a_meshayan | Неотсортированное

Telegram-канал a_meshayan - Abdurahmon Meshayan

4278

Маҳрум бўлгач намозимдан- Бўлгунча марҳум. Марҳум бўлгач- Намозимдан бўлайин маҳрум.

Подписаться на канал

Abdurahmon Meshayan

​​Сенсиз яшай оламан...

Менсиз яшолмас деб ўйларсан балки,
Истиҳзоли кулиб сўйларсан балки.
Ҳуснингга ишониб яшарсан ёки,
Сенсиз ҳам мен яшай оламан ишон,
Лек юракнинг бунга кўнмоғи гумон.

Тақдирга ишониб яшаркан одам,
Тушса ҳам бошига дардлар ва алам.
Менку кўникарман сенсизликка ҳам,
Сенсиз ҳам мен яшай оламан ишон,
Лек юракнинг бунга кўнмоғи гумон.

Мухаббат куйидан кўнгиллар сархуш,
Бас энди ғурурнинг самосидан туш.
Ростин айтай гарчи келмаса хам хуш,
Сенсиз ҳам мен яшай оламан ишон,
Лек юракнинг бунга кўнмоғи гумон.

@A_meshayan
2010-йил
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​ИШҚ САВДОСИ БОШГА ТУШДИ...

Қалб хис қилди Жалолингни,
Тегмасидан ўлим мушти.
Бир бор кўрмай Жамолингни,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Чиқдим куфр қучоғидан,
Кечдим дўзах ўчоғидан.
Дил дарзмас ширк пичоғидан,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Қалбга қургач фаросат ин,
Кема бўлиб мукаммал дин,
Деди: Нажот топ, менга мин,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Кўз ёшларим селга дўниб,
Каломий фармонга кўниб.
Дил дарчамга иймон қўниб,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Энди менга эмасдир ёт,
Гўзал Сарвари Коинот.
Дунёдаги энг Буюк Зот,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Гох касал қалб хаволанди,
Сўнг зикринг-ла даволанди.
Каломинг-ла наволанди,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Хавотирдир юрак қурғур,
Амалларим гуноҳ туғур.
Қалбдан мунофиқлик суғур,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Ишқсиз қалби доғланмишам,
Хаста эдим соғланмишам.
Беш арконга боғланмишам,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Жон берар дам менга авло,
Исминг айтиб ўлмоқ Мавло.
Ё султони Арши Аъло,
Ишқ савдоси бошга тушди.

Бу юракдан чиққан байтдир,
Ёлвораман қайси пайтдир.
Жон волидамга хам айттир:
Ишқ савдоси бошга тушди.

@A_meshayan
19.10.2019
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

Yulduz Usmonova-jonli ijro

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

YULDUZ USMONOVA- KO'Z TEGMASIN(AUDIO)2023
https://youtube.com/watch?v=W9egO2cmIN8&feature=shared

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​МИЛЛАТ ЭРКАКЛАРИ ЎЗГАРМАГУНЧА.

Булбул ўзлигини йўқотиб қўйса,
Капалакка қўн деб нозланур ғунча.
Аёллар ўзгармас хаттоки сўйса,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Қандоқ ислоҳ бўлсин бундай жамият,
Аёлда-номус йўқ, эрда хамият?
Йўқотиб бораркан дин аҳамият,
Миллат эркаклари ўзгармагунча.

Кўп шармисор бўлди номинг эй Ватан,
Бу хол юз бермади албат дафъатан.
Қизлар сотаверар хорижда бадан,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Жононнинг кўз ёши оқавергайдир,
Четда ишлаб бола боқавергайдир.
Сўнг ўзин оловда ёқавергайдир,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Сулувлар кечарлар қалин қошидан,
Рўмолни отарлар юлиб бошидан.
Қутилмас ёв отган пичинг тошидан,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Ичиб ётаверса харомхўр эри.
Аёл қандоқ келсин хориждан бери?
Устида чўчқалар тўкадир тери,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Йўқчилик илондек чақавергайдир,
Ёв тилломиз ташиб, чақа бергайдир.
Даюслик тожини тақавергайдир,
Миллат эркаклари ўзгармагунча.

Аёлнинг йиртилар хаё пардаси,
Уйда унитилса эркак зардаси.
Тинмас мушрикларнинг элга зарбаси,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Жимо бошламаса Аллоҳ номи-ла,
Эр юрса шаробга тўлган жоми-ла.
Аёллар олимга бўлмас хомила,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Пешонамиз мудом шўр бўладида,
Дунё ушбу сўзга жўр бўладида:
“Ўзбекнинг қизлари зўр бўлади-да!”
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

Қаламим ростини ёзиб толмайди,
Бу ростга афсус халқ назар солмайди.
Афсус ушбу шеърим урфдан қолмайди,
Миллат эркаклари ўзгармагунча!

@A_meshayan
21:13-04.10.2020
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​АСЛ ШОИР ЁДГА КЕЛГАНДА...

Муҳаммад Солиҳ... Мен учун бу киши сиёсатчи ё бирор доҳийнинг рақиби эмас балки шоир сифатида жуда қадрлидир. Истамбулда бўлганимда кўришгандик. Қарийб икки соат суҳбатлашган бўлсак фақат ижод, шеърият, Ватан соғинчи хақида суҳбатлашгандик. Ўзбекистонни жуда-жуда соғинишлари кўзларидан, сўзларидан билинарди. Менга шеърий китобларини совға қилгандилар. Афсуски Ватанга олиб келолмадим Истамбулга ташлаб келдим... Ўлмасам қачондир шу китобларни ўз Ватанимда мазза қилиб роҳатланиб ўқиш насиб қилишига ишонаман... Бир эски китоблари хам бор экан. Сўрасам йўқ бу менда ўзи битта деб бермадилар. Мен эса ўғирлаб олувдим😃 Бундай буюк шоир билан кўришиш хар қачон хам насиб этавермайди ахир. Мендан кўпинча нега Ёзувчилар Уюшмасига бормайсан деб сўрашади. Кимнинг олдига бораман ахир? Муҳаммад Солиҳ-Истамбулда, Хуршид Даврон ва Усмон Азимни уюшмадан топиш амримаҳол. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов вафот этиб кетишди...
Менга алам қилади Устоз деб билганларимни бемалол тилга ола билмаслик тўйиб суҳбатлашолмаслик... Муҳаммад Солиҳ Ватанга ё халққа нима ёмонлик қилди ахир? Унинг хам ўғли, қизи, бор. Иккиси жам бўлиб миллиардлаб пул ўмардими, тадбиркорларни қаматдими нима қилди тушунмайман тушуна олмайман. Ўз вақтида Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон оғамни қачондир Ватанда яна кўриш насиб қилишини Аллоҳдан сўрагандим. Амалга ошди. Чунки дуо қилиб ёлборган биргина мен эмасдим. Бу сафар хам дуода бўламан. ИншаАллоҳ Муҳаммад оғани хам Ватанда кўриш насиб қилади... Ўз вақтида Солженицын, Бродский хам ўз Ватани Россияни ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Ўз даврининг хукумати уларни душман деб эълон қилган. Аммо кейинчалик бу икки ижодкор рус адабиётининг фахрига айланди. Қарангки улар хоин эмас эканлар... Тарих эса такрорланиб туради. Мен Ўзбекистонда зулм кўрганим йўқ. Йигирма саккиз йилки шу Ватанда нон еяпман. Эътиқодимгада шеъриятимгада биров халигача дахл қилмаган. Шунга кўра мендан кўра шу Ватанда яйраб яшашга хаққи кўпроқ ўзбек шоирини хурмат қилишимга, ижодини севишимга, монеълик қилмайдилар деб умид қиламан. Зеро чин ижодкорнинг ижоди сарҳадларни, тўсиқу тақиқларни, керак бўлса орадан йиллар ўтганинида писанд қилмайди, ўлмасдан яшайверади.
Забардаст Устоз шоир, умрингиз узун ва хайрли бўлсин! Ватанда тинчлик-омонликда кўришайлик. Шеъриятингиз муҳлиси Абдурроҳман...

2019-йил

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​УСТОЗ АБДУЛЛА ОРИПОВНИ СОҒИНИБ...

-Шеърларни яхши ёзаркансан. Менга жуда ёқди. Фақат нуқул шеърларингда "бокс" қиларкансан. Бунақа қилма. "Тепа"га "вызов" ташлама. Эххе бизлар не-не кунларни кўрмадик. Менга алам қиладигани эртага биз ўлиб кетсак "ўтмишда Абдулло бобо"миз бўлган экан, лекин нега нега улар хақиқатни ёзмаган дейишади. Улар билишмайдики биз қўлимиздан келганини қилганмиз. (Кўрсаткич бармоқлари билан рўбарўларидаги портретга ишора қилиб) Мана хаммани қамаб, ёнидан қувиб ўзи ёлғиз қолиб ўтирибди. Шунинг учун сен ёзаётганингда кимдирни танқид қилмоқчи бўлсанг, шеърингда аввал бошини силаб-силаб бир шапати уриб кет, яна бошини силаб-силаб бир шапати уриб кет. Ўраб ёз. Шунда яхши бўлади. Менга келиб Навоий бобомиздан сўнг энг кўп китоблари ўқилган шоир сиз экансиз, шунга муносабатингиз қанақа дейсан. Қанақа бўларди? Мен яганалигимниям биламан, иқтидорим борлигиниям. Лекин нима фойда шогирдларим мени ташлаб кетдику? Яхшиликни билмади булар...
-Дарахтга ин қурган қушни кўрганмисан?
-Ха.
Унга қараб ўрмалаб кетаётган илонничи?
-Ха бир икки кўрганман.
-Ана ўша илон-давлат! Бечора қуш-халқ. Телевизорда айтилаётган бари гаплар сафсата. Сен уларга ишонма.
Бу иккови хеч қачон бир бировига дўст бўлмайди, тушундингми?
-Ха устоз тушундим.
-Балониям тушунмадинг. Булар мени етмиш йил алдашди мен тушунмадиму сен тушунармидинг?

Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЎЙ

Муаллим қуёшдаӣ балқ,
Шогирдингни ӯӣлаб қалқ,
Китоб ӯқимаса халқ,
Навоиӣ ёзган "Хамса"
Кетар ӯрашга сомса!

2006
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​Kecha intervyuga bordim.
O‘zi doim intervyularni rad qilaman.
Kimmanki intervyu bersam degan hijolatda...
Ammo bu safar yo‘q demadim.
Suhbat til bayramiga atalgani va o‘zbek tilining hayotimdagi o‘rni haqida bo‘lgani uchun...

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ВОЛИДАСИ БЕМОР ЗУРРИЁД.

Қўли енгил жарроҳни излаб,
Кезар Берлин, Деҳли, ар-Риёд.
Йиғлаб дейди нажот бер ё Раб,
Волидаси бемор зурриёд.

Наф бермагач қиммат дорилар,
Дам солсин деб излар қорилар.
Фақат Худойимга ёрилар,
Волидаси бемор зурриёд.

Ўхшаб қолар хароб минорга,
Бағрин олов ёққан чинорга.
Хам бағриқон ўшал анорга,
Волидаси бемор зурриёд.

Полапонин шўрлик она қуш,
Танимайди!-Дард қилиб хомуш.
Дардга-жигар, бахтга-келмас хуш,
Волидаси бемор зурриёд.

Яралаланган йўлбарс холида.
Зурриёди бемор волида.
Лек... армонли қул мисолида,
Волидаси бемор зурриёд.

У хам бир бандаи Холиқдир.
Дардга-рафиқ, ғамга-қаллиқдир.
Кўли қуриётган балиқдир,
Волидаси бемор зурриёд.

Йиғламай тўрт фасл, тўрт мавсум,
Шифо топса онаси маъсум.
Шундагина айлар табассум,
Волидаси бемор зурриёд.

@A_meshayan
24.12.2017
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​Роббимга...

Бу оғир кунларни бошимдан олсанг,
Мендан юз бурмасанг, ёнимда қолсанг.
Фақат Сен хақингда юрардим ўйлаб,
Зикрингдан тинмасдан, Исмингни сўйлаб.

Маъсият ботқоқдир чунонам ботдим,
Ўзингга қайтаргин,  ўзим йўқотдим.
Тинч ухлаш қаёқда?
Кўз ёш тўкяпман,
Ё Раб қутқариб ол...
Ахир чўкяпман...

@A_meshayan
03:24-29.09.2023
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

Авезметов Баҳодир, 1976 йилда туғилган. Икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. 2-гуруҳ ногирони ва ишга лаёқатсиз. Беморда жигар церрози касаллигининг охирги босқичи кечмоқда.

Ҳозирда шифокорлар қизилўнгач ёрилиб кетиш хавфи катта эканлиги ва жарроҳлик амалиёти ўтказиб, қизилўнгачни лигирование қилиши зарурлиги билдиришди. Акс холда ичга қон кетиб, ачинарли холатга олиб келиши мумкин экан. Айни пайтда бемор ТошМИ-2 нинг гипотабиляр бўлимида даволанмоқда.

8600 4929 7475 8050
Худайбердиев Темур номида.
Тел рақами:
+998901852299

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

📚YO MUHAMMAD
         ALAYHI SALOM📚

🎙SHOHIMARDONXON.

✍ABDURAHMON
MESHAYAN.

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

СЕВАРМИКАН СЕВГАНИМ МАНИ?

Қўрқувдаман ўйлаб охирим,
Маҳзун дилга бир таскин қани?
Ботинимдан бўлак зоҳирим,
Севармикан Севганим мани?

Ўзи менга кўрсатмишдир йўл,
Хатоларга қўймайин деб йўл.
Мендан бўлак ошиқлари мўл,
Севармикан Севганим мани?

Бахт аталмиш шаробга қондим,
У Танҳодир! Ўзгадан тондим.
Ёнар бўлсам ишқида ёндим,
Севармикан Севганим мани?

Хушнуд айтур хилватда оним,
Тўқсон тўққиз исмин забоним.
Топширгандан кейин хам жоним,
Севармикан Севганим мани?

Бахт қуёши порлагаймикан?
Дард қузғунин хорлагаймикан?
Жаннатига чорлагаймикан?
Севармикан Севганим мани?

Чўғман кулга айланадурғон,
Қулман хондек даврини сурғон,
Бўлолмаса имоним қўрғон,
Севармикан Севганим мани?

Хар кун беш бор уйимга дер кел,
Хилватларда кўз ёшларим сел.
Таскин даркор эй бағрикенг эл,
Севармикан Севганим мани?

Кўнгил Зам-зам янглиғ зилолмас,
Оразим хам нурли хилолмас.
На Умарман ва на Билолмас,
Севармикан Севганим мани?

Жаҳаннамга ирғитмасайди,
Сиротидан йиқитмасайди.
Кўнглимда бир умид яшайди,
Севажакдир Севганим мани!

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

Шунча кечикканимиз камми?

Лотин алифбосига ўтишни бошлаганимизга 30 йилдан ошди. 1993 йил 1 сентябрда мактабга кирганларнинг ва лотин алифбосида хат-савод чиқарганларнинг олд фарзандлари мактабни битиришди.

Юридик жиҳатдан лотин алифбосига ўтиш 2010 йилдаёқ якунига етган. Лекин амалда аросат даври давом этмоқда. Лотинда ўқиган иккинчи авлод кириллдан ё амалга кирмаган баҳсли лотиндан фойдаланиб келмоқда. Дунёда алифбо борасида биз каби аросат (бахтсиз дегим келмади) миллат бўлмаса керак.

Кеча лотин алифбосига асосланган алифбога тўртта ўзгартириш киритиш яна янги баҳс мунозаралар сандиғини очиб юборди. Барака топгурлар, нариги эпохани қўя турайлик, алифбо борасида 2018 йилдан бери бир тўхтамга кела олмаймиз.

Биз алифбони ўзгартириш тўғрисида Қонун қабул қилганимиздан бери туркманлар ва озарлар алифбосини ўзгартириб бўлди. Янги эпохада охири тугамайдиган баҳслар бошлаганимиздан бери қозоқлар алифбосини ўзгартиришини эълон қилишди, тез орада тугаллашади. Қирғиз дўстлар ҳаракатини бошлашди, лекин шимолдаги оға босими билан ортга қайтишга мажбур бўлишди (худо кўрсатмасин, шу ҳолга тушмайлик).

Ҳозир нега ундоқ, нега тепасида чизиқ, иккита нуқта эмас, C ц ё ч бўп қоладими, CH ни қолдирайлик каби  тортишувларга яна йиллар сарфлашган ҳаққимиз йўқ. Баҳсларимиз ҳаммамизга, бир-биримизга зиён бера бошламоқда. Узр-куя, бўлди-да энди.

Биринчидан, минг афсуски, кечадан буён энди бюджетга юклама, иқтисодий харажат деган сафсаталар болалашни бошлади. Э, барака топгурлар, 30 йилдаги аросат алифбодан, икки алифбода иш юритишдан ютқазиғимизни биров ҳисоблаб кўрдими?

Иккинчидан, ақлли миллатлар агар хоҳиш бўлса, осон ва арзон йўлини доим топишади. Ўша ҳужжатлар, белгилар, пулларни бошқатдан чоп этиш асло шарт эмас. Белгиланган муддати келгунча ё умри тугагунча яшайверади. Мана ўзи йўқ совет давлатининг метркаси билан яшаяпмизку. Соғлом ақлга мурожаат қилайлик.

Учинчидан, кеча шу ўзгаришлар эълон қилиниши билан дўстларимиздан бири Ҳамза Фозилжонов Исажон Султоннинг "Генетик" романини таклиф этилаётган қолипга солиб кўрди. 100 бетлик роман 95 бетга жо бўлган. Кўраяпсизми, 5 фоиз иқтисод қилинмоқда. Бу нафақат қоғоз, энг қиммат нарса вақт ҳам. Шу эмасми иқтисод қилиш? Апострофларга тўлган ҳозирги вариантда ўқиш тезлиги ҳам, ёзиш тезлиги ҳам паст бўлади. Буни ўзимнинг мисолимда айтаяпман. Ишонмасангиз, тажриба қилиб кўринг.

Тўртинчидан, адабиётчи, тилчи, тарихчиларнинг фикри муносабати кўп эшитилди. Янги даврдаям, эски даврдаям. Шундай бўлиши ҳам керак эди. Энди қарор қабул қилиш вақти келди. Ишни қарор қабул қилувчи сиесатчиларга қолдирайлик. Бундан буён энди масъулият ва жавобгарлик уларда. Ўзи алифбо борасида қарор қабул қилиш доимо сиёсий бўлиб келган. 1926 йилдаям, 1939 йилдаям, 1992 йилдаям. Шахсан мен Давлат ва ҳукумат раҳбарларидан узил-кесил ва якуний қарор кутаман.

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ИККИЮЗЛАМАЧИ ДУНЁ

Войдод украиннинг бурни қонади,
Қизчасин оёғин тикан тилибди!
Дунёнинг юраги унга "ёнади",
Фаластинлик ўлса нима қилибди?

Россия агрессор, фитнага мойил,
Украина ўзин мазлум билибди?
Нима? Бомба отди золим Исроил?
Фаластинлик ўлса нима қилибди?

Киевда айбсизлар қиляпти қазо,
Дунё улар оҳин кўзга илибди.
Қанақа Фаластин, қанақа Ғазо?
Фаластинлик ўлса нима қилибди?

Ҳар куни тинмайди ойнаи жаҳон:
Харков кўчасига мурда тўлибди.
Аммо битта сўз дер қилингач пайҳон,
Фаластинлик ўлса нима қилибди?

Проваслав бирла католик соқов,
Қачонки десалар: Мўмин ўлибди.
Америка бўлмас Исроилга ғов,
Фаластинлик ўлса нима қилибди?

Франция- сукутда, Британия-жим,
Росиянинг афти ғижимдан-ғижим.
Олмон дер: яҳудга етмайди кучим,
Фаластинлик ўлса нима қилибди?

Не ғавғо тўкилса арабнинг қони,
Дунё дер: Биз жиммиз, сўлса-сўлибди.
Бизга азизроқдир украин жони,
Фаластинлик ўлса нима қилибди?

@A_meshayan
23:52-07.08.2022
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

РОЗИ ҚИЛОЛСАЙДИМ САНИ.

Жаҳолатнинг ботқоғидан,
Раҳм этиб қутқардинг мани.
Асар қолмай дил доғидан,
Рози қилолсайдим Сани.

Дунё боғин кезмоқдан,
Яшашданда безмоқдаман.
Ўлим яқин сезмоқдаман,
Рози қилолсайдим Сани.

Ичмас эдим хасрат майин,
Чалмас эдим қайғу найин,
Қирқар эдим ғамнинг пайин,
Рози қилолсайдим Сани.

Томиримда музлайди қон,
Кун келиб Сен истаган он.
Табассум-ла берардим жон,
Рози қилолсайдим Сани.

Нафснинг кўзин ўярдимо,
Дилни оққа бўярдимо,
Жамолингга тўярдимо,
Рози қилолсайдим Сани.

Кўздан ёшим тирқирарди,
Юрак Ишқдан зирқирарди.
Руҳим нечун чирқирарди?
Рози қилолсайдим Сани.

Бахтим лаъинни хорларди,
Хурлар бағрига чорларди.
Маҳшарда юзим порларди,
Рози қилолсайдим Сани.

@A_meshayan
11:52-08.02.2020
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ЁР СЕНГА КЎЗ ТЕГМАСИН!

Сени ўйлаб ҳар сафар,
Дуо қилдим ҳар саҳар.
Ғаним тутмасин заҳар,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Сени кўрсам нетади?
Дард ёнимдан кетади.
Бошим кўкка етади,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Меҳр кўрса бўлиб шод,
Кўнглим бунчалар обод.
Рашк қилсам дема вой-дод,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Бир бўсангдир малҳамим,
Жуфт-ҳалолим,  маҳрамим,
Тилаб топганим маним,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Армон сени енгмасин,
Қаддингни дард эгмасин.
Озор-озор етмасин,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Томирда ишқ оқади,
Изҳорларинг ёқади.
Юзинг кулиб боқади,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Дил қолганда аламда,
Мактуб битдим қаламда.
Фитна тўла оламда,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Ўзга ёрга ёлворма,
Мендан гумонга борма,
Қўлим қўйиб юборма,
Ёр сенга кўз тегмасин!

Ғаним нени орзулар,
Қилиб қора жодулар?
Ох бунча айёр улар,
Ёр сенга кўз тегмасин.

@A_meshayan
2010-2023
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

"Тақиллатар эшигим битта"

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

Робия 2 ёшда
2чи марта операция килиш зарур
Хасталик ташхиси (юз жаг усимтаси лимфангиома 1-гурух ногирони) ташхиси куйилди.

8600041760417510
Абдурахимова Мадина
Агро банк
+998946786339

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​#Суҳбатингга_муштоқман...

Бироз камтар, бироз тантиқман,
Озроқ қайсар, озроқ инжиқман.
Ёзилганда туннинг пардаси,
Сенинг суҳбатингга интиқман...

Оқшомдан тонг қадар уйғоқман,
Одамлар кўзига қувноқман.
Ёлғиз қолганимда маҳзунман,
Сенинг суҳбатингга муштоқман...

Симлари узилган тордирман,
Гуноҳлар қорайтган қордирман.
Лабингдан малҳамдек тўкилган,
Сенинг суҳбатингга зордирман.

Кўзлар-йиғи тўлган булоғим,
Надомат тиқилган томоғим.
Келгин жон-жон дея тутарман,
Сенинг суҳбатингга қулоғим.

Сен сўзласанг армон бўлар даф,
Кенгайтирар орзуларим саф.
Жаннатда ҳам бўлсам қанийди,
Сенинг суҳбатингга мушарраф...

@A_meshayan
20-май 2023
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​УСТОЗ БИЛАН ТАЛАБА

-Пайғамбарни кўрдим тушимда, устоз,
Бирдан уйғондиму яйраб кетди дил.
-Ўнгида кўргандир баҳор, куз, қиш, ёз,
Абу Лаҳаб уни, бор дарсингни қил!

@A_meshayan
21:53-25.09.2022
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​#Шеър

КАЙФИЯТ
.
Бугун келмай қолдинг илк дафъа,
Ҳайратдаман, бу қандайин ҳол.
Мана, отаётир тонг хафа,
Эсаётир йиғлоқи шамол.
.
Кезаётир аччиқ ун чекиб,
Нола қилиб. Дайдиб. Увиллаб.
Ҳозир қуёш чиқар жунжикиб,
Атроф бўм-бўш. Атроф ҳувиллар.
.
Каҳкашонлар гуллаган эрам –
Фалак сўлиб-сўлиб бормокда.
Кўкни булут босмоқда. Ер ҳам
Жудоликка тўлиб бормокда.
.
Айриликдан бўлибми зада,
Тинаётир бийрон туйғулар.
Баҳор келаётган бўлса-да,
Япроқ тўкиб дарахтлар йиғлар.
.
Сўнаётиб, кулгунг ёдимда
Аранг-аранг жаранглар бу кез...
Бугун – куз фасли ҳаётимда,
Бугун – юрагимда хазонрез.
.
© Матназар АБДУЛҲАКИМ

🍁
Телеграмдаги @tiligirrom каналидан.

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​МУСУЛМОНМИСАН?

(ЎЗИМГА ДАШНОМ)

Таратмасанг шамс янглиғ зиё,
Дўст зорланса боқмасанг қиё.
Амалларинг бўлса бир риё,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Сўзингда йўқ бўлса холислик,
Ғиночига қилсанг мухлислик,
Чиққанг чўққинг бўлса муфлислик,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Этиборга сўзингми молик?
Даҳрий бирла қилиб ошнолик,
Хаққа десанг бергин рўшнолик,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Номаҳрамдан тиймасанг кўзни,
Бехудага совурсанг сўзни.
Мағлуб қилсанг иблисга ўзни,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Бир даҳрийга бўлиб турсанг мот,
Хорлигингга шумасми исбот,
Намозида хушуси йўқ зот,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Ислом дерми қилар бўлсанг тўй,
Дастурхонга албат ароқ қўй?
Шундоқ қилсанг эй юзи хушрўй,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Судхўрликдан тўплаб олиб зар,
Ёт жанондан тиймасанг назар.
Ёринг қилса ҳижобдан хазар,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Охиратдан кўнглингми ё тўқ,
Падаргада урадирсан дўқ.
Эй лафзига вафоси хеч йўқ,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

Кўнгил шаҳринг бунчалар хам наҳс?
Севар ишинг қўполлик-ла баҳс.
Рождествони нишонловчи шаҳс,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?


Қулоқ бўлсанг миршабга жўра,
Ундан қўрқсанг Аллоҳдан кўра.
Эй биродар қалбингдан сўра,
Айтгил сен хам мусулмонмисан?

09:43-08.03.2018

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​“ЎЗБЕКСИМОН" КОТИБА

Қўнғироқ айладим бир ташкилотга,
Ўтақолай энди бор тафсилотга.

Забоним ўзбекча салом айтарди,
Лек котиба русча жавоб қайтарди.

Нима хам дер эдим, бўлмай қўпол, тўнг,
Мен хам бундай ажиб жавобидан сўнг,

Русчада англатсам ўз муддаоим,
Гўшакдан бир овоз келди мулойим:

Бугун иш кўп эди, жуда хам толдим.
Ўзбекча гапиринг, тушунмай қолдим.

@A_meshayan
08:32-01.11.2017
Абдураҳмон Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ХУДОЙИМ

Мен булбулман тан бермам,
Қарғаларнинг назмига,
Тортмай қўйган оёғим,
Шоқолларнинг базмига.
Қойил қолдим халқ хаққин,
Еган наҳанг ҳазмига,
Сенга қилмай ноламни,
Кимга айлай Худойим,
Фасод босди оламни,
Энди найлай Худойим?

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​ҚАЛТИРАТГАН "ЯХШИ ГУМОН"

"Соқолига қара, руҳсорига боқ,
Масжидда ҳар куни намоз ўқийди.
Динга берилгандир, бу бола ўртоқ,
Ҳамма билганича миш-миш тўқийди.

Э вох бўлмасайдим дўзахга ўтин,
Тораймаса эди мозорим ўлсам.
Халқ гумон қилгандек қанийди дўстим,
Дунёгамас динга берилган бўлсам...

@A_meshayan
18:07-14.06.2022
Абдурроҳман Мешаян

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

​​​​ЭРТАГА БУГУНДАН ЯХШИРОҚ БЎЛАР

Умиди йўқ одам – илдизсиз дарахт,
Кўкаролмай хуноб, гуллолмай карахт.
Эй инсон, умид қил, насиб этгай бахт,
Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

Баҳор қайтиб келар, эрийди қорлар,
Бойчечаклар кулиб, қуёш ҳам порлар,
Тўкилгай пойингга кузда анорлар,
Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

Ихлос билан қилсанг ибодатингни,
Топажаксан ҳузур-ҳаловатингни.
Тўхтатсанг нолишу шикоятингни,
Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

Кимларнидир қилмиш иблис васваса,
Кимнидир чулғаган қайғу, талваса.
Баридан қутулгунг Худо хоҳласа,
Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

Сўра: туҳфа қилар, олийдир Худо,
Сахийдир, айлайди бахт-омад ато,
Аршга учиб кетди бир ҳовуч дуо,
Эртага бугундан яхшироқ бўлар!

2010-йил
Абдураҳмон Мешаян

Манзилимиз: t.me/A_Meshayan

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

СЕВАРМИКАН СЕВГАНИМ МАНИ?

Қўрқувдаман ўйлаб охирим,
Маҳзун дилга бир таскин қани?
Ботинимдан бўлак зоҳирим,
Севармикан Севганим мани?

Ўзи менга кўрсатмишдир йўл,
Хатоларга қўймайин деб йўл.
Мендан бўлак ошиқлари мўл,
Севармикан Севганим мани?

Бахт аталмиш шаробга қондим,
У Танҳодир! Ўзгадан тондим.
Ёнар бўлсам ишқида ёндим,
Севармикан Севганим мани?

Хушнуд айтур хилватда оним,
Тўқсон тўққиз исмин забоним.
Топширгандан кейин хам жоним,
Севармикан Севганим мани?

Бахт қуёши порлагаймикан?
Дард қузғунин хорлагаймикан?
Жаннатига чорлагаймикан?
Севармикан Севганим мани?

Чўғман кулга айланадурғон,
Қулман хондек даврини сурғон,
Бўлолмаса имоним қўғрон,
Севармикан Севганим мани?

Хар кун беш бор уйимга дер кел,
Хилватларда кўз ёшларим сел.
Таскин даркор эй бағрикенг эл,
Севармикан Севганим мани?

Кўнгил Зам-зам янглиғ зилолмас,
Оразим хам нурли хилолмас.
На Умарман ва на Билолмас,
Севармикан Севганим мани?

Жаҳаннамга ирғитмасайди,
Сиротидан йиқитмасайди.
Кўнглимда бир умид яшайди,
Севажакдир Севганим мани!

Читать полностью…

Abdurahmon Meshayan

Бизда бордир икки хотин,
Бири кирилл, бири лотин.

Эркин Воҳидов

Читать полностью…
Подписаться на канал