биров ёзиб беради, дейишади?
– Ака, уй-жойимни кўриб турибсиз. Мен фалончи (бир шоирлик даъвосидаги таниқли тантиқнинг исмини айтади) каби бой эмасман бировдан шеър сотиб оладиган(кулади). Олдинлари бунақа гап-сўзлардан жудаям жаҳлим чиқарди, ҳозир парво қилиб ўтирмайман.

– Қайсидир шоирларни яхши кўриб ўқийсизми, яъни Сиз қойил қоладиган ижодкор борми? Тирик шоирлардан...
– Усмон Азимни жиддий шоир деб биламан...

Аввал Муҳаммад Юсуфни ва Аъзам Ўктамнинг шеърларига махлиё бўлдим, сўнгра Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфиларнинг ижодига ҳавас қилиб ўқиб юрдим. Шавкат Раҳмоннинг ижоди билан танишганимдан кейин ўшанда тўхтадим. Унақа буюк шоир йўқ ўзбеклар ичида... Тўғриси ўзимча унга тақлид қилиб шеър ёзишга ҳам уриниб кўрдим. Шунақа зўр шоирки... асти қўяверасиз...

Мен асосан диний-маърифий йўналишда шеър ёзаман. Бу ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ёқишиниям истамайман. Тўғри, авваллари ўзимни танитгим келган. Ҳатто бир марта ноқулай аҳволга тушиб қолганман эгаси топилмаган шеърни меники девориб... Кейин жудаям уялиб қолдим, икки йил шеър ёзолмадим. Энди кулиб эслайман ўша даврларни...

Ҳозир менга машҳурлик қизиқмас. Керак ҳам эмас. Агар керак бўлганида Ватаним-Жонажоним...деган шеърларни ёзиб, аллақачон “Шуҳрат” медалиниям олган бўлардим. Мен бунақа лаганбардорлик, катталарга ёқиш учун ликкиллашдан ҳазар қиламан.

Мени қандай бўлсам, ўшандай қабул қилишларини истайман. Турланиб-тусланишларни ёмон кўраман...

– Дарҳақиқат, охирги пайтларда шеъриятда “Шавкатли замонлар...” деган ибора пайдо бўлиб қолди. Энг ажабланарлиси, президент ҳузурида, унга қараб шунақа шеърларни ўқишяпти. Суллоҳлик шу қадарми?! Нима “Исломли замонлар...” ўтдими, деворасан беихтиёр... Яна бунақа шеърни олтмишдан ошган одамдан эшитсанг, баттар кўнглинг айнир экан...
– Ака, ишонсангиз 2016 йили сентябр бошида, аввалги президент оламдан ўтган кунлари Ёзувчилар уюшмасининг ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосари, Халқ шоири Иқбол Мирзо қўнғироқ қилди: “Тез шеърларингни олиб кел, босамиз” – деб. Обориб ўтирмадим тўғриси... Менга қизиқ эмас энди...

Айтяпману машҳурлик, шон-шуҳрат – офат экан, ундан қочиш керак экан...

– Ўзингиз арман миллатига мансуб бўлсангиз-да, ўзбекларнинг дардини ёзасиз. Ёзганда ҳам чиройли ёзасиз. Бунинг боиси нимада?
– Ака, шу ерда туғилиб ўсдим... Шу одамлар орасида... Ўшанинг-чун дарду ғамим ҳам, қувончу ташвишим ҳам шу халқ билан бир!

Ташқаридан қараганда ўзбек халқининг ижобий ва салбий томонлари яхшироқ кўринади Сизга...
– Ўзбеклар ҳақида биласизми қанақа тушунча бор бошқаларда? Битта эпизод билан тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Бир куни фейсбукдаги бир танишим қурбонлик гўштини тарқатишда ёрдам сўради. Ўзи хорижда яшайди, шериклари шу ерда. Аммо шериклари ҳам тарқатолмай қийналаётган экан. Хўп деб айтилган жойга бордим. Боргач, тушундим нима учун тарқатишолмаганини... жудаям бой одамлар яшайдиган маҳалла экан. Битта катта хўкизнинг бўлакланган гўштини машинага ортиб қайтдик.

Йўл-йўлакай опамга қўнғироқ қилдим: “Ночор аҳволда яшайдиган танишларинг бўлса, айт” – дедим. У: “Менга ҳам бер” – деди. “Опа, сенинг шунча уйларинг, машиналаринг бор, уялмайсанми?” деб танбеҳ бердим. “Ҳазил-ҳазил, - деди кулиб. - Бир жувонни танийман. Ҳижобли. Тўртта норасида боласи бор. Қаердадир фаррош бўлиб ишлайди. Эри жигар церрозидан ўлган. Шунга обориб бер”. “Эри ичар эканми?” – сўрадим ичкилик орқасидан жигари адо бўлиб оламдан ўтган дадамни эслаб... “Жиннимисан?! Ичмайди, ўзбекку у?!” деди опам. Ҳижоблиларни ити-битидан ёмон кўрадиган опамки мақтадими, демак ўша аёл чинданам фаришта экан деб қолдим... Ва унга қурбонликдан насиба олиб бориб бердим.

Мана кўрдингизми, ўзбеклар ҳақида нималарни тушунамиз: ўзбекми – алдамайди, ўзбекми – ўғирлик қилмайди, ўзбекми – бировга ёмонлик қилмайди! Булар бизнинг ўзбек ҳақида шаклланган фикрларимиз, хулосаларимиз...

(давоми қуйида)

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​АМАЛ ВА НАСАБ...

Пайғамбарим Муҳаммаддек анбиёдир,
Деюрсанки зотим тоза, менга ишон.
Яна дейсан катта бобом авлиёдир,
Аждодларим бўлган муфтий, қори, эшон...

Не бўлибди аждодларинг бўлса эшон?
Не қилибди ўттиз пора Қуръон билса?
Кошки сенга бу қариндош-уруғчилик,
Ўзинг амал қилмасангда фойда берса!

Буюк набий Муҳаммад Алайҳиссалом,
Пайғамбарлик насиб этгунча бир замон.
Қўй боқмишлар, луқма емай бир бор харом,
Улар бўлмиш бир муддатга оддий чўпон.

Сенчи эй дўст, мақтанурсан бобонг билан,
Беамалсан, қилмайдирсан хеч ибодат.
Тушун ахир Пайғамбарнинг қўйиман деб,
Қўйлари хам бўлиб қолмас аҳли жаннат!

Қўлингдадир Амриқонинг тамакиси,
Яшаяпсан фосиқ деган лақаб билан.
Бўлса хамки Пайғамбарнинг амакиси,
Билдинг-ку не бўлмиш Абу Лаҳаб билан...

@A_meshayan
16:47-11-09-2014
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЭНГ ХАЙРЛИ МАҲР

(Саодат асридан такрор)

Дедим: Сени севиб қолдим эй париваш,
Деди: Йиллар ўтиб сўнмасму бу оташ?

Дедим: Ошиқ бўлдим қаро кўзларингга,
Деди: Тўн кийгизма энди сўзларингга.

Дедим: Сўра қанча бўлса берай маҳринг.
Деди: Менга бой бўлса бас кўнгил шаҳринг.

Дедим: Юрак шахрим қилди ишқинг қамал.
Деди: Айлармисан беш фарзингга амал?

Дедим: О, севгилим нетай диним ғайри
Деди: Унда йўлларимиз айри-айри.

Дедим: Нима менга тегсанг ўлурмисан,
Деди: Ўлмам, лек мусулмон бўлурмисан?

Дедим: Майли, ман мусулмон бўлажакман,
Деди: Унда ман рафиқанг ўлажакман!

Дедим: Отанг кўнармикин кўнмасмикин?
Деди: Кўнур, лек ишқ ўти сўнмасмикин?

Дедим: Сенга бўлган маним ишқим сўнмас,
Деди: Унда бузрукворим нега кўнмас?


Дедим: Маҳринг қанча эй юзлари бой чироя?
Деди: Мўмин бўл маҳримга шу кифоя.

Дедим: Тўйимиз ўтгач айт мамнунмисан?
Деди: Мен мамнунман сенчи маҳзунмисан?

Дедим: Маҳзун эмас асли хушнуддирман
Деди: Билгил сенла кўнгли масъуддирман.

Дедим: Шодонмисан шунча йиллар ўтди?
Деди: Шодман чунки қўлинг иймон тутди!

Дедим: Мани қизғонишинг хам биламан,
Деди: Фақат китоблардан рашк қиламан.

Дедим: Бунча ширин, бунча ширин, рашкинг,
Деди: Сўнмаса бас ёр Аллоҳга ашкинг!(севгинг)

@A_meshayan
28.03.2017
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

"Сени қандоқ яхши кўрай қиш?"

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЛАЙЛАК

Ўшал куни...
ёмғир тингач,
фалакка-
Табиат
камалак расмин чизарди.
Хамдардлик билдириб она лайлакка,
Бахайбат қуёшнинг юзи қизарди.

Шўрликкина лайлак ўқларин отган,
Муттаҳам сайёдни хануз қарғайди.
Кўкламда илк хаёт шаробин тотган,
Япроқ мисол ахир юзи сарғайди.

Ухласа тушида тинганча доди,
Қиқирлаб-қиқирлаб кулиб боқарди.
Уйғониб ўзига қайтганда ёди,
Бечора лайлакнинг ранги оқарди.

Очофат хасратлар ич-этин егач,
Шўрликка осмон хам, ер хам торайди.
Тонгда оқ булутлар Хақ қорай дегач,
Буйруққа кўндию шомда қорайди.

Қорайган булутлар лайлак бирла жўр-
Бўлганча эзилиб кўз ёш тўкарди.
Лайлак дерди: Овчи қилган ишин кўр,
Э вох мендан олдим болам кўкарди!

@A_meshayan
21:23-04.10.2019
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

"СЕНИ СЕВИБ ҚОЛДИМ МАДИНА!"

Шивирлайман бергин қулоғинг
Ўпай десам қайда дудоғинг
На бўлгайдир очсанг қучоғинг
Сени севиб қолдим Мадина

Буткул кетиб қайғу шаҳридан,
Хасратларнинг ўтиб бахридан
Жой олсайдим сенинг бағрингдан,
Сени севиб қолдим Мадина

Йиллардирки кўзларим йўлда
Дуо дилда,  жойнамоз қўлда
Не қилибди яшасанг чўлда
Сени севиб қолдим Мадина

Руҳсорингга олисдан боқиб
Яшаяпман кўз-ёшим оқиб
Бир кун боргум эшигинг қоқиб
Сени севиб қолдим Мадина

Дема: Сендан ўзга бегим бор
Сенга ишқий сўзлар дегим бор
Хурмоларинг узиб егим бор
Сени севиб қолдим Мадина

Соҳибжамол пайғамбар шаҳри
Не бўлгайдир сендай юрт маҳри
Келаверсин лаъиннинг қаҳри
Сени севиб қолдим Мадина

Бунча ширин Ишқнинг мазаси
Тошиб борар соғинч хавзаси
Ҳабибимнинг сенда равзаси
Сени севиб қолдим Мадина

Шеър битяпман Тошкентдан туриб
Юрагимдан қолгансан уриб
Гўзал юзинг бир кўрмай туриб
Сени севиб қолдим Мадина

Қалби иймон нурига тўлай
Айбсиз холда ёнингга йўлай
Тупроғингга бош қўйиб ўлай
Сени севиб қолдим Мадина

Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЮЛДУЗ БЎЛИБ НЕТАСАН СИНГЛИМ?

Юлдуз бўлиб нима қилсан синглим,
Кўзларинг бир умр бўлсинми маъюс.
Сени ўйлаб ёмон эзилар кўнглим,
Сенга эр бўлади рижолмас даъюс.

Тўғри, қўлларингга куйласанг қўшиқ,
Гўзал гуллар, даста пуллар тутишар.
Чинакам бирор зот бўлмайди ошиқ,
Сендан фақатгина ўлан кутишар.

Жонингга душманлар солади раҳна,
Ва бир куни сени тарк қилар санъат.
Тавоф қилма бунча Каъбамас саҳна,
Жаҳанннамдир асли деганинг жаннат.

Сийнасин очсада, очсада сонин,
Қизғонмайди асли санъатчига эр.
Менга не беморлик олмасми жонин,
Соғин сигир мисол сут берса бас дер.

Юлдуз бўлиб нима қиласан синглим,
Ундан кўра бўлгин қория, отин.
Юлдуз бўлсанг сенга ачийди кўнглим,
Сен эрга тегмайсан, оласан хотин.

@A_meshayan
20:59-14.01.2022
Абдурроҳман Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ҲАЁТ САБОҒИ

Этигим йиртилди талаба пайтим,
Пойабзалим йўқ деб дадамга айтдим.
Лек шукр деб кўздан ёшимни артдим,
Ёнимдан (бир) оёқсиз одам ўтганда.

Тор туюлганида кўзга кенг олам,
Ёдимда юпатиб жонажон холам:
"Ҳеч бўлмаса онанг тирик-ку болам"
Деганди дунёдан отам ўтганда.

Муртад бўлиб ўлиб кетмаганимга,
Шодман виждон нобуд этмаганимга.
Енгилмадим хатто нафсдек ғанимга,
Суяк суягимдан алам ўтганда.

Ёв илхақ бўлсада барбодлигимга,
Шукрона келтирдим озодлигимга.
Куйдим қўли кишан айбсиз дўстимга,
Ёнимдан посбонга қарам ўтганда.

Турфа бўхтонлардан қолмоқ-чун омон,
Ўртага Худони қўйиб мен нодон.
Онт ичиб қийналдим, ўксиндим ёмон,
Бўғзимдан шаробмас қасам ўтганда.

Ошпаздан қолмаган мен учун чўмич,
Темурдан меросмас менга тиғ қилич.
Менга Навоийдан илҳом-ла ғиж-ғиж,
Мерос бўлиб фақат қалам ўтганда.

@A_meshayan
16:46-25.12.2015
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​#БАЛИҚНИНГ_ХОЛИҚҚА_ЁЛВОРИШИ

Ислом-улкан уммон, мен эса балиқ,
Гар соҳилга чиқсам ўламан аниқ.
Сувсиз жон бераман наҳанг бўлсамда,
Ўлгунча уммондан айирма Ҳолиқ!

Ўн олти ёшгача сассиқ кўлмакда,
Жоҳилликда суздим алам юракда.
Куфр қармоғига илиниб қолмай,
Ё Раббий ёрдаминг менга керакда.

Виждон дер: "Умрингни беҳуд совурма,
Иймон дер: Намоздан юзингни бурма.
Кавсар сувин ичсин мендек " балиқ" хам,
Дўзах оловида ё Раб қовурма...

@A_meshayan
22:56-12.01.2024
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЯМАНЛИК ОНАЛАР

Бошладилар қонли урушни,
Хазонларга буркаб чаманни.
Ташмалашди олтин-кумушни,
Қирғин айлаб халқин Яманни.

Сунний тўкди хисоблаб ғаним,
Бир тарафда шианинг қонин.
Бир ёндачи билмасдан тиним,
Шиа олди суннийнинг жонин.

“Учинчи ён” тўккач виқорни,
Муслималар бўлди чўрилар.
Сузиштириб икки қўчқорни,
Хушнуд бўлди “бир тўп бўрилар”

Ололмади эрлар интиқом,
Завжалари ногоҳ зўрланса.
Кофир давлат айлаб қатлиом,
Кулди мўмин қанча хўрланса.

Ямандаги шўрлик оналар,
Юраклари кетди зириллаб.
Йиғлаганда айлаб нолалар,
Гўдаклари қаттиқ чириллаб.

Сўнг чорасиз оналар эса,
Тўкилдилар бамисоли тут.
Гўдагини тўйдирай деса,
Топилмагач кўкрагида сут.

@A_meshayan
01:46-06.06.2017
✏️Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу

Айланиб кичикдан катта галага,
Қалбда на дўстлик на муҳаббат билан.
Киришдилар бир кун мужодалага,
Қурайш "катталари" Муҳаммад билан.

Пайғамбар уларни қиларди даъват,
Шояд бу нусҳалар кўнгилин деб чаяр.
Ахир улар эди соҳиби давлат,
Иймонга кирсалар Ислом кучаяр!

Ўтирарди Утба ибн Робия,
Амр ибн Ҳишом-Шайба ёнида.
Даврада бор Валид ибн Муғийра,
Умайя ҳам оқур зино қонида.

"Менга ҳам Аллоҳнинг билдирганларин,
Ўргатингиз дея қилинди нидо"
Кўр Абдуллоҳ ибн Умму Мактумдан,
Чиққан нидо эди асли бу садо.

Пайғамбар қошларин чимириб қўйиб,
Юзларини ундан бурдилар аммо.
Абдуллоҳ кўрмади асло бу ҳолни,
Чунки сўқир эди, кўзлари аъмо.

Лек Аллоҳ кўрарди бу ҳодисотни,
Ўзига минг бора айтайлик тасбеҳ.
Абаса сураси ўн олти оят,
Пайғамбарга берди Хақ ўзи танбеҳ:


"У олдига кўзи ожиз келган дам,
Қошларин чимирди ва ўгирди юз.
Эй пайғамбар қайдан биладирсиз сиз,
Эҳтимол гуноҳдан поклана олар,
Ё у сиздан панду насиҳат олар?
Ва бу панд унга кўп фойдалар берар?

Энди ўзин иймондан беҳожат тутган-
Зотга юзландингиз ҳолбуки унинг-
Покланмаслигидан сизга зарар йўқ"

Қуръондан мисолим тугади менинг....

О Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни,
Азиз қилиб қўйди Аллоҳнинг ўзи.
Муаззин ҳам бўлди, Қуръон ёдлади,
Жангларда қатнашди гарчи кўр кўзи.

Бир куни сўзлади ғазот олдидан:
Гарчи мен эмасман баҳодир ва зўр.
Менга байроқ беринг, икки саф аро
Жанг қизиб кетсада қочмам кўзим кўр"

Хижратдан ўн тўрт йил ўтгандан кейин,
Даркор бўлди жангда мардона туриш.
Қарши бориб Эрон подшоҳлигига,
Форс империясига бошланди юриш.

Супуриб ташланди энг кучли давлат-
Тарихдан ҳаммангиз биларсиз чоғи?
Бошланди сўнг ўша гўзал бир ҳолат,
Форсда хирпиради Ислом байроғи.

Кимлардир отлиқдир, кимдир пиёда.
Кимдир у кун эди зотдор туяда.
Шаҳидлар берилди ҳаддан зиёда,
Абдуллоҳ ҳам ўлди Қодисияда.

Инсоф билан айтинг ёдламай Қуръон,
Кўзи кўрадиган биздайлар кўрми?
Ё сўқир бўлсада жангда бериб жон,
Жаннатни нақд қилган Абдуллоҳ зўрми?

@A_meshayan
19:31-11.01.2023
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЯҚИНДА

Яқинда ёнингдан йироқ бўламан,
Аммо на Яман на Ироқ бўламан.

Билгин ўлгунимча ёнингдадирман,
Ёрдамга шошилган Широқ бўламан.

Юзим доғли қамар,  шамсдек нур сочгум,
Не учун оддий бир чироқ бўламан?

Ҳали соғинарсан кўргинг келганда,
Кўролмайсан лекин,  бироқ бўламан.

Соғинчим ёқмади,  йўқлаганим ҳам,
Энди навбат келди фироқ бўламан.

Яшиллик давримдан қолмади асар,
Яқинда сарғайган япроқ бўламан.

Оғзимдан сачраган қон тилга кириб,
Дерки бўғзингдаги титроқ бўламан.

Доим одам бўлдим алдашганда ҳам,
Деёлмадим: "Энди итроқ бўламан"

Осмон эшиклари руҳимга очиқ,
Энг юмшоқ,  энг азиз тупроқ бўламан.

@A_meshayan
23:23-10.01.2023
Абдураҳмон  Мешаян

Читать полностью…
Подписаться на канал